Учинчи ноқиз
Биринчи асос: Бу (мусулмонлар ва кофирлар орасидаги) ажралиш тавҳид шаҳодатининг биринчи қисми билан боғлиқдир. («лаа илаҳа» биринчи қисми, «иллаллоҳ» иккинчи қисми).
Олимлар тавҳид шаҳодати (Лаа илаҳа иллаллоҳ) хусусида айтишадики: «Шуни билгинки, бу калима нафий ва исботни баён қилади; Аллоҳдан ўзга барча (ботил) илоҳлар рад қилинади ва Ягона Аллоҳнинг Илоҳ экани тасдиқланади.
«Қурротул Уюн» китобининг муаллифи (Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг невараси Абдурроҳман ибн Ҳасан) айтади: Ушбу олий калима нафий ва исботни ўз ичига олади. Сен «Лаа илаҳа» дейишлик билан Аллоҳдан ўзга барча илоҳларнинг илоҳлигини рад қилган бўлурсан ва «иллаллоҳ» дейишлигинг билан Аллоҳгина Илоҳ эканини тасдиқлаган бўлурсан. Аллоҳ айтади: «Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким Зотдир». (Оли Имрон:18)
«Фатҳул Мажид шарх Китабут тавҳид» китобининг муаллифи Абдурроҳман ибн Ҳасан бу олий калима хусусида шундай дейди: «Шаҳодатнинг маъноси ботил илоҳлар ва уларга сиғинишликнинг инкорини ва ибодатда Аллоҳни яккалашликни англатади». Олим буни Аллоҳнинг ушбу калиманинг мазмуни ҳақидаги оят билан изоҳлайди:
«Чунки, уларга қачонки «Ла илаҳа иллоллоҳу», дейилса, мутакаббирлик қилар эдилар. Ахир биз бир жинни шоирни деб ўз илоҳларимизни тарк қилгувчи бўлайликми?!» дер эдилар». (Соффат:35-36) Сўнгра айтади: «Улар бу калиманинг ўзларининг илоҳларига ибодатларни тарк қилишга буюришини билишарди… «Лаа илаҳа иллаллоҳ» сўзи Аллоҳдан бошқа ҳар қандай ибодат қилинганларни рад қилишликни ва ибодатга лойиқ маъбуд ягона Аллоҳ эканини тасдиқлашни билдиради. Мана шу пайғамбарлар даъвати бўлган ва Қуръон то бошдан оҳиригача таъкидлаган тавҳиддир. Аллоҳ Азза ва Жалла жинлар ҳақида шундай деди: «Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, Албатта жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилур. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни шерик қилмаймиз». (Жин:1-2)
Шунингдек «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси ундаги нафий ва исбот маъносини тушуниб, шунга эътиқод қилиб қабул қилган ва амал қилганлардан бошқа ҳеч кимга фойда бермайди. Бу калимани жоҳилона, эътиқодсиз ва амалсиз талаффуз қилувчиларга келсак, бу ҳақда олимларнинг «бу ҳаддан ташқари (узрсиз) жаҳолатдир ва уларнинг ўзларига қарши шаксиз далилдир» деганлари зикр қилиниб ўтилди. (Абдурроҳман ибн Ҳасан сўзи тугади)
Булардан ойдин бўладики, ботил илоҳлар ва уларга ибодат қилганларни рад қилишликни ва уларнинг ибодатларини инкор қилишликни тавҳид шаҳодатининг биринчи қисми ўз ичига қамрайди. Ушбу олий калимадаги нафий айнан ботилга таълуқлидир. Бу «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси дарҳақиқат «Жавами’ул-калим» (яъни қисқа, аммо росулуллоҳ ﷺ гапирган кўп маъноларни қамровчи сўз)га таълуқлидир. Ушбу жамланган калима умумий маъно йиғиндисидир, Қуръон ва суннатнинг кўп ўринларидаги матнларда батафсил баён қилинади.
Аммо фаразий (тўқима) илоҳлар ва барча Аллоҳдан бошқа ибодат қилинган ботил борлиқларнинг инкорига келсак, албатта бу Аллоҳга иймон келтиришга боғлиқ (буюк мажбурият) фарз эканини тасдиқловчи матнлар шариятда кўп собит бўлган. Бунга оид Аллоҳнинг сўзи: «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир». (Бакара:256)
Ибн Касир (роҳимаҳуллоҳ) айтади: «Яъни кимки бут-санамларни ва шайтон ибодат қилишга буюрувчи Аллоҳдан бошқа ҳар қандай борлиқларни инкор қилиб, ибодатда Аллоҳни яккаласа ва ягоналигига гувоҳлик берса «батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур», яъни у ўз ишида собит ва тўғри сиротул мустақим бўлган йўлда истиқоматдадир».
Мужоҳид айтади: «Мустаҳкам тутқич бу иймондир».
Суддий айтади: «Бу Ислом дегани».
Саид ибн Жубайр ва Доҳҳок айтади: «Лаа илаҳа иллаллоҳ калимаси назарда тутилган».
Аллоҳ Азза ва Жалла дейдики: «Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз». (Наҳл:36)
Ибн Касир (роҳимаҳуллоҳ) ушбу оятнинг тафсирида айтади: Аллоҳ ҳар бир қавмга юборган дегани бу ҳар бир даврга, ҳар бир инсонлар жамоасига Аллоҳ Пайғамбар юборганидир, ва уларнинг ҳар бирлари Аллоҳга иймон келтиришга чақириб, Ундан бошқага ибодат қилишликни таъқиқлаган. Нуҳ (алайҳиссалам) юборилган қавмда Одам (алайҳиссалам) фарзандлари томонидан илк ширк содир бўлганидан эътиборан Аллоҳ Азза ва Жалла инсониятга ушбу «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг» буйруғи билан росуллар юборишни тўҳтатмади. Нуҳ (алайҳиссалам) жиноятчи бўлган жамиятга Аллоҳ томонидан юборилган илк пайғамбардир. Сўнгра эса даъвати шарқ ва ғарбдаги инсон ва жинларга етган Муҳаммад ﷺ қавмида рисолат ва нубувват якунланди. Росулларнинг мажбуриятини Аллоҳ Қуръонда қуйидагича баён қилган: «Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, фақат Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз». (Анбиё:25) (Ибн Касир сўзи тугади). Бу ҳақда оятлар бисёр.
Бутпарастлар ва ширк аҳли масаласига келсак, бу хусусда ҳам шариятда кўп далиллар мавжуд. Бу далилларнинг биринчилари «Иҳлос» сураси, шунингдек «Кафирун» сураси. Бу сура Қуръоннинг илк оятларидан бўлиб, унда Робб таъоло шундай дейди: «Айт: «Эй кофирлар! Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиганга ибодат қилувчимассиз…». «Нажатул-масул мин сайфил-маслул» рисоласининг муаллифи айтади: «Муҳаммад ﷺ юборилиб, даъват қилишни бошлаганида Аллоҳ унга ушбу икки устун (Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад ар-росулуллоҳ)ни батафсил қилишликка амр этди ва «Иҳлос» сураси зикр қилингач, Аллоҳ буюрдики: «Айт: «Эй кофирлар! Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиганга ибодат қилувчимассиз. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман. Ва сиз ҳам мен ибодат қилганга ибодат қилувчимассиз. Сизга ўз динингиз, менга ўз диним». (Кафирун сураси). Мушриклар «Лаа илаҳа иллаллоҳ»га даъват қилинганларида бунинг маъносини тушунишарди. Дедиларки: «У илоҳларни битта илоҳ қилдими?! Албатта, бу ажабланарли нарса!» (Сод:5)
Шунингдек росулуллоҳ ﷺни амакисининг ўлими олдидан бўлган воқеликдан ҳам маълум бўлади. Пайғамбар айтадики: «Эй амаки, Лаа илаҳа иллаллоҳ деб айтинг». Ва шу пайтда унинг ёнида турган Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя унга дейдиларки: «Нима сен Абдулмуттолибнинг динидан воз кечасанми?!» Улар бу калиманинг маъноси, шунингдек ундага ал-вало вал-баро мазмунини билишарди. Ҳудди шундай аҳли китоблар «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни талаффуз қилаётган пайтларида Аллоҳ таъоло уларни ушбу калимага даъват қилишликни Пайғамбар ﷺга буюрди. Аллоҳ Азза ва Жалла айтадики: «Сен: «Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик», дегин». (Оли Имрон:64)
Имом Муслимдан келган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар ﷺнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Кимки Лаа илаҳа иллаллоҳ деса ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилинганларга кофир бўлса унинг моли ва қони ҳаром бўлади, ҳисоби эса Аллоҳга ҳовола, Азза ва Жалла».
Шунинг билан ушбу беркитилган ва ботил ҳужжат ошкор бўлади. Дарҳақиқат юқорида баён қилинганидек «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимаси нафий ва исботни ўз ичига олади. Ва бунинг ҳақиқати Аллоҳ учун дўстлик ва Аллоҳ учун душманлик (ал-вало ва-баро)дир. Шу билан бирга Аллоҳдан бошқага ибодат қилган ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган бутпараст ҳамда сиғинилганларга нисбатан нафрат ва адоват бўлиши лозим. Шунингдек бу (нафрат ва адоват) ҳақида Аллоҳ таъоло шундай зикр қилган: «Ҳақиқатда, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор. Улар, биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз, сизга куфр келтирдик, энди токи ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча орамизда доимий адоват ва кучли нафрат пайдо бўлди, дедилар». (Мумтахана:4)
Шунингдек пайғамбар ﷺ ва саҳобалар бир томонда ва қавм бошқа томонда улкан адоват билан ажралишганликлари ҳам биз учун юқоридаги баён қилинганларни ифода қилади. Ва яна Аллоҳ Ўзининг дўсти бўлмиш Иброҳимни зикр қилиб айтади: «Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман…». (Марям:48) Шунингдек яна ғор аҳли ҳақида Аллоҳ дедики: «Модомики улардан ва улар Аллоҳдан бошқа ибодат қилаётган нарсадан узоқлашмоқчи бўлсангиз, каҳфдан паноҳ жой олингиз». (Каҳф:16) Ушбу муҳкам оятларда Аллоҳ таъоло иймон келтирганлар бароатни (ботил) илоҳлардан аввал (унинг аҳли) мушриклардан бошлаганини эслатмоқда.
Шундай экан замонамизнинг ҳатто олимлари бу калима (лаа илаҳа иллаллоҳ)ни пайғамбар ﷺ давридаги кофирлар англаганлари каби англолмаётган бўлсалар бошқа инсонлардан нима кутиш мумкин?! Улар бу калиманинг масъулиятини ҳам моҳиятини ҳам билмайдилар. Уларнинг тушунчаларидаги «Лаа илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси бу, фақат Аллоҳ оламни бошқарувчиси, яъни бошқа маъно йўқ. Ваҳоланки дин ушбу калимага асосланиб Қибла белгаланган ва Аллоҳ таъоло барча пайғамбарларига бунинг фазилати ва устиворлигини ишора қилгандир.
Шайх Ҳамид ибн Атик (роҳимаҳуллоҳ) айтади: «Унинг (Дарҳақиқат биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз) сўзидаги олий нуқта бу, Аллоҳ Ўзидан бошқа ибодат қилинган тоғутлардан табаррий бўлишдан аввал айнан Ўзидан бошқага ибодат қилувчи мушриклардан табаррий бўлишга чорлаётганидир. Чунки мушриклардан табаррий бўлиш муҳимроқдир. Зеро, киши тоғутлардан барий бўлиб (покланиб), аммо уларга ибодат қилганлардан барий бўлмай туриб бўйнидаги масъулиятни бажармаган (тоғутга кофир бўлмаган) ҳисобланади. Мушриклардан барий бўлишлик эса улар ибодат қилган (тоғут)лардан беиҳтиёр четланишликка олиб боради. Аллоҳ Азза ва Жалла айтадики: «Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам» (Марям:48). Мушриклардан четланишлик улар ибодат қилганлардан четланишликка олиб келади». (Рисола муртад ва мушрикларга вало (дўстлик) намоён бўлишидан сақланишликка чақиради.)
Тавҳид калимаси шаҳодати ширкни рад этиши, шунингдек ширк тавҳид калимасини бекор қилиши ҳақида Аллоҳ деди: «(Ҳанийф ўлароқ) Аллоҳга бўлган иймондан оғманг ва Унга ширк келтиргувчи бўлманг». (Ҳаж:31)
Бу нуқтани биз рисоламиз (Навақизул Ислом шарҳи)нинг бошқа бўлимида батафсил баён қилганмиз.
