Ал-Вало вал-Баро

بسم الله الرحمن الرحيم

Дарҳақиқат, «ал-вало вал баро»  (дўстлашиш ва душманлашиш) Ислом асосларининг энг буюк икки асосидир. У иймоннинг шарти бўлиб, усиз иймон саҳиҳ бўлмайди.

«Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлар эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир». (Моида: 81)

Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу ояти ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ таоло (мазкур оятда) «агар» шарт юкламаси орқали шарт жумлани (1) зикр қилди. Шарт жумла – шарти топилса, шарт  қилинган нарса ҳам топилишини ва аксинча, шартни рад қилиш билан шарт қилинган нарса ҳам рад қилинишини англатади. «Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни — кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар». Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни – кофирларни дўст тутиш иймонга зид эканига ва уни йўққа чиқаришига далолат қилди. Иймон билан кофирларни дўст тутиш бир қалбда бирлашмайди. Кимки уларни дўст тутса, Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган нарсага иймон келтиришдан иборат бўлган вожиб иймонни бажармабди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди: «Эй мўъминлар, яҳудий ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, y ўшалардандир». Аллоҳ таоло бу оятлар орқали кофирларни дўст тутганлар мўъмин эмаслигини хабарини берди». (Мажмуъ ал-фатово 7/17)

(1) Ўзбек тилида бу каби жумла “шарт эргаш гапли қўшма гап” дейилади. Бундай жумла ўзбек тилида “агар” боғловчиси ва ёки феълнинг охирига “–са” суффиксини қўйиш воситасида ясалади. Масалан: “Агар дарсга келмаса, имтиҳонга киритилмайди”. Табиийки, ўзбек тили билан араб тили грамматикаси ўртасида таъриф ва ёндашув жиҳатидан бирмунча фарқлар мавжуд. Бундан ташқари наҳв қоидалари оят ва ҳадисларни тушунишда, шаръий матнларни таҳлил ва тақрир қилишда энг муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам илм аҳллари бирон оят ва ҳадисни шарҳлаганларида унинг наҳвий томонларини зикр қиладилар. Шайхул Ислом роҳимаҳуллоҳ айни ўринда, оят шарт жумла бўлиб келгани боис, шарт жумланинг қоидасини зикр қилдилар.

Яна роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Аллоҳ таоло Ўзига, пайғамбарига ва унга нозил қилган нарсасига иймон келтириш уларни (кофирларни) дўст тутмасликни шарт қилишини баён қилди. Уларни дўст тутиш иймоннинг йўқлигини вожиб қилади, чунки лозим ишни қилмаслик, лозим қилинган ишнинг йўқлигини билдиради». (Ал-Иқтизо 1/550)

«Кофирларни дўст тутиш ҳар хил кўриниш ва суратда бўлар экан, унинг ҳукми ҳам бир хил бўлмайди. Бу кўриниш ва суратларнинг ичида диндан чиқарадиган ва иймонни буткул бузадиганлари, шунингдек уларнинг ичида куфр эмас, маъсият ҳисобланадиганлари ҳам бор». (Ад-Дурорус Сания 7/155-159-220)

****

Ал-Вало – муҳаббат, ёрдам бериш, келишиш деганидир.

Муволот (дўстлашиш) – душманлашишнинг зиддидир.

Ал-вало (الولاء) сўзи араб тилида (ولي-валиййа) феълидан олинган бўлиб, (ولي-валий) дегани – яқин бўлмоқ, ёрдамчи бўлмоқ маъноларини англатади.

Муволот (موالاة) сўзи ҳам шу ўзакдан олинган бўлиб, дўстона муносабат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш маъноларини англатади.

Ал-Баро (воз кечиш, безор бўлиш) – узоқлашиш, нафратланиш, душман бўлиш деганидир.

Ал-баро (البراء) – (برئ-барий) феълидан олинган бўлиб, алоқадор бўлмаслик, қутулиш, ажраб чиқиш, тарк қилиш маъноларини англатади. Бароат (البراءة) сўзи ҳам шу маънодадир.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: (Мўъмин ва мўъминалар бир-бирларига дўстдирлар (Ҳужурот сураси) қовли ҳақида шундай дейди: «бир-бирларига ёрдам берадилар, кўмаклашадилар», деганидир».

Шайх Абдулатиф ибн Абдурроҳман ибн Ҳасан Ол Шайх айтади: «Дўст тутишнинг асли муҳаббатдир ва душманлашишнинг асли нафратдир. Бу иккаловидан дўст тутиш ва душманлашишнинг ҳақиқатига кирувчи қалб ва аъзоларнинг амаллари пайдо бўлади. Буларга – ёрдам бериш, дил яқинлиги, ўзаро кўмаклашиш, жиҳод ва ҳижрат каби амаллар киради». (Дурорус Санния, 2/157)

Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, тавҳид шаҳодатини амалга ошириш фақат Аллоҳ учун яхши кўриш ва фақат Аллоҳ учун ёмон кўришни, фақат Аллоҳ учун дўстлашиш ва фақат Аллоҳ учун душманлашишни, фақат Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриш ва Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришни, фақат Аллоҳдан умид қилишни, Аллоҳдан бошқадан қўрқмасликни, Аллоҳдан бошқадан сўрамасликни тақозо қилади. Мана шу – Иброҳим миллатидир. Мана шу – Аллоҳ таоло барча росуллари орқали юборган Исломдир». (Мажмуъ ал-фатово 8/337)

Шайх Сулаймон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммадибн Абдулваҳҳоб айтади: «Аллоҳнинг динида муҳаббатсиз ва Аллоҳнинг дини учун нафратсиз ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида дўстлашишсиз дин комил бўладими?! Жиҳод байроғи ёки амру маъруф ва наҳий мункар қоим бўладими?! Агар одамлар адоват ва нафратсиз, бир ишга иттифоқ  қилганларида ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратиш бўлмас эди, мўъминлар билан кофирларнинг ўртасида, Аллоҳнинг дўстлари билан Аллоҳнинг душманлари ўртасида фарқ бўлмаган бўларди». (Рисалат авсақ ъуро ал-ийман)

«Ал-вало вал-баро»да одамлар уч турлидир:

Биринчиси – комил валога (дўстлашишга) ҳақли одамлар. Улар – набийлар ва мункар ишлардан узоқ юрувчи мўъминлар.

Иккинчиси – комил бароат, яъни тамомила воз кечиб, безор бўлиш ва душманлашишга ҳақли одамлар. Уларга кофирлар киради.

Учинчиси – бир томондан дўстлашишга ҳақли бўлган ва бошқа томондан безор бўлиш керак бўлган одамлар. Уларга фосиқ мусулмонлар киради. Ундай мусулмонлар улардаги иймон сабабли дўстлашишга ҳақли бўлсалар, гуноҳ ва маъсиятлари сабабли безор бўлишга лойиқдирлар.

Шайх Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шуни билиш керакки, мўъмин киши билан – гарчи у сенга зулм қилса ҳам ва тажовуз қилган бўлса ҳам – дўстлашиш вожибдир. Кофир билан – гарчи у сенга ҳадиялар бериб, яхшиликлар қилган бўлса ҳам – душманлашиш вожибдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло диннинг барчаси Аллоҳники бўлиши учун росулларни юборди ва китобларни нозил қилди. Шундай экан, муҳаббат Аллоҳнинг дўстларига бўлади ва нафрат Аллоҳнинг душманларига, ҳурмат, икром Унинг дўстларига ва хорлик, пастга уриш унинг душманларига, мукофот Унинг дўстларига ва жазо Унинг душманларигадир. Агар бир кишида яхшилик ва ёмонлик, фожирлик ва итоаткорлик ва маъсият, суннат ва бидъат жам бўлса, ундаги яхшилик қадарида дўстлашиш ва савоб олишга ҳақли бўлади ва ундаги ёмонлик қадарида душманлашишга ва жазоланишга ҳақли бўлади. Чунки бир шахсда ҳам ҳурмат қилишга, ҳам хорлашга лойиқ сифатлар жам бўлиши мумкин. Қўли кесилиб, сўнгра байтул молдан ҳожатига яраша маблағ ажратилган ўғри каби, бир шахсда бунисидан ҳам, унисидан ҳам бўлиши мумкин. Мана шу аҳли сунна вал жамоа иттифоқ қилган ва мўътазила ва хаворижлар мухолиф бўлган аслдир».(Мажмуъ ал-фатово 28/2009).

Мўъминлар билан дўстлашишнинг кўринишларидан:

— Уларни яхши кўриш.

— Уларга ёрдам бериш ва қийин кунларида ташлаб қўймаслик.

— Уларга ҳокисор ва меҳрибон бўлиш.

— Уларга насиҳат қилиб, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш.

— Ғамларини енгиллатиш ва асирларини озод қилиш.

— Ҳурумотларини (жонлари, моллари ва шарафлари каби мўъминнинг мўъминга ҳаром бўлган нарсаларини) риоя қилиш ва шарафларини ҳимоя қилиш.

Кофирларни дўст тутиш икки хилдир:

Диндан чиқарувчи дўстлик ва маъсият ҳисобланувчи дўстлик.

1) Диндан чиқарувчи дўстлик қуйидагилар:

— Уларни дини учун яхши кўриш ва куфрларига рози бўлиш. Бу ижмоъ билан куфрдир.

— Уларнинг ботил динларини мақташ. Бу куфрдир, чунки бу – Аллоҳнинг китобини ва суннатни ёлғонга чиқаришдир.

— Мусулмонлар зарарига уларга ёрдам қўлини чўзиш ва ёрдам бериш.

Аллоҳ таоло айтди: «Мўъминлар мўъминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳдан ҳеч нарсада эмас. Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз». (Оли Имрон: 28)

Тобарий айтади: «Аллоҳдан ҳеч нарсада эмас»нинг маъноси – Аллоҳдан воз кечди ва динидан қайтиб, куфрга киргани сабабли Аллоҳ ҳам ундан воз кечди, деганидир». (Табарий  Тафсири, 6/313)

Аллоҳ таоло айтди: «Эй мўъминлар, яҳудий ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларни дўст тутса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51)

Имом Қуртубий (Моида: 51) оятида борасида айтади: «Сизлардан ким уларни дўст тутса», яни ким сизлардан мусулмонларни зиддига уларни қўллаб-қувватласа, «албатта у улардандир». Бу ерда Аллоҳ таъоло уни ҳукмини, уларни ҳукмидек эканини баён қилмоқда. (Тафсирул Қуртубий, 6/217)

Ибн Ҳазм айтади: «Аллоҳ таолонинг «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» қовли, зоҳирига кўра, шундай қилган одам кофирлар жумласидан бўлган кофир эканлиги саҳиҳдир. Бу икки мусулмон бир-бири билан ихтилофга бормайдиган ҳақиқатдир». (Ал-Муҳалла, 13/35)

2) Фисқ ва маъсият ҳисобланадиган дўстлашиш қуйидагилар:

— «Мистер», «жаноб» каби лақаблар билан уларни улуғлаш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мунофиқни  «жаноб» деманглар, агар у жанобингиз бўлса Роббингизни азза ва  жаллани ғазаблантирган бўласиз». (Бухорий «ал-адаб ал-муфрад»да ривоят қилган)

— Улар билан бир жойда яшаш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мушрикларнинг ичида яшайдиган ҳар қандай мусулмондан безорман». (Абу Довуд ривоят қилган)

— Уларни мусулмонларнинг баъзи ишларига бош қилиб қўйиш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Абу Мусо розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларига келдилар ва улар билан бир насроний котиб бор эди. Умар розияллоҳу анҳуга котибнинг ёдлаш қобилияти ёқиб қолди ва айтдилар: «Котибингга айт, бизга бирон китоб ўқиб берсин». Абу Мусо айтдилар: «У насроний, масжидга кирмайди. Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳуни уришиб бердилар ва дедилар: «Аллоҳ уларни хор қилганида сизлар уларни икром қилманглар, Аллоҳ уларни узоқлаштирганда сизлар уларни яқинлаштирманглар, Аллоҳ азза ва жалла уларни хиёнатчи деди, сизлар уларга ишонманглар» (Байҳақий ривояти Саҳиҳ)

— Мажлисларнинг тўрига чиқариш.

— Уларни дўст ва суҳбатдош қилиб олиш.

— Саломни улардан олдин бериш ва уларга йўл очиб бериш.

Соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Яҳудий ва насронийларга биринчи бўлиб салом берманглар, агар йўлда учрашиб қолсангиз йўлнинг четига ўтишларига мажбур қилинглар (яъни, сиқиб ўтиб кетинглар)». (Муслим ривояти)

***

Кофирлар билан дўстлашишнинг яна бир тури – уларга ўзини ўхшатишдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ўшалардандир». (Аҳмад ривояти)

Шариатимиз, очиқ-равшан ҳикматлар сабабли, бизни кофирларга ўхшашдан қайтарган:

Биринчиси: кофирларни яхши кўришга олиб борадиган ва мана шу муҳаббат натижасида улардаги нарсаларни яхши деб ҳисоблашга олиб борадиган йўлни кесиш. Чунки, ташида рози бўлиш ичидан рози бўлишни келтириб чиқаради. Инсоннинг ички дунёси билан ташқи дунёси орасида бир-биридан ажралмас нуқталар бордир.

Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Зоҳирда ўзаро ўхшашлик ботинда муҳаббат ва севгини, дўстлашишни келтириб чиқаради. Шунингдек ботиндаги муҳаббат зоҳирда ўхшашликка ҳаракат қилишни олиб келади. Бу – ҳиссиёт ва тажриба гувоҳ бўлган ишдир».

Иккинчиси: мусулмон одам кофирдан ажралиб туриши, уни кофирлардан ажратиб турадиган исломий шахсга хос кўринишни сақлаши.

Учинчиси: уларга мухолиф бўлишда бароатнинг амалдаги кўриниши борлиги.

Тўртинчиси: кофирларга қарама-қарши келишимиз уларнинг нафсларида хорланиш ва камситилишни ҳис қилишларини келтириб чиқаради. Агар, аксинча, улар билан келишсак, бу нарса уларни ғурурланиб, ўзларини баланд ҳис қилишларига олиб келади.

Кофирларнинг феъллари уч хилдир:

— Ибодатлар жинсига кирувчи амаллар. Бундай амалларда ёки бирон бир шунга ўхшаш нарсада ўзимизни уларга ўхшатишимиз жоиз эмас. Хоч тақиш ёки Ийсо масиҳнинг туғилган кунини нишонлаш каби мусулмонлар орасида кенг ёйилган ёки ёйилмаган ишлар бўладими, фарқи йўқ.

— Одатлар ва кўринишлар. Агар булар кофирларнинг хусусиятларидан бўладиган бўлса, уларга ўзимизни ўхшатишимиз жоиз эмас. Соч кесиш ёки уларни ажратиб турадиган либослар каби.

— Ишлаб чиқариш ёки ҳунармандчилик каби ишлар. Саноат маҳсулотлари кофирларнинг ўзигагина тегишли хусусият эмас ва уларнинг динига алоқаси йуқ. Шунинг учун фойдали ҳунар ва ишлаб чиқаришни ўрганиб, улардан беҳожат бўлишимизда ҳеч қандай ёмонлик йўқдир.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑