Шубҳа: «Муоз ибн Жабал саждаси» ҳадиси

Муоз ибн Жабалнинг росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  қилган «саждаси» тўғрисидаги ҳадисни қандай тушунамиз?

بسم الله الرحمن الرحيم

Шубҳа: «Муоз ибн Жабал, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллламга сажда қилган эди, лекин шу билан Росулуллоҳ уни кофир бўлдинг демадилар-ку»

Ушбу шубҳага Аллоҳни изни билан икки жиҳатдан жавоб берамиз.

Биринчидан:

Абдуллоҳ ибн Абу Авф ривоят қилади: «Муоз Ямандан қайтганида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (икром) саждасини қилди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажабланиб сўрадилар: Бу нимаси? Муоз айтди: Мен Яманга борганимда, у ернинг аҳли (аҳли китоблар) ўзларининг роҳиб ва олимларига сажда қилаётганларини кўрдим. Мен ҳам айни шу ишни қилгим келди, чунки сиз бунга кўпроқ лойиқсиз. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Бундай иш қилманглар! Агарда мен сажда қилишни Аллоҳдан бошқа бирор бир кимсага қилишга буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишига буюрган бўлардим. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, аёл киши эрини ҳаққини адо этмагунга қадар иймон ҳаловатини топмайди. Ҳатто, уни туяни устида бўлган ҳолида эри нафсини қондириш учун чорласа, унга ижобат қилсин» (Сунан Ибн Можжа, Саҳиҳул Бустий, Абу Вақийдул Лайсий ривоят қилган)

Бошқа ҳадисда: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон инсонга сажда қилиши дуруст эмас. Агар инсоннинг инсонга сажда қилиши дуруст бўлганда эди, аёл киши устида эрнинг ҳаққи улуғ бўлгани учун уни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар эр бошидан оёғигача йирингли яра билан қопланган бўлса-ю, аёли уни ялаб чиқса ҳам ҳаққини ўтай олмаган бўлар эди» (Аҳмад, Насоий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 7725).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Муоз розияллоҳу анҳу: «Ё Росулуллоҳ, аҳли китоблар ўз олим ва руҳбонларига сажда қилишади, нима дейсиз, биз ҳам сизга сажда қилсак бўладими?», деб сўради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлардим. Аёл киши эрининг ҳаққини адо этолмайди, ҳатто уни туяни устида бўлган ҳолида нафсини қондириш учун чорласа-да, ўзини унга бахш этсин», дедилар (Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3366).

Бир ривоятда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл киши устида эрнинг ҳаққи улуғ бўлгани учун уни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Аёл киши то эрининг ҳаққини адо қилмагунча иймон ҳаловатини топмайди, агар уни туяни устида бўлган эри нафсини қондириш учун чорласа, жавоб берсин», дедилар (Ҳоким ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳибҳолида: 1938).

Имом Ибнул Қоййим айтадилар: «Аллоҳ таъолога ибодат қилишда ишлатиладиган амалга ўхшайдиган ҳар қандай амал, (Аллоҳдан бошқасига сарф этилса) мусулмонни диндан чиқарадиган ширк ҳисобланади, агарчи ушбу феълни қиладиганлар буни қандай номласалар ҳам. Аҳмоқлар юқоридаги зикр қилинган ҳадисни жаҳолатга узр бериш масъаласида ишлатмоқчи бўладилар. Биз эса шундай жавоб берамиз..

Ислом уламолари мазкур ҳадисни шарҳида, ушбу ишора қилинган Муоз розиаллоҳу анҳунинг саждасини ибодат саждаси эмас, балки икром (ҳурмат-эҳтиром-саломлашиш) саждаси бўлганини таъкидлайдилар. Муоз розиаллоҳу анҳу ушбу ибодат саждасини Аллоҳдан бошқасига қилиш ширк эканини билмаган дейишлик, бу у зотга нисбатан буюк туҳмат ва ёлғондир. Бу шундай саҳобаки, имом Бухорийда келганидай Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни аҳли китобларга тавҳид ва дин асосларини даъват қилиши учун, барча саҳобаларининг ичидан танлаб олган ягона саҳобалари эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни даъват учун жўнатиб унга қарата: «Сен аҳли китобларни даъват қилишга кетяпсан», деган жумлаларини Ибн Ҳажар ўзининг Фатҳул Борий китобида, мазкур ҳадисни, шарҳлаб шундай дейди:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу: «Сен аҳли китобларни даъват қилишга кетяпсан», хитоблари билан Муоз розиаллоҳу анҳуни, даъват учун бор кучини сарф этишига тайёрламоқдалар. Аҳли китоблар илм аҳлидан эдилар, шу сабабли ҳам уларни тўғри-самарали даъват қилиш учун, уларга қараганда кўпроқ-улканроқ илмга эга бўлиш керак». (Мадарижус Саликийн)

Наҳотки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, илм эгалари билан баҳс қилиши учун тавҳидни моҳиятини билмайдиган одамни жўнатишлари мумкун бўлса-я?!

Ахир, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розиаллоҳу анҳу ҳақида шундай деганлар: «Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир». (Ибн Саад, Таажрид, 1/84)

Анас ибн Молик айтади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида Қуръонни тўрт киши тўла ёд олганди. Булар: Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Абу Зайд ва Зайд ибн Собит». (Имом Бухорий, Имом Термизий).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг қули Солимдан, Муоз ибн Жабалдан ва Убай ибн Каъбдан» (Имом Бухорий).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални аҳли китоб қавмига тавҳид-исломни ўргатиш, Қуръонни тушунтириб бериш ва ёд олдириш учун Яманга юборганлар.

Жўнаб кетаётганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида кечган мазкур суҳбатни Муоз кейинчалик энг эзгу хотира сифатида сўзлаб берганлар: «Аллоҳнинг Росули ўшанда мендан сўрадилар: «Эй Муоз, (сендан бир масъала сўралганда) нима билан ҳукм қиласан?» Мен: «Аллоҳнинг китоби билан», дедим. «Агар ундан (жавобини) топа олмасанг-чи?» сўрадилар яна. «Росулуллоҳнинг суннатлари билан», деб жавоб қилдим. «Ундан ҳам топа олмасанг-чи?» – яна савол бердилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Унда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан», дедим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Набийсини рози бўлган нарсада муваффақиятли қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!», дедилар. (Ибн Саъд ривояти)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга жўната, Яман аҳлига шундай рисолат ёзган эдилар: Сизларга барча саҳобаларимдан кўра, кўпроқ диний илмга эга бўлган солиҳ кишини жўнатяпман. (Ибн Саад Тажрид, 3/583-580)

Умар ибн Хаттоб розиаллоҳу анҳу барча соҳада Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳунинг маслаҳати билан иш кўрар, унинг фатвосига таянар эди. Саҳобийга ҳурмати сабабли: «Агар Муоз ибн Жабал бўлмаганида, Умар шак-шубҳасиз ҳалок бўларди», дердилар.

Бундай ташқари Муоз розиаллоҳу анҳу, исломни 18 ёшида қабул этган эдилар ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳамма ғазотларга иштирок этган эди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розиаллоҳу анҳуга Иброҳим алайҳиссалом ҳақида Қуръонда: «Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг итоат қилгувчи, ҳаққа мойил уммати эди. Мушриклардан бўлган эмас». (Наҳл: 120) дейилганини айтишганда, у киши: «Муоз ҳам Аллоҳга бўйсунувчи, ҳақиқий мусулмон эди. Биз уни Иброҳим алайҳиссаломга ўхшатар эдик», деган эдилар. (Усдул Ғоба, 5/197)

Ҳатто ўлим тўшагида ётган Умар ибн Ҳаттоб розиаллоҳу анҳудан кимни ноиб қилиб кетишини сўраганларида, Умар шундай дейди: «Агар Муоз ҳаёт бўлганида уни албатта ўзимдан кейинги халифа қилиб қолдирардим. Роббимнинг олдига борганимда у мендан: «Муҳаммаднинг умматига кимни бош қилиб қолдирдинг?» деса, Роббимга: «Уларга Росулуллоҳнинг: «Қиёматда олимларнинг бошлиғи Муоз ибн Жабал бўлади», деганларини эшитганим учун Муоз ибн Жабални қолдирдим» дер эдим.

Қандай қилиб шундай катта илмга эга бўлган саҳобий, бундай ҳатто ёш болалар ҳам биладиган очиқ масъалани билмаслиги мумкун?! Албатта, шак-шубҳасиз унинг қилган саждаси бошқа шариатларда жоиз бўлган икром-саломлашиш саждаси эди. Аммо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларида, кейин бу харом қилинди. Олимлар Муоз розиаллоҳу анҳунинг ушбу саждасини биз билган ибодат саждаси бўлмаган деб таъкидлаб ўтганлар. Бу сажда «таҳийя» (саломлашиш, кўришиш) саждаси бўлган. Гап шундаки, сажда сўзи араб тилидаги луғавий маъноси бир нечта бўлиб, бу биз билган ибодат саждасидан ташқари, рукуъ, каллани эгиб қўйиш, таъзим қилиб қўйиш, каби феълларга ҳам ишлатилади. Аммо, биз сажда деб ишлатадиган сўзимизда, ибодат саждасини назарда тутиб ишлатамиз, яъни одамдаги еттита суяк билан қилинадиган сажда: 1) пешона ва бурун 2) ўн қўл кафти 3) чап қўл кафти 4) ўн оёқ тиззаси 5) чап оёқ тиззаси 6) ўн оёқ паст қисми 7) чап оёқ паст қисми билан қилинган саждани биз шаръий истилоҳдаги сажда деб қабул қиламиз. Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳу қилган сажда эса, луғавий маънодаги сажда бўлиб, яъни таъзим қилишдаги сажда каби эди.

Ушбу икром саждаси аввалги аксар қавмларда ҳурмат эҳтиромни изҳор қилиш учун бир қоида-одат бўлиб қолган эди. Ҳудди шунингдек бундай сажда (таъзим қилиб қўйишлик) биздан олдинги умматларда жоиз саналган, бу ҳудди Юсуф алайҳиссаломга акалари (таъзим-икром маъносидаги) сажда қилганлари каби, шунингдек Одам алайҳиссаломга барча фаришталар (таъзим-икром маъносидаги) сажда қилганлари каби бир ҳолат эди. Масалан Қуръонда бундай сажда, ибодат саждаси эмас экани, балки айни биз айтаётган икром саждаси эканини тасдиқлайдиган оятлар бор ва шунингдек у ерда ушбу саждадан мурод, ибодат саждаси назарда тутилмаганига ҳам очиқ оятлар бор:

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» (Бақара: 34)

Оятдаги саждадан мурод, ибодат саждаси эмас, балки икром саждаси экани яққол кўриниб турибди. Сабаби ширк ҳар замонда ва ҳар ерда ширкдир. Аллоҳ эса ҳеч қачон ҳеч қайси махлуқини ширкка буюрмайди, ҳоҳ у инсоният яралиши маҳали бўлсин, ҳоҳ у қиёмат куни бўлсин.

«Ва ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли зотдир» (Юсуф: 100)

Мазкур оят аввалги шариатларда бундай икром маъносидаги сажда жоиз бўлгани ва ҳеч қандай ибодат маъносида бўлмаганига яққол далилдир. У даврдаги одамларда қачонки кимгадир ҳурматни изҳор қилмоқчи бўлсалар, ёки саломлашмоқчи бўосалар шундай таъзим қилишлик мавжуд эди. Ушбу далиллар шуни кўрсатадики, Одам алайҳиссаломга ва Юсуф алайҳиссаломга қилинган сажда, ибодат саждаси эмас, балки икром саждаси эди. Аввалги шариатларга жоиз саналган ушбу одат, Муоз розиаллоҳу анҳу улардан ўрганиб олган насороларга ҳам ўтган эди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг таъқиқларидан сўнг, мазкур икром саждаси бизни шариатда харом қилинди. Агарда Муоз ибн Жабалнинг саждаси ибодат саждаси бўлганда эди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳодисани бундай ҳотиржам ҳолатда қабул қилмаган бўлардилар. У зот қаттиқ ғазаб қилган бўлардилар, ҳудди Зату Анват воқеасида ғазабланганлари каби ва Муозни аҳли китобларга ўзини ўхшатганликда айблаган бўлардилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ушбу ҳадисда, эътиборни эрни аёл устидаги ҳаққига қаратдилар. Шунингдек, ушбу сажда аҳли китобларда таъқиқланмаган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Адий ибн Ҳотамга насронийларни ўзларининг олиму роҳибларига ибодат қилишганини, яъни уларни ширкларини баён қилганларида, далил тарзида уларни олиму роҳибларига сажда қилишларини айтмаган эдилар. Бу яна бир бор ушбу сажда ширк бўлмаганига ва уларда жоиз бўлганини кўрсатади.

Ибн Касир ушбу (Бақара: 34 ва Юсуф: 100) оятларининг тафсирида айтади: «Фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга қилган саждаси таҳийя-саломлашиш саждаси эди, ҳудди Юсуф алайҳиссаломга қилинган сажда каби. Аввалгилар ким биландир саломлашсалар таъзим қилишар эди. Бу иш аввалги шариатларда Одам алайҳиссаломдан то Ийсо алайҳиссаломгача жоиз саналган эди. Бизни шариатда эса харом қилинди». (Тафсир Ибн Касир)

Сўнг Ибн Касир Муоз розиаллоҳу анҳунинг ҳадисини зикр қилдилар.

Имом Қуртубий (Юсуф: 100) оятининг тафсирида айтади: «Саид ибн Жубайр, Қатодадан ривоят қилади, Ал Хасан айтди: «Бу ибодат саждаси эмас эди, балки уларда саломлашиш учун шундай бошларини эгиш бор эди». Барча муфассирлар ушбу сажда ибодат саждаси эмас, балки саломлашиш саждаси эканида иттифоқ қилдилар. Аллоҳ таъоло буни бизни шариатда мансуҳ қилди ва уни ушбу — ассаламу алайкум сўзларига алмаштирди». (Тафсирул Қуртубий)

Сўнг далил сифатида Муоз ҳадисини зикр қилди.

Шундай қилиб ушбу муфассирларнинг сўзларидан Муоз розиаллоҳу анҳунинг саждаси саломлашиш икром саждасилиги кўриниб турибди.

Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек ушбу турдаги саломлашиш у шариатларда муфассирларнинг ижмоъси ила жоиз эди, лекин бизнинг шариатда ҳаром қилинди. Лекин, ҳеч бир шариатда ибодат саждаси жоиз эмас эди, аксинча барча росуллар буни манъ қилар ва одамларни ушбу: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ» (Аъроф:73) тавҳидига даъват этар эдилар.

Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳунинг қилган саждаси, саломлашиш икром саждаси эканига яна бир кучли далиллардан бири шуки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиснинг охиридаги ушбу сўзларидир:

«Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим»

Ушбу сўзлар Муознинг саждаси икром саждаси эканига далолат қилади. Агарда бу ерда ибодат саждаси бўлганда, у ҳолда ушбу оятга зид келган бўларди:

«У сизларни фаришталар ва Пайғамбарларни Робб қилиб олишингизга буюрмайди. У сизни мусулмон бўлганингиздан кейин куфрга буюрармиди?!» (Оли Имрон: 80)

Хулоса:

Бундай тарздаги таъзим (икром, саломлашиш) саждаси, бизнинг шариатга келиб ҳаром ҳукмига ўтди, аммо ширк эмас. Ширк амали эса, бир шариатда жоиз бўлиб, иккинчи бир пайғамбарнинг шариатида ширк ҳукмига ўзгариб қолмайди. Бунинг сабаби шуки, ҳамма пайғамбарларнинг тавҳид асослари бир хил бўлган. Яъни бирор бир ширк амали, бошқа пайғамбарда ширк бўлиб, яна бошқасида ширк бўлмай қолмаган. Барча пайғамбарлар бир ҳил тавҳидга чақириб, бир ҳил ширкдан қайтарганлар. Фарқ фақат ҳалол ва ҳаром ҳукмларининг ўзгаришида бўлган. Бу сўзни кўп сондаги уламолар зикр қилиб, уларнинг ҳеч қайсилари ушбу катта олим, Бадр ғазотининг қатнашчиси, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръон ўрганишга буюрган, буюк саҳобалардан бўлган, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ямандаги аҳли китобга жўнатилган росули, Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳу шунчалар жоҳил эдики, ҳатто Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиб қўйди демаганлар. Қандай қилиб ҳам ушбу саҳоба бунчаликка тушиб кетади деб ўйлашлик мумкин? Ахир, Муоз ибн Жабал тавҳид илмининг ҳақиқий жабали (тоғи- арабчадан таржимаси) бўлганлар!

Биз айтамизки бу кўр-кўрона жоҳиллик, нафсга ва шаҳватларга эргашишлик, ширк ва мушрикларга нисбатан бўлган севги, катта-катта саҳобаларни ширк қилганликларида айблашга мажбур қилади, Муоз ибн Жабал ҳам ушбу айбловларга учраган ягона саҳоба эмас.

Одам бир нарсага ҳайрон қолади, қандай қилиб ушбу инсонлар мушрикларни қилаётган ширкларига такфир қилмайдилар-у, аммо ҳеч уялиб ўтирмай саҳобаи киромларни ширк қилганликларида айблайдилар?! Ауъзубиллаҳ!

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларни исломга даъват қилганларида, мушрикларнинг ҳаммалари ягона Аллоҳга ибодат қилиш кераклигини ва қолган соҳта илоҳларнинг ибодатидан воз кечиш кераклигини билар эдилар.

«Улар айтадиларки: «У илоҳларни битта илоҳ қилдими?! Албатта, бу ажабланарли нарса!» дедилар» (Сод: 5)

Ягона Аллоҳга ибодат қилиш кераклиги асосида мусулмонлар азобланар эдилар, қийноққа солинар эдилар, ўлдирилар эдилар, қувғинга учрар эдилар, бутун дин Аллоҳнинг соф дини бўлиши ва ҳеч ким Аллоҳ билан бирга бошқасига ибодат қилмаслиги учун жанг қилинди.

Энди бир фараз қилиб кўринг, шунча ишлардан кейин, гўёки саҳобалар келиб росулуллоҳдан дарахтга ибодат қилиш учун бир дарахт сўрашаётганини?!

Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳу умматнинг энг олим одами эса, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларига озгина қолганда, ёнларига келиб ҳатто ёшгина болалар биладиган тавҳидни нималигини ҳам тушунмай Аллоҳнинг элчисига ибодат қилиб кетаётганларини?!! Аллоҳдан тақво қилган ҳолда бир ўйлаб кўринг!!!

Саҳобаларни ширк қилганда айблаётган одамларнинг фикрига кўра, шундай бўляптики, саҳобаи киромлар тавҳидга чақирилганликларини тушунган мушриклардан ҳам жоҳилроқ одам бўлиб қоляптилар. Ҳудди гўёки саҳобалар кўр-кўрона тақлид билан бу динга кирганлар, динга киришдан олдин ширкда эканликларини билмаганлар, ҳатто динга киришдан аввал Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиш ширк эканини билмаганлар, динга кириш шарти бўлган ширк ва уни аҳлидан барий бўлмаганлар, лаа илааҳа илла Аллоҳ калимасининг шарти бўлган илм, ихлос каби шартларсиз исломга кирганлар, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга шунча йил тавҳидни тушунтириб беролмаганлар ва шу билан ўз вазифаларини бажара олмаганлар деган нарса вужудга келяпти. Ауъзубиллаҳ!

Жавобимизнинг иккинчи жиҳати:

Ушбу ҳадиснинг ўзига бир назар солсак.

Ушбу ҳадис ҳам иснод (ровийлар шарти, кетма-кетлиги) тарафдан, ҳам матн тарафдан заиф бўлган ҳадисдир. Заиф ҳадис эса динимизда ақида масъалаларида нарёқда турсин, фиқҳий масъалаларда ҳам далил сифатида ишлатилмайди.

Иснодига келадиган бўлсак:

Муоз ибн Жабалнинг сажда қилгани зикри билан ушбу ҳадисни Ибн Можжа-1843, Ал Байҳақий-14488, Ибн Ҳиббон-4171 келтиради. Ва ҳамма булар орқали келган ушбу ҳадис иснодида Ал Қосим ибн Ауф Аш-Шайбоний исмли ровий мавжудир

Ушбу ровийни Шуъба, Яҳя ибн Саид Ал Қаттан, Абу Ҳатим Ар Розий, Ан Насоий, Ал Уқайлий ва бошқа имомлар заиф деганлар.

Ундан ташқари, ҳадис илмининг ҳофизлари ушбу ҳадисни, ана шу ровий ва иснодидаги чалкашлик сабабли заиф деб тан олганлар.

Абу Ҳатим Ар Розий ушбу ҳадисни шарҳида айтади:

والقاسم بن عوف مضطرب الحديث واخاف ان يكون الاضطراب من القاسم

«Ал Қосим Ибн Ауф ҳадисда чалкашувчидир ва мен қўрқаманки ушбу ҳадисдаги чалкашлик ҳам Ал Қосимдандир» (Ал-Иълал, 2/252)

Шунингдек имом Дарақутний ушбу иснодни заифлигини  (Ал-Иълал) да зикр қилиб шундай дейди:

والاِضطِرابُ فِيهِ مِن القاسِمِ بنِ عَوفٍ.

«Бу ердаги чалкашлик Ал Қосим ибн Ауфдандир» (Ал-Иълал, 6/36)

Ва бунга шунигдек имом Ал Баззор (Муснадида 10/226) да зикр қилиб ўтган.

Бу ҳадис яна Аъмашдан, Вакиъдан, Абу Забяндан, Муоздан, Ибн Абу Шайбадан 17411, Аҳмаддан 22037 ва бошқалардан ҳам келади, аммо буларнинг талқинларида юқорида келганидек Муоз ибн Жабал сажда қилганлар дейилмайди, фақатгина: «Сизга бир (таҳийя) саждасини қилсакми?» деб келади.

Бу ҳадиснинг ҳам исноди заифдир, сабаби Абу Зибян Муоздан эшитмаган бўлиб, буни имом Дароқутний шундай дейди:

وَأَبُو ظَبيان لَم يَسمَع مِن مُعاذٍ ،.

«Абу Зибян Муоздан эшитмаган». (Ал-Иълал, 6/39)

Шунингдек имом Дароқутний ушбу иснодни ҳам чалкашлик сабабидан заиф санаганлар.

Ибн Ҳазм ҳам ушбу иснодни Абу Зибян ва Муоз ўрталаридаги узулишлик сабабли заиф деганлар (Муҳалла 7/333)

Матнга келадиган бўлсак, ҳадиснинг матнида қуйдагидай келади:

«(Муоз ибн Жабал) Ямандан қайтаётганда» деб келади. У киши Яманга илгари ҳеч бормаган эдилар, фақатгина росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин кетган эдилар. Муоз ибн Жабал Ямандаликларида росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот топадилар, фақатгина Абу Бакр розиаллоҳу анҳу давридагина қайтадилар.

Ундан кейин Муоз ибн Жабал катта саҳобадирлар, олимдирлар, фақиҳдирлар, бундай жоҳил бўлишдан анча узоқ одам бўлганлар. Ва ҳадисга бундай маъно берилиши ҳам уламоларнинг ижмоъсига зиддир!

Ҳофиз ибн Ҳажар Фатҳул Борийда шундай дейди:

واتفقوا على أنه لم يزل على اليمن إلى أن قدم في عهد أبي بكر ثم توجه إلى الشام فمات بها

«Уламолар иттифоқ қилганларки (Муоз ибн Жабал) Яманда бўлган бўлиб, фақатгина Абу Бакр давридагина қайтганлар. Шундан сўнг Шомга йўл олганлар ва ўша ерда вафот қилганлар»

Фитрати бузилмаган, оқил кишиларга ушбу тушунтиришлар кифоядир. Биз Аллоҳдан бу каби куфрий, разил ва қабиҳ гумонлардан ва шунингдек динда шубҳа қилишдан паноҳ сўраймиз. Сўзимизни сўнгида барча ҳамдлар Аллоҳ таъологадир!

Комментарии запрещены.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑