Шубҳа: «Саҳоба Қуддома ибн Мазъун хамрни ҳалол санаганлар»

Шубҳа: «Қуддома ибн Мазъун исмли саҳоба хато таъвил сабабли хамрни (ароқни) ҳалол деганда, бошқа саҳобалар у кишини такфир қилмаган эдилар, ахир бу зоҳирий масъала эди»

بسم الله الرحمن الرحيم

Жавоб: Уламолар айтадики — أثبت العرش ثم انقش

Яъни, таҳминий таржимаси: “Биринчи далилни кучли қилиб ол, шундан сўнг муноқаша қил!”

Ушбу «..Хамрни ҳалол санади..» сўзига келсак:

Биз ҳам иснод тарафлама ва ҳамда у кишига буни татбиқ қилишга оид бирор бир ишора тарафлама саҳиҳ далил талаб қиламиз. Қуруқ анави ёки манави олимнинг сўзи бу ерда кифоя қилмайди.

Қуддома ибн Мазъун розиаллоҳу анҳунинг сўзлари қуйидагидай эди. У кишини Умар розиаллоҳу анҳу олдига олиб келишганда ва у кишига қарши гувоҳлик беришган маҳал, Қуддома ибн Мазъун маст ҳолатда эдилар, сўнг шундай дедилар:

قال لو شربت كما يقولون ما كان لكم أن تجلدوني فقال عمر لم قال قدامة قال الله تعالى ليس على الذين آمنوا وعملوا الصالحات جناح فيما طعموا إذا ما اتقوا وآمنوا الآية فقال عمر أخطأت التأويل إنك إذا اتقيت اجتنبت ما حرم الله عليك قال ثم أقبل عمر على الناس فقال ماذا ترون في جلد قدامة قالوا لا نرى أن تجلده ما كان مريضا

«Агарда улар айтганидай мен хамр ичган бўлсам ҳам, сизлар мени дарралашга ҳақларингиз йўқдир».

Умар розиаллоҳу анҳу «Нимага?» деб сўрадилар.

Қуддома жавоб бердилар: «Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир. Зотан, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни севадир.» (Моида, 93).

Шунда Умар айтдиларки: “Сен таъвилда адашдинг, агарда сен тақво қилганингда эди, сен Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан ўзингни тортган бўлар эдинг!” дейдилар.

Шундан сўнг Умар одамларга юзланиб: “Қуддомага дарра уриш жазосига нима дейсизлар?” дедилар.

Улар: “Бу одам касалдан тузалмагунча бу иш тўғри деб билмаймиз” дедилар….

Имом Абдураззоқ “Мусанниф”да саҳиҳ иснод билан ривоят қилган.

Бу ерда Қуддома розиаллоҳу анҳу хамрни ҳалол санаганлигига бирор дона далил йўқлиги очиқ кўриниб турибди. Бу сўзни на очиқ ва на ишоравий шаклда айтганлари йўқ.

Аммо у кишининг: “..сизлар мени дарралашга ҳақларингиз йўқ..” сўзларида фақатгина тақво қилиб эҳсон қилганларга ҳадд урилмаслик кераклигини айтганлар.

Кўриниб турибдики, у киши хато қилган бўлсалар ҳам, хато қилган масъалалари ҳудди хамрни ҳаромлигини инкор қилган киши, динда билишлик зарурий бўлган ҳукмни инкор қилганига кофир бўлиб қоладиган даражасидаги масъала эмасдир.

Ва бунга ишоравий далил эса, Умар розиаллоҳу анҳу у кишига хамрни ҳаромлигини исботлаб ўтирмаганлар, аммо фақатгина Қуддома розиаллоҳу анҳунинг тақво ва яхши амаллар хамр ичган кишига бериладиган жазонинг каффароти бўлиши ҳақидаги таъвилига раддия берганлар.

Агарда қарши тарафдагилар таъкидлаётгандай, Қуддома розиаллоҳу анҳу хамрнинг ҳаромлигини инкор қилиб, сўнгра тавба қилган бўлсалар, унақада қани ўша саҳиҳ иснод билан келган сиз айтган инкор ва қани ўша сиз айтган тавба?

Бизнинг тушунчамиз ҳам кўплаб уламоларнинг тушунчаси кабидир.

Буюк имом, шайхул ислом, моликий мазҳабининг катта фақиҳи, Ал Қози Исмоил ибн Ишоқ Ал Маликий (199 ҳижрийда таваллуд топган) айтади:

وَكَأَنَّهُ أَرَادَ أَنَّ هَذِهِ الْحَالَةَ تُكَفِّرُ مَا كَانَ مِنْ شُرْبِهِ لِأَنَّهُ كَانَ مِمَّنْ اتَّقَى وَآمَنَ وَعَمِلَ الصَّالِحَاتِ وَأَخْطَأَ فِي التَّأْوِيلِ بِخِلَافِ مَنْ اسْتَحَلَّهَا كَمَا فِي حَدِيثِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ

«Қуддома гўёки бу ерда, ушбу ҳолат хамр ичишнинг гуноҳига каффорот бўлади деб назарда тутган эди, ахир у одам иймон келтириб, яхши амаллар қилганлардан эдилар. У киши хамрни ҳалол санашликка хилоф равишда таъвил қилишда адашган эдилар, ҳудди Али розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидай»

Манбаъ: «Ал Фуруқ» 1/303

Абу Бакр ибн Ал Аробий ҳам Қуддома розиаллоҳу анҳунинг сўзларини шундай тушуниб айтадики:

وَبَسْطُهُ أَنَّهُ لَوْ كَانَ مَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ وَاتَّقَى اللَّهَ فِي غَيْرِهِ لَا يُحَدُّ عَلَى الْخَمْرِ مَا حُدَّ أَحَدٌ ، فَكَانَ هَذَا مِنْ أَفْسَدِ تَأْوِيلٍ ، وَقَدْ خَفِيَ عَلَى قُدَامَةَ ، وَعَرَفَهُ مَنْ وَفَّقَهُ اللَّهُ لَهُ كَعُمَرَ وَابْنِ عَبَّاسٍ ، وَاَللَّهُ أَعْلَمُ

«Агарда ҳар бир хамр ичиб, қолган амалларда Аллоҳдан қўрққан кишига нисбатан хамр ичган кишига қўлланиладиган жазо қўлланилмаганда эди, ҳеч кимга нисбатан бу жазо қўлланмай қолинар эди. Бу жуда ҳам ёмон таъвил бўлиб Қуддома розиаллоҳу анҳунинг кўзларидан махфий бўлиб қолди ва у кишига буни Умар ва Ибн Аббос каби Аллоҳ тавфиқ берган инсонлар тушунтириб бердилар».

Манбаъ: «Аҳкам ал Қуръон», 3/294

Қози Ал Жассос Ал Ҳанафий Умар розиаллоҳу анҳунинг “Сен таъвил қилишда хато қилдинг” сўзларини зикр қилиб шундай дейди:

فلم يحكموا على قدامة بحكمهم على الذين شربوها بالشام ولم يكن حكمه حكمهم لأن أولئك شربوها مستحلين لها ومستحل ما حرم الله كافر فلذلك استتابوهم وأما قدامة بن مظعون فلم يشربها مستحلا لشربها وإنما تأول الآية على أن الحال التي هو عليها ووجود الصفة التي ذكر الله تعالى في الآية فيه مكفرة لذنوبه وهو قوله تعالى ليس على الذين آمنوا وعملوا الصالحات جناح فيما طعموا إذا ما اتقوا وآمنوا وعملوا الصالحات ثم اتقوا وآمنوا ثم اتقوا وأحسنوا والله يحب المحسنين فكان عنده أنه من أهل هذه الآية وأنه لا يستحق العقوبة على شربها مع اعتقاده لتحريمها ولتكفير إحسانه إساءته

«Улар Қуддома розиаллоҳу анҳуга нисбатан Шомда хамр ичганларнинг ҳукмини бермаган эдилар, уларнинг ҳукмлари ҳар хил эди. Шунинг учун Шомда хамр ичган инсонлар, хамрни ҳалол санаб ичган эдилар, ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол деб санаса у одам кофирдир. Шунинг учун ҳам улардан тавба қилишни талаб қилишган эди.

Қуддома ибн Мазъунга келадиган бўлсак, у киши хамрни ҳалол санаб ичмаган эдилар. У киши фақатгина “Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир” оятини у киши каби (яъни Бадр жанги иштирокчиси ва у кишининг бошқа сифатлари) инсоннинг гуноҳларига каффорот бўлади деб таъвил қилганлар

У киши ўзида бор сифатларни ушбу оятда зикр қилинган одамларнинг сифатига мос келади деб санаганлар, шунинг учун у киши ўзларини хамр ичгани учун бериладиган жазога лойиқ эмас деганлар. Аммо шунинг билан бирга хамрни ҳаром санаб, у кишининг солиҳ амаллари гуноҳларига каффорот бўлади деб тушунганлар».

Манбаъ: «Аҳкам ал Қуръон», 4/128-129

Ва бу шарҳ шак-шубҳасиз бу воқеани энг тўғри шарҳлашликдир.

Бундай шарҳлашнинг тўғри эканлигига шунингдек, бирор бир нарсани икки хил шарҳлашга тўғри келиб қолса, уларнинг биринчиси Қуръон, суннат, ижмоъ ва саҳиҳ қиёсга асосланган аҳлу суннанинг асоси ва уламоларнинг қоидасига мос келса шак шубҳасиз танлаш ҳуқуқи биринчисида кўпроқ бўлиши далолат қилади, агар ҳатто иккаловлари далолат қилаётган нарсалар бир хил бўлса ҳам. Ундай бўлса, биздаги ҳодисанинг матнида ушбу тарзда шарҳлашликка очиқ-ойдин ишора бўлиб турганлигини нима десак бўлади!?

Қуддома розиаллоҳу анҳу хамрни ҳалол санаган деб иддао қилаётган олимлар ҳам, ушбу воқеани шарҳлашда хар хил йўллар билан кетганлар. Баъзилари у киши диннинг тафсилотларида жоҳил бўлганликлари учун кечирилганлар, яъни дин етиб бормаган узоқ ўлкаларда яшаб, бу нарсадан инсон жоҳил бўлиш эҳтимоли катта бўлгандир деганлар.

Бошқалар эса, диннинг тафсилотларини энди ислом ёйилаётган маҳал, билмаслик узр бўлади деган фикрга таянган ҳолда бу воқеа диний ва шаръий ҳукмлар энди тарқалишни бошлаётган пайт содир бўлган деганлар.

Баъзи бошқа Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб каби уламоларнинг сўзи эса, саҳобалар у одамни диннинг ҳамма билиши зарур бўлган тафсилотларини билмагани учун такфир қилганлар, аммо фақат муртад ҳукмида ўлдирилиш жазосидан қутулиш учун тавба талаб қилганлар деган эдилар. Ва шу каби бошқа шарҳлар.

Аммо асардаги матндан зоҳир бўлган рожиҳ қовл (энг тўғри фикр) биз келтирган уламоларнинг фикри бўляпти.

Нима бўлган тақдирда ҳам бу асарда динимизнинг аслини (асосини) билмаган ва ширк қилган кишига узр берадиган одамлар учун, бир дона чангинг миқдорича ҳам далил мавжуд эмас.

Сўзимизнинг сўнгида оламлар Робби Аллоҳга ҳамдлар айтамиз.

Комментарии запрещены.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑