Шубҳа: Саҳоба Аллоҳнинг ҳукмига эътироз қилган-ку!
بسم الله الرحمن الرحيم
Имом Бухорий Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қиладилар:
“Рабиъа бинт Надр (р.а) (Анас ибн Моликнинг аммаси), бир куни ансор аёлларнинг бирининг тишини синдириб қўядилар. Бу аёлнинг оиласи қасос талаб қилишди. Улар росулуллоҳга (с.а.в) мурожаат қилдилар ва пайғамбар алайҳиссалом ҳам қасос олинишини ҳукм қилдилар. Анас ибн Моликнинг амакиси Анас ибн Надр: “Йўқ, эй Аллоҳнинг росули! Аллоҳга қасамки унинг тиши синмайди!” дейди. Росулуллоҳ (с.а.в) унга: “Эй Анас! Аллоҳнинг китобида қасос ёзилган” деб айтадилар.
Кейинчалик ушбу аёлнинг қариндошлари қасосдан воз кечадилар ва ўрнига тавон пули оладилар. Росулуллоҳ (с.а.в): “Араблардан Аллоҳ номига қасам ичганида, У зот уларни поклайдиганлари бор” дейдилар. (Ал Бухорий 2/66)
Соҳта уламолар қуйидаги келган фикрни олдинга сурадилар:
Гўёки Анас ибн Надр ўзининг иддаоси билан росулуллоҳнинг (с.а.в) ҳукмига қарши чиқди-ю, аммо пайғамбар алайҳиссалом уни такфир қилиш тугур, ҳатто у одамга қарши қаттиқ ҳам гапирмадилар-у, ўрнига тўғри ҳукмни тушунтирган эмишлар.
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила айтамиз:
“Қандай қилиб росулуллоҳнинг (с.а.в) ушбу ҳадисини ўз хохиш ва истакларига қараб шарҳлаш мумкин?! Ахир ҳеч қайси олим Анас ибн Надр росулуллоҳнинг (с.а.в) ҳукмига эътироз билдирди деб айтмаган!
Эй, соҳта уламолар! Қандай қилиб сизлар, Анас ибн Надр пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳукмларига эътироз берди-ю, аммо росулуллоҳ (с.а.в) унга ҳеч қандай жазо бермай, унга узр берган эдилар дея ҳаёлга бора оласизлар?! Ушбу ҳадисда сизларнинг фикрингизни тасдиқлай оладиган бирор бир далил борми? Аҳли сунна уламоларидан бирор бир олим сизларнинг ушбу фикрингизга қўшилганми?
Ушбу ҳадисни сизлар каби бирорта шарҳлаган олим борми? Шак шубҳасиз буларнинг барчаси сизларнинг ўз хохиш ва истакларингиздан келиб чиқяпти. Бундай нарсадан фақатгина Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш лозим. Албатта, Анас ибн Надр Аллоҳ таолонинг ҳукмига қарши чиққани йўқ эди. Ҳадисда келган унинг сўзи эса, у киши пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳукмларига итоат этишни билмаганлигидан айтмаган эди. Бу ерда Аллоҳнинг ҳукми фақатгина қасос бўлмаслиги ҳам мумкин эдику. Ахир даъвогар тараф рози бўлса, уларга молиявий тавон тўлаш билан ҳам чекланса бўлади. Анас ибн Надр (р.а) Аллоҳ таоло у кишини дуосини эшитишига умид қилиб, даъвогар тараф Рабиъа бинт Надрга раҳм қилиб, тавон пули билан кифояланиб қолади деб айтишни назарда тутган эдилар.
Шунинг учун у кишининг: “Йўқ, эй Аллоҳнинг росули! Аллоҳга қасамки унинг тиши синмайди!” деганларида, пайғамбар алайҳиссалом у тўғрисида: “Араблардан Аллоҳ номига қасам ичганида, У зот уларни поклайдиганлари бор” деганлар ва бу сўзлар ушбу гапимизнинг далилидир.
Росулуллоҳ (с.а.в) эса даъвогар тарафнинг Рабиъада (р.а) қилган ишига фақатгина қасос талаб қилиб олганини кўриб, Аллоҳнинг ҳукми бўлган қасос билан ҳукм қиладилар. Ахир пайғамбар алайҳиссалом даъвогар тараф қасос деб туриб олса ва даъвогар тараф токи тавон пулига кўнмаса, тавон пули тўлашлик билан ҳукм қила олмас эдилар-ку! Аммо Анас ибн Надр айтадики: “Йўқ, эй Аллоҳнинг росули! Аллоҳга қасамки унинг тиши синмайди!” деган эдилар. Бу эса: “Мен умид қиламанки, Аллоҳ таоло шундай қиладики, даъвогар тараф тавон пули олишга рози бўлиб, шунинг оқибатида унинг (Рабиъа бинт Надрнинг) тиши синмай қолади” дегани эди.
Яна Анас ибн Надр (р.а): “Йўқ, эй Аллоҳнинг росули! Мен бу ҳукмни қабул қилмайман. Мен унинг тиши синиши талаб этиладиган ҳукмга қаршиман. У бунга арзимайди, унинг тиши синиши мумкин эмас” десалар ҳам бўлар эди.
Аммо…
Шак шубҳасиз, Анас Ибн Надр (р.а) бундай эътирознинг маъносини тушунган одам эдилар. Албатта у киши бундай қилмаган эдилар. Бундай гапни фақат ёки кофир одам, ёки нима деяётганини фарқига бормайдиган жинни киши айтиши мумкин. Даъвогар тараф тавон пулини қабул қилмаётганини кўриб туриб, росулуллоҳ (с.а.в) Анасга қарата: “Эй Анас! Аллоҳнинг китобида қасос ёзилган” деб айтадилар.
Яъни бу: Токи даъвогар тараф, тавон пулини қабул қилмас экан, ҳукм фақатгина қасосдир дегани эди. Кейинчалик даъвогарнинг қариндошлари тавон пулини қабул қиладилар ва росулуллоҳ (с.а.в) бу нарсани кўриб: “Араблардан Аллоҳ номига қасам ичганида, У зот уларни поклайдиганлари бор” деган эдилар.

Оставьте комментарий