Ширк ва жаҳолат (билмаслик),  бири биридан ажралмас сифатлардир

Ширк ва жаҳолат бири биридан ажралмас сифатлардир.

بسم الله الرحمن الرحيم

Билгинки, ширк бу жаҳолатнинг ажралмас шериги бўлса, тавҳид эса аксинча илмнинг ажралмас шеригидир.

Аллоҳ таоло буюради: «Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар». (Юсуф: 40)

Ибн Касир ушбу оят тафсирида айтадики: «Лекин, одамларнинг кўплари буни билмаслар», яъни: Шунинг учун ҳам уларнинг кўплари мушрикдир. (Тафсир Ибн Касир)

Имом Тобарий айтади: «Лекин одамларнинг кўпи билмаслар», айтади: Лекин, ширк аҳли бунга нисбатан жоҳилдир ва ҳақиқатни билмайдилар. (Тафсирут Тобарий)

Имом Бағовий айтади: «Улар буни билмайдилар», яъни уларда илм йўқдир. Чунки, улар ўзларининг ақлларидан фойдалана олмайдилар. (Тафсир Низам)

Ибн Атийя айтади: Ва «Одамларнинг кўплари буни билмаслар», жаҳолатлари ва уларда куфр ғолиб бўлгани сабабли. (Тафсир Ибн Атийя)

Абу Ҳайя айтади: «Улар буни билмаслар», ўзларининг жаҳолатлари ва уларга куфр ғолиб келгани сабабли. (Ал Баҳрул Муҳит)

Ана шу (инсонларнинг кўпчилиги жаҳолатлари туфайли кофир бўладилар) маъносидаги каби оятлар, қуйида ҳам келтирилган:

«Кўплари эса, Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар, холос». (Юсуф: 106)

«Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос!». (Анъом: 116)

«Агар улардан: Осмонлару ерни ким яратган? деб сўрасанг, албатта, — Аллоҳ дерлар. Сен: Аллоҳга ҳамд бўлсин деб айт. Йўқ! Кўплари билмаслар». (Луқмон: 25)

«Улар: Унга Роббидан бир оят-мўъжиза тушса эди?! дерлар. Сен: Албатта, Аллоҳ оят-мўъжиза туширишга қодирдир, деб айт. Лекин кўплари билмаслар». (Анъом: 37)

«Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмайдилар». (Анфол: 34)

«Биз уларни фақат ҳақ ила яратдик, лекин кўплари билмаслар». (Духон: 39)

«Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».(Рум: 30)

«Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳою ҳаваслари ила адаштирадилар. Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир». (Анъом: 119)

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар». (Аъроф: 179)

«Ёки сен уларнинг (кофирларнинг) кўплари (ҳақни) тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар». (Фурқон: 44)

«Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омийлар бор. Улар фақат гумон қиладилар халос» (Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири–залолатга кетган уламолар) (Бақара: 78)

«Лекин уларнинг кўплари жоҳилдирлар». (Анъом: 111)

Бу ва шу каби бошқа кўплаб оятлар шуни кўрсатадики, кўпчилик одамлар ўзларида ширк ва жаҳолатни мужассам қилганлар. Энди биз бир савол берсак: Аллоҳ қуйидаги: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибди». (Нисо: 48) оятда, фақатгина билиб туриб, илми бор бўлган ҳолда қайсарлик қилган мушрикни назарда тутяптими? Агарда шундай бўлганда эди, ушбу оятнинг татбиқи жуда ҳам тор доирадаги одамларга тегишли бўлган бўлар эди. Ахир бизга маълумки, ушбу оят тор доирани қамраб олмай, аксинча бу оятнинг қамраб олиш доираси жуда ҳам кенгдир.

Имом Абу Батийн, имом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтириб шундай дейди:

«Ширкка қўл урган ҳар қандай одам мушрик бўлади. У (мушрик)ни (куфрдан) тавба қилишга чақирадилар, тавба қилмайдиган бўлса, ўлдирадилар. Имом Ибн Таймия жуда кўп ўринларда ширкка қўл урган киши уламоларнинг ҳеч қандай ихтилофисиз мушрик бўлишини зикр қилганлар ва шу билан бирга билимдон ва жоҳил орасини ажратиб ўтирмаганлар. Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибди». (Нисо: 116)

«Аллоҳ, албатта, Масиҳ ибн Марямдир, деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ ибн Марям эса: Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг турар жойи дўзах бўлади. Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир, деди». (Моида: 72) Кимки ушбу оятлар фақатгина билиб туриб қайсарлик қилаётган мушрикларга тегишли деб чегаралайдиган бўлса, у одам Аллоҳ ва Унинг росули кўрсатиб берган йўлдан озган бўлиб, диндан чиққан ҳисобланади! Ислом фуқаҳолари ширк қилган кишини муртад деб ҳукм қилаётганларида, ушбу ҳукмни ҳеч қачон билиб туриб қайсарлик қилган ҳолда ширкка қўл урган одамларгагина чегаралаб қўймагандилар. Бу жуда ҳам очиқ масъаладир. Барча мақтовлар фақатгина Аллоҳга хосдир». (Ал-интисор ли ҳизбиллаҳи ал-муваҳҳидин)

Унинг устига Нуҳ алайҳиссалом қавмида қандай қилиб ширк пайдо бўлганлиги тўғрисида Ибн Аббоснинг фикри бизларга маълумдир. У киши айтадиларки, Нуҳ қавми ҳайкалларнинг асл ясалиш мақсадини билган кишилар ўлмагунга қадар, ушбу бутларга сиғинмаган эди. Ушбу қавм аввалида тавҳидга боғлиқ эди, аммо вақт ўтиб, аста-секинлик билан улар жаҳолат ва нотўғри ақл юритишлари сабабли, Аллоҳ бирор бир далил нозил қилмаган нарсалар бўлган диндаги бидъатлар орқали ширкка қўл урдилар. Ундан ҳам баттари, улар ушбу ширкларини амалга оширган маҳал, улар ушбу ишлари билан Аллоҳни рози қиламиз деб ўйлардилар, унга ҳам қониқиш ҳосил қилмасдан, ҳатто бу иш билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қиламиз деб ҳисоблаганлар. Мана шундай вазиятда, ушбу қавмга тавҳиддан бўлган далиллар қоим қилиниб, юз ўгирган кишиларни бу дунёда ҳам ва охиратда ҳам азобга гирифтор қилинсин дея, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни росул қилиб жўнатади.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз Нуҳни ўз қавмига: Албатта, мен сизларга очиқ огоҳлантирувчиман. Аллоҳдан ўзгага ҳеч ибодат қилманглар, албатта, мен сизларга аламли кун азоби бўлишидан қўрқаман дедириб юбордик» (Ҳуд: 25-26)

Имом Тобарий ушбу оят тафсирида шундай дейди: «Ушбу сурада Аллоҳ таоло ҳар хил росуллар тўғрисидаги қиссаларни нозил қилган. Биринчи бўлиб Нуҳ алайҳиссалом тўғрисида айтилган, чунки у киши ер юзида биринчи бор Аллоҳга ширк қиладиган мушриклар пайдо бўлган маҳал юборилган эдилар. Шу учун Нуҳ алайҳиссалом уларга айтдиларки:

«Албатта, мен сизларга очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. Аллоҳдан ўзгага ҳеч ибодат қилманглар, албатта, мен сизларга аламли кун азоби бўлишидан қўрқаман. Аммо унинг қавми Нуҳга қулоқ солмади, аксинча қайсарлик қилиб, сувга ғарқ бўлган ҳолда ҳалок бўлди». (Тафсир Тобарий)

Ибн Касир айтади: «Аллоҳ бу ерда Нуҳ алайҳиссалом тўғрисда ҳикоя қиляпти, у киши бутун ер куррасидаги мушрикларга юборилган эдилар». (Тафсир Ибн Касир).

Нуҳ алайҳиссалом қавмида амалда бўлган нарса, икки пайғамбар орасида яшаган қавмларга ҳам амал қилади (яъни Нуҳ келмасидан олдин ҳам ширкка қўл урган қавм мушрик ҳисобланади, шундай экан бошқа пайт икки пайғамбар орасидаги маҳалда яшаган, жаҳолат сабабли ширкка қўл урган кишилар ҳам, мушрик деб ҳисобланадилар) Ҳар бир пайғамбар жоҳил бўлган мушрик қавмга ислом даъвати билан жўнатилади. Уларнинг кўпчилиги росуллардан юз ўгирадилар, лекин Аллоҳнинг изни ила, ҳақ йўлга кирган кишилар, иймон келтирарлар. Шундан сўнг, Аллоҳ уларни қолган (мушрик) қавмлардан ажратиб олиб, росулларга қарши бориб, муваҳҳидларни тарк қилган ҳаммаларини ҳалок қилади. Муваҳҳидлар ушбу ҳолатда Аллоҳ тақдир қилган муддатча яшайдилар. Шундан сўнг яна аста секин илм йўқ бўлиб боравериб, ширк тарқала бошлайди. Бунинг устига улар ширкни жаҳолат туфайли ўзлари билмаган ҳолда Аллоҳга ёлғон тўқиб, Аллоҳ бирор бир далил нозил қилмаган ўринда Унга ширк қиладилар. Шунда Аллоҳ уларни зулматлардан нурга чиқариш, ширк ва залолатдан қутқариб, илм ва тавҳидга йўналтириш, агар қайсарлик қилсалар келаётган жазодан огоҳ қилиш учун, уларга яна пайғамбар жўнатади. Бу нарса қуйидаги оятларда ўз аксини топади:

«Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи Набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида, улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди». (Бақара: 213)

«Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Пайғамбарларни Аллоҳ ҳузурида одамларга Пайғамбарлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун юбордик. Ва Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир». (Нисо: 165)

Юқоридаги келган нарсалардан қуйидагилар равшан бўлади: Мушрик бўлиш сифати (мушрик деб номланиши, унга мушрикка қилинадиган муомила қилиниши) пайғамбар келмасдан олдин ҳам собит бўлиб, бу борада уламолар орасида ихтилоф йўқ. Аммо ихтилоф нуқтаси фақатгина бу жоҳил мушрик пайғамбар даъвати етиб келмасдан олдин қилган ширки учун азобланадими, ёки азобланмайдими деган ўриндадир холос.

Мана Ибн Таймия, салафлардан бўлган Муҳаммад ибн Наср Ал Марвазийдан нимани нақл қилиб айтяпти: «Аллоҳни (Улуҳиятда, Рубубиятда ва Сифатларида) танишлик иймондир. Аллоҳни танимаслик куфрдир. Ҳудди шундай, фарзларни ва вожиботларни билишлик, иймондир, аммо у нарсаларни хабари келмагунча билмаслик куфр эмас. Чунки саҳобалар росулуллоҳнинг (тавҳид) даъватларини илк даврларда қабул қилганларида, (куфрдан) мусулмон бўлдилар, аммо шу билан бирга ҳали нозил бўлмаган фарзларни билмаганлари учун кофир бўлмагандилар (аммо тавҳидни ва ширкни билмаганликлари учун, олдин мушрик эдилар). Сўнгра Аллоҳ фарзларни нозил қилди. Ушбу фарзларни саҳобалар қабул қилишлиги улар учун иймон деб ҳисобланди, ким бу нарсаларни тан олмаса кофир деб саналди. Аммо агар бу фарзлар умуман нозил бўлмаганда эди, бу фарзларни билмаганлари учун кофир бўлмаган бўлардилар. Шунинг учун узоқ ўлкаларда яшаган, ҳали уларга ҳужжат етиб бормаган муваҳҳидлар, уларга фарзлар етиб бормаган бўлса, улар буни билмасликлари билан кофир бўлиб қолмадилар. Аммо фарзлардан фарқли равишда, Аллоҳга (Улуҳият, Рубубият, Сифатлар) нисбатан бўлган жаҳолат ҳар қандай ҳолатда ҳам куфрдир, хоҳ бу рисолат орқали келадиган ҳужжатдан олдин бўлсин, хоҳ бу ундан кейин бўлсин» (Мажмуъул Фатава, 7/325)

Ҳанафийларнинг машҳур фиқҳ китоби Бадое Саноэънинг муаллифи айтади: «Абу Юсуф, Абу Ҳанифадан қуйидаги иборани нақл қилиб, шундай деган: Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шундай дерди: Бирор киши учун Роббисини (тавҳидни) билмаслигида узр йўқ, чунки барча ҳалқларга осмонлару ер ва Аллоҳ яратган бошқа нарсаларни яралишини кўриб Робб субҳанаҳуни билиши ва унинг якка деб билиши вожибдир. Аммо, фарз амалларга келсак, бу нарсаларни Аллоҳдан хабар келмагунича билишнинг имкони йўқ бўлиб, буни (хабари келмагунча) билмаган киши бу нарсалардан сўралмайди». (Бадоэъ Саноэъ 7/132)

Имом Ибн Таймия айтади: «Фақатгина Аллоҳга ибодат қилмаётган кишилардан бошқа ҳамма азобланишга лоиқдир. Ким ширк қилмасдан туриб, шу билан бирга Аллоҳга ҳам ибодат қилмаса, аслида ундай одам мушриклардан ҳам ёмонроқдир. Шу учун икки нарсани бажариш лозим: Аллоҳга ибодат қилиш. Бошқа ҳеч кимга ибодат қилмаслик (Фақат Аллоҳга ибодат қилиш) Мана шу исломнинг моҳиятидир ва ҳамма одамлар бу нарсага жавобгардир. Бу масъалада ҳеч кимга енгиллик йўқдир ва бу масъулият ҳеч кимнинг бўйнидан соқит бўлмайди. Аллоҳ жоҳил мушрикни азобламаса ҳам, шу билан бирга уни жаннатга ҳам киргазмайди, сабаби у ерга фақат муваҳҳидларгина киради. Саҳиҳ хабарларга кўра, кимга пайғамбарларнинг даъвати етиб келмаган бўлса, мисол учун: ёш болаларни, ақлини йўқотган мажнунларни ва фатра даврида ўлган одамларни, Аллоҳ уларни имтиҳон қилади». (Мажмуъ Ал Фатава 7/477)

Ибн Таймия айтади: «Аллоҳ ҳукм қилар экан, ёки исм берар экан, бир тарафдан одамларни фатра даврида яшаганларга бўлди, яъни Фатра даври, бу росуллар орасидаги узилиш давридир. Бу шундай замонки, бирор бир пайғамбарнинг таълимоти ва даъвати таҳриф (бузилиб) ва йўқ бўлиб кетган давр бўлиб, ундан кейин келиши керак бўлган пайғамбар ҳали келмаган, шу билан бирга, ҳаққа етишмоқчи бўлган одамлар, ҳақни топишга имконлари бўлмаган замондир. Бошқа тарафдан эса уларнинг орасини бўлиб ўтирмай, бир бўлак қилиб олди. Бу эса, икки гуруҳ одамлар фикрига зиддир:

Биринчи гуруҳдагилар айтадиларки: «Амалларда олдиндан яхшилик ёки ёмонлик деган атамалар мавжуд эмас, ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ шариатда хабарини бергандан кейингина яхши ёки ёмон деб аталади». Иккинчи гуруҳдаги одамлар айтадиларки: «Одамлар ҳатто уларгача даъват етиб бормаган бўлса ҳам азобланадилар». Биринчи гуруҳдагиларга раддия ўлароқ қуйидаги оятлар далилдир: «Сен Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди». (ТоҲа: 24) «Роббинг Мусога: У золим қавмга боргин, деди» (Шуаро: 10) «Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У (ўша ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди». (Қасос: 4) Аллоҳ фиръавн ва унинг қавмини бузғунчилар, золимлар, туғёнга кетган (тоғут) деб номлаган эди. Бу сўзлар, маломат сўзларидир. Маломат эса фақатгина ёмон ва қабиҳ бўлган нарсаларга ишлатилади. Бу шуни кўрсатадики, фиръавн ва унинг қавми амаллари ҳали росул юборилмасдан туриб ёмон ва қабиҳ деб сифатланган эди. Азоб ва жазога келсак, уларнинг аҳкоми номланиш ва исмланишдан алоҳида бир нарсадир. Азоблаш эса, Аллоҳ қуйидаги оятда айтганидек, фақатгина даъват билан элчи жўнатганидан сўнг вужудга келади: «Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз». (Исро: 15) Бу ерда эса Аллоҳ пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмига қуйидагиларни айтганини хабарини беряпти: «Ва Одга ўз биродарлари Ҳудни (юбордик). У: Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун ундан ўзга илоҳ йўқдир. Сизлар фақат (ёлғон) тўқиб олувчиларсиз, холос». (Ҳуд: 50) Юқоридаги оятдан кўриниб турибдики, Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмини ҳали улар у кишини инкор қилмасларидан олдин «ёлғон тўқиб олувчилар» деб номладилар. Ҳуд алайҳиссалом уларни бундай номлашига ягона сабаб эса, улар Аллоҳга ширк қилишлари эди. Ширк қилаётган кишини ҳали у одамга даъват етиб бормасдан олдин ҳам «мушрик» деб номлаш керак эканлиги Қуръон ва суннат ила исботланган. Мушрик исми пайғамбар келишидан олдин ҳам собитдир, чунки у ўз Роббисига шерик келтирди ва бошқалар билан Уни тенглаштирди. «Жоҳилият» деб номлаш ҳам ҳудди шу кабидир. Бу исм пайғамбар келмасдан ҳам олдин собитдир, аммо жазолашга келсак, бу нарса пайғамбар келганидан кейин собит бўлади». (Мажмуъ Ал Фатава, 20/37-38)

Аллоҳ Азза ва Жалла айтади: «Роббинг Мусога шундай нидо қилганини эсла: У золим қавмга — Фиръавн қавмига боргин». (Шуаро: 10-11)

Имом Ибн Жарир Ат Тобарий оят тафсирида айтади: Аллоҳ таъоло зикр қилдики: Эслагин, эй Муҳаммад! Роббинг Мусо ибн Имронга нидо қилди: «У золим қавмга боргин» яъни: Фиръавнинг кофир қавми-ҳалқига боргин. (Жамиъул Баён фий Тафсирул Қуръан) Воҳидий айтади: «У золим қавмга боргин» яъни ўзларининг куфрларига. (Ал Важиз) Имом Шавканий айтади: «Улар зулм билан сифатландилар, чунки улар икки куфр орасида жамландилар. Ўзларига қарши қилган зулмлари (ширк-куфрлари) туфайли ва бошқаларга нисбатан маъсият ила қилган зулмлари туфайли ҳудди Бану Исроилга ўзларини Робб деб ўзларига ибодатга чақирганлари ва уларнинг фарзандларини сўйганлари каби». (Тафсир Фатҳул Қодир) Жалолайн тафсирида Ибн Касир айтади: «Фиръавн қавмига» Фиръавн билан бирга унинг қавми Аллоҳга кофир бўлиб, ўзларига зулм қилишди. Шунингдек, Бану Исроилга нисбатан ҳам зулм қилишди. (Тафсир Жалолайн)

Ушбу оят ва тафсирларга диққат ила эътибор берсангизлар, Аллоҳ таъоло бутун қавмни уларга ҳали пайғамбар жўнатиб ҳужжат қоим қилмасидан аввал, уларни золим ва кофир деди. Бу ҳам рисолатдан аввал, ширк ва куфр сифатлари собит экани очиқ далилдир.

Ибн Таймия айтади: «Пайғамбарга эргашмасдан, росулуллоҳ олиб келган нарсани ҳаётида татбиқ қилмаган киши, фақатгина қуйидаги икки ҳолатда бўлиши мумкин холос: У одам умуман пайғамбар олиб келган нарсани татбиқ қилмайди, ёки пайғамбар олиб келган нарсанинг тескариси бўлган тизимни ўз ҳаётида татбиқ қилиб яшайди. Агарда у киши пайғамбар олиб келган нарсанинг тескариси бўлган тизимни ўз ҳаётида татбиқ қилса, у ҳолда ёлғонга чиқариш куфрига қўл урган бўлади, бошқача қилиб айтганда, мураккаб куфрга қўл уради. Агарда у одам ҳеч нарса қилмаса ҳам, ундай киши оддий (содда) куфрга қўл урган бўлади. Бу куфр эса ўз навбатида қуйидаги куфр турларига бўлинади: шубҳаланиш куфри, лоқайдлик куфри ва жаҳолат куфри. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак: Кофир киши икки ҳолатдан бирида бўлади: ёки у одам пайғамбар олиб келган нарсани билади, ёки билмайди. Агарда кофир билмаса, у ҳолда у жоҳил (илмсиз) бўлганлиги сабабли иймон келтирмаган бўлади, сабаби оятда айтиладики: «Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма». (Каҳф: 28) Бу эса ёлғонга чиқариш тўғрисидаги оятдир: «Бас, улардан интиқом олдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғофил бўлганлари учун уларни денгизга ғарқ қилдик». (Аъроф: 136) Шубҳасизки, ғофиллик пайғамбар даъвати етиб келмаган кофирларга таъллуқлидир. Аммо, азоб ва уқубатга фақатгина пайғамбар даъвати етиб келган кофирлар гирифтор бўладилар. Шунинг учун оятда ёлғонга чиқаришлик ҳам айтиб ўтилган. Ёлғонга чиқаришлик ҳолати, куфрдан кўра торроқ доирадаги ҳолатдир. Пайғамбар олиб келган нарсаларни ёлғонга чиқарган ҳар бир шахс кофирдир, аммо ҳар бир кофир пайғамбар олиб келган нарсани ёлғонга чиқарувчи бўлиши шарт эмас. Масалан, кофирнинг куфри сабаби шубҳа, ёки унгача даъват етиб бормаслиги, ёки жоҳиллиги (илмсизлиги) сабабли бўлиши мумкин. Аммо жоҳил кофир токи даъват етиб келмагунига қадар, азобланмайди.(Мажмуъ Ал-Фатава, 2 жилд, Илоҳий таълимотлар масъалаларида қўйилган хатолар)

Тўртинчи далил: «Бундай қилишнинг боиси, Роббинг ғофил турган шаҳар-қишлоқ аҳолисини зулмлари туфайли (ёки яна, Аллоҳ уларга зулм қилиб ) ҳалок қилмаслигидандир» (Анъом: 131)

Ушбу оят тафсирида Имом Тобарий айтадики: «Бундай қилишнинг боиси…» яъни Биз росулларни инсонлар ва жинларни огоҳ қилишлари учун жўнатамиз. Бунинг боиси, Аллоҳ бир диёрни, унинг аҳолиси қилган ширки ва куфрлари туфайли, огоҳ қилмасдан туриб ҳалокатга учратмайди. «Зулмлари туфайли» (ёки яна уларга зулм қилиб) жумласи икки маънога эгадир (иккинчи маъноси қавс ичида ёзилган). Биринчи маънодаги зулмда, диёр аҳолиси назарда тутилиб, зулмдан мурод улар қўл урган ширкларидир. Шунда оятнинг маъноси шундай бўлади: «Аллоҳ огоҳлантирилмаган мушрикларни ҳар қандай баҳоналарини йўққа чиқариш учун бирданига азобламайди, уларга олдин росул жўнатади, шундан кейин, ким росулга эргашмаган бўлса, уларга азоб юборади». Зулм сўзининг иккинчи йўлдан тафсир қилиниши эса, ушбу сўз Аллоҳга тегишли бўлиб, бу ердаги Аллоҳга тегишли бўлган зулмдан мурод, Аллоҳ нима қилса ҳам, зулм қилган бўлмайди деган маънони билдиради. Яъни ушбу тушунчага кўра, аслида Аллоҳ уларни бирданига (огоҳлантиришсиз, росулнинг даъватисиз) ҳам азоблаши мумкин эди ва бу Унинг қулларига нисбатан ҳеч қандай зулм бўлмаган бўлар эди. Аммо Аллоҳ Ўз раҳмати билан, инсонлар ҳеч қандай баҳона топа олмасинлар дея, уларга росул жўнатяпти. Биз (яъни Имом Тобарий) биринчи турдаги тафсирни афзал кўрамиз, чунки бунинг сабаби шуки, ушбу тафсир ушбу ўринда энг маъқул бўлган тафсирдир. «Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз» (Исро: 15) ва «Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган» (Фотир: 24) оятлари ҳам юқорида тафсир қилган оятимизга таъллуқлидир. (Тобарий Тафсири)

Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: «Бундай қилишнинг боиси…» яъни Бизлар бир диёрнинг аҳолисини, улар бизни ҳеч ким огоҳлантирмаган эди демасликлари учун, росул жўнатмай туриб ҳалок қилмаймиз. (Қуртубий Тафсири)

Имом Шавконий ушбу оят тафсирида айтадики: «Уларнинг зулмлари туфайли…» яъни Аллоҳ бирор бир диёрнинг аҳолисини қилган ширклари учун, токи уларни олдиндан росул орқали огоҳлантирмасдан туриб ҳалокатга учратмайди. (Фатҳул Қодир)

Ушбу салафларнинг сўзлари росул даъвати етиб келмасдан олдин ҳам мушрик деб сифатланишининг ўрни мавжуд эканига, аммо ҳалокат ва азоб эса, фақатгина росул тарафидан огоҳлатирилгандан сўнгина бўлишига яққол далолат қилади. Энди мен ҳамма нарсани ўз ўрнига қўядиган бир оят келтираман. Ушбу оят орқали, киши росул келмасдан олдин ҳам, жоҳил бўлишига қарамай мушрик деб сифатланиши мумкинлигининг сабабини тушуна олади. Ушбу оят мийсоқ – олинган аҳд тўғрисидаги оятдир. Бу оятни батафсил кўриб чиқишдан олдин, умумий тушунчани осонлаштириш учун, бирданига уламолар қаерда иттифоқ қилиб, қаерда эса ихтилоф қилганликларини келтириб ўтамиз.

Уламолар ушбу оятни жоҳиллар учун мушрик сифати берилишига етарли эканлигига ижмоъ қилганлар, аммо ушбу оят мушриклар азобланишига етарлими ё йўқми деган масъалада ихтилоф қиладилар. Маълумки ушбу масъалада уламолар иккига бўлинганлар. Шунингдек мийсоқнинг кўринишида ҳам ислом уламолари ўртасида ихтилоф мавжуд. Баъзилар мийсоқ (аҳд) ҳақиқий кўринишда бўлган десалар, баъзилар мийсоқ (аҳди)нинг кўриниши мажозий маънода бўлган дейдилар (яъни ушбу аҳддан қасд шуки, кишининг табиий ҳолдаги тавҳидга мойиллигидир. Аллоҳ ҳар бир инсонни шундай бир табиат билан яратганки, кишининг хоҳишидан қатъий назар, ушбу тавҳидга мойиллик доими ўз ифодасини топади. Шу билан бу мойиллиги унга қарши далил бўлиб хизмат қилади).

Комментарии запрещены.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑