Итоатдаги ширк
بسم الله الرحمن الرحيم
Шуни билингки, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалолга чиқариш ёки ҳалол қилган нарсаларни ҳаромга чиқаришда уламо ёки ҳокимларга итоат қилиш ширкнинг бир тури саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг уламолари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Раб деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир” [Тавба: 31].
Саҳиҳ ҳадисда келишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни Адий ибн Ҳотим Тоийга ўқиб берадилар. Шунда у: “Эй Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик” – дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ахир улар сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилиб беришар ва сизлар ҳам ҳалол демасмидингиз?! Шунингдек, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб беришар ва сизлар ҳам уни ҳаром демасмидингиз?!”. “Ҳа, шундай” – деди Адий. “Ана ўша уларнинг (уламо ва роҳибларига қилган) ибодатларидир” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” [Термизий ва бошқалар ривояти].
Дарҳақиқат, ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги оятни тафсир қилиб бердилар. Аҳли китоблар Аллоҳни қўйиб ўзларининг олим ва роҳибларини Рoб қилиб олиши уларга рукуъ ва сажда қилишлари эмас, балки Аллоҳнинг аҳкомлари ва шариатини ўзгартиришда уларга итоат қилишганидир. Негаки, улар ҳалолни ҳаром ёки аксинча, ҳаромни ҳалол дейишда уларга итоат этдилар. Бу аҳли китоблар томонидан Аллоҳни қўйиб ўз уламо ва роҳибларига ибодат қилиш ҳисобланди. Зеро, аҳли китобларнинг уламо ва роҳиблари ўзларини қонунчиликда Аллоҳга шерик даражасига кўтардилар. Оқибат, ким уларга итоат қилса, қонунчилик соҳасида, яъни ҳалол ёки ҳаром, деб ҳукм чиқаришда уларни Аллоҳга шерик қилган ҳисобланади. Бу инсонни диндан чиқарувчи катта ширкдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир” [Тавба: 31]. Қуйидаги оят ҳам ҳалол ёки ҳаром деб ҳукм чиқаришда Аллоҳдан ўзгага итоат қилиш катта ширк эканини қўллаб-қувватлайди: “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121].
Шунингдек, ҳозирги даврдаги шаръий аҳкомларга зид бўлган қонунлар билан ҳукм юритиш борасида ҳоким ва раҳбарларга итоат қилиш, рибо – судхўрлик, зино, ароқ ва бир-бирларига маҳрам бўлмаган эркак ва аёлларнинг ўзаро аралашиб юриши каби ҳаром ишларга рухсат бериш, ҳижобни, соколни ман қилиш, меросда эркак билан аёлни тенглаштириш ёки кўпхотинлик каби шариатда ҳалол бўлган ишларни ҳаром қилишда уларга бўйсуниш ҳам ширкдир. Негаки, бу каби ишлар Аллоҳнинг аҳкомларини шайтоний қонун-қоидаларга алмаштиришдир. Кимда ким ҳоким ва раҳбарларнинг бу ишларига рози бўлса, маъқулласа ва уни яхши деб билса, у ҳолда бундай кимса мушрик ва кофир бўлади, Аллоҳ сақласин!
Қолаверса, ислом фуқаҳоларининг шаръий далилларга зид бўлган сўзларига, унинг далилга зид эканини била туриб, ўзининг ҳавосига мос келгани учунгина эргашиш – тақлид қилиш ҳам ширк ҳисобланади. Буни ўзини зиёлиман деган айрим табақаларда кузатиш мумкин. Улар уламоларнинг сўзларидан енгилроқ бўлганини суриштириб юрадилар, унинг қай даражада далилга мувофиқ экани уларни қизиқтирмайди. Ҳолбуки, мужтаҳид олимнинг шаръий далилга мос бўлган фикри олиниб, хилоф келгани ташланиши лозим. Уламоларнинг ўзлари айтишлари бўйича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳар қандай кишининг сўзи олиниши ёки рад этилиши мумкиндир.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон ҳадис ёки саҳоба розияллоҳу анҳумлардан бирон сўз (фикр) келса бош устига қабул қиламиз. Мабодо тобеинлардан бирон фикр келса, улар ҳам, биз ҳам ижтиҳодга яроқли кишилармиз (бу хусусда уларнинг биздан ортиқ ери йўқ)”. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу билан ўзига ўхшаган катта ва забардаст имомларни назарда тутганлар. Афсуски, айрим шаръий билимларни ўрганган, ҳануз жоҳиллик босқичидан чиқмаган баъзи кимсалар ўзларини мужтаҳид имомлар сафига қўйишиб, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг “улар ҳам, биз ҳам ижтиҳодга яроқли кишилармиз”, деган сўзларини ноўрин ишлатишади. Ҳеч шубҳа йўқки, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ уламоларни авомларга тенглаштиришни назарда тутмаганлар.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: “Барчамизнинг сўзи олиниши ёки рад қилиниши мумкин. Бундан мана бу қабр соҳиби (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гина мустаснодир”.
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир”. Яна айтади: “Агар сўзим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзига хилоф бўлса, сўзимга эътибор қилманглар”.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Во ажаб, бу қандай бир қавмки, (ҳадисга оид) санадни ва унинг саҳиҳлигини била туриб Суфённинг фикрини оладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло айтади: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат ёки аламли азоб етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар!” [Нур: 63].
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Устингизга осмондан тош ёғилиши ҳеч гапмас! Мен сизларга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар”, десам-у, сизлар “Абу Бакр ва Умар айтди”, дейсизлар!”.
Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Мажийд” китобида шундай дейди: “Агар бирон мукаллаф (балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлган киши)га Аллоҳнинг китоби ёки Расулининг суннатидан бирон далил келса ва унинг маъносини тушуниб етса, албатта уни қабул қилиши, унга амал қилиши ва ушбу далилга хилоф чиққанларга эътибор бермаслиги фарздир… . Ўзига яхшиликни раво кўрган киши уламоларнинг китобларини ўқиб, тафаккур қилиб, уларнинг сўзларини билгач, бу сўзларни Китоб ва Суннатга солиштириши лозим. Зеро, ҳар бир мужтаҳид олим, унга эргашганлар ва мансуб бўлганлар у билдирган фикр далилларини зикр қилишган. Маълумки, ҳар қандай масаладаги ҳақиқат ягонадир, бир масалада барчанинг фикри ҳам тўғри бўлавермайди. Шундай бўлсада, барча имомлар гарчи (дин тафсилотида) хато қилган бўлсаларда, ижтиҳод қилганлари боис савоб оладилар. Инсофли инсон имомлар билдирган фикрларни ўрганиш ва уни чуқур мушоҳада қилиш орқали шаръий масалаларни билиш, ёдда тутиш ва улар келтирган далиллар ёрдамида тўғри фикрларни хатосидан ажратиб олишга имкон топади ва шу тариқа уламолардан қай бирининг фикри далилга мувофиқроқ эканини билиб, унга эргашади”.
Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг “Агар уларга бўйсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121], деган сўзи тўғрисида шундай дейди: “Бу иш уламоларга тақлид қилган кўпчилик одамларда содир бўлди. Улар ўзлари тақлид қилган олимнинг сўзига хилоф бўлгани учун далилни эътиборга олмадилар. Албатта бу мазкур (катта) ширкдандир. Улардан баъзилари бу борада ҳаддан ошиб “бундай ҳолатда (яъни далил имомнинг сўзига тескари келганда) далилни инобатга олиш макруҳ ёки ҳаромдир, чунки улар далилларни биздан кўра яхшироқ биладилар”, дейдиган даражага боришди. Шундай қилиб, фитна – мусибат янада катталашди…” [Иқтибос тугади].
Шайх Абул Ҳусайн Тамимий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бешинчи масала: аҳвол шу даражада ўзгардики, ҳатто кўпчилик одамларнинг наздида роҳибларга сиғиниш энг афзал амалга айланиб, “авлиёлик” дея аталса, илм ва фиқҳ эса олимларга сиғинишдан иборат бўлиб қолди. Сўнг ҳолат яна ўзгариб, Аллоҳни ўрнига солиҳликдан насибаси бўлмаган кишиларга сиғинила бошланди, шунингдек, илм ва фиқҳдан мутлақо йироқ бўлган жоҳил кимсаларга ҳам сиғиниш авж олди…” (Иқтибос тугади).
Уламо ва роҳибларга сиғиниш турларидан бири залолат олимлари Аллоҳнинг динида пайдо қилган бидъат, хурофот ва залолатларда уларга итоат қилишдир. Сўфий тариқатларига оид турли-туман тантана ва мавлид байрамларини нишонлаш, дуода ўликларни ўртага қўйиб сўраш ва тилагини Аллоҳни қўйиб ўликлардан сўраш каби ишлар бунга мисол бўлади. Залолат олимлари одамларга Аллоҳ изн бермаган ишларни кўрсатиб берадилар, содда ва жоҳил омма халқ уларга тақлид қилиб, бу ишларни дин таълимотлари деб ўйлайдилар. Кимда ким бу ишларни инкор этиб, унинг ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишга даъват қилса, уни “айниган”, диндан чиққан, деб айблашади ёки уламо ва солиҳ кишиларни ёмон кўради, деб тамға босадилар. Шундай қилиб, яхши иш ёмонга, ёмон иш эса яхшига, суннат бидъатга, бидъат эса суннатга айланиб қолди. Ана шундай тескари тушунчалар оғушида ёш авлод ўсиб-улғайди, катталар эса кексайди. Албатта бунга диннинг ғариблиги ҳамда ислоҳотчи ва даъватчи уламолар тақчиллиги сабабдир. Ёлғиз Аллоҳдан тавфиқ ва мадад сўраймиз, Ўзи аҳволимизни ўнгласин!
Маълумки, мужтаҳид фуқаҳо имомларнинг хато ижтиҳодларида уларга эргашиш жоиз эмас. Улар (дин тафсилотида) қасддан хато қилмаган ижтиҳодларида маъзур саналиб, қилган ижтиҳодлари эвазига ажр-савобга ноил бўладилар. Шунга қарамай, уларнинг хато экани маълум бўлган фикрларига эргашиш ҳаромдир. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ижтиҳод жоиз бўлган фиқҳий-амалий ишларда мужтаҳид раббоний уламоларнинг хатосига эргашиш ҳаром бўлса, ижтиҳод қилиш жоиз бўлмаган ақидавий масалада хато қилган, одамларни йўлдан оздирувчи, олимликни даъво қилувчи дажжолларнинг хатосига эргашиш қандай ҳаром бўлмасин?! Ахир ақида масалалари “тавқифий”, яъни оят-ҳадислардан иборат муайян далил билан исбот топадиган масалаларку?! Бироқ аҳвол Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилганига ўхшайди: “Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни баён қилдик. Қасамки, агар сиз (эй Муҳаммад), уларга (ўзлари талаб қилган) оят-мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта кофир бўлган кимсалар “Сизлар ғирт ёлғончидирсизлар”, дерлар. Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр. Бас, (эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг (сизни ва умматингизни кофир қавм устидан ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар” [Рум:58-60].
Юқорида зикр қилинганидек, асосий масалаларда ҳам, иккинчи даражали масалаларда ҳам кўр-кўрона тақлидга ружу қўйган кимсалар қаторида уларга зид бўлган бошқа бир тоифа инсонлар ҳам борки, уларнинг фикрича, ҳар бир инсон, гарчи у Қуръон ўқишни билмайдиган, шариат илмидан мутлақ бехабар жоҳил кимса бўлса ҳам мустақил ижтиҳод қилиши вожибдир! Уларнинг айтишича, фиқҳ китобларига мурожаат қилиш ҳаром, жоҳил ва авом кишилар тўғридан-тўғри китоб ва суннатдан ҳукмларни истинбот қилиши – чиқариб олиши керакмиш! Албатта, бу манфур мутаассиблик ва аҳмоқона гапдан ўзга нарса эмас. Бу тоифанинг мусулмонларга келтирадиган зарари биринчи тоифанинг зараридан ошса-ошадики, кам эмас. Албатта, ишларнинг энг яхшиси ўртача ва мўътадил бўлганидир. Шунга биноан, биз мусулмонлар фуқаҳоларимизга кўр-кўрона тақлид қилмаслигимиз, айни дамда уларнинг илмий мероси, китоб ва суннатга мувофиқ сўзларидан юз ўгирмаслигимиз, аксинча, Қуръон ва ҳадисларни тушунишда бу фикрлардан фойдаланишимиз лозим. Негаки, фуқаҳоларнинг фикрлари илмий бойлик ва фиқҳий хазинадан иборат бўлиб, улардан далилга мос келганини олиб, хилоф келганини тарк қилиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу борада салафи солиҳларимиз мана шундай йўл тутганлар. Айниқса, ҳимматлар сусайган ва жаҳолат кенг тарқалган ҳозирги даврда ҳаддан ошмаган ва сусткашлик қилмаган ёки чуқур кетмаган ва бепарволик қилмаган ҳолда мўътадил йўлни тутиш вожибдир. Аллоҳ таолодан адашган мусулмонларни тўғри йўлга бошлашини, бизни ва раббоний уламоларни ҳақда собитқадам қилишини сўраб қоламиз. Албатта, Аллоҳ дуоларимизни эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.
Ҳаромни ҳалол қилиш ва ҳалолни ҳаром қилишда уламоларга итоат қилиш жоиз бўлмаганидек, одамлар ўртасида ислом шариатидан бошқаси билан ҳукм қилишда ҳоким ва раисларга ҳам итоат қилиш жоиз эмас. Негаки, ҳар қандай низо ва тортишувларда, шунингдек, ҳаётнинг барча жабҳаларида Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ҳукм сўраб мурожаат қилиш фарздир. Қолаверса, мусулмоннинг бандалиги ва ундаги тавҳид ҳам шуни тақозо қилади. Зеро, қонун чиқариш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир” [Аъроф: 54]. Яъни, Аллоҳ “Ҳакам” бўлган зот бўлиб, ҳукм қилиш ёлғиз Унинг ўзига хосдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар қандай нарсада ихтилофлашиб қолсангизлар, албатта унинг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир” [Шўро: 10]. Яна бошқа бир оятда шундай дейди: “Борди-ю, бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Ана шундай қилиш яхшироқ ва оқибати чиройлироқ ечимдир” [Нисо: 59]. Аллоҳнинг шариатига фақат адолатни рўёбга чиқариш мақсадида мурожаат қилинмаслиги керак. Балки ҳукм чиқариши учун шариатга мурожаат қилиш аввало Аллоҳга ибодат қилиш, Аллоҳнинг ҳаққига риоя қилиш ва эътиқод масаласи ҳамдир. Кимда ким Аллоҳнинг шариатидан бошқа тизимлар, башарият ишлаб чиққан қонунларга мурожаат қилса, у ҳолда ўша қонунларни ишлаб чиққан ва у билан ҳукм чиқарган кишиларни қонун чиқариш бобида Аллоҳга шерик қилган саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ изн бермаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!” [Шўро: 21]. Аллоҳ таоло айтади: “Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121].
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шариатидан бошқасига ҳукм сўраб мурожаат қилган кишидан иймон сифатини рад қилди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил килинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган, деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг тоғутга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, улар тоғутга ишонмасликка буюрилган эдилар” [Нисо: 60]. Сўнгра Аллоҳ таоло бир-неча оятлардан кейин шундай дейди: “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65]. Демак, кимда ким башарият ишлаб чиққан қонунлар билан ҳукм чиқаришга чақирса, у ҳолда итоат ва қонунчиликда Аллоҳга шерик қилган бўлади. Шунингдек, ким Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси билан ҳукм қилса, агарчи ўзини мўмин санасада кофир бўлади. Чунки Аллоҳ таоло юқоридаги оятда шариатидан бошқасига ҳукм сўраб боришни истаган кишиларнинг қилмишини рад этди ва уларнинг мўминмиз, деган даъвосини ёлғонга чиқарди. Қолаверса, башарият ишлаб чиққан қонунларга ҳукм сўраб мурожаат қилиш тоғутга ҳукм сўраб мурожаат қилиш демакдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло тоғутга кофир бўлишга буюрди ва унга кофир бўлишни тавҳид рукнларидан бири қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ким тоғутдан кофир булиб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди” [Бақара: 256]. Яъни, бундай киши чинакам ва ҳар томонлама тўғри йўл – динда собитқадам бўлибди. Шундай қилиб, башарият ишлаб чиққан қонунларга ҳукм сўраб мурожаат қилган кимса мушрик бўлади. Негаки, у қонунчилик ва итоатда Аллоҳга ширк келтирган ҳамда кофир бўлишга буюрилган тоғутга кофир булмаган ва шайтонга бўйсунган ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: “Шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди” [Нисо: 60]. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларга маълум қилишича, мунофиқлар Аллоҳнинг шариатига ҳукм чиқариш учун мурожаат қилишга буюрилсалар, бош тортиб, юз ўгирадилар: “Қачон уларга “Аллоҳ нозил қилган Китобга ва Пайғамбар ўгитларига келинглар”, дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз” [Нисо: 61]. Яна Аллоҳ таоло хабар беришича, мунофиқлар фитратларининг тескарилиги ва дилларининг бузуқлиги сабаб фисқу фасодни ислоҳот деб ўйлайдилар: “Уларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар”, дейилса, “Биз ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар” [Бақара: 11-12].
Демак, Аллоҳдан ўзгага ҳукм сўраб мурожаат қилиш мунофиқларнинг амали бўлиб, у ер юзида ширк-куфр, фисқу-фасод қилиш саналади.
Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида шундай дейди: “Аксар муфассирларнинг айтишича, оят тафсири мана бундай: “Аллоҳ таоло пайғамбарларни юбориш, шариатни баён қилиш ва Аллоҳга итоат қилишга даъват қилиш билан ер юзини ислоҳ қилгач, энди сизлар гуноҳ ишлар қилиш ва Аллоҳдан ўзгага итоат қилишга чақириш билан унда фасод қилмангиз. Зеро, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш, Аллоҳдан бошқасига даъват қилиш ва Аллоҳга ширк келтириш – булар ер юзида содир этилган энг катта фасоддир. Балки том маънода ернинг бузилиши Аллоҳга ширк келтириш ва Унинг амрига хилоф чиқиш билан содир бўлади. Ширк, Аллоҳдан бошқасининг йўлига даъват қилиш, Аллоҳдан ўзга маъбуд – ибодат қилинувчини тиклаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзга итоат қилинувчи ва эргашилинувчини пайдо қилиш ер юзидаги энг катта бузғунчиликдир. Ер юзида ёлғиз Аллоҳ таоло итоат қилинувчи, ибодат қилинувчи зот бўлмас экан, фақат Унинг динига даъват қилинмас экан ва фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашилмас экан на Ер курраси ва на унинг аҳолиси учун ислоҳ ва ўнгланиш юз бериши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа инсон у зотга итоат қилишга буюрсагина унга итоат қилиш фарз бўлади. Борди-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлишга ва шариатга хилоф бўлган ишга буюрса, у ҳолда бундай кимсага асло итоат қилинмайди. Кимда ким олам аҳволини мушоҳада қилиб қараса, ундаги ҳар қандай яхшилик ва ўнгланиш сабаби Аллоҳнинг тавҳиди, Унга ибодат қилиш ва Расулига итоат қилиш эканини, шунингдек, оламдаги фитна, бало-кулфат, қаҳатчилик, душманлар истилоси ва бошқа ҳар қандай ёмонликнинг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига хилоф иш тутиш, Аллоҳ ва Расулидан ўзгалар йўлига даъват қилиш эканини кўради”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўзининг ҳукмига хилоф бўлган барча ҳукмларни жоҳилият ҳукми дея атади: “Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Иймон – ишончлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!” [Моида: 50]. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ таоло ўз ҳукмидан юз ўгирган кишиларга дашном берди. Бу ҳукм ҳар қандай яхшиликни ўз ичига олувчи ва ҳар қандай ёмонликдан қайтарувчидир. Шунингдек, бу ҳукм ундан ўзга турли-туман фикр ва ҳою-ҳаваслар ҳамда Аллоҳнинг шариатидан олинган бирон далилсиз тузиб олинган истилоҳларга мойил бўлишдан ҳам қайтарувчидир. Жоҳилият аҳли ана шундай жаҳолат ва залолатларга таяниб ҳукм чиқаришар эди. Худди шундай мўғул-татарлар ҳам ҳукмдорлари Ченгизхон ишлаб чиққан сиёсат билан ҳукм юритар эдилар. У ўз халқига атаб “Ёсиқ” китобини ёзиб қолдирди. Бу китоб яҳудий, насроний ва ислом дини каби турли шариатлардан иқтибос олинган ҳукмлар тўпламидан иборат эди. Мазкур ҳукмлар орасида кўплаб Чингизхоннинг шунчаки шахсий кўз қараши ва хоҳишидан келиб чиқиб ёзилган ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар мўғуллар учун Қуръон ва суннатдан устун қўйиладиган шариатга айланиб қолди. Кимда ким Аллоҳдан ўзганинг сўзини шариатдан устун қўйса кофир бўлади. Бундай кимса то Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига қайтиб, ҳеч бир нарсада Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан бошқаси билан ҳукм қилмайдиган бўлмагунча унга қарши жанг қилиш вожиб бўлади” (Иқтибос тугади).
Юқорида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мўғул-татарлар риоя қилган қонун ҳақида гапириб, уни ислом шариатига муқобил қўйган кишини кофир деб ҳукм қилди. Бугунги кунда аксар давлатларда амал қилиб келинаётган ва ҳукмлар манбаи саналган инсон тафаккурининг маҳсули бўлмиш қонунлар ҳам “Ёсиқ” шариатининг айни ўзи, балки ундан ҳам баттарроқдир. Мазкур қонунлар барча давлатларда
тўлиқ равишда ислом шариатининг ўрнини эгаллаб бўлган.
Мазкур қонунлар билан ҳукм қилган кишининг кофирлигига далолат қиладиган талай оятлар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимда ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир” [Моида: 44], “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича…зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65], “Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда хору зор бўлиш бўлса, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир” [Бақара: 85]. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ислом шариатини фақат адолат истаб эмас, балки эътиқоддан келиб чиқиб, шу билан Аллоҳга тоат-ибодат қиляпман, дея ҳоким қилиш лозимдир.
Шунингдек, банда ўзининг фойдасига бўладими ёки зарарига бўладими ёхуд ҳавойи нафсига тўғри келадими-йўқми Аллоҳнинг ҳукмини қабул қилиши шарт. Аллоҳ таоло айтади: “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65], “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ишларидан ўзлари хоҳлаган нарсани ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир” [Аҳзоб: 36], “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар ва ҳаққа эргашмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан бирон ҳидоят – ҳужжати бўлмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!” [Қасас: 50].
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Биронтангизнинг, токи унинг ҳавойи нафси мен олиб келган динга тобе бўлмагунча иймони комил бўлмайди”. Ибн Аби Осим “Сунна”да (15), Табароний “Мўъжамил кабир”да, Абу Нуайм “Арбаийн”да, Хатиб “Тарих”да (4-жилд, 469-бет), Байҳақий “Мадхал”да (209), Бағавий “Шарҳи сунна”да (1-ж, 212-213-бетлар) ривоят қилишган. Ҳадисни Нававий, Ибн Ҳажар ва бошқалар саҳиҳ деган бўлсалар, бир жамоат муҳаддислар (жумладан, Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеул улум вал ҳикам”да) заиф дейишган. Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадиснинг маъноси қуйидагича: “Инсоннинг муҳаббати буйруқлар, қайтариқлар ва ундан бошқа шариатлардан иборат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динга тобе бўлмагунча иймонли мўмин бўлмайди. Инсон комил иймонли мўмин бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларни яхши кўриши ва қайтарган ишларни ёмон кўриши фарздир. Дарҳақиқат, Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида ушбу маъно такрорланиб келади, Аллоҳ таоло суйган нарсаларни ёмон кўрган ёки ёмон кўрган нарсаларни яхши кўрган бандалар кескин қораланиб улар кофир экани айтилади. Аллоҳ таоло айтади: “Бунга (яъни ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни мунофиқлик йўлига) эргашиб, У зотнинг ризолигини (яъни мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрганларидир. Бас, Аллоҳ (уларнинг қилган яхши) амалларини ҳам беҳуда кетказди” [Муҳаммад: 28]… Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча жойларида мушрикларни ҳавойи нафсга эргашиш билан сифатлаб, шундай дейди: “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар ва ҳаққа эргашмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан бирон ҳидоят – ҳужжати бўлмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!” [Қасас: 50]. Шунингдек, бидъатлар ҳам ҳавойи нафсни шариатдан устун қўйиш сабабидан пайдо бўлади. Шу боис, бидъатчилар “аҳли аҳво” деб номланди. Бошқа ҳар қандай гуноҳлар ҳам ҳавойи нафсни Аллоҳнинг муҳаббати ва Аллоҳ яхши кўрган нарсаларни яхши кўришдан устун қўйишдан келиб чиқади. Айни дамда шахсларни яхши кўриш борасида риоя қилиш фарз бўлган нарса – ҳар қандай шахсга бўлган муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динга тобе бўлиши лозим. Мўмин киши фаришталар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлардан иборат Аллоҳ яхши кўрган бандаларни яхши кўриши фарздир” (Иқтибос тугади).

Оставьте комментарий