Шубҳа: Исо (а.с) ҳаворийлари тўғрисидаги қисса
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таоло:
“Вақтийки Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира оладими?» деганларида, у: «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», деган эди. Улар: «Ундан емоқни, қалбларимиз таскин топмоғини, бизга рост гапирганингни билмоқни ва бунга гувоҳ бўлмоқни истаймиз», дедилар”. (Моида; 112-113)
Соҳта уламолар айтадиларки:
“Ахир бу Аллоҳ тарафидан мақталган ҳаворийлар ўзларининг жоҳилликлари сабабидан Исо алайҳиссаломдан: “сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира оладими?” деган эдилар. Улар шундай десалар ҳам Аллоҳ уларни кофир демади!” дейдилар.
Бундай ҳолда, биз уларга қуйидагидай жавоб берамиз:
“Тарихда ҳеч қайси олим, ҳаворийлар Аллоҳнинг қудратига, ёки уларга нозил бўлган нарсаларга шубҳа қилганлар, аммо шундай бўлса ҳам Аллоҳ уларни кечириб юборган эди деб айтмаган. Баъзи уламолар улар шубҳага бордилар деган фикрга ён босган бўлсалар ҳам, аммо у олимлар ҳаворийларни кофир бўлган эдилар деганлар ва уларни кечирилган деб санамаганлар».
Аммо жумҳур уламо уларни шубҳага борди деб санамаганлар. Сабаби Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийлари Аллоҳ бунга қодир эканлигини жуда яхши билишар эди. Мана шу фикр, тўғри фикрдир. Али, Оиша, Ибн Аббос розиаллоҳу анҳум ва Мужоҳид роҳимаҳуллоҳлар ана шу фикрда бўлганлар. Ҳаворийлар фақатгина ўз иймонларини яна ҳам зиёда бўлишини ва қувватланишини истаб, бирор бир мўжиза ва белгини ўз кўзлари билан кўришни ҳоҳлаган эдилар.” (Имом Бағовий Тафсири)
Ҳаворийларни шубҳалари туфайли куфрга тушиб қолдилар деб санайдиган олимлар, ушбу фикрларини қуйидагича изоҳлайдилар: “Ҳаворийлар Аллоҳу таолони қудратига ва Исо алайҳиссаломга нозил бўлган рисолатнинг саҳиҳлигига шубҳа қилган эдилар. Аммо бу воқеа, ҳаворийлар ҳақиқий ҳолатда иймон келтириб, тўлалигича иймон қалбларида собит бўлгунга қадар бўлган эди” дейдилар”.
Ушбу ҳаворийлар тоифаси ўз сўзлари туфайли кофир бўлиб қолган эдилар, шунинг учун уларнинг пайғамбарлари уларни тавбага чақирган эдилар. Ушбу фикр имом Тобарий фикри бўлиб, у киши айтадилар: “Саҳобалар ва тобеъинларнинг бир гуруҳи оятдаги “иститоа” сўзини “я” билан эмас (яъни “ястатиу” деб эмас), балки “та” билан талаффуз қилиб “тастатиу” ва “Роббука” сўзини ҳам “Роббака” деб талаффуз қилар эдилар дейди. Шунда: “Эй Исо! Роббингдан сўрай оласанми?” ёки “Роббингга дуо қила оласанми?” ва яна “Биз сўраган нарсани амалга ошириши учун, Роббингга дуо қилиб сўрай оласанми?” маънодаги оят келиб чиқар эди.
Бу олимлар: “Ҳаворийлар Аллоҳни осмондан дастурхон нозил қила олишига шубҳа қилмаган эдилар. Улар фақатгина Исодан (а.с): “Аллоҳдан ушбу ишни сўрай оласанми?” деган эдилар”.
Охир оқибат имом Қуртубий “ястатиу”, яъни “Аллоҳ бунга қодирми?” дейишган деган фикрни илгари сурадилар ва шу фикрда қоладилар ва шундай дедилар: “Аллоҳ таоло ҳаворийлар сўраган нарсадан ҳеч ҳам рози эмас эди ва буни кариҳ деб кўрди. Улардан тавба талаб қилиб, айтган сўзларига пушаймон бўлиб, қайта иймонга кириб Аллоҳ ҳар бир ишга қодир эканлигини тан олишлар керак эканликларини билдирди. Ундан ташқари улар барча пайғамбарларга ва Исога (а.с) юборилган рисолатни ҳам тасдиқлашлари кераклигини буюрди. Исо (а.с) уларнинг сўзларида ёмон хотима кўрганликлари учун улардан тавба талаб қилиб: “Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар” дедилар. Аллоҳ таоло улардан тавба қилишни талаб қилгани, Аллоҳга ва росулига нисбатан иймонларини янгилш кераклигини буюргани, Аллоҳнинг пайғамбари ушбу сўзларни кариҳ кўрганлари “ястатиу роббука” (Аллоҳ қодирми?) деб ўқилиши тўғри эканлигига етарли ҳужжатдир.
Аллоҳ таолонинг сўзлари:
«Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар» ояти қуйидагиларни билдиради: Ҳаворийлар: “Роббинг бизга самодан дастурхон нозил қила оладими?” деганларида, Исо ибн Марям уларга: “Аллоҳга нисбатан ўйлаб гапиринглар ва Унинг азобидан қўрқинглар, ушбу сўзларинг туфайли сизларга азоб юбориши мумкин. Дарҳақиқат Аллоҳ истаган ишига қодир Зотдир. Ва билингки, сизларнинг Аллоҳ самодан дастурхон нозил қила олишига бўлган шубҳаларингиз, Унга нисбатан қилинган туҳматдир. Шундай экан иймон келтирганлардан бўлсангиз Аллоҳнинг азобидан қўрқинг ва дарҳол тавба қилинг!” деганидир. (Тафсир ат-Тобарий)
Аммо…
Жумҳур муфассирлар: “Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира оладими?” сўзларини: “Роббинга бизга дастурхон нозил қила олишни сўрай оласанми…?” деб тушуниш керак дейдилар. Ва яна: “Ҳаворийлар Аллоҳнинг қудратига бўлган шубҳадан анча узор эдилар!” дейдилар. Юқоридагини қуйдагича тушуниш лозим: масалан бир бадавлат одамдан ёрдам сўрамоқчисиз ва унинг бадавлатлигига, ҳоҳлаган инсонига молиявий ёрдам бера олишига шубҳа ҳам қилмайсиз. Аммо ўзи билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш имконияти йўқ, бирор бир яқин одамига бориб: “Анави танишинга айтиб кўр, менга бироз молиявий ёрдам қила олармикин?” деб сўрайсиз. Бу ҳидди: “ундан бир илтимос қилиб кўрсангчи, ёки кўрмайсанми?” дегандай гап.
“Роббинг дастурхон тушира оладими?” деб ўқишликка қуйдаги фикрни айтадилар: “Бизнинг илтимосимизни амалга оширишга, Роббингдан сўрасанг, бажо қилармикин?” деганидир. Араб тилида бундай жумла машҳур жумладир.
Ибн Таймия айтади:
“Ҳаворийлар: “ Роббинг дастурхон тушира оладими?” деб Аллоҳ қодир эканми, ёки йўқми деб шубҳа қилмаган эдилар, улар Аллоҳ бу нарсани қилишини, ёки қилмаслигини билиш учун сўраган эдилар.
Аллоҳ бу нарсага қодирлигига уларда ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Бу ҳудди Аллоҳ Юнус (а.с) тўғрисида: “Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди” (Ал Анбиё 87) деган ояти каби эди.
У қуйдагича маънога эгадир: “Юнус (а.с) Биз унга бу нарсани тақдир қилмаймиз деб ўйлаган эди” деганидир. Албатта бу ерда Юнус (а.с) Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилмаган эдилар. Бу ҳудди кимгадир бир одам: “Шу ишни қила оласанми?” деб, ундан мақсад “Қиласанми, ёки йўқми?” дегани кабидир. Бундай тарздаги ибора шакли бу тилда (араб тилида) жуда ҳам машҳурдир.” (Мажмуъул Фатава 8/374)
Имом Бағовий айтади: “Насоий “ястатиу” сўзини “тастатиу” ва “Роббука”ни мансуб қилиб “Роббака”га ўзгартирар эди. Бу Али, Оиша, Ибн Аббос розиаллоҳу анҳум ва Мужоҳид роҳимаҳуллоҳнинг қироатлари каби эди.
Шундай қилиб оятнинг маъноси қуйидагича бўляпти: “Роббингдан дуо қилиб сўра оласанми?”, ёки “Роббингдан илтимос қилиб кўра оласанми?” деганидир.
Баъзилар аксинча “ястатиу” деб ва “Роббука” деб ўқир эдилар ва саҳобалар ичида ҳеч ким Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилмаган эди.
Бу ердаги маъно эса қуйидагича: “Роббинг буни тушурармикин?” дегани бўлиб, бу ҳудди бир одам биродарига: “менинг ёнимда тура оласанми?” деганида, биродарининг тура олишига шубҳа қилганидан эмас, аксинча қилармикин, ёки қилмасмикин деб билиш учун сўраган киши кабидир. “…бизга рост гапирганингни билмоқни истаймиз…” сўзи: “агарда сен бу ишни қилсанг, бизнинг сени Аллоҳнинг росули деб билган иймонимиз шунчалар ҳам кучаядики, ҳудди биз бу нарсани ўз кўзимиз билан кўргандай бўламиз” деганидир. (Тафсирул Бағовий)
Имом Ибн Касир айтади:
“кўп одамлар бу оятни: “Ҳал ястатиу Роббука” (Роббинг қодирми?) деб ўқийдилар. Қолганлар эса уни “Ҳал татстатиу Роббака?” (Роббингдан сўрай оласанми?) деган шаклда ўқийдилар. “…бизга рост гапирганингни билмоқни истаймиз…” дегани эса: “агарда сен бу ишни қилсанг, бизнинг сенга Аллоҳнинг росули деб билган иймонимиз ва илмимиз шунчалар ҳам кучаядики, ҳудди биз бу нарсани ўз кўзимиз билан кўргандай бўламиз” (Тафсир Ибн Касир)
Имом Қуртубий айтади:
“Ас Судий айтади: “Оятнинг маъноси қуйидагича: “Агарда сен бу нарсани сўраб дуо қилсанг, Роббинг дуоинга жавоб берармикин?” деганидир.
Ушбу оятнинг маъноси тўғрисида шундай дейилади: “Роббинг қодирми?” деб, ҳаворийлар ҳали Аллоҳ таолони яхши танимаган пайт, даъватнинг бошида айтган эдилар. Аллоҳни яхши танимаганлари туфайли, маън қилинган нарсани мумкин деб ўйлаган эдилар. Исо (а.с) уларга: “Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар” деб жавоб қилган эди. Яъни бу “Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилмангиз!” деганидир.
Мен (Имом Қуртубий) айтаманки, бу талқин кифоя қиладиган даражада қувватли эмасдир. Ахир ҳаворийлар пайғамбарларнинг ҳақиқий дўсти бўлганлар, улар пайғамбарларнинг биродари ва ёрдамчиси эдилар.
Исо (а.с) уларга савол берди:
“…“Ким Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?” Ҳаворийлар жавобан: “Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз” деган эдилар…” (Ас Соф 14)
Росулуллоҳ (с.а.в) айтадилар:
“Ҳар бир пайғамбар ҳаворийларга эга эди. Менинг ҳаворийим Зубайрдир”.
Ҳаммага маълумки пайғамбарлар Аллоҳ таолони танитиш учун, шунингдек Унга боғлиқ бўлган ҳаром ва ҳалом масъалаларини танитиш учун юборилганлар. Энди шундай экан, қандай қилиб ҳаворийлар, ҳақиқий дўст ва камсонли биродар бўлишларига қарамай, Аллоҳни танимасалар ва Унга боғлиқ мумкин бўлган ва маън қилинган нарсаларни билмасалар?!
Баъзи уламолар: “Дарҳақиқат ҳаворийлар Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилмаган эдилар. Ахир улар муъмин, билимдон ва олим эдилар. Уларнинг сўзлари ҳудди сен бир кишига: “Анави нарсани менга узатиб юбора оласанми?” деган савол каби эди”, шу билан бирга сен у киши буни сенга узатиб юборишга қодирлигини биласан, аммо бу саволдан мақсадинг: “сенинг гапингни эшитиб, гапингга кирар эканми, айтганингни қилармикин?” деган маънода бўлади.
Ҳаворийлар ўз ақллари ва пайғамбарларининг хабари орқали, Аллоҳ буни ва бошқа нарсаларни ҳам қилишга қодирлигини билар эдилар. Аммо бу нарсани ўз кўзлари билан кўриб, яқийний ишонч ҳосил қилишни ҳоҳлаган эдилар. Ҳудди Иброҳим (а.с): «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат» (Бақара 260) дегани каби эди. Иброҳим (а.с) ўз фитратлари ва ақллари билан Аллоҳ таоло ҳамма ишга қодир эканлигини билар эдилар. Шунга қарамай бу нарсага ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишни ҳоҳлаган эдилар. Аллоҳнинг қудратига эса ҳеч қандай шубҳа қилмаган эдилар.(Ушбу Иброҳим алайҳиссалом ва Узейр алайҳиссалом тўғрисидаги қиссани ушбу иртибот орқали ўқишингиз мумкин)”.
Мен (Имом Қуртубий) айтаманки, бундай шарҳни чиройли деб биламан. Аммо, бундан ҳам чиройли шарҳ деб булганим ушбу: ““Сенинг Роббинг осмондан дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган саволни ҳаворийлар эмас, ҳаворийлар билан бирга бўлган бошқа одамлар берганлар” деган сўздир.
Ибн Ал Хассор айтади:
Ҳаворийларнинг: “Роббинг осмондан дастурхон нозил эта олмасмикин?” сўзларидан, улар Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилганлар деган маъно чиқариш мумкин эмас. Ахир бу сўроқ шаклининг асосида юмшоқлик ва ҳурмат қилиш ётади. Албатта ҳар бир дуога Аллоҳ жавоб беришлиги лозим эмаску.
Ҳаворийлар Исога (а.с) иймон келтирган одамларнинг энг яхшилари эдилар. Энди қандай қилиб бундай одамлар Аллоҳнинг қудратига шубҳа қилганлар деб ўйлаш мумкин?! Агарда оятдаги “ястатиу” сўзини “та” билан “тастатиу” деб ўқисанг: “Роббингдан сўраб бера олмайсанми?” деган маъно чиқади. Бу Оиша (р.а) ва Мужоҳиднинг сўзларидир.
Оиша (р.а) айтадилар:
“Ҳаворийлар Аллоҳни жуда яхши таниган эдилар. Улар: “Роббинг бизга осмондан дастурхон ёғдира оладими (у ишга қодирми?)” демаган эдилар, улар айтган нарса: “Роббингдан дастурхон нозил қилинишини сўрай омайсанми?” дегани эди.
Шунингдек яна Оиша (р.а) шундай деган эдилар:
“Ҳаворийлар Аллоҳ уларга осмондан дастурхон нозил қила олишига шубҳа қилмаган эдилар. Улар айтган нарса: “Роббингдан сўрай олмайсанми…?” маъносида эди”
Муоз Ибн Жабал айтади:
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ушбу оятни: “Роббингдан сўрай оласанми?” деб ўқишни ўргатган эдилар” деган эди.
Шундан сўнг:
“Росулуллоҳ (с.а.в) ушбу оятни кўп маротаба “та” қўшимчаси билан ўқиган эдилар, яъни “ҳал тастатиу Роббака” (Роббингдан сўрай олмайсанми? деб)” (Бухорий 2/66) (Тафсир Қуртубий)
Шундай қилиб бу мавзудаги олимларни гапини сизга ҳавола қилдик. Шундан кейин ҳам ширк ҳимоячилари тарафидан ушбу оят диннинг тамойиллари ва аслларида жоҳил бўлган кишига узр бериш учун далил сифатида ишлатилармикин? Албатта ақл эгалари учун жавоб “йўқ” бўлиши керак!
