Ширкнинг пайдо бўлиши
بسم الله الرحمن الرحيم
Ширк ҳақида гапирарканмиз, зеҳнга биринчи келадиган савол – ширк ер юзида қандай бошланган ва у Аллоҳ таоло одамларни яратган тоза хилқатни қандай қилиб булғаган?
Уламолар наздидаги машҳур гапга кўра, ширкнинг бошланиши Нуҳ алайҳиссалом қавмида бўлган. Одам авлоди ўз оталари Одам алайҳиссалом миллати-динида, ҳақ шариат ва ҳидоят устида яшаб келарди. Муфассирлар устози Имом Табарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Одам ва Нуҳ ўртасида ўн аср ўтган, ҳаммаси ҳақ шариат устида ўтганди, шундан сўнг улар ичида ихтилоф содир бўлди, кейин уларга пайғамбарлар юборилди. Ҳа, одамлар ҳақ шариат ва ҳидоят устида келардилар. Нуҳ алайҳиссалом уларга пайғамбар қилиб юборилган қавмда (Нуҳ алайҳиссалом юборилишидан аввал) Аллоҳга ибодат қиладиган ва Унга ширк келтирмайдиган солиҳ муваҳҳидлар бор бўлиб, улар тоат-ибодат билан машғул бўлган кишилар эди. Улар вафот этиб кетишгач, қавмлари бизга ибодатнинг фазилатини эслатиб турадиган, Аллоҳнинг тоатига буюриб турадиган зотлар орамиздан кетиб қолди, деб кўп қайғурдилар. Кейин орага шайтон аралашди. Уларнинг суратларини тасвирлаб, ҳайкалларини ясаб, намозгоҳларингизга қўйиб қўйинглар, шунда уларни кўрганда ибодат завқи ёдларингизга тушиб, завқ-шавқ билан ибодатга киришасизлар, деб васваса қилди. Уларга бу гап маъқул келиб, мазкур солиҳларнинг шаклларини тасвирга тушириб, масжидларига қўйиб қўйдилар. Дарҳақиқат, шайтон айтганидек бўлди. Ҳар сафар уларнинг суратларига боқишганда у зотларнинг ибодатлари эсларига тушиб, худди улардек ибодат қилишга тиришар эдилар. Шу зайлда йиллар ўтди. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, ортларидан уларнинг фарзандлари ўсиб-улғайди. Оталари доим мазкур тимсол эгаларини яхшилик билан тилга олишларини кўриб катта бўлишгани учун улар ҳам оталаридан ўрнак олиб, уларни улуғлаб, табаррук кўриб ўтдилар. Сўнг улардан кейинги авлодлар даври келди. Шайтон уларга ота-боболари мазкур ҳайкалларга ибодат қилишганини уқтирди. Шундай қилиб, уларга ибодат қилиш бошланди.
Имом Бухорий «Нуҳ» сураси тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ — رضى الله عنهما — صَارَتِ الأَوْثَانُ الَّتِى كَانَتْ فِى قَوْمِ نُوحٍ فِى الْعَرَبِ بَعْدُ ، أَمَّا وُدٌّ كَانَتْ لِكَلْبٍ بِدَوْمَةِ الْجَنْدَلِ ، وَأَمَّا سُوَاعٌ كَانَتْ لِهُذَيْلٍ ، وَأَمَّا يَغُوثُ فَكَانَتْ لِمُرَادٍ ثُمَّ لِبَنِى غُطَيْفٍ بِالْجُرُفِ عِنْدَ سَبَا ، وَأَمَّا يَعُوقُ فَكَانَتْ لِهَمْدَانَ ، وَأَمَّا نَسْرٌ فَكَانَتْ لِحِمْيَرَ ، لآلِ ذِى الْكَلاَعِ . أَسْمَاءُ رِجَالٍ صَالِحِينَ مِنْ قَوْمِ نُوحٍ ، فَلَمَّا هَلَكُوا أَوْحَى الشَّيْطَانُ إِلَى قَوْمِهِمْ أَنِ انْصِبُوا إِلَى مَجَالِسِهِمُ الَّتِى كَانُوا يَجْلِسُونَ أَنْصَابًا ، وَسَمُّوهَا بِأَسْمَائِهِمْ فَفَعَلُوا فَلَمْ تُعْبَدْ حَتَّى إِذَا هَلَكَ أُولَئِكَ وَتَنَسَّخَ الْعِلْمُ عُبِدَتْ .
«Нуҳ қавмида бўлган бутлар кейинчалик арабларда давом этди. Вад Давматул Жандалдаги Калб қабиласининг бути эди. Сувоъ эса Ҳузайл қабиласининг бути эди. Яғус Мурод қабиласининг бути эди, кейинроқ Сабаъдаги Бану Ғутайф қабиласининг бутига айланди. Яъуқ Ҳамдон қабиласининг бути эди. Наср Ҳимяр қабиласининг бути эди. Булар аслида Нуҳ қавмидаги солиҳ кишиларнинг исмлари эди. Улар дунёдан ўтиб кетишгач, шайтон уларнинг қавмдошларига ўзлари ўтирадиган мажлисларига ўша зотларнинг ҳайкалларини ўрнатиб, уларнинг номлари билан номлашни ўргатди. Аввалда уларга ибодат қилинмади. Кейин бу авлод ўтиб кетиб, илм ёддан чиққач, кейингилар даврида уларга сиғиниладиган бўлди» (Бухорий: №4920). Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ал-фатҳ»да айтади «Фокиҳий Убайд ибн Умайр ривоят йўли билан келтиришича, бут-санамлар илк бор Нуҳ қавмида пайдо бўлди. Фарзандлар оталарига меҳрибон эдилар. Улардан бир киши вафот этгач, фарзанди дард-фарёд қилиб, сабр қилолмай қолди. Сўнг унинг суратини қилдириб, соғинган пайтида унга тикилиб ўтирадиган бўлди. У вафот этганидан кейин (болалари ҳам) худди шундай қиладиган бўлдилар. Ҳатто ана шу ҳолда бирин-кетин авлодлар ўтиб борди. Оталар ўтиб кетгач, болалари айтишдики, оталаримиз бу (сурат-ҳайкал)ларни ўз олиҳалари бўлгани учун ясаб олганлар. Шундай қилиб, уларга сиғиниш бошланди» (Фатҳул-Борий: 8/537). Аллоҳ таоло уларга раҳм қилишни ва уларни ширк зулматларидан тавҳид ёруғлигига чиқаришни истади ва уларга Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Нуҳ пайғамбар улар ичида 950 йил кеча-ю кундуз тўхтовсиз Аллоҳга даъват қилиб турди. Лекин, улар қайсарлик билан ўз ширкларида маҳкам тураверишди ва Нуҳнинг даъватини кибр билан рад қилишди.
«Улар (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар. Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 22, 23). Нуҳ алайҳиссалом уларнинг ҳидоятларидан умидсиз бўлгач, улар қаршисига шундай дуо қилди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки, Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар» (Нуҳ: 26, 27). Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари дуосини ижобат қилиб, уларни тўфон билан ҳалок қилди:
«То Бизнинг фармонимиз келиб, тандирдан сув отилган вақтда, (бу азоб келганига белги эди) (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (улар бундан мустасно. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. 41. У деди: «Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». 42. Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!» 43. У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди. 44. (Сўнгра): «Эй Ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгин (яъни, ёғишни бас қил»), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди» (Ҳуд: 40-44). Сўнгра, Нуҳ алайҳиссалом қавмидан кейин Од қавми келди. Улар ҳам Аллоҳдан бошқа бут-санамларга сиғинишди. Аллоҳ таоло уларга Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У уларни тавҳидга чақирди. Аллоҳ таоло айтади: «Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 50). Улар кибр билан унинг даъватини рад қилишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни шамол воситасида ҳалок қилди. Кейин Самуд қавми келди. Аллоҳ таоло уларга Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди ва у уларни тавҳидга чақирди. Улар уни ёлғончига чиқаришиб, унга қарши уруш қилишгач, Аллоҳ таоло уларни гулдурос шоқвин орқали ҳалок қилди. Кейин Иброҳим алайҳиссалом қавми келди. Улар бутларга, қуёш, ой ва юлдузларга сиғинишарди. Аллоҳ уларга Ўз халили Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Иброҳимдан сўнг фақат унинг зурриётидан пайғамбарлар чиқарди. Пайғамбарлар асосан унинг ўғли Исҳоқ зурриётидан келди. Аммо, яна бир ўғли Исмоил зурриётидан Аллоҳ таоло фақат бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилди ва у зотни барча пайғамбарлар саййиди қилди.
Кейинчалик ширк Бану Исроил ичида тарқалди. Уларнинг аввалги даврдагилари Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар ҳаром қилган бузоқ тимсолига сиғинишди, кейингилари эса Узайрга сиғинишди ва уни Аллоҳнинг ўғли қилиб олишди. Кейинчалик насронийлар Ийсо ибн Марямга сиғинишди. Кейин ширк араблар орасида тарқалди ва араб жазирасига Амр ибн Омир ал-Хузоий қўли билан кириб келди. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Амр ибн Омир ал-Хузоийни жаҳаннамда ичакларини судраб юрганини кўрдим, у биринчи бўлиб туяларни соиба қилган (яъни бут-санамларга ажратиб чиқарган) киши эди». Аҳмад лафзида: «Ва Иброҳимнинг динини ўзгартирган киши эди». (Бухорий: №3521, Муслим: №2856). Кейин бутлар кўпайиб, араб жазирасини то Каъбанинг атрофларигача қоплаб олди. «Ал-ҳиля» ва «Сияру аъламин-нубала»да саҳиҳ санад билан Абу Ражо ал-Уторудийдан ривоят қилишларича, у шундай дейди: «Биз жоҳилият даврида тошларга сиғинардик. Агар бир тошга сиғиниб юриб, ундан кўра чиройлироқ бошқа тош топсак, наригисини улоқтириб, бунисига сиғиниб кетаверардик. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа қўйни соғиб, лойини қотириб, сўнгра шуни тавоф қилардик». Аллоҳ таоло уларга ва бутун башариятга раҳмат қилиб, муваҳҳидлар имоми ва пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди. Унинг Ўзи бу ҳақда шундай марҳамат қилади: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (ширкдан ва ёмон ахлоқлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Аллоҳнинг тавҳидига чорлаш ва уларни ўз қўллари билан ёқишган ва алангасида ёнишга интилишаётган бу жаҳаннамдан қутқариш мақсадида келдилар. Улар ичида у зотнинг даъватларидан юз ўгирган ва кофирлик ҳолида қолган ва қуйидаги гапларни айтганлар бўлди:
«(Шунча) илохларни битта илох қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» И з о ҳ. Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толибнинг олдига келиб «Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизни айблашни ва илохларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин», дейишганида, уларнинг талабларидан хабардор бўлган зот: «У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилингларки, сизлар у сўз шарофатидан арабу ажамга подшоҳ бўлурсизлар», дейдилар. Шунда мушриклар шодланишиб: «У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз», дейишганида пайғамбар алайҳис-салом айтадилар: «У сўз — ла илаҳа иллаллоҳдир — яъни Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», Улар бу сўзни эшитишгач, даҳшатга тушадилар ва юқоридаги ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтадилар ва пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларидан чиқиб кетишаркан: Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар: «Юринглар ва ўз илохларизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг ибодатда яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос» (Сод: 5-7). Ушбу кофир гуруҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари бошига фитналар, озорлар, азоб-уқубатлар ёғдиришга, даъват йўлига тўсиқ ва тўғоноқлар қўйишга жон-жаҳди билан уринди. Лекин, буларнинг ҳаммаси иймон ҳаловатини тотган мўминларга сабр, салобат ва иймондан бошқа нарсани зиёда қилолмади, ҳатто Аллоҳнинг нусрати келиб, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар. Уммат анча давргача муваҳҳиддлар имоми ва бутун инсониятнинг устози соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга кийдириб қўйган тавҳид либосида юрди. Кейин аста-аста уни фитналар чулғай бошлади ва уммат секин-аста тавҳид ҳақиқатидан узоқлаша бошлади. Ширк яна янгидан бош кўтарди, унинг суратлари, кўринишлари, шакллари кўпайди, ўзини мусулмон санайдиган жуда кўпчилик одамлар ширк ботқоғига ботиб мушрик булиб кетдилар. Ширк бугунги кунда ўша дастлабки пайтлардаги мушриклар қилганидек, тошлардан ўз қўллари билан ясаб олган бутларига сиғиниш суратидагина сақланиб қолган эмас. Балки, ҳозирда ширкнинг кўринишлари кўпайиб, эътиқодда бўлсин, ибодатда бўлсин, қонунчиликда бўлсин, Аллоҳни қўйиб, бошқаларга сиғиниш авж олган.
