Шаҳодат калимасининг маъносини билишлик, тавҳиднинг собит бўлиш шартларидандир.

بسم الله الرحمن الرحيم
«Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимасини талаффуз қилиш керак бўлган ҳадисларда одатда «айтиш» ёки «гувоҳлик бериш» каби сўзлар истеъмол қилинади. Ушбу икки сўзлар ўзида шунчаки талаффуз ёки нутқ қилишликни билдирмайди, балки айтилаётган ёки гувоҳлик берилаётган нарсани аниқ илм устида билишликни билдиради. Аввалига ана ўша ҳадисларни келтирамиз, кейин эса «айтиш» ва «гувоҳлик бериш» каби сўзларнинг маъно-мазмунини батафсилроқ таҳлил қиламиз.
Имом Бухорий ва имом Муслимда келган Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен токи халқлар лаа илааҳа иллаллоҳ демагунларига қадар, уларга қарши жанг қилишга буюрилдим. Ким буни айтса унинг моли ва жони омондадир, бошқа амалларининг ҳисоби эса Аллоҳга ҳаволадир». Имом Муслим ривоят қилган ҳадисида эса қуйидагича келган «…токи лаа илааҳа иллаллоҳ деб гувоҳлик бермагунларига ва менга ва мен олиб келган нарсага (Қуръон ва Суннатга) иймон келтирмагунларига қадар…». Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга токи халқлар Лаа илааҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадан росулуллоҳ деб гувоҳлик бериб, намозни барпо қилиб ва закотни адо қилмагунларича, уларга қарши жанг қилиш буюрилди ва агар улар буни қилишса, уларнинг моллари ва жонлари мендан омондадир, магар исломнинг ҳаққи бундан мустасно, бошқа амалларининг ҳисоби эса Аллоҳга ҳаволадир». Имом Бухорий Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Муҳаммад алайҳиссалом дедилар: «Менга токи одамлар лаа илааҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадан росулуллоҳ деб гувоҳлик бермагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар улар мана шу шаҳодат калимаси билан гувоҳлик берсалар, намозни қоим қилсалар ва бизнинг қибламизга юзлансалар ва бизнинг сўйганимиздан есалар, у ҳолда уларнинг жон ва моллари биз учун ҳаромдир, фақат исломнинг ҳаққи бундан мустаснодир». Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бошқа ривоятда эса энг бошида: «Кимки Аллоҳни яккаласа..» қўшимчаси мавжуддир, қолган матн эса шундайдир. (Шарҳ Нававий 1 жуз, 210-212)
Бу ривоятларнинг барчаси бизга қуйидагиларни билдиради: Мушриклар билан жанг «токи улар лаа илааҳа иллаллоҳ калимасини айтмагунларича» бошқа ривоятда шу калимага «токи улар гувоҳлик бермагунларича» бошқа ривоятда «Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсаларга (тоғутларга) кофир бўлмагунларича» бошқа қўшимчада «ва мен (Муҳаммад алайҳиссалом) олиб келган нарсага иймон келтирмагунларича», улар билан жанг давом этаверади. Бу ривоятларнинг барчаси шунга далолат қиладики, одамларнинг жон ва моллари омонда бўлиши учун, улар талаффуз қилаётган шаҳодат калимасининг маъносини билишлари шартдир.
«Бир нарсани сўзламоқ» деган ибора, сўзлаётган киши айтган гапи ҳақида илмга эга деган маънони шарт қилади.
«Ким лаа илааҳа иллаллоҳ деса…» ҳадиси ҳам ўз ичига шу калимани нима эканлиги тўғрисидаги илмга эга деганидир.
«Лисонул Ароб» номли араб тили луғати муаллифи Ибн Ал Мунзир «сўз» («сўз – қовл» ва «сўзлади – яқуулу» бир ўзак ташкил топилган сўзлардир) деган сўзни қуйдагича шарҳлайди: «Эътиқод, фикр, ишонмоқ, иймон келтирмоқ каби тушунчаларни ифода этмоқ учун «қовл-сўз» тушунчаси қўлланилади. Бу мантиқан тўғри бўлиб, сабаби одамнинг эътиқоди одамнинг ичида беркитилган бўлиб, у нарсани бошқалар фақатгина у одам мазкур эътиқодни айтганида, ёки ёзганида, ёки бошқа шу каби (имо-ишора) билан тушунтирганида билишлари мумкин. «Сўз» ва «эътиқод» каби сўзлар орасида ўзига хос семантик (қариндошликка ўхшаган) боғлиқлик мавжуд. Сўзни ифода бўлишининг манбайи эътиқод бўлиб, сўзнинг ташқарига изҳор бўлиши эса, киши эгаллаб турган эътиқодининг далилидир. Шунинг учун тилшуносликда семантик боғлиқликка эга бўлган ҳар хил кўринишдаги ифодалар бири-бирини ўрнига ишлатилишлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин (бирор бир кишини «сени севаман» сўзи ўрнига уни қучоқлаш каби). Ҳудди шундай вазиятни бу ердаги ўринда ҳам кузатишимиз мумкин. Киши нормал ҳолатларда (уни мажбурлашмаганда, ёки уни алдашмаганда) ўзи ишонган ва ўзи шу нарсани илмига эга бўлган нарсани гапиради холос.
Шумар айтади: «Агарда кимдир «Фулан қовваланий, яъни бир киши мени гапиртиришга (илҳомлантирди) ҳаракат қилди» деса, у ҳолда бу жумла қуйидаги нарсани ифода қилади: «Бир киши менга нима дейишни ўргатиб, мени шу гапни айтишимни (илҳомлантирди) ҳаракат қилди». Ҳудди шундай, «қоввалтаний» ёки «ақвалтаний» ибораси ҳам «сен менга нима дейиш кераклигини ўргатдинг ва бу гапни айтдиришга (илҳомлантирдинг) урундинг» деганидир.
Бундай кўринишдаги ибора машҳур тобеинлардан бири Саид ибн Мусайябнинг машҳур сўзларида мавжуд. У кишидан сўрадилар: «Усмон ва Умар розиаллоҳу анҳумолар тўғрисида нима дейсан?», у киши: «Мен Аллоҳ менга нима дейишни ўргатиб, ўзи (илҳомлантирган) гапиртирган нарсани айтаман» деб, қуйидаги оятларни ўқиган эди: «Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар.» (Ҳашр: 10)
Бундан маълум бўляптики, ҳадисларда келган: «…токи улар (мушриклар) «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демагунларича..» сўзларида ҳам «…улар бу сўзни шунчаки айтиб қўйгунларича…» деганини эмас, балки «…токи улар ушбу шаҳодатни, уни (яъни тавҳидни) нималигини тушуниб айтмагунларича…» деган маъно назарда тутилган, сабаби «сўз, сўзламоқ, айтмоқ» иборалари, айтган нарсани илмига эга бўлишликни шарт қилади.
Гувоҳлик беришнинг маъноси.
Энди эса «гувоҳлик бериш» маъноси борасида тўхталиб ўтамиз. Ушбу нарсада ҳам гувоҳлик берилаётган нарсани билиш талаб этилади. Ибнул Мунзир гувоҳлик бериш сўзини шарҳлаб шундай дейди: «Ибн Саид айтади: «гувоҳлик» сўзи шуни билдирадики, бирор нарсани билиб туриб, у нарсани бошқаларга айтиб беришдир». Абу Бакр ибн Анбарий айтади: Одам азон айтаётганда: «Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳ — Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман» дейишлиги, шуни билдиради: «Мен Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ илоҳ йўқ эканини биламан ва бунга гувоҳлик бериб эълон қиламан». «Ашҳаду анна Муҳаммадан росулуллоҳ» эса шуни билдиради: «Мен Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари эканини биламан ва эълон қиламан». Абу Убайда ушбу: «Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам гувоҳлик беришди. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир». (Оли Имрон: 18) ояти борасида шундай дейди: «Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди» сўзи шуни билдиради: «Аллоҳ таъоло ҳаммага ўзидан бошқа ҳақ илоҳ йўқ эканини ўрнатди. Бу эса қуйидагини билдиради: Аллоҳ таъоло ўзидан бошқа ҳақ илоҳ йўқ эканини билади ва буни эълон қилди. Чунки, гувоҳлик бериш бу ўзи аниқ билган нарсасини эълон қилишдир. Масалан: Кимдир қозининг ҳузурида маҳкамада гувоҳлик берди дейилганда, у қозига ўзи аниқ билган нарсани айтиб, уни эълон қилди, дейишлик қасд қилинади»
Ал Мунзирий ибн Яҳёдан юқоридаги оят борасида сўралганда, у айтдики: «Қуръоннинг қай ўрнида «Аллоҳ гувоҳлик берди» калимасини учратсанг, билгинки, бу Аллоҳ билганини билдиради». Ибнул Арабий (Моликий олим) айтади: «Аллоҳ гувоҳлик берди» оятининг маъноси қуйидагичадир: Аллоҳ Ундан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ эканини айтган, билган ва тайинлагандир». Ибнул Анбарий «Аллоҳ гувоҳлик берди» оятининг маъноси ҳақида айтади: «Аллоҳ таъоло Ундан бошқа ибодатга ҳақли илоҳ йўқ эканини эълон қилди ва билдирди». (Лисанул Араб)
«Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсалари шафоатга эга бўлмаслар. Фақатгина ўзлари билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина (эга бўлурлар)» (Зухруф: 86) Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида айтади: «Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсалари шафоатга эга бўлмаслар» яъни Ийсо, Узайр ва фаришталар шафоат қилишга эга эмасдирлар. «Фақатгина билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина (эга бўлурлар)» яъни улар (Пайғамбарлар ва фаришталар) фақатгина ҳақ гувоҳлик бериб, унинг маъносини била туриб ва унга яқийнан (комил) ишонганларнигина шафоат қилишга эга бўладилар холос. Бундай тафсирни Саид ибн Жубайр ва бошқа олимлар қилишган. Шунингдек Саид ибн Жубайр айтганки, ҳақ шаҳодат — гувоҳлик беришнинг маъноси, бу Лаа илааҳа иллаллоҳ — Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ деб гувоҳлик беришдир. «Билган ҳолларида» яъни улар ўзлари гувоҳлик бераётган нарсаларини биладилар. «Билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина» ушбу Аллоҳнинг амри, икки нарсага далолат қилади. 1. Ҳақ шаҳодат-гувоҳлик беришлик фақатгина агарда унинг маъносини билиб, тушиниб қилинаётган бўлсагина фойда келтиради холос. 2. Инсон кимдирни ҳаққи борасида ёки ҳар қандай бундан бошқа ҳолатларда гувоҳлик бераётганда, ана шу ҳолатларни билиши шартдир. Мазкур масъалада ҳадис ривоят қилинган: «Шаҳодат-гувоҳликни қачонки ҳудди қуёшни очиқ кўрганингдек кўрсанг, ана шунда гувоҳлик бергин, бошқа ҳолда эса уни тарк этгин» (Тафсир Қуртубий)
Имом Тобарий айтади: «Баъзи уламоларга биноан бу оятнинг тафсири шундай: Мушриклар ибодат қилаётган на Ийсо на Узайр ва на фаришталар ҳеч кимни шафоат қилишга эга эмаслар, фақатгина билган ҳолида илм билан ҳақ шаҳодат-гувоҳлик бериб, Аллоҳни ҳақиқий билган ва Унга итоат қилиб, росулларига эргашган кишиларнигина шафоат қилишга эга бўладилар. «Ҳақ шаҳодат- гувоҳлик» бу Лаа илааҳа иллаллоҳдир. «Билган ҳолларида гувоҳлик бериш» эса Аллоҳни ҳақиқий билиш ва Ийсо, Узайр ва фаришталар Аллоҳнинг (оддий) бандаси эканликларини билишликдир».
Имом Ибн Касир айтади: «..Шафоат фақатгина ҳақ шаҳодатнинг (Лаа илааҳа иллаллоҳнинг) маъносини билиб, тушинибгина берганларга фойдаси тегади холос (яъни тавҳид аҳлига)». (Тафсир Ибн Касир)
Имом Ибн Таймия айтади: «Шаҳодат — гувоҳлик бериш ўзидан шуни талаб қиладики, гувоҳлик бераётган киши, ўзи гувоҳлик бераётган нарсасини аниқ билиши шартдир, шунингдек, у киши бу гувоҳлигини (ўз ичидан) ташқарига эълон қилиши ва бу гувоҳлигида содиқ бўлиши керакдир. Агарда ушбу шартлар рўёбга чиқарилмаса, у ҳолда у шаҳодат саҳиҳ эмасдир». (Мажму ал Фатава, 14/187)
Бошқа фатвосида Ибн Таймия дейдики: «Абул Фарож ушбу (Оли Имрон: 18) оят борасида қуйидагиларни айтган: «Мазкур оятнинг икки тафсири мавжуд: «Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсалари шафоатга эга бўлмаслар» бу ерда мушриклар Аллоҳдан бошқа ибодат қилинаётган барча нарса айтилмоқда. «Фақатгина билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина» кейин эса ушбу барча ибодат қилинаётган нарсалардан Ийсо, Узайр ва фаришталар истисно қилинмоқда. «Билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина» яъни улар аниқ билибгина Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли илоҳ йўқ эканига гувоҳлик беришяпти. Демак, ҳамма ибодат қилинаётган нарсалардан фақатгина Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли илоҳ йўқ эканига гувоҳлик берадиган Ийсо, Узайр, фаришталар ва бошқалар шафоат қилишга (Аллоҳни изни ила) эга бўладилар. Аксар уламолар шундай тафсир қиладилар, буни орасида Қатода ҳам бордир. Бошқа бир гуруҳ уламолар, уларни орасида Мужоҳид ҳам бордир, қуйидагича тафсир қиладилар: «Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсалари шафоат қилишга эга бўлмаслар» яъни бу ерда мушриклар ибодат қиладиган Ийсо, Узайр, фаришталар ва бошқа Аллоҳнинг солиҳ бандалари назарда тутилмоқда. Ана шу солиҳлар ҳеч кимни шафоат қилишга эга бўлишмайди, «Фақатгина ўзлари билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина» яъни Ийсо, Узайр ва фаришталар Аллоҳнинг бандалари эканликларини билган кишиларнигина шафоат қилишга эга бўладилар». (Мажму ал Фатава)
Кейин эса Ибн Таймия яна давом айтади: «Аслида ушбу оят икки тафсирни ҳам қамраб олади. Яъни фақатгина илм билан Лаа илааҳа иллаллоҳ дея шаҳодат берганларгина шафоат қилишга эга бўладилар холос. Аммо, шунда ҳам агар Аллоҳ уларга шафоат қилишга изн берса, у ҳолда улар (солиҳ кишилар) фақатгина Лаа илааҳа иллаллоҳ — Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақ илоҳ йўқ эканига илм билан гувоҳлик берган кишиларнигина шафоат қилишга эга бўладилар. Яъни фаришталар, росуллар ва солиҳ мусулмон бандалар Аллоҳнинг изни ила мусулмонларни шафоат қилишлари мумкин, аммо улар ота-боболари ва шайхларига тақлид (кўр кўрона эргашиш) қилиб шаҳодат калимасини (маъносини) билмасдан талаффуз қилган кишиларни эса, шафоат қилишга эга бўла олмаслар. Зеро, саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинадики, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Албатта, банда қачон қабрига қўйилса, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг ковушлари таққиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтказишади ва: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида нима дер эдинг?» дейишади. Мўъмин бўлса: «Шаҳодат бераманки, У бизни аниқ ҳужжатлар ила ҳақ йўлга ҳидоят қилишлик учун келган Аллоҳнинг бандаси ва Росулидир» дейди. Аммо кофир ёки мунофиққа эса: «Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади. «Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас Унга: «Билмадинг ҳам, эргашмадинг ҳам» — дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Шунда шундай қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади». (Бухорий, Муслим) Шунинг учун ҳам Аллоҳ таъоло айтдики: «Ўзлари билган ҳолларида». (Оли Имрон: 86) Барча шафоат ҳақидаги ҳадислар шунга далолат қиладики, шафоат қилишга ва шафоат қилинишга фақатгина кимки Лаа илааҳа иллаллоҳ калимасини илм ва ихлос билан талаффуз қилсагина эга бўлади» (Мажмуъ ал Фатава, 14/409-411)
Имом Қуртубий айтади: «Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ — Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ ва у ягона шериги йўқдир, ушбу калиманинг маъноси қуйидагичадир: «Мен ўзим маъносини биладиган, иқрор бўладиган ва унга яқинан ишонадиган сўзни талаффуз қиляпман». Шаҳодат-гувоҳлик беришлик, ўзидан киши кўзлари билан кўрганини ва сезги аъзолари билан ҳис қилган нарсани намоён этади. Аммо, шу билан бирга шаҳодат маънавий ва руҳий даражада ҳам намоён бўла олади. Зотан, сезги аъзолари билан билинадиган нарса, шубҳасиз ақл ва идрок билан билиниши авлороқдир». (Ал Муфҳим Шарху Саҳиҳул Муслим)
Имом Абдурроҳман ибн Ҳасан айтади: «Ким Аллоҳдан ўзга ибодатга хақли илоҳ йўқлигига гувоҳлик берса» деган ҳадисда, ушбу шаҳодат, маъносини билиб талаффуз қилиш ва барча ботиний ва зоҳирий шартларига ва у тақозо қилганларига амал қилишлик ила бўлиши кераклиги назарда тутилмоқда. Шаҳодат калимаси қандайдир фойда келтириши учун, шаҳодат калимасининг талаффуз қилаётган одам мазкур калимага зид келадиган барча амални ва унинг бузувчиларини тарк этиши шартдир. Бунинг учун эса, унинг маъносини билиши ва унга ихлос ила иймон келтириши шартдир. Аллоҳ буюрмоқдаки: «Бас, лаа илааҳа иллаллоҳнинг (маъносини) билинг» (Муҳаммад: 19) «Фақат билган ҳолларида ҳақ шаҳодат-гувоҳлик берганларгина». (Зухруф: 86) Агарда шаҳодат калимасини талаффуз қилаётган киши унинг маъносини билмаса, шаҳодат калимаси талаб қилган ширкни тарк этмаса, Аллоҳ таъолони қалбида, тилида ва амалларида тавҳид ила яккаламаса, бас, барча мусулмонлар бундай шаҳодатнинг ҳеч фойдаси йўқ эканига ижмоъ қилдилар». (Фатҳул Мажийд)
Имом Қуртубий Саҳиҳул Муслимда келган саҳиҳ ҳадисларининг шархида айтадики: «Шаҳодат калимасини қуруқ талаффуз қилишликнинг фойдаси йўқ. Талаффуз қилишлик билан бирга, бу калимани билиш ва унга яқийн (комил ишонч) бўлиши шартдир. Бу ғулувга кетган (жаҳмий) муржиаларнинг фикрини рад этади. Улар шунчаки шаҳодат калимасини талаффуз қилишликнинг ўзи иймонни ҳосил бўлишига етарлик деб даъво қиладилар. Ушбу бобда келтирилган ҳадислар уларнинг фикри ботил эканини аниқ исботлаб турибди. Ҳа, шундоқ (ҳадисларсиз) ҳам бу жаҳмийларнинг фикри ботил экани очиқдир. Чунки, агарда ушбу фикрни тўғри деб фараз қилсак ҳам, у ҳолда мунофиқларнинг иймонини саҳиҳ эканига иқрор бўлшимиз керак эди, бу нарсанинг мумкин эмаслиги ва ботил эканлиги очиқ ойдиндир. Ушбу ботил фикрга яна бошқа раддиялардан бири: «Кимки Лаа илааҳа иллаллоҳ деб гувоҳлик берса…» маъносидаги ҳадислардир. Зеро, шаҳодат-гувоҳлик саҳиҳ бўлишлиги учун, ана шу гувоҳлик бераётган киши, ўзи гувоҳлик бераётган нарсасини аниқ билиши ва унга қатъий эътиқод қилиши шартдир. (Ал Муфҳим Ала Саҳиҳул Муслим, Боб: Қуруқ шаҳодат калимасини талаффуз қилишлик етарли эмасдир, балки шаҳодат бераётганда албатта қатъий эътиқод бўлиши муқаррар)
Ал Вазир Абул Музаффар айтади: «Лаа илааҳа иллаллоҳ шаҳодат калимаси уни илм билан талаффуз қилишликни талаб этади. Чунки, Аллоҳ таоло айтганки: «Бас, Лаа илааҳа иллаллоҳни (маъносини) билинг» (Муҳаммад: 19). Бу оят ибодат фақатгина Аллоҳга нисбатан бўлишлигини исботлайди. Ундан ўзга бу нарсага ҳақли бўлган бирор кимса йўқдир. Кимки лаа илааҳа иллаллоҳ калимасини талаффуз қилса, у ҳолда бу одам ушбу сўз ўзининг ичида барча тоғутларга куфр келтириш ва Аллоҳга иймон келтириш шарти борлигини билиши вожибдир. Қачонки ушбу калимани нутқ қилганида у киши тоғутларни ибодат қилинадиган маъбуд эканликларини инкор қилишини ва барча ибодат турларини фақатгина Аллоҳга йўналтиришини билиши шартдир». (Ал Ифсхаф, Фатҳул Мажийд)
Имом Биқоъий айтади: «Лаа илааҳа иллаллоҳ дегани, барча ибодат қилинадиган Маъбудларни инкор этаман, магар ҳақ илоҳни инкор этмайман деганидир. Ушбу калима охират кунидаги азоблардан сақлайдиган энг буюк эслатмадан саналади. Лекин, шунга эътибор бериш керакки, ушбу калима фақатгина илм устида (айтилса) фойда беради холос. Бу калиманинг билишлик эса, ўзидан кейин фақатгина унга иқрор бўлишлик ва унга яқинан ишониш мавжуд бўлганидан сўнг фойда келтиради, бу эса ушбу калимани амалга оширгандан кейингина саҳиҳ бўлади. Акс ҳолда барчаси ҳабата бўлиб, жаҳолатга айланиб қолади. Балки, ушбу шаҳодат калимасининг талаффуз қилаётган одамнинг ҳолатини янада оғирлаштиради холос» (Фатҳул Мажийд, Шарҳу Китабут Тавҳид, 35-39)
Ҳасанул Басрий роҳимаҳуллоҳга айтишди: «Одамлар: Кимки лаа илааҳа иллаллоҳни (қуруқ) нутқ қилса, албатта у жаннатга киради дейишмоқда. Ҳасанул Басрий айтди: Жаннатга уни нутқ қилиб ва шу билан бирга унинг шартларини ва вожиботларини рўёбга чиқарган одамгина киради». (Жамиул-Улум вал-ҳикам, 208)
Имом Сулаймон ибн Абдуллоҳ айтади: «Кимки лаа илааҳа иллалоҳ деб гувоҳлик берса…» ҳадиси шуни билдиради: Ким ушбу шаҳодатнинг шартларидан саналган маъносини билиб ва уни ботинда (қалбда) ҳам зоҳирда ҳам амалга ошириб айтса деганидир. Мана бу оят бунга далилдир, Аллоҳ таъоло шундай дея амр қилмоқда: «Бас, Лаа илааҳа иллаллоҳнинг (маъносини) билинг». (Муҳаммад: 19) Шунингдек, Аллоҳ таъоло айтади: «Фақатгина ўзлари билган ҳолларида ҳақ шаҳодат берганларгина». (Зухруф: 86) Агарда ушбу Лаа илааҳа иллаллоҳ шаҳодат калимасини (маъносидан жоҳил бўлиб) илмсиз ва унинг шартларига ва тақазо қилганларига амал қилмасдан (шунчаки) талаффуз қилинса, албатта фойдаси йўқ эканига (барча мусулмонларнинг) ижмоъси мавжуддир. Ушбу хулосага, ҳатто ҳадиснинг матнида истеъмол қилинган граматик шаклларга суяниб келса ҳам бўлади. Ҳадис матнида «шаҳодат-гувоҳлик бериш» калимаси ишлатилган, зотан маълумки, жоҳилнинг шаҳодати-гувоҳлиги саҳиҳ эмасдир. Шунинг учун ҳам, қуруқ Лаа илааҳа иллаллоҳ калимасини талаффуз қилишлик шаҳодат-гувоҳлик ҳисобланмайди». (Тайсирул Азизул Ҳамид, 53)
Моликийларнинг машҳур фақиҳи (551ҳ) Аҳмад Ибн Ийсо Ибн Ал-Иқлиший Ал-Андалусий мусулмонларнинг ичида улғайган, намоз ўқиган ва рўза тутган, аммо икки шаҳодат калимасининг маъносини билмаган киши, мусулмон саналадими деб сўралганда, у шундай жавоб берди: «Кимки мусулмонлар орасида тавҳид калимасини айтиб улғайса, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам гувоҳлик берса, намоз ўқиса ва рўза тутиб улғайса, фақатгина мазкур калиманинг ўз ичига олган маъноларини ҳақиқий билмаса, ҳудди сизлар зикр қилгандай билмайдиган бўлса, албатта унга тавҳидда бирор насиба берилмайди, у бирор насиба билан тавҳиддан нажот топмайди ва бу кишини на Исломга ва на иймонга нисбати берилмайди ҳам! Балки бу киши ҳалок бўлувчи кофирлар жумласидан бўлади. Унинг ҳукми барча аҳкомларда мажусларнинг ҳукмидек бўлади, магар уни қатл қилишликда (дарҳол) қатл килинмайди (яъни жоҳил бўлгани учун). Агарда (тавҳиднинг) таълимидан юз ўгирса, кейин қатл қилинади. Имом сўзида давом этиб шундай дейди: Муржиаларнинг ғулув кетганлари (яъни кофир жаҳмийлар) булар (кофир) бидъатчи тоифадан ҳисобланади. Булар шундай мазҳаб (йўл) тутганки, маърифатдан ҳоли бўлиб (яъни калиманинг маъноси, шартларини билмасдан) туриб, шунчаки тавҳид калимасини нутқ қилишлик, мазкур калимани ўз ичига олган маъноларни тушунмаса ҳам намоз ўқиса, рўза тутса ва шунчаки ушбу калимани нутқ қилиб қўйса, ёки агарчи намоз ўқимасдан ҳам, ушбу калимани нутқ қилиб қўйса, ана шу унинг иймонига кифоя қилади ва шу билан сифатланган инсонлар жаннатларга кирадилар дейишади. Аллоҳ таъолонинг Ўзи, бундай иғвога кетувчи раъйлардан инсонларни бундай ҳайратга солувчи фитналардан, жаҳолат ҳайратидан ва бундай ботил нарсалар билан шуғулланишдан сақласин. Суннатни мустаҳкам тутишликни бизга ризқ қилиб, тўғри йўлни лозим тутишликни бизга Ўзи насиб этсин. Албатта, У зот Ўзи Карийм ва инъом қилувчи Зотдир». (Ал-Миъяр Ал-Муъриб, 2/383)
Имом Шавконий айтади: «Лаа илаҳа иллаллоҳ калимасининг маъносига амал қилмаган ҳолда қуруқ ўзини талаффуз қилиш албатта исломни тасдиқламайди. Зеро, жоҳилият аҳлидан бўлган Макка мушрикларидан биронтаси ушбу калимани айтиб, сўнг бут-санамларга ибодат қилаверадиган бўлса, албатта буни ислом деб бўлмайди» (Фатҳ ар Роббаний, 1/345)
Имом Ибн Таймия айтади: «Кимки ушбу калимани (лаа илааҳа иллаллоҳни) нутқ қилиши билангина жаҳаннамга кирмай, жаннатга киради деб эътиқод қилса, бас, у Қуръонга ва суннатга ва мусулмонларнинг ижмоъсига мухолиф бўлган залолатдаги кишидир». (Мажмуъ ал Фатава, 35/202)
Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мақсад: ушбу лаа илааҳа иллаллоҳ калимасининг маъносини билишдир. Энди ушбу калиманинг маъносини билмасдан талаффуз қилишга келсак, фойдаси йўқ. Чунки, уни мунофиқлар ҳам айтишади. Ҳолбуки, улар кофирлардан ҳам паст даражада, дўзаҳнинг энг тубан жойида бўладилар». (Дурорус Санния, 2/253)
Шайх Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шаҳодат калимасини у тақозо қилгани бўйича амал қилмай, тил билан талаффуз қилишни ўзигина фойда бермайди. Амал қилиш эса, ширкни тарк қилишдир». (Росаил шахсия,1/137)
Имом Сулаймон Ибн Абдуллоҳ Ибн Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳоб айтади: «Олим у ёқда турсин, бир ақллик киши ушбу куфрий ишлар билан бирга, Лаа илааҳа иллаллоҳ деб талаффуз қилиш, қандай қилиб инсонга фойда қилади деб ўйлаши мумкин? Улар (ўзларини исломга нисбатлайдиган мушриклар) бу калимани тилларида айтдилар ҳолос. Эътиқод ва амаллари билан ушбу калимага (аниқ) хилоф қилдилар. Энди қандай қилиб бир ақллик инсон, уларга шуни фойдаси тегади деб ўйлайди? Шак-шубҳа йўқки, агарда мушриклардан бирортаси албатта Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир шаҳодатини айтса, лекин Илоҳ ва Росул сўзларини маъноларини билмаса ва намоз ўқиса, рўза тутса, ҳажж қилса, бироқ буларнинг нималигини билмаса, магарам инсонлар қилаётганлигини кўргани учун қилса ва (хатто) бирор ширк амалини қилмаса ҳам, бас, бунинг исломи йўқлигига бирор киши шубҳа қилмайди. Мағриб фуқоҳоларининг 11 асрдагилари ва ундан олдингилари ҳам ана шундай бўлган ҳар қандай шахсга ушбу фатвони беришди. Ҳудди, моликийлардан Ад-Дуррус-Самийн фий Шарҳил-Муршидил-Муъийн китобининг соҳиби зикр қилганидек. Шориҳ айтганки: Бу берган фатволари шу даражада равшанки, равшанликнинг ниҳоят даражасидир. Бунга иккинчи киши ихтилоф қилиши мумкин эмас». (Тайсирул Азизул Ҳамийд, 57)
Исҳоқ Ибн Абдураҳмон ибн Ҳасан, роҳимаҳуллоҳ айтади: «Инсон шаҳодат калимасининг маъносини билмай ва унга амал қилмай талаффуз қилса, у мусулмон ҳисобланмайди. Аксинча, бу унга қарши далилдир». (Дурорус Санния, 1/522-523)
Шайх Абдуллатиф ибн Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шаҳодат калимасини у тақозо қилган нарсага биноан амал қилмай шунчаки нутқ қилишлик, ҳеч ҳам фойда келтирмайди. Мунофиқлар ҳам уни нутқ қиладилар, лекин шу билан бирга улар жаҳаннамнинг энг пастки қисмидадирлар» (Дурорус Санния, 12/273-274)
Имом Абдуллатиф Ибн Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтади: «Батаҳқиқ, бу даврнинг кўпчилик мушриклари хато қилишди ва ўйлашадики, кимки шаҳодатни талаффуз қилганни такфир қилса у ховориждир. Ҳолбуки, асло ундай эмас, балки шаҳодатни талаффуз қилиш такфирни манъ қилувчи эмас. Магарам, маъносини билса, шартларига амал қилса, Аллоҳ ибодатига ихлос қилса ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасагина мана шу шаҳодат унга фойда беради холос». (Ал-итҳаф фий ар-родд ала ас-Саҳҳаф, 27)
Саадий айтади: «Аксар инсонлар: Ким лаа илааҳа иллаллоҳ деса, у жаннатга киради деган мазмундаги ҳадисларни хато тушинадилар ва шунчаки шаҳодат калимасини нутқ қилишликни ўзигина жаҳаннам оловидан қутилиб, жаннатга киришга етарли деб гумон қиладилар. Мазкур ҳадисларнинг ҳақиқий маъноси шуни ҳосил қиладики, буларни нутқ қилган киши, Аллоҳдан бошқасига ибодат қилишни (ширкни) инкор қилишга мажбур бўлади ва барча ибодат турларини, қалб, тил ва аъзолари (амаллари) билан фақат Аллоҳ таъологагина йўналтирилиши шарт бўлади». (Шарҳу Китабут Тавҳид)
Демак, биз (قال — «Қола») «айтиш» ва (شهد — «шаҳида») «гувоҳлик бериш» сўзларининг маъно-моҳияти билан батафсил танишиб чиққан бўлдик ва шунингдек шуни исботладикки, ҳадисларда собит бўлган ушбу сўзлар, ўзида илм (маъносини билишлик), яқийн (комил ишонч) бўлишлиги, қалб билан тасдиқлашлик, тил билан талаффуз қилишлик ва аъзолар билан унга амал қилишликни аниқ талаб этар экан. Шунингдек, уламоларнининг очиқ сўзларини ҳам келтирдик. Бундан ташқари, аксар оят ва ҳадисларда очиқ ва аниқ лафз билан илм билан талаффуз қилиш шарт экани собит бўлган. Масалан: «Бас, лаа илааҳа иллаллоҳни (маъносини) билинг». (Муҳаммад: 19) «Фақатгина ўзлари билган ҳолатларида ҳақ (лаа илааҳа иллалоҳ) шаҳодат берганларгина». (Зухруф: 86) «Сен: (Лаа илааҳа иллаллоҳнинг маъносини) «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар». (Зумар: 9) Ва бошқа кўплаб оятлар. Ҳадислардан: Саҳиҳул Муслимда келган, Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: (من مات وهو يعلم أنه لا إله إلا الله دخل الجنة) «Кимки Лаа илааҳа иллаллоҳнинг (маъносини) (يعلم) «билиб» вафот этса, жаннатга киради». Ва бошқа кўплаб ҳадислар. Демак, «айтиш» ёки «шаҳодат-гувоҳлик беришлик» бу билиб турган ва яқинан ишонган нарсасини тилга келтириш экан.
