Хавф (қўрқиш) ва ундаги ширк!

Хавф (қўрқиш) ва ундаги ширк!

بسم الله الرحمن الرحيم

Хавф – Аллоҳдан қўрқув қалбга тааллуқли ибодатларнинг энг катталаридан. У ҳар бир кишига фарздир ва у ибодатнинг энг буюк рукнидир, Аллоҳга динни холис қилиш усиз ҳосил бўлмайди. Хавф: «келажакда кутилажак бир нохушлик сабабидан қалбнинг оғриши ва безовта бўлишидир». (Мадарижус-саликийн: 1/513) Мақтовга сазовор қўрқув сизни Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тўсган қўрқувдир. (Биз бир-бирига маънодош сўзлар деб биладиганимиз) хавф, важал, хошят, раҳбат ўртасида бир мунча фарқлар бор. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Важал, хавф, хошят ва раҳбат бир-бирига яқин сўзлардир, маънодош (синонимлар) эмас». (Мадарижус-саликийн: 1/512) Яъни маънолари ҳар хилдир. Хавф билан важалнинг фарқи шуки, хавф – келажакда содир бўлиши хавфи бўлган бир нарсадан қалбнинг безовта бўлишидир, кишининг бир ойдан кейин ўзига етиши кутилаётган очлик хавфидан қўрқишига ўхшаган.

Важал эса, ҳозирда содир бўлиб турган бир нохуш иш туфайли қалбнинг безовта бўлиб, зириллашидир. Шерни кўриб қолиб, юраги қўрқувдан зириллаб кетган одам каби. Кўзи тушган пайтидаги қалбнинг қўрқувдан безовта бўлиши важалдир. Демак, қалбнинг келажакда кутилаётган бир нохушликдан безовта бўлиши хавф, нақд бошига тушиб турган нохушликдан безовталаниши важал экан. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо важал – ҳокимияти ва жазоси бор бўлган кишини эслаганда ё кўрганда юракнинг зириллаши ва ёрилишидир». (Мадарижус-саликийн: 1/513. Хашят ва раҳбат ўртасидаги фарқ кейинроқ ўз ўрнида келади) «Хавф далили…» Яъни, хавфнинг Аллоҳ таолодан бошқага қилиниши жоиз бўлмаган ибодат эканига далил. «Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан – яъни, мушриклардан – қўрқмангиз, мендан қўрқингиз! –мен ундан қўрқадиган дўстларига нусрат-ёрдам берадиган Роббингизман» (Оли Имрон: 175). Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан хавф қилиш қалбнинг тузалиши сабабларидан биридир. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳдан хавф қилиш, умид қилиш ва муҳаббат қўйиш билан қилинганича бошқа бирон нарса билан Аллоҳнинг ҳад-ҳудудлари ва У ҳаром қилган ишлардан сақланилмади ва Унга боғланувчилар боғланмадилар. Қалб қачон мана шу учта нарсадан холи бўлса, кейин тузалиши умид қилинмайдиган даражада бузилади. Қачон унда мазкур нарсалардан бирортаси заифлашса, иймони ҳам ўшанча заифлашади». (Ал-фатава: 15/21) Пайғамбарлар халқлар ичидаги Аллоҳдан энг хавфи кучли инсонлар бўлдилар. Нуҳ алайҳиссалом қавмига деди: «Албатта, мен сизларнинг буюк кун (Қиёмат Кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман» (Аъроф: 59). Шуъайб алайҳиссалом қавмига деди: Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар) сизларнинг устингизга ўраб олувчи Кун — Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман» (Ҳуд: 84). Аллоҳ таоло пайамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Айтинг: Албатта, мен агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ Кунда (Қиёматда Аллоҳ томонидан) бўладиган азобдан қўрқаман» (Анъом: 15). «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқирдилар, йиғидан кўксларида қозоннинг биқирлашидек биқирлаш (овози билиниб турарди)». (Сунанун-Насоий: №1214, Абу Муторриф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган) Банда Аллоҳни нақадар яхшироқ билса, Ундан қўрқуви шу қадар кучлироқ бўлади. Аллоҳдан қўрқувнинг камайиши банданинг ўз Роббини таниши камлигидангина ҳосил бўлади. Одамларнинг энг билувчироқлари Аллоҳдан энг қўрқувчироқ бўладилар. Ким Аллоҳни таниса, Ундан ҳаё қилиши, хавф қилиши ва Уни севиши зиёдалашади. Маърифати (таниши) на қадар зиёдалашса, ҳаёси, хавфи ва муҳаббати шу қадар зиёдалашади. Хавфи ва хошяти илми ва маърифатига қараб бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Қасамки, мен улар ичида Аллоҳни энг яхшироқ билувчи ва Ундан энг қаттиқроқ қўрқувчисиман». (Саҳиҳул Бухорий: 20/16, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган) Яна айтганлар: «Агар мен билган нарсаларни билганингизда эди, кам кулган ва кўп йиғлаган, тўшакларда аёллар билан лаззатланмаган ва Аллоҳга йиғлаб, тоғу тошларга чиқиб кетган бўлардингизлар». (Муснад: 21555, Сунанут-Темизий: №2312, Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Аллоҳ азза ва жалладан хавф қилиш Унинг тоатига йўлдир. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳдан хавф қилиш (қўрқиш) Уни танишни лозим тутади. Уни таниш Ундан қўрқишни лозим тутади. Ундан қўрқиш эса Унга тоатни лозим тутади». (Ал-фатава: 7/24)

Қалб тузалиши фақат Аллоҳдан қўрқиш билан бўлади. Абу Сулаймон ад-Дороний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қай бир қалбни хавф тарк қилса, у хароб бўлибди» (Мадарижус-саликийн: 1/513)

Хавф шаҳватларга эргашиб кетишдан ман қилади. Иброҳим ибн Суфён раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қалбларга хавф ўрнашса, улардаги шаҳватлар ўрнини куйдириб юборади ва улардан дунёни қувади» (Мадарижус-саликийн: 1/513) Қалбдан хавф айрилса, тўғриликдан адашади. Зуннун раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одамлар модомики хавф (Аллоҳ қўрқуви) улардан айрилмас экан, (тўғри) йўлда бўладилар. Қачон уларда хавф йўқолса, йўлдан адашадилар» (Мадарижус-саликийн: 1/513) Парвардигоридан қўрқувчи бандага Парвардигори Унинг оят-аломатларини кўриш-англаш неъматини ато этади: «Албатта бу қиссаларда охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир» (Ҳуд: 103). Охиратда эса унга жанатлар очилади: «Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни ўзининг Парвардигор олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришдан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Ар-раҳмон: 46).

Аллоҳ таоло айтади: «Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур» (Ван-назиат: 40-41). Кимнинг қалбида Аллоҳнинг ҳайбати устун бўлса, халқлар қалбида унинг ҳайбати устун бўлади ва уни хорлашдан уларни тўсади. Ибодатнинг рукнлари хавф, умидворлик ва муҳаббатдир. Банда мазкур учала рукннинг ҳар бирини ҳозирлаши вожибдир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи салафлар айтади: Ким Аллоҳ таолога фақат муҳаббат билангина ибодат қилса, у зиндиқдир. Ким Унга фақат хавф (қўрқув) билангина ибодат қилса, у ҳарурийдир. Ким Унга фақат ражо (умидворлик) билангина ибодат қилса, у муржиъадир. Ким Унга муҳаббат, хавф ва ражо билан ибодат қилса, у мўминдир. Аллоҳ таоло ушбу уч мақомни қуйидаги сўзлари билан жамлади: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар» (Исро: 57). Йўл излаш – Унга қурбат ҳосил қилишга сабаб бўлувчи Унинг муҳаббатидир. Сўнг бунинг ортидан ражо ва хавфни зикр қилди. Унинг бандалари ва авлиёларининг йўли шудир» (Бадаиъул-фаваид: 3/11)

Муҳаббат хавф ва ражони олиб келади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳар бир муҳаббатга хавф ва ражо ҳамроҳ бўлади, ошиқнинг қалбида муҳаббат нақадар ўрнашишига қараб, унинг хавфи ва ражоси кучайиб боради» (Мадарижус-саликийн: 2/43)

Хавф уч қисмга бўлинади: Биринчи қисм: Сир (ғойибдан) хавф. Бу Аллоҳдан бошқадан, яъни бут-санам ёки тоғутлардан хавф қилиш бўлиб, улар томонидан бирон зиён етишидан қўрқишдир. Бу катта ширкдир. Масалан, аган бирон қабрга дуо-илтижо қилмасам, унинг эгасидан менга зиён-заҳмат етади ё у мени жазолайди йўки тоғутларни эртага сайловга чиқиб сайловда уларга овоз бериб сайламасам менга зиён-зарар етади деб қўрқишга ўхшаш. Аллоҳ таоло Ҳуд қавмининг ўз пайғамбарларига айтган гапларидан хабар бериб айтганидек: «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос» (Ҳуд: 54). Улар олиҳалари уларга бирон зиён етказишидан қўрқишарди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар сизни (Аллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар» (Зумар: 36). (И з о ҳ. Қурайш кофирлари пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни «Сен бизнинг худоларимизни (тоғутларимизни) айблаётганинг сабабли улар сени ҳалок қилмасалар эди», деб қўрқитмоқчи бўлганларида ушбу оят нозил бўлди). Тоғутларга сиғинадиганлар ва шу каби тоғутпараст-бутпарастларнинг воқелиги шудир, улар ўзлари сиғинадиган тоғутларидан бут-санамларидан қўрқишади ва тавҳид аҳлини Аллоҳга холис қилишга чақиришса, уларнинг бошларига тоғутларга томонидан келадиган балолар билан қўрқитишади. Бу эса тавҳидга зиддир. Аллоҳдан бошқага дуо қилса ё Аллоҳдан бошқадан сўраса, иймондан айрилганидек, Аллоҳдан бошқадан қўрқса ҳам худди шундай бўлади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким яхши кўришида ё қўрқиши ва умид қилишида холиқ билан махлуқни тенглаштирса, у мушрикдир» (Ал-фатава: 27/339)

Иккинчи қисм: Инсон баъзи одамлардан қўрққанидан ўзига вожиб бўлган нарсани тарк қилиши. «Фатҳул-мажид»да айтилганидек: «Бу ҳаромдир ва бу тавҳиднинг камолига зид келувчи ширк турларидандир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175). Шунингдек, Ибн Можа Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисда ҳам айнан хавфнинг мазкур тури назарда тутилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳеч бирингиз ўзини камситмасин”. Саҳобалар айтдилар: “Эй Расулуллоҳ, қандай қилиб киши ўзини камситади?”. У зот жавоб бердилар: “Киши бир ишга гувоҳ бўлади. Аллоҳ бу ишда унинг зиммасига айтиши керак бўлган сўзни юклаган бўлади-ю, бироқ у бу сўзни айтмайди. Шунда Аллоҳ таоло унга қиёмат куни: “Фалон вақтда фалон сўзни айтишдан сени нима ман қилди?” – дейди. Шунда у: “Одамлардан қўрқдим” – дейди. “Мендан қўрқишликка ҳақлироқ эдинг” – дейди Аллоҳ таоло”. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳнинг душмани фириб- найрангларидан бири шуки, мўминлар унинг лашкари ва дўстларига қарши жиҳод қилмасликлари ва уларга амри маъруф ва наҳий мункар қилмасликлари учун у мўминларни ўзининг лашкаридан ва дўстларидан қўрқитади. Аллоҳ таоло буни шайтоннинг макридан ва қўрқитишидан деб хабар берди ва бизни ундан қўрқишдан қайтарди» (Фатҳул-мажид шарҳ китабит-тавҳид: 396-с)

Учинчи қисм: Инсоннинг йиртқич ҳайвондан, оловдан, ғарқ бўлишдан қўрқишига ўхшаган табиий қўрқув. Банда бунинг учун маломат қилинмайди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида айтганидек: «Бас у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутган ҳолда у ердан чиқди» (Қасас: 21). Аммо, Аллоҳ таолонинг осийларни у билан огоҳлантирган азоб ваъдасидан хавф қилиш ва шу кабилардан қўрқув иймоннинг энг олий мартабасидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бу (ваъда) Менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қўрқувчи ва Менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамдан хавф қилувчи кишилар учундир» (Иброҳим: 14). Қандай қилиб одамлардан қўрқишдан қутуласиз? Аллоҳга тўла таслим бўлиш ва ҳамма ишларни Унга топшириш одамлардан қўрқишни йўқотади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қўрқувни кетказадиган нарса Аллоҳга таслим бўлишдир. Чунки, ким Аллоҳга таслим бўлса ва ўзини Унга топширса ҳамда ўзига етган нарса ҳаргиз етмай қолмас эди деб ва ўзига етмаган нарса унга ҳаргиз етмаган бўлар эди деб ишонса, ўзига фақат Аллоҳ битиб қўйган нарсагина етади деб билса, қалбида махлуқлардан қўрқишга ўрин қолмайди» (Мадарижус-саликийн: 2/31)

Ким бу дунёда Роббидан қўрқса, охиратнинг даҳшатли қўрқувидан омонда бўлади. Ким бу дунёда хотиржамликка берилган бўлса, охиратда хотиржамликдан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло бандалари учун икки қўрқувни асло жамламайди. Ё бу дунёда Аллоҳдан қўрқув бўлади, ё эса бу дунёда Аллоҳдан қўрқмаган кимса учун охиратда даҳшатли қўрқув бўлади. Ким Парвардигоридан қўрқса, ҳеч ким уни қўрқита олмайди, балки унинг қалби мудом хотиржам, вужуди доим сокин бўлади. Кимнинг Аллоҳдан қўрқуви рост бўлса, у Аллоҳга қараб қочади, Аллоҳ билан бирга бўлганида роҳат топадиган нафс нақадар яхши!

Гуноҳларни тарк қилмаётган киши Аллоҳдан чинакам қўрқувчи деб саналмайди. Ҳар бир Аллоҳга осий кимса жоҳилдир, ҳар бир Аллоҳдан қўрқувчи киши олим ва Аллоҳга итоат қилувчидир. Шундоқ экан, сиз барча ҳолатингизда ҳам Парвардигорингизнинг кузатувини ҳис қилинг ва Унинг азобидан қўрқинг, шунда дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли инсон бўласиз. Бирон махлуқдан қўрқсангиз, ундан бегонасирайсиз ва қочасиз. Аммо, Аллоҳдан қўрқсангиз, Унга қараб интиласиз ва Унга яқинлашишга ҳаракат қиласиз.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑