Учинчи рукн: Илоҳий китобларга иймон келтириш
بسم الله الرحمن الرحيم
“Аҳлуссунна вал-жамоа” — Аллоҳ таоло пайғамбарларига уларда буйруқлари, қайтариқлари, ваъдалари, таҳдидлари, бандаларидан хохлаган нарсалари, ҳидоят ва нур бўлган китобларни нозил қилган, деб эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло деди: “Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўъминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди)….” (Бақара: 285).
Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига башариятни ҳидоят қилишлари учун китобларни нозил қилди. Аллоҳ таоло деди: “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу Қуръон) сиз одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга — Азиз-Қудрат, Ҳамид-ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг йўлига — олиб чикишингиз учун Биз сизга нозил қилган Китобдир” (Иброҳим: 1). Илоҳий китоблар: Қуръон, Таврот, Инжил, Забур ва Иброҳим ва Мусо алайҳимуссолату вассаломларга юборилган саҳифалардир. Бу китобларнинг энг буюклари: Таврот, Инжил ва Қуръондир. Бу уч китобнинг энг буюги, энг афзали ва уларни бекор қилувчиси — Қуръон Каримдир. Аллоҳ таоло Қуръон Каримдан бошқа барча китобларни нозил қилган пайтда уларни ҳимоя қилишни ўз зиммасига олмади. Балки, уларнинг ҳимоясини одамларга топширди. Бироқ, улар китобларни муҳофаза қила олмадилар. Натижада, у китобларга ўзгариш ва қўшимчалар кириб кетди. Қуръон Карим — Оламлар Парвардигорининг каломи, очиқ китоби ва мустаҳкам арқонидир. Аллоҳ таоло Қуръон Каримни пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммати учун дастур бўлиши, одамларни зулматлардан нурга чиқариши, тўғрилик ва тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун нозил қилди. Аллоҳ таоло Қуръон Каримда аввал ўтган ва кейин келадиган халқларнинг хабарлари, Осмонлар ва уларнинг яралишини баён қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсалар, одоб ва ахлоқ асослари, ибодат ва муомала ҳукмлари, пайғамбарлар ва солиҳ кишиларнинг ҳаётлари, мўъмин ва кофирларнинг мукофот ва жазолари, мўъминларнинг диёри бўлмиш жаннат ва кофирларнинг диёри бўлмиш жаҳаннамнинг тафсилотларини баён қилди. Аллоҳ таоло Қуръон Каримни қалб касалликларига шифо, барча нарсанинг баёни ва мўъминлар учун ҳидоят ва нур килиб кўйди. Аллоҳ таоло деди: “Биз сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китоб – Қуръонни нозил қилдик” (Наҳл: 89). Барча одамлар Қуръон Карим таълимотларига, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ (ишончли) хабарларга эргашишлари ва у иккисини ўз ҳаётларига татбиқ қилишлари зарурдир. Чунки, Аллоҳ таоло расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўзи нозил қилган Китобни баён қилиб беришлари учун одамлар ва жинларга элчи қилиб юборди. Аллоҳ таоло деди: “Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсаларни баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу Эслатма — Қуръонни нозил қилдик. ” (Наҳл: 44). “Аҳлуссунна вал-жамоа” Қуръон — ҳарфлари ва маънолари — Аллоҳ таолонинг каломи эканига, унинг Аллоҳ таолодан бошланиб, Аллоҳ таолога қайтишига, туширилган, бирок махлуқ эмаслигига, Аллоҳ таоло Қуръонни ўзи сўзлагани ва Жаброил алайҳиссолату вассаломга ўқиб бергани ва Жаброил алайҳиссолату вассалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб тушганига катъий иймон келтирадилар.
Ҳаким ва Хабардор бўлган Зот Қуръон Каримни очиқ араб тилида нозил қилди ва у бизларга мутавотир (кўп) йўллар билан шубҳага ўрин қолмайдиган (саҳиҳ ривоятларда) етиб келди. Аллоҳ таоло деди: “Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сиз (охират азобидан) огоҳлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни Руҳул-Амийн — Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди.” (Шуаро: 192 -195).
Қуръон Каримни қалблар ёд олади, тиллар тиловат қилади ва саҳифаларга ёзилади. Аллоҳ таоло деди: “Йўқ, у (яъни Қуръон) илм ато этилганларнинг қалбларида (ёд бўлгувчи) аниқ оятлардир” (Анкабут: 49). “Албатта У (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китоб (Лавҳул-Маҳфуз) даги — Қуръон Каримдир. Уни фақат пок кишиларгина ушларлар. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир”. (Воқеа: 77-80).
Қуръон Карим — пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган буюк ва мангу мўъжизадир. У самовий китобларнинг энг сўнггисидир, у бекор қилинмайди ва алиштирилмайди. Аллоҳ таоло уни қиёматдан аввал ўзига кўтарадиган кунигача барча ўзгартириш, қўшиш ва камайтиришлардан ўз ҳифзу ҳимоясида сақлашни кафолатини олди. Аллоҳ таоло деди: “Албатта бу эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва ўзимиз уни сақлагувчимиз” (Ҳижр: 9). “Аҳлуссунна вал-жамоа” Қуръоннинг бирон ҳарфини инкор этган ёки унга қўшимча қўшган, ёки ундан биронта ҳарфни камайтирган кишини кофир деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун биз ҳам, Қуръон оятларининг ҳар бири Аллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлган ва бизга мутавотир (энг ишончли) йўллар билан етиб келган эканига катъий иймон келтирамиз. Қуръон Карим расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламга тўплам ҳолатида — бир дафъада нозил бўлмаган. Балки, воқеъаларга муносиб тарзда ёки берилган саволларга жавоб ўлароқ, ёки вазиятларга қараб йигирма уч йил давомида тарқоқ нозил бўлган.
Қуръон Карим Маккада нозил бўлган саксон олти (86) ва Мадинада нозил бўлган йигирма саккиз (28), жами бир юз ўн тўрт (114) сурани ўз ичига олади. Маккада нозил бўлган суралар “Маккий”, Мадинада нозил бўлган сураларни “Маданий” суралар деб аталади. Қуръон Карим сураларининг йигирма тўққизтаси (29) узуқ-ёлғиз ҳарфлар билан бошланган. Қуръон Карим расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида ёзилган. Саҳобаларнинг энг яхшиларидан розияллоҳу анҳум котиблар бўлган, улар Қуръондан нозил бўлганини расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амри билан ёзиб боришар эди. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Қуръоннинг ёзилган парчалари жамланди. Усмон разияллоҳу анҳу халифалик даврларида умматни бир қироатга жамлади. Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин! “Аҳлуссунна вал-жамоа” Қуръон Каримни таълим бериш, ёд олиш, тиловат қилиш, тафсир қилиш ва унга амал қилишга қаттиқ эътибор берадилар. Аллоҳ таоло деди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу Қуръон барча одамлар), оятларини тафаккур қилишлари ва акл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун биз сизга нозил қилган Китобдир” (Сод: 29). Улар Қуръон тиловати билан Аллоҳ таолога ибодат қиладилар. Чунки ундан хар бир харфни ўқишга бир ҳасана бор. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, у учун бир хасана-яхшилик бордир. Ҳасана-яхшилик эса ўн баробари билан биргадир. Мен: “Алиф, Лом, Мим” бир ҳарф”— деб айтмайман. Балки, “Алиф” бир харф, “Лом” бир харф, “Мим” бир харфдир” (Имом Термизий ривояти).
“Аҳлуссунна вал-жамоа” Қуръон оятларини қуруқ раъй-фикр билан тафсир қилишга ижозат бермайдилар. Чунки, бу Аллоҳ таоло хаққига илмсиз сўз айтиш, демакдир. Балки, улар Қуръон оятларини Қуръоннинг бошқа оятлари ва ҳадислар билан, кейин эса саҳобаларнинг сўзлари ва улардан кейин яшаб, бугунги кунимизга қадар уларга яхшилик билан эргашган кишиларнинг сўзлари билан шаръий қоидалар доирасидан чиқмасдан тафсир қиладилар. Зеро, Аллоҳ таоло ўз хаққига билимсиз сўз айтишни ҳаром қилди: “У (Шайтон) сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради” (Бақара: 169).
