ТЎРТ ҚОИДА

ТЎРТ ҚОИДА

Муаллиф: Муҳаммад ибн Сулаймон ат-Тамимий роҳимаҳуллоҳ.

بسم الله الرحمن الرحيم

Буюк аршнинг Роббиси бўлган Саҳоватли Аллоҳдан дунёю охиратда сени бошқармоқлигини (ташлаб қўймаслигини) ва қаерда бўлсангда барокатли қилмоқлигини ҳамда агар ато қилинса шукр қиладиган, балоланса сабр қиладиган, гуноҳ иш қилиб қўйса, истиғфор айтадиган кишилардан қилмоқлигини сўрайман. Албатта ушбу уч (хислат) бахт саодатнинг белгисидир. Аллоҳ таъоло сени ўзининг тоатига бошласин! Ҳанифия — Иброҳим алайҳиссалом миллати: Дийнни ёлғиз Аллоҳ учун холис қилган ҳолда ибодат қилмоқлик эканлигини — билгин. Аллоҳ таъоло (Ўзининг каломида) айтганидек: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимгагина ибодат қилишлари учун яратдим». (Зорият:56)

Агар Аллоҳ сени Ўзига ибодат қилишинг учун яратганлигини билган бўлсанг, у ҳолда намоз таҳорат билан бирга бўлсагина намоз деб номланганидек, ибодат ҳам тавҳид асосида бўлсагина ибодат деб номланишлигини ҳам билиб олгин! Бас‚ қачонки нажас таҳоратга аралашса таҳорат бузилгани каби, ширк ҳам ибодатга аралашса ибодат бузилади. Агар сен ширк ибодатга аралашса ибодатни бузишлигини, амалларни хабата (барбод) қилишлигини ҳамда ширк қилувчи киши дўзахда абадий қолувчилардан эканлигини билган бўлсанг, ўзинг учун ширкни билишлик нечоғлик муҳим эканлигини тушиниб етасан. Шояд Аллоҳ сени бу (ширк) тўридан холос қилса, бу тўр– Аллоҳ таъоло (Ўзининг каломи)да: «Аллоҳ Ўзига шерик қилинишлигини кечирмайди, шундан бошқа гуноҳни хоҳлаган бандаси учун кечиради» (Нисо:116) деб айтган ширкдир. Бундан (сақланишлик) эса Аллоҳ таъоло китобида зикр қилган тўрт қоидани билишликни тақозо қилади.

Биринчи қоида: Росулуллоҳ уларга қарши жиҳод қилган кофирлар Аллоҳ таъолонинг яратувчи, ризқ берувчи, ишларни бошқарувчи эканлигини тан олганликларини, Уларнинг мана шу иқрор бўлиб –тан олишликлари исломга олиб кирмаганлигини
билишлигингдир. Далил Аллоҳ таъолонинг (ушбу) сўзидир: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу ъалайҳи васаллам), айтинг: «Ким сизларга осмон ва ердан ризқ берур ёки ким қулоқ ва кўзларга эгалик қилур?!» Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!” Улар албатта: «Аллоҳ»‚ дейдилар. Бас, Сиз айтинг: «Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

Иккинчи қоида: Мушриклар: «Бизнинг улар (бут–санам‚ қабрлар…) га дуо–ибодат қилишлигимиз ҳамда уларга қараб юзланишлигимиз фақатгина (Аллоҳ) га қурбат–яқинлик ҳосил қилишлик ва шафоат талабидадир», дейишади. Қурбат яқинлик дейишлигининг далили Аллоҳ таъолонинг (ушбу) сўзидир: “(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким‚ холис дийн Ёлғиз Аллоҳникидир (яъни‚ Ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишликка лойиқ зотдир). У Зотдан ўзга «авлиёлар» ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз»‚ (дерлар) Шак–шубҳа йўқки‚ Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас” (Зумар: 3). Шафоат дейишлигининг далили Аллоҳ таъолонинг (ушбу) сўзидир: “Улар Аллоҳни қўйиб‚ ўзларига зиён ҳам‚ фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг шафаотчиларимиз бўлади»‚ дейдилар” (Юнус:18). Шафоат икки хил булади:

• Шафоату манфия (инкор қилинган шафоат)

• Шафоату мусбата (инкор қилинмаган шафоат)

Шафоату манфия: Аллоҳ қодир бўлган шафоатни Аллоҳдан бошқасидан талаб қилишликдир. Далил Аллоҳ таъолонинг (ушбу) сўзидир: «Эй мўминлар‚ олди–сотди‚ ошна–оғайнигарчилик ва шафоат бўлмайдиган кун келишидан илгари сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ–эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчидирлар» (Бақара:254).

Шафоату мусбата: У Аллоҳдан талаб қилинадиган шафоатдир. Шафоат (талаб) қилувчи шафоат қилишли сабабли икромланади‚ шафоат қилинувчи эса‚ Аллоҳ унинг сўзи ва амалидан рози бўлиб‚ изн бергандан кейингина шафоат қилинади. «У (Аллоҳ) нинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз шафоат қила олмайди… » (Бақара:255).

Учинчи қоида: Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам ибодатларида ҳар–хил бўлган кимсаларга (пайғамбар) бўлиб келди. Улардан фаришталарга‚ пайғамбар ва солиҳларга‚ дарахт ва тошларга ҳамда қуёш ва ойга ибодат қиладиган кимсалар бор эди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам улар билан жанг қилиб уришдилар ва уларнинг ўртасини ажратмади. Далил Аллоҳ таъолонинг (ушбу) сўзидир: «(Эй мўминлар)‚ сизлар то (дунёда) бирор фитна қолмай‚ бутун дийн фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар! Энди агар (кофирликдан) тўхтасалар‚ бас‚ албатта Аллоҳ қилаётган амалларини Кўргувчидир». Қуёш ва ойга ибодат қилишлигининг далили: «Кеча ва кундуз‚ қуёш ва ой Унинг (Танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят–аломатлардандир. Агар сизлар(Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар‚ қуёшга ҳам‚ ойга ҳам ибодат қилманглар‚ (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!»(Фуссилат:37). Фаришталарга ибодат қилишлигининг далили: «У (пайғамбар) сизларни фаришталарга ва (бошқа) пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон — Аллоҳга бўйинсинувчи бўлганингиздан кейин куфр — динсизликка қайтишга буюрадими?!» (Оли Имрон:80). Пайғамбарларга ибодат қилишлигининг далили: “Эсланг‚ (Эй Муҳаммад алайҳиссалом)‚ Аллоҳ: «Эй Ийсо бин Марям‚ сен одамларга: »Аллоҳни қўйиб‚ мени ва онамни худо қилиб олинглар«‚ деб айтдингми?‚ деганида‚ (Ийсо) айтди:» Эй Пок Парвардигор‚ ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш дуруст эмас–ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билган бўлар эдинг. Зотан Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларнинг Билгувчисисан ” (Моида:116) Солиҳларга ибодат қилишлигининг далили: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлишлари учун йўл изларлар. У Зотнинг раҳмат– марҳаматидан умидвор бўлурлар‚ азобидан қўрқурлар. Дарҳақиқат‚ Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир»(Ал Исро:57). Дарахт ва тошларга ибодат қилишликларининг далили: “(Эй мушриклар‚ ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — «Лот»‚ «Уззо»‚ ва учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!” (Нажм:19). Дарахт ва тошларга ибодат қилишлигига Абу Вақид Ал–Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам далилдир. У айтдики: “Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга «Ҳунайн» га чиқдик‚ биз энди куфрдан чиққан ҳолда эдик‚ мушрикларнинг унинг олдида машғул бўлиб ўтирадиган ҳамда қурол–аслаҳаларини унга осиб қўядиган «Сидр» дарахти бор эди. Уни «Зату анвот»‚ деб номлашарди. Биз «Сидр» дарахтининг олдидан ўтаётиб: “Эй Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга ҳам улар (мушриклар) нинг «Зату анвот»и каби «Зату анвот» қилиб беринг»‚— дедик…

Тўртинчи қоида: Албатта бизнинг замонамиздаги мушриклар аввалгиларга қараганда қаттиқроқ –қўполроқдир‚ чунки аввалгилар осонлик (осайишталик) вақтида ширк қилишар‚ қийинчилик вақтида эса‚ (Аллоҳга) холис бўлишарди. Бизнинг замонамиздаги мушрикларнинг ширклари эса‚ хоҳ осонликда бўлсин‚ хоҳ қийинчиликда бўлсин доимийдир! Далил Аллоҳ таъолонинг (ушбу) сўзидир (Маъноси): «Қачон улар кемага минсалар‚ (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга‚ У Зот учун дийнни холис қилган ҳолларида (яъни‚ чин ихлос билан) дуо – илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач)‚ банагоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар»(Анкабут: 65).

Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳлига ҳамда асҳобларига Аллоҳнинг салот ва саломи бўлсин!

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑