Тўртинчи рукн: Пайғамбарларга иймон келтириш
بسم الله الرحمن الرحيم
“Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига жаннатдан башорат ва жаҳаннамдан огоҳлантирувчи, одамларга хақ йўлни кўрсатиш ва уларни зулматлардан нурга чиқариш учун ҳақ динга даъват этувчи пайғамбарларни юборган эканига иймон келтириб, қатъий эътиқод қиладилар. Пайғамбарлар даъватидан мақсад, халқларни ширк ва бутпарастликдан қутқариш ҳамда жамиятларни бузғунчилик ва фасоддан тозалашдир. Улар пайғамбарлик (рисолат) ни етказдилар, омонатни адо этдилар, умматга насиҳат ва Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилдилар. Улар ўзларининг ростгўй эканликларига далолат қиладиган очик-равшан мўъжизалар олиб келдилар.[Мўъжиза — Аллоҳ таоло пайғамбарлари қўлида ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлашлари учун жорий қиладиган ғайри табиий ишдир. Мўъжизанинг бўлиши мумкиндир. Чунки сабаблар ва мусаббаб (сабаблантирилган) нарсаларни яратган Аллоҳ таоло сабабият конунларини ўзгартишга қодирдир. Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати олдида мўъжизаларнинг содир бўлиши ажабланарли эмасдир. Аллоҳ таоло хохлаган ишини кўзни юмиб, очишдан кўра тезроқ вақтда бажара олади. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ таолонинг иши агар у бирон нарсани хохласа унга: “Бўл!” деб айтади ва у бўлади” (Ёсин: 82)] Кимки пайғамбарларнинг бирига кофир бўлса, Аллоҳ таоло ва барча пайғамбарларга кофир бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Албатта Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ўртасини ажратишни истайдиган ва: “Биз уларнинг баъзиларига ишонамиз ва баъзиларига ишонмаймиз” дейдиган ҳамда (иймон билан куфр ўртасидаги) ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир. Биз кофирларга хорловчи азобни тайёрлаб кўйганмиз. Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирган хамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ муносиб) мукофотларини ато этажак. Аллоҳ Мағфиратли, Раҳмли Зотдир” (Нисо: 150-153). Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборишдаги ҳикматни қуйидагича баён қилди: “Токи бу пайғамбарлар (ўтганлари)дан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ Қудратли ва Ҳикматли Зотдир” (Нисо: 165). Аллоҳ таоло кўп пайғамбарлар юборди ва уларнинг айримларини Қуръон Каримда ёки расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларида зикр қилди. Айримларидан эса ҳеч қандай хабар бермади. Аллоҳ таоло деди: “Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳгагина ибодат қилинглар ва тоғут [Ибн Коййим – Аллоҳ раҳмат қилсин- деди: «Тоғут –банданинг ибодатда, эргашишда ва итоат қилишда ҳаддидан ошишлигидир. Шу нуқтайи назардан тоғутлар беҳисобдир. Уларнинг катталари бешдир: 1- Шайтон –лаънатуллоҳи алайҳи. 2- Бир кимсаки унга ибодат қилинади ва у бунга рози бўлади. 3- Инсонларни ўзига ибодат қилишга чорлаган кимса. 4- Оз бўлсада ғайб илмидан хабардорман деб даъво қилган кимса. 5- Аллоҳ нозил килган шариатдан бошқаси (замонавий инсолар томонидан қўйилган қонунлар) билан ҳукм килган ҳоким] дан узоқ бўлинглар”— деб даъват этадиган элчини юборганмиз” (Наҳл: 36). Қуръон Каримда набий ва расулларнинг йигирма бештаси (25) зикр қилинган. Улар: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуайб, Мусо, Ҳорун, Зул-Кифл, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Закариё, Яҳё, Ийсо ва Муҳаммад, Бани Исроилга юборилган ва Қуръон Каримда Асбот исми билан баён қилинган пайғамбарлардир (уларнинг барчасига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин!). Аллоҳ таоло деди: “Аниқки, Биз Сиздан илгари (кўп) пайғамбарлар юборгандирмиз. Улардан Биз Сизга ҳикоя қилиб берганлари бор, яна улардан Биз Сизга ҳикоя килмаганлари ҳам бордир… ” (Ғофир: 78). Аллоҳ таоло баъзи пайғамбарларга бошқаларга бермаган афзалликларни берди. Ислом уммати расуллар набийлардан афзал эканларига иттифоқ қилди. Расуллар ҳам ўзаро бир-бирларидан фазилатда турличадирлар. Расул ва набийларнинг энг афзаллари бешта бўлиб, уларни “улул-азм” (матонатли элчилар) деб аталади. Улар: Муҳаммад, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳимуссолату вассаломлардир.
Улул-азмларнинг энг афзали эса набий ва расулларнинг сўнггиси, Роббул-Оламийннинг элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳ табарока ва таоло деди: “… Балки, у — Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир” (Аҳзоб: 40). “Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таоло исмларини баён қилган ва ё қилмаган аввали Одам алайҳиссолату вассалом, охири ва уларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қадар юборилган барча пайғамбарларга иймон келтирадилар. Пайғамбарларга бўлган иймон умумий бўлса-да, пайғамбаримизга бўлган иймон муфассал бўлиб, олиб келган таълимотларига муфассал тарзда иймон келтиришимизни тақозо этади.
Муҳаммад расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам У Абул-Қосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Ҳузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъд ибн Аднон ва Аднон набиюллоҳ Исмоил ибн Иброҳимнинг зурриётидан (аъла набиййина ва алайҳима ассалам). У зот набий ва росулларнинг сўнггиси, одамларнинг барчаси учун юборилган росулдир. У зот рад этилмайдиган элчи, сиғинилмайдиган банда, махлуқотларнинг энг яхшиси, Аллоҳ таоло учун уларнинг энг афзали ва муҳтарами, энг мақоми буюги ва василада Аллоҳ таолога энг яқинидир.
У зот инс ва жинларга ҳақиқат ва ҳидоят билан юборилгандир. Аллоҳ у зотни барча оламга раҳмат қилиб юборди. Аллоҳ таоло деди: “Биз сизни барча оламга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё: 7). Аллоҳ таоло унга ўз Китобини туширди, уни Ўз динига омонатдор қилди, рисолатни етказишни унга юклади ва уни рисолатни етказар экан адашишлардан сақлади. Аллоҳ таоло деди: “Ва у ўз ҳавойи-хохишидан сўзламас. У фақат унга ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир” (Нажм: 3, 4).
У зотнинг рисолатига иймон келтирмагунига ва унинг пайғамбарлигига гувоҳлик бермагунига қадар ҳеч бир банданинг иймони дуруст бўлмайди. Ким унга итоат қилса жаннатга киради. Ким унга осий бўлса жаҳаннамга киради. Аллоҳ таоло деди: “Йўқ, (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида хеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунлари-бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар.” (Нисо: 65). Ҳар бир пайғамбар ўз халқи учунгина хослаб юборилар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бутун башарият учун юборилдилар. Аллоҳ таоло деди: “Биз сизни бутун башарият учун хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик” (Сабаъ: 28). “Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни очик мўъжиза ва аник оятлар билан қувватлаган эканига иймон келтирадилар. Ана шу мўъжизалардан бири ва энг буюги — Қуръон Каримдир. Аллоҳ таоло Қуръон Карим билан халқларнинг энг фасоҳатли, балоғатли ва сўзамолини мусобақага даъват этди.
Қуръон Каримдан кейинги энг буюк мўъжиза — Аллоҳ таоло пайғамбарини қувватлаган исро ва меърож мўъжизасидир. “Аҳлуссунна вал-жамоа” пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни уйғоқлик пайтида, руҳи ва бадани билан исро кечасида “Масжидул-Ҳаром” дан “Масжидул-Аксо” га сайр эттирилгани, кейин эса самога олиб чиқилганига иймон келтирадилар. Бу мўъжиза Аллоҳ таолонинг сўзлари билан собитдир: “(Аллоҳ) тунда, Ўз бандасини — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун “Масжидул-Ҳаром” дан Биз атрофини баракотли қилиб кўйган “Масжидул-Аксо” га сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок зотдир. Дарҳақиқат, у эшитувчи, кўрувчи зотдир” (Исро: 1).
Исродан сўнг расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни осмонга олиб чиқилди ҳатто еттинчи осмонгача чиқдилар сўнгра ундан юқорига Аллоҳ хохлаганича олиб чиқилди. Бу — олдида “жаннатул-маъво” бўлган “Сидратул-мунтаҳо” эди. Аллоҳ таоло У зотни Ўзи хохлаган нарсалари билан икромлар қилди, унга ваҳий қилди ва сўзлашди. Унга бир кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилди. У зот жаннатга кириб кўрдилар, жаҳаннамга ҳам карадилар, фаришталарни кўрдилар, Жаброилни Аллоҳ таоло яратган ҳақиқий суратида кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалби кўрган нарсаларини инкор қилмади. Чунки у зот буларнинг ҳаммасини ўз кўзлари билан кўрдилар. Буларнинг барчаси у зотнинг ҳурмати, бошка пайғамбарлардан улуглиги ва ҳаммадан мақомининг олийлигини билдириш учун бўлган эди. Бундан кейин расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Байтул-Мақдис” га тушдилар ва пайғамбарларга имом бўлиб намоз ўқидилар ва тонг отишидан аввал Маккага қайтдилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” ва бошқа ҳадис китобларида бу воқеанинг бутун тафсилотлари баён қилинган). Аллоҳ таоло деди: “Энди сизлар (Эй мушриклар, пайғамбар ўз кўзи билан) кўрган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар! Дарвокеъ, У (Жаброил алайҳиссолату вассаломни) иккинчи марта “Сидратул-мунтаҳо” олдида кўрди. “Жаннатул-маъво” хам унинг олдидадир. Ўшанда “Сидратул-мунтаҳо” ни ўраган нарса (олтин капалаклар) ўраб олганди. (Пайғамбар) нинг кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўк. Дарҳақиқат, у Парвардигорининг буюк оятларини кўрди” (Нажм: 13 — 18). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан: Ойнинг иккига бўлиниши. Бу — Аллоҳ таолонинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг пайғамбарлигига далолат қилсин учун берган буюк белгидир. Бу иш мушриклар у зотдан белги талаб қилганларида Макка шаҳрида содир бўлган. Таомни кўпайтириш. Бу мўъжиза кўп марта содир бўлган. Сувни кўпайтириш ва у зотнинг бармоқлари орасидан отилиб чиқиши ва таомнинг расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тасбиҳ айтиши. Бу мўъжиза ҳам кўп марта содир бўлган. Ҳиссий дорисиз касалларни тузатиш ва у зотнинг қўлларида баъзи саҳобаларнинг шифо топишлари. Ҳайвоннинг у зотга одобда бўлиши, дарахтларнинг бўйсуниши ва тошларнинг унга салом айтиши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хиёнат ва ўжарлик қилган баъзи кишилардан тезда интиқом олиниши. У зотнинг баъзи ғайб ишлардан хабар беришлари. Олисларда бўлган ҳодисаларнинг бўлган заҳоти хабар беришлари. Бўлмаган ишлардан хабар беришлари ва ўша ишларнинг ҳақиқатда у зот хабар берганларидек содир бўлганлиги. У зотнинг барча дуоларининг ижобат бўлиши. Аллоҳ таолонинг у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиши ва душманларни ундан даф қилиши. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: “Абу Жаҳл: “Муҳаммад сизларнинг ичингизда юзларини тупроққа булғайдими (сажда қиладими)!”— деди, унга одамлар: “Ҳа”— деб жавоб бердилар. Абу Жаҳл: “Лот ва Уззо номига онт ичиб айтаманки, агар мен шундай килганини кўрсам унинг бўйинларига (оёқларим билан) босаман ёки юзини тупроққа булгайман!”— деди. Абу Ҳурайра деди: “Абу Жаҳл расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди, у зот намоз ўқиётгандилар. У расулуллоҳнинг бўйниларига босаман деб ўйлади. Тўсатдан улар уни бир нарсадан кўрққандек орқасига чекиниб қўллари билан ўзини ҳимоя қилаётганини кўрдилар. Унга: “Сенга нима бўлди”— дейишди? У: “Мен билан унинг ўртасида олов тўла хандақ, қўрқинч ва қанотлар бор эди”— деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар (у) яқинлашса эди фаришталар уни ҳар бир аъзосини битта-биттадан узиб олишарди ”— дедилар” (Имом Муслим ривояти).
