Таваккул ва ундаги ширк!

Таваккул ва ундаги ширк!

بسم الله الرحمن الرحيم

Таваккул сўзининг луғавий маъноси “суяниш ва ишини ўзгага ҳавола қилиш” демакдир. Таваккул қалб амали. Таваккул қилиш ёлғиз Аллоҳга қаратилиши лозим бўлган энг улуғ ибодат турларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар мўмин бўлсангизлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилингиз” [Моида: 23].

Таваккул – ишларни Аллоҳга ҳақиқий топшириш ва барча ишларда Аллоҳга суяниш, ожизликни зоҳир қилиб, Унга таслим бўлишдир. Таваккул ҳам ибодат турларидан биридир, балки у энг катта ибодатлардан ва тавҳиднинг энг олий мақомларидан биридир. Шайх Сулаймон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Таваккул – Аллоҳга холис қилиш вожиб бўлган фарз амалдир. Чунки, у энг афзал ибодатлардан ва тавҳиднинг энг олий мақомларидан биридир. Уни мўминлар ичидан баъзи хос кишиларгина комил кўринишда адо эта оладилар. Зотан, жаннатга ҳисоб-китобсиз ва азоб кўрмасдан кирадиган етмиш минг кишининг сифатлари ичида айни шу таваккул сифати ҳам бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръоннинг жуда кўп оятларида, намоз учун зарур бўлмиш таҳорат ва ғуслга буюришидан ҳам кўпроқ марта таваккулга буюрди. Балки, уни иймон ва исломнинг шартларидан бири қилди.

Бунинг маъноси шуки, у бўлмаса иймон ва ислом ҳам бўлмайди» (Тайсирул-азизил-ҳамид шарҳ китабит-тавҳид: 417-сахифа) Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Таваккул диннинг ярмидир, иккинчи ярми эса инобат (тавба қилиш, қайтиш)дир. Зеро, дин истионат (мадад тилаш) ва ибодатдир. Таваккул – истионатдир, инобат – ибодатдир. Унинг ўрни энг кенг қамровли ва энг жомиъ ўриндир» (Мадарижус-саликийн: 2/113)Таваккулнинг тутган ўрни: Таваккулнинг ўрни инобатдан олдинги ўриндадир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Таваккулнинг ўрни инобатдан олдинги ўриндадир. Чунки, уни (яъни инобатни) ҳосил қилиш учун таваккул қилади. Таваккул восита, инобат эса ғоядир». (Мадарижус-саликийн: 1/134) Аллоҳ таоло таваккулни Ўзининг муҳаббатига эришиш сабаби қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ таваккул қилувчиларни (яъни Ўзига суяниб иш қилувчиларни) севади» (Оли Имрон: 159). Таваккул ўз эгасининг исломи дурустлигига далилдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди: «Мусо у (иймон келтирган кишиларга) деди: Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!» (Юнус: 84).

Таваккулнинг ҳақиқати:

Таваккулнинг ҳақиқати – қалб Аллоҳга боғланиши ва шу билан бир вақтда сабабларни ушлаши ва сабабларнинг ўзига суяниб қолмаслигидир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Таваккулнинг сири ва ҳақиқати – қалб ёлғиз Аллоҳнинг ўзига суянишидир, сабабларни ушлашнинг, қалб уларга суяниб қолишдан холи бўлган ҳолида, зарари йўқдир. Шунингдек, қалб бошқага суяниб қолгани ва ишониб қолгани ҳолда «Аллоҳга таваккул қилдим» деб айтиб қўйишнинг фойдаси йўқдир. Тилнинг таваккули бошқа, дилнинг таваккули бутунлай бошқадир» (Ал-фаваид: 164-сахифа) Таваккулнинг маҳалли (ўрни) сабаблардир, унинг камоли Аллоҳга суяниш биландир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Таваккулнинг ўрни сабаблардир, унинг камоли Аллоҳга таваккул қилиш билан бўлади. Бу худди деҳқоннинг ерни чопиб, уруғ қадаб, сўнгра ундириб-ўстиришида Аллоҳга таваккул қилганига ўхшашдирки, у таваккулнинг ҳаққини ўтади» (Зодул-маъод фий ҳадйи хойрил-ибад: 2/364) Таваккул билан бирга сабабларни ҳам қилиш вожиб бўлади. Бироқ, уларга суяниб қолмаслик керак. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сабабларни инкор қилган кишининг таваккули тўғри бўлмайди, лекин сабабларнинг ўзига суяниб қолмаслик ва қалбнинг уларга бўлган алоқасини узиш таваккулнинг камолидан бўлади. Шунда қалбининг ҳолати Аллоҳ билан бўлади, сабаблар билан эмас, баданининг ҳолати эса сабабларни қилиш билан бўлади» (Мадарижус-саликийн: 2/120)

Мажбурий таваккул ва ихтиёрий таваккул: Таваккул нав (тур) жиҳатидан икки қисмга бўлинади:

1) Мажбурлик таваккули. Аллоҳнинг изни билан бу таваккулдан фарож (яъни, ёруғлик, нусрат) кечикмайди.

2) Ихтиёрий таваккул. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Таваккул баъзида мажбурлик ва музтарлик таваккули бўладики, бу ҳолда банданинг олдида таваккулдан бошқа ҳеч қандай чора, йўл ва паногоҳ қолмайди, сабабларнинг илож-имкони қолмасдан, қаттиқ ночорлик ҳолатига тушиб, энди менга Аллоҳдан ўзга паногоҳ қолмади, деб ўйлаб қолган киши каби. Бу одамдан фараж-кушойиш ва (мусибатининг) енгиллатилиши албатта йўқ бўлмайди. Баъзида эса ихтиёрий таваккул бўлади. Бу муродига етказувчи сабаб бор бўлиб тургани ҳолдаги таваккулдир. Агар ўша сабаб қилишга буюрилган сабаблардан бўлса, уни тарк қилганига гуноҳкор бўлади. Агар сабабни қилса ва таваккулни тарк қилса, бунда ҳам тарк қилганига гуноҳкор бўлади. Чунки, уммат иттифоқи ва Қуръон насси (далили) бўйича бу вожибдир. Вожиб ҳар иккисини қилиш ва ҳар иккисини жамлашдир. Энди агар сабаб ҳаром ишлардан бўлса, уни қилиш ҳаром бўлади ва бу киши ҳаққида таваккул қилишдан бошқа сабаб қолмайди. Зеро, таваккул ҳам муродга етишда ва ёмонликни даф қилишда энг кучли сабаблардан биридир ва ҳатто, мутлақо энг кучли сабабдир. Агар сабаб мубоҳ иш бўлса, қарайсиз, ўшани қилишингиз таваккулни заифлаштирадими, заифлаштирмайдими? Агар заифлаштирса ва қалбингизни бўлиб, ҳимматингизни сусайтириб қўйса, уни тарк қилиш яхшироқ. Агар заифлаштирмаса, қилган яхшироқ. Чунки, ҳокимларнинг ҳокимроғи бўлган Зотнинг ҳикмати сабабни мусаббабга (яъни, сабабнинг ортидан келадиган натижага) боғлашни тақозо қилди, сиз Унинг ҳикматини эътиборсиз санаманг» (Ал-фаваид: 163-сахифа)

Таваккулнинг қисмлари:

Таваккул дунё ишларидаги таваккул ва дин ишларидаги таваккулга бўлинади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳга таваккул қилиш икки қисмдир: Биринчиси, банданинг ҳожатлари бароридан келиши ва дунёвий насибаларга эга бўлишида ёки ўзига ёқимсиз бўлган ишларни даф бўлиши ва дунёвий мусибатлари аришида Аллоҳга таваккул қилиши.

Иккинчиси, Аллоҳга У яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларда, масалан иймон, ишонч, жиҳод, Унга даъват қилиш кабиларда таваккул қилиш. Бу икки тур ўртасида Аллоҳдан бошқаси ҳисобига етолмайдиган фазллар бор. Банда қачонки, иккинчи турда Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилса, Аллоҳнинг Ўзи унга биринчи турга тўла кифоя қилади. Қачонки, Унга биринчи турда таваккул қилса-ю, иккинчи турда қилмаса, бунда ҳам Аллоҳ Ўзи кифоя қилади, бироқ, у Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларда Унга таваккул қилувчи кишининг оқибатига эришолмайди. Аллоҳга энг катта таваккул – ҳидоятда, тавҳидни холис қилишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла эргашишда, ботил аҳлига жиҳод қилишда таваккул қилишдир. Бу пайғамбарлар алайҳимус-салоту вас-саломнинг ва уларнинг хос тобеъларининг таваккулидир» (Ал-фаваид: 163-с)

Таваккул қачон кучли бўлади? Қачон банданинг тавҳиди кучли бўлса, шунда таваккули ҳам кучли бўлади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Банданинг таваккули то унинг тавҳиди дуруст бўлмагунича тўғри бўлмайди. Аслида, таваккулнинг ҳақиқати тавҳиднинг софлигидир. Қалбда модомики, ширк аралашмалари илашиб турар экан, унинг таваккули иллатли ва лойқа бўлади. Таваккулнинг саҳиҳ-дурустлиги тавҳиднинг софлигига қараб бўлади. Банда қачон Аллоҳдан бошқага бурилса, шу бурилиш унинг қалбидан бир бўлагини олиб қўяди ва шунча миқдорда Аллоҳга таваккули камаяди. Айримларнинг таваккул барча сабабларни батамом тарк қилиш билангина ҳосил бўлади, деб ўйлаб қолиши шундан келиб чиққан. Бу гап тўғри. Бироқ, сабабларни қалбдан юлиб ташлаш лозим, аъзолардан эмас. Таваккул сабабларни қалбдан тарк қилиш ва бадан аъзолари билан маҳкам ушлаш билангина тўла-тўкис бўлади. Яъни, ундан (қалбдан) узилган, уларга (аъзоларга) боғланган бўлади» (Мадарижус-саликийн: 2/120)

Таваккул қалбга тааллуқли ибодатдир, уни фақат Аллоҳга қилинади: Таваккул қалбга тааллуқли ибодатдир. Агар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларда Аллоҳдан бошқага суянса, бу катта ширк бўлади. Агар тирик ва ҳозир бўлган подшоҳлар ва шу каби кишиларга Аллоҳ уларни қодир қилиб қўйган ризқда ё озорни даф қилиш ва шу каби ишларда суяниб қолса, бу кичик ширк тури бўлади. Таваккулнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!» (Моида: 23), «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3). «Таваккулнинг далили…» Яъни, таваккулнинг Аллоҳдан бошқага қилиш мумкин бўлмаган ибодат эканига далил.. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!», ишингизни фақат Унга топширинглар, бошқага эмас. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир шартга боғлиқ қилинган нарса ўша (шарт) топилмаган пайтда йўқ бўлади. Бу эса таваккул йўқолган пайда иймон ҳам йўқ бўлишига далолат қилади. Кимнинг таваккули йўқ бўлса, унинг иймони йўқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!» (Моида: 23). Яна дейди: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3). Яна айтади: «Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига Қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол: 2). Бу эса мўминларнинг мана шу сифатларда бўлган кишиларга чекланишига далил бўлади» (Мадарижус-саликийн: 2/129)

Аллоҳдан бошқага таваккул қилиш бир неча турга бўлинади:

Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда Ундан ўзгага таваккул қилиш. Ғалаба, бало-офатлардан сақлаш, ризқ ва шафоат каби эҳтиёжларни қондиришда ўликларга, таваккул қилувчини кўрмайдиган ёки эшитмайдиган ғойиб кимсаларга ва ҳоказо тоғутларга таваккул қилиш – уларга суяниш бу турга мисол бўлади. Албатта бу диндан чиқарувчи катта ширкдир.

Зоҳирий сабабларга таваккул қилиш – суяниш. Инсон бирон манфаатга эришиш ёки зарарни олдини олиш мақсадида ҳокимларга, мансабдор шахсларга ёки қўлидан иш келадиган ҳар қандай тирик шахсларга таваккул қилиши – суяниши диндан чиқармайдиган кичик ширкдир. Чунки уларга суяниш мақсадга элтувчи сабаблар қўлида бўлган зот Аллоҳни қўйиб, зоҳирий сабаблар бўлмиш шахсларга таянишдир. Савдо-сотиқ ва шу каби одамзотнинг қўлидан келадиган ишларда ўзгани вакил қилиш. Албатта бу тарзда ўзгага таваккул қилиш – уни ўзи томонидан вакил қилиш жоиз ишдир. Бироқ ўзгани вакил қилиш ортидан кўзланган мақсад амалга ошишида вакилга суяниш жоиз эмас, балки ишларининг юришиши ва муродининг ҳосил бўлишида ёлғиз Аллоҳга таваккул қилиши лозим. Чунки жоиз ишларни амалга оширишда ўзгаларни вакил қилиш – бу ҳам мақсадга элтувчи сабаб ва воситалар қабилидандир. Маълумки, сабабларга суянилмайди, балки сабабни ҳам, натижани ҳам яратган, сабабларни мақсадга элтувчи ва муродни ҳосил қилувчи сабаб қилган Аллоҳ таологагина суянилади – таваккул қилинади.

Зарарларни кетказиш, ризққа эришиш ва фақат Аллоҳгина қодир бўлган ишларда Унинг ўзига таваккул қилиш энг улуғ ва шарафли ибодатдир. Бундай ишларда Аллоҳдан ўзгага таваккул қилиш катта ширк саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар мўмин бўлсангизлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилингиз” [Моида: 23]. Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло якка ўзига таваккул қилишга буюрди, Унга таваккул қилишни иймоннинг шарти қилиб қўйди. Бошқа бир оятда эса Аллоҳга таваккул қилиш мусулмонликнинг шарти қилинди: “Мусо деди: “Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!” [Юнус: 84]. Демак, ушбу оятлар шуни кўрсатадики, Аллоҳга таваккул қилмаган ёки Аллоҳдан ўзга қодир бўлмаган ишларда бирон мавжудотга таваккул қилган қабрпарастлар, хонақоҳ ва пирларга, шунингдек, турли хурофотларга сиғинадиган инсонларни иймон ва ислом сифатлари билан сифатлаб бўлмайди. Зеро, якка Аллоҳга таваккул қилиш фарздир. Аллоҳга таваккул қилиш – суяниш ибодат турларининг мағизи, тавҳид мақомларининг энг олийси ва улуғидир. Чунки таваккул мақомидан кўп солиҳ амаллар келиб чиқади. Инсон барча диний ва дунёвий ишларида Аллоҳдан бошқасини қўйиб, фақат Унинг ўзигагина суянар экан, ана ўшанда Аллоҳга бўлган ихлоси тобланади, Аллоҳ билан муомаласи дуруст бўлади.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қайси одам бирон ўзига ўхшаш инсондан умид қилган ва унга таваккул қилган – суянган бўлса, албатта умиди пучга чиқади, ундан кутган муродига етмайди…”.

Аллоҳга таваккул қилиш “Иййака наъбуду ва иййака настаъийн”[ Маъноси: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз”] мартабасининг энг улуғ мартабаларидан биридир. Уч турдан [Тавҳид уч турдан иборатдир: 1) улуҳият тавҳиди, 2) рубубият тавҳиди, 3) исм ва сифатлар тавҳиди] иборат бўлган тавҳиднинг мукаммал бўлиши Аллоҳга комил таваккул қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Таваккул мукаммал бўлсагина тавҳид мукаммал бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “(У) машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзигина бордир. Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил – суянчиқ қилиб олинг!” [Муззаммил: 9]. Аллоҳга таваккул қилишга буюрувчи оятлар жуда кўп. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир” [Талоқ: 3].

Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Агар мўмин бўлсангизлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилингиз” оятини тафсир қилиб шундай дейди: “Аллоҳ таоло Ўзига таваккул қилишни иймоннинг шарти қилди. Бу дегани таваккул йўқ бўлса, иймон йўқ, демакдир. Банданинг иймони кучайгани сари таваккули кучайиб боради, иймон заифлашса таваккул ҳам заифлашади. Банданинг таваккули заифлиги унинг иймони заифлигидан нишонадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча ўринларида таваккул билан ибодатни, таваккул билан иймонни, таваккул билан тақвони, таваккул билан ислом (мусулмончилик)ни ва таваккул билан ҳидоятни бирга зикр қилади. Бундан маълум бўладики, таваккул иймон ва эҳсон мартабаларининг асоси ва барча ислом амалларининг негизидир. Таваккул исломдаги амаллар ичида худди танадаги бошга ўхшайди. Бошсиз тананинг қиймати бўлмагандек, таваккулсиз иймон ва амаллар ҳам тасаввур қилинмайди”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Унга таваккул қилишни мўминларнинг энг кўзга кўринган сифати эканини таъкидлади. Аллоҳ таоло айтади: “Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина таваккул қиладиган – суянадиган кишилар ҳақиқий мўминдирлар” [Анфол: 2]. Ҳақиқий мўминлар Аллоҳга қалблари билан таваккул қиладилар ва Аллоҳдан ўзгадан умид қилмайдилар. Ушбу оятда ҳақиқий мўминлар эҳсон [Эҳсон – Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш, борди-ю, банда бу даража етолмаса, лоақал, Аллоҳ уни кўриб турганини ёдда тутган ҳолда Унга ибодат қилишдир] мақомларидан бўлган уч мақом билан сифатландилар. Бу уч мақом Аллоҳдан қўрқиш, иймоннинг зиёда бўлиши ва якка Аллоҳга таваккул қилиш мақомларидир. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Аллоҳга таваккул қилиш сабаблар ортидан юриш ва мақсадга элтувчи сабаб – воситаларни қўллашга зид келмайди. Зеро, Аллоҳ таоло тамал қоида ўлароқ барча нарсани сабабларга боғлиқ равишда тақдир қилган. Ўзигагина таваккул қилишга буюрган Аллоҳ таоло айни дамда сабабларга риоя қилишга ҳам буюради. Демак, сабабларга риоя қилиш ҳам Аллоҳга тоат-ибодатдир. Негаки, Аллоҳ шу ишга буюрган. Сабабларга риоя қилиш инсоннинг ташқи аъзолари воситасида бажарилса, таваккул эса қалб билан бажариладиган амал, иймоннинг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло сабабларга риоя қилишга буюриб жумладан шундай дейди: “Эй мўминлар, душмандан эҳтиёт чораларингизни кўриб, жангга гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз тўпланиб чиқинглар” [Нисо: 71].

“(Эй мўминлар), кофирлар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз” [Анфол: 60].

“Энди қачон намоз адо қилингач, ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар” [Жумъа: 10]. Айрим уламоларнинг айтишларича, ким касб-ҳунар қилиш, сабабларга риоя қилиш ва умргўзаронлик учун саъй-ҳаракат қилиш бекор деса, суннатни тан олмаган, ким таваккулни бекор деса, иймонни тан олмаган бўлади.

Имом Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Банда бажарадиган амаллар уч қисмдир:

Биринчиси: Аллоҳ таоло бандаларига буюрган, дўзахдан халос бўлиш ва жаннатга кириш учун сабаб қилган тоат-ибодатлар. Бу амалларни албатта бажариш, унда Аллоҳга таваккул қилиш ва Ундан ёрдам сўраш шарт. Зеро, Аллоҳнинг ўзи муваффақ қилмаса, ҳидоят йўлига бошлаб, куч-қудрат бермаса тоат-ибодат қилиш имконсиз. Ким ушбу амалларни бажаришда бепарволик қилса, ҳам тақдир тақозоси, ҳам шариат тақозоси билан дунё ва охиратда азоб-уқубатга дучор бўлади. Юсуф ибн Асбот айтади: “Фақат амалигина нажот берадиган кишининг амалига ўхшаш амал қил, фақат тақдирда битилган нарсагина бошига тушадиган кишининг таваккулидек таваккул қил”, дейилар эди”.

Иккинчиси: оч қолганда овқат ейиш, чанқаганда сув ичиш, иссиқдан сояланиш, совуқдан исиниш ва бошқа шунга ўхшаш дунёдаги одатий ишлар. Бундай амалларга элтувчи сабабларга риоя қилиш ҳам бандаларга вожибдир. Кимда ким қодир бўла туриб бу ишларга эътиборсиз бўлса ва натижада баданига зарар етса, албатта жазо-уқубатга ҳақли бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло баъзи бандаларига бошқаларга бермаган куч-қувват ва имконият ато этади. Шунга кўра, инсон жисмоний қуввати, ўзига хос имкониятлари доирасида амал қилса, бунинг зиёни йўқ, албатта. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечани кундузга улаб рўза тутар, асҳобларини эса бундан қайтарар эдилар. Сўнг асҳобларига қарата: “Мен сизларга ўхшаган эмасман: албатта Раббим менга таом беради ва сув ичиради”[ Бухорий (1964) ва Муслим (1102) ривоят қилишган] дер эдилар. Кўпгина салафи солиҳларда бошқаларда бўлмаган шундай жисмоний қувват бор эдики, улар анча вақтгача еб-ичмай юра олардилар. Демак, ким ўзининг жисмоний имконияти доирасида амал қилса ва бу нарса уни Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан заифлаштирмаса, зиёни йўқ экан. Аммо кимда ким ўзига ўзи қийин қилиб, танасини машаққатга солса ва оқибатда айрим фарз ёхуд вожиб амалларни бажара олмай қолса, у ҳолда унинг бу иши инкор қилинади.

Учинчиси: аксар ҳолатларда одатий бўлган амаллар…

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, яманликлар ҳаж сафарига отланар эканлар сафар учун тадорик кўрмас эдилар. Улар сафар харажатлари учун ишлатиладиган маблағ олмасдан “Биз таваккул қилувчилармиз”, дер эдилар. Сафарга чиқиб, Маккага етиб келишгач эса одамлардан тиланчилик қилишар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан тақво қилишдир” [Бақара: 197].

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан касб-ҳунар билан шуғулланмасдан “Мен Аллоҳга таваккул қилдим”, дейдиган киши тўғрисида сўралганда шундай деганлар: “Барча одамлар Аллоҳга таваккул қилишлари лозим. Бироқ касб-ҳунар билан шуғулланишлари зарур. Дарҳақиқат, анбиёлар пешона тери билан кун кўриш учун мардикорлик қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар ҳам мардикорлик қилдилар, “Ўтираверайликчи, Аллоҳ ўзи ризқ берар”, демадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар” [Жумъа: 10]”.

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Бир киши деди: Эй Расулуллоҳ, туяни (кетиб қолмаслиги учун) боғлаб, Аллоҳга таваккул қилайми ёки уни бўш қўйвориб, таваккул қилайми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “туяни (кетиб қолмаслиги учун) боғла ва Аллоҳга таваккул қил”[ Заиф. Термизий “Зуҳд” ва “Илал”да, Байҳақий “Шуабул иймон”да, Абу Нуайм “Ҳиля”да ривоят қилишган. Баъзи уламолар ҳадисни ҳасан дейишган. Нима бўлганда ҳам ҳадис маъноси тўғри]

Буларнинг барчаси таваккул билан мубоҳ ва жоиз сабабларга риоя қилиш ўртасида қарама-қаршилик йўқлигини кўрсатади. Балки кўпинча ҳам таваккул қилиб, ҳам сабабларга риоя қилиш афзал бўлади. Дарҳақиқат, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Яман аҳлидан бўлган бир жамоатни кўриб қолиб, улардан: “Сизлар кимсизлар?”, деб сўради. Улар: “Биз Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу деди: “Аксинча, сизлар боқимандасизлар. Ҳақиқий таваккул қилувчи ерга дон сочиб Аллоҳга таваккул қилган инсондир”.

Таваккул қилувчининг мукофоти.

Ким ишларида Аллоҳга суянса, Унинг Ўзи унга кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ким Аллоҳга таваккул қилса», дин ва дунё ишларида Унга суянса, «бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир», яъни кифоя қилувчидир. (Талоқ: 3). Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ кимнинг кифоя қилувчиси ва асровчиси бўлса, душман унга тамаъ қилолмайди, қочиш имконсиз бўлган иссиқ, совуқ, очлик, ташналик кабилардан бошқа озорлар унга зарар етказолмайди, у билан муродига етадиган нарсалар билан зарар етказолмайди. Зоҳирда озор бўлиб кўринган, аммо ҳақиқатда яхшилик бўлган нарса билан ўшани етказиш билан бировдан аламини оладиган (кўнги хуш бўладиган) озор ўртасида фарқ бор» (Бадаиул-фаваид: 2/465) Аллоҳ кимга кифоя қилувчи бўлса, унинг ишлари осон-енгил бўлади ва биров унга тамаъ қилолмайди. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фақат Аллоҳдан мадад сўраш, Унга таваккул қилиш, Унга илтижо ва дуо қилишгина бандага қувват бахш этади, ишларини енгиллаштиради. Шунинг учун баъзи салафлар айтишганки, ким энг кучли одам бўлишни истаса, Аллоҳга таваккул қилсин» (Ал-фатава: 10/32) Аллоҳ таоло таваккулга мукофот қилиб, шахсан Ўзи шу бандага кифоя қилувчи бўлишидан бошқа нарсани зикр қилмади. Бошқа бирон бир ибодатга мукофот сифатида Аллоҳ таоло: «Бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» деб айтганлиги келмаган, фақат таваккул мақомидагина шундай келган. Бу эса таваккулнинг шаъни нақадар буюклиги ва фазилати нечоғли улуғлигига, унинг нақадар улуғ ибодат эканига, фойдаларни келтириш ва зарарларни даф қилишда нақадар улкан сабаблардан эканига далил бўлади. Шундан сўнг оят давомида Аллоҳ таоло айтди: «Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир» (Талоқ: 3). Ўзи истаган ишдан Уни ҳеч ким ожиз қолдиролмайди.

Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо, ишларнинг энг фойдалиси Аллоҳга таваккул қилиш, Унинг кифоя қилувчи Зот эканига аниқ ишониш ва Унга нисбатан яхши гумонда бўлишдир. Бу эса ризқ ишида ғам қилувчи киши бунда Аллоҳга илтижо ва дуо қилиши лойиқ бўлишини билдиради» (Ал-фатава: 10/662) Чин таваккул:Нафснинг роҳати унинг ишини яратувчисига топширишидадир. Парвардигори унинг ҳолидан хабардор, унга меҳрибон, ундан зарарни кетказишга қодир, унинг мусибатига ажру савоб берадиган ва ва мусибатида йўқотган нарсаси эвазига кўп яхшиликни берадиган сахий Зот эканини эсласа, унинг Яратувчисига бўлган ишончи ортади.

Аллоҳга бўлган таваккул чин бўлса, Аллоҳнинг амри билан орзулар ҳақиқатга айланади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кимнинг бир нарсага эришишда Аллоҳга таваккули чин бўлса, унга етади. Агар рози бўлинадиган ва яхши-мақтовли иш бўлса, бунда у учун мақтовли оқибат бор бўлади. Агар ёмон кўрилган ва ғазабга лойиқ иш бўлса, таваккули сабабли эришган нарсаси ўзига зарар бўлади. Агар мубоҳ иш бўлса, агар у билан Аллоҳнинг тоатига ёрдам олмаса, у учун таваккул қилган ишидаги маслаҳат эмас, таваккулнинг ўзида бор бўлган маслаҳат (манфаат) ҳосил бўлади» (Мадарижус-саликийн: 2/114) Шундай экан, ёмонликлардан сақланиш ва фитналардан офият, ризқнинг ҳосил бўлиши, жаннатга кириш ва дўзахдан қутулишни талаб қилишда шаръий сабабларни қилиш билан бирга қалбингизни Аллоҳга боғланг. Махлуққа боғланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки, у зарарни аритишга ожиз, ато этишда қосирдир. Махлуқда гарчи, бир нави қудрат бўлса-да, Аллоҳ уни қодир қилган ишларда ҳам бутунлай унга суянилмайди, балки Аллоҳнинг Ўзигагина суянилади. Зотан, ким ўз ҳасабига (обрў-эътиборига) суянса, хор бўлади. Ким ақлига суянса, адашади. Ким мол-дунёсига суянса, камбағал бўлади. Ким одамларга суянса, малолланади. Демак, Аллоҳнинг ўзигагина суянинг. Зотан, Угина барча ишларингизда сизга кифоя қилувчидир. Ҳожатларингизни Унга кўндаланг қилсангиз ва ишларингизнинг калитларини Унгагина топширсангиз, Унинг ўзи барча ишингизни раво қилади. Аллоҳга нисбатан фақат яхши гумон қилинг, барча ишингизда Унга таваккул қилинг, шунда энг улуғ ибодатлардан бирини адо этган бўласиз. Аллоҳга таваккул қилган кишида асло хорлик бўлмайди.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑