Рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳидини келтириб чиқаради.
بسم الله الرحمن الرحيم
Қуръон лаззатини татиган ҳар бир шахс рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидини муқаррар ҳолда келтириб чиқаришлигини билади. Қуръон мушрикларни рубибиятга оид далиллар билан улуҳият тавҳидида (ибодатда) Аллоҳни яккалашликка даъват қилади.
Бу икки тавҳид ўртасида чамбарчас боғлиқлик мавжуд. Зеро, рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидини келтириб чиқаради. Яъни, рубубият тавҳидига иқрор бўлиш ўз-ўзидан улуҳият тавҳидига ҳам иқрор бўлиш ва бажаришни тақозо қилади. Кимда ким Аллоҳни Раб, Яратувчи ва барча ишларни бошқарувчи деб тан олса, асло шериги бўлмаган Унинг ёлғиз ўзига ибодат қилиши вожиб бўлади.
Шинқитий ўзининг «Адваул Бaён» тафсирида (Исро: 9) тўғрисида шундай дейди: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур». «Қуръон, мушриклар Аллоҳни рубубиятда яккалашликларини асос қилган ҳолда, Аллоҳни ибодатда яккалашликка даъват қилади. Яъни қачонки мушриклар фитратлари орқали Аллоҳни Робб дея тан олганларида, Қуръон уларга Аллоҳни ибодатда ҳам якаллашликларини тан олишлари кераклигини мажбур қилади. Шундай экан, ибодат тавҳиди ҳамманинг фитратига жойлаштирилган рубубият тавҳидининг натижаси бўлишига қарамай, Қуръон мана шу ибодат тавҳидини тарк этган мушрикларни ҳақли равишда маломат қилади. Мана шундай оятларнинг бири қуйида келади: «Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қилади?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. Бас, мана шу Аллоҳ сизнинг ҳақ Роббингиздир. Ҳақдан сўнг нима бўлади? Магар залолат бўлади. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?». (Юнус: 31-32) Бу ерда мушриклар юқоридаги сифатлар фақатгина Аллоҳга тегишли эканига иқрор бўлганларидан кейин, бирданига (тафаккур қилишлик учун) сўроқ савол келяпти: «(Шундай экан) Тақво (қўрмайсизларми?) қилмайсизларми?» – деган. Мана яна бошқа оят: «Сен: «Агар билсангиз, Ер ва ундаги кимсалар кимники?» деб айт. Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки эслатма олмасангиз?!» дегин. Сен: «Етти осмоннинг Робби ким? Улуғ аршнинг Робби ким?» деб айт. Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки қўрқмасангиз?!» деб айт. Сен: «Агар билсангиз (айтинг-чи), ҳар бир нарсанинг мулки қўлида бўлмиш, Ўзи ҳимоя қиладиган ва Ундан ҳимоя қилинмайдиган зот ким?!» деб айт. «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Қандоқ ҳам сеҳрланмоқдасиз-а?!» деб айт. Йўқ! Биз уларга ҳақни келтирдик. Улар эса ёлғончилардир». (Мўминун: 84-90) Ҳар бир робблик хусусияти Аллоҳга тегишли эканини тан олган заҳотлари, мушриклар маломат қилиниб, койиляптилар. Қуйида яна шунга ўхшаш бошқа оятлар келади: «Сен: «Осмонлару ернинг Робби ким?» деб айт. «Аллоҳ», дегин. «Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?» дегин. «Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У бирдир, Қаҳҳордир», дегин. (Раъд: 16) Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтирган ким?!» деб сўрасанг, албатта, улар: «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб айт. Йўқ! Уларнинг кўплари ақл юритмаслар. (Мушрикларга тиллари билан ўзларига қарши далил айтдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин) (Анкабут: 63) «Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган?» деб сўрасанг, албатта, — «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб айт. Йўқ! Кўплари билмаслар.» (Луқмон: 25)
Бу ерда ҳар бир рубубиятга оид саволдан сўнг улуҳиятга оид савол келади (Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?!), шундан кейин маломат келади («Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар», «Қанчалик оз эслайсизлар-а?!», «Улар эса ёлғончилардир!») «Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин ва у танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин. Ёки осмонлару ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган зотми? Бас, Биз у(сув) билан гўзал боғлар ўстирдик. Сиз ўзингиз унинг дарахтини ўстира олмас эдингиз. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, улар ўзлари тенглаштирадиган қавмдирлар. Ёки ерни қароргоҳ этган, унинг узра анҳорлар қилган, унга тоғлар қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар. Ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?! Ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан олийдир». (Намл: 59-63)
Бу каби оятлар Қуръонда жуда ҳам кўпдир. Бошқа бир китобимиздан яна бир парча шу мавзуга оид бўлган ёзув келтириб ўтсак: «Рубубиятга оид бўлган саволларнинг мушрикларга йўналишидан мақсад шуки, мушриклар доим Аллоҳнинг Робб эканини тан олардилар (чунки кишининг фитрати бу нарсани тан олишга мажбур қилади). Шунинг учун ушбу рубубиятни тан олганликларидан сўнг, уларни улуҳиятни тан олдиришлик асосий мақсаддир. Чунки рубубийят тавҳидига иқрор бўлишлик, улуҳийят тавҳидига иқрор бўлишликни келтириб чиқаради. Қуйида яна сизларга рубубият тавҳидига оид баъзи савол тариқасида келган оятларни келтирамиз: «Пайғамбарлари уларга: «Осмонлару ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳга шак борми? У сизларни гуноҳларингизни мағфират қилишга ва ўзингизни маълум муддатга қолдиришга чақирмоқда-ку!» дедилар. (Иброҳим: 10) «Аллоҳдан ўзгани Роббим дейми? Ҳолбуки У ҳамма нарсанинг Роббисидир». (Анъом: 164) (Тафсир Адваул Баён)
«Сен: «Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? Ёки осмонларни (яратишда) иштироклари борми? Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бундан (Қуръондан) олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг» – деб айт». (Аҳқоф: 4)
Имом Тобарий ушбу оятни қуйидагича тафсир қилади: «Сен: «Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? …- деб айт» Аллоҳ таоло айтмоқдаки: «Эй, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мушрикларга шундай дегин:
«Эй, қавмим, сизлар сиғинаётган бут-санамларни кўрдингизми? Айтингчи менга, улар ер юзида нимани яратдилар? Ахир менинг Роббим ер юзида барча нарсаларни яратган-ку! Сизлар уларга қилаётган ибодатларингизни исботини келтирингчи, нимани яратганликлари учун уларга ибодат қиляпсиз? Мен Аллоҳни ҳам рубубиятда ва ҳамда улуҳиятда яккалашлигимнинг далили эса, Аллоҳ ер юзидаги барча нарсани ҳеч қандай шерикларсиз яратганлигидир». «…Ёки осмонларни (яратишда) иштироклари борми?…»
Эй, одамлар, ёки сизлар илоҳларингизга ибодат қилаётганлигингизнинг далили, уларнинг осмонларда ўз улушлари бор эканлигими? «…Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бундан (Қуръондан) олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг!». Сизлар сиғинаётган нарсалар хоҳ ерда бўлсин, хоҳ осмонда бўлсин, Аллоҳга шерик эканликлари тўғрисида менга бирор бир далил ва исбот олиб келинг. Менга аввалги илоҳий китоблардан ёки бирор бир аввалги илмдан қолган асарлардан бир дона далил олиб келинг! Агарда бу нарсага далил бўлганида эди, сизларнинг уларга қилаётган ибодатларингиз табиий ҳол деб қаралган бўларди, сабаби ким яратган бўлса, у мақталишга ва унга хизмат қилишларига ҳақли бўлади». (Тафсир Тобарий)
«Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки тақводор бўлсангиз. У сизларга ерни тўшаб, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган зотдир. Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг». (Бақара:21-22)
Ибн Касир ушбу оят тафсири тўғрисида шундай дейди: «Оятнинг мазмуни шундай: «Аллоҳ Яратувчи, Раззоқ (ризқ аъто этувчи), Молик (барча нарсаларнинг эгаси) ердаги ва унинг ичидаги ҳамма нарсанинг эгаси ва ризқ берувчисидир. Шунинг учун, Аллоҳ, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда ибодат қилишларига ҳақлидир». (Тафсир ибн Касир)
Имом Бағовий оят тафсирида шундай дейди: «Эй, одамлар! Роббингизга ибодат қилинг!” – яъни Уни яккаланг (Унга ҳеч кимни шерик қилмаган ҳолда ибодат қилинг!)Ибн Аббос: «Қуръоннинг қайси жойида ибодат тўғрисида гап келмасин, яккалашлик (тавҳид) назарда тутилган бўлади», дейди.
«(Юқорида келган Аллоҳнинг рубубиятдаги сифатларини) Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни (ибодатда ҳам) тенглаштирманг». Ҳамма нарсани яратгувчиси Аллоҳ бўлганини билганингиздан кейин, Ундан бошқасига ибодат ҳам қилманг!».(Тафсир Бағовий)
Ибн Таймия айтади: «Ибодатда Аллоҳни яккалашлик (улуҳият тавҳиди) муваҳҳид билан мушрикнинг ажратиб турувчи хусусиятдир. Бу дунёда ҳам, ҳамда охиратда ҳам кишининг мукофотланиши ёки азобга гирифтор бўлиши, айнан ана шу тавҳиднинг бор ёки йўқ эканлиги билан аниқланади. Ким Аллоҳ ҳузурига Уни ибодатда яккаламаган ҳолда келса, абадий жаҳаннамга лоиқ бўлган мушрикдир. Аллоҳ Унга ширк қилганларни кечирмас. Ундан пастроқ бўлган нарсаларни эса, Ўзи хоҳлаган кишига кечиради. Рубубият тавҳидига келадиган бўлсак, мушриклар ушбу турдаги тавҳидни шундоқ ҳам тан олар эдилар. Аммо шунга қарамай Аллоҳдан бошқасига ҳам ибодат қилар эдилар, Ундан бошқасини ҳам Аллоҳни севганчалик севардилар. Улар Аллоҳни рубубиятда яккалашликлари эса, ўзларига қарши бўлган далил эди.
Аслини олиб қаралса, Аллоҳ Робб ва ҳамма нарсанинг эгаси бўлгандан кейин, Ундан бошқа Яратувчи, Ризқ берувчи бўлмагандан кейин, нима учун бошқаларга сиғинишлари керак?! Ахир, ана ўша Аллоҳдан бошқа ибодат қилаётганлари ҳеч нарса яратмаган бўлса! Улар мушрикларга ризқ ҳам беролмаслар, фойда ҳам келтиролмаслар, улардан бирор бир зарарни ҳам даф қила олмаслар. Улар ҳам (маъбудлар) ҳудди мушрикларга ўхшаган Аллоҳнинг бир қулларидир. Улар ўзларига фойда ҳам келтира олмаслар, ёки ўзларига келган зарарни даф ҳам қила олмаслар. Улар бирор бир нарсани тирилтира олмаслар ва бирор бир нарсанинг жонини ололмаслар». (Мажмуъул Фатава, 14/380)
Ибнул Қоййим айтади: «Улуҳият тавҳиди – бу барча пайғамбарларнинг ўз халқларини унга чақирган даъватидир, яъни Аллоҳни (ягона) илоҳ эканлиги ва Унгагина ибодат қилинишидир. Мушрикларга қарши бўлган улуҳиятга далил эса, бу уларнинг Аллоҳни рубубиятдаги тавҳидда яккалашликлари эди. Чунки рубубиятдаги яккалашлик, ўзи билан бирга унинг табиий бўлган натижаси, ибодатдаги яккалашликни ҳам лозим қилади». (Иғосатул Луҳфан, 2/135)
Ким Аллоҳнинг рубубият тавҳидига иқрор бўлса, яъни яратувчи ҳам, ризқ берувчи ҳам, борлиқ ишларини юргизувчи ҳам, Қонун-Ҳукм чиқарувчи ҳам, фақат Аллоҳнинг Ўзи эканини эътироф этса, у энди ибодатнинг барча турига ҳам ягона Аллоҳнинг Ўзигина лойиқ эканини эътироф этиши лозим бўлади. Улуҳият тавҳиди шудир. Улуҳиятдан мурод ибодатдир, илоҳ эса маъбуд (ибодат қилинувчи зот) демакдир. Демак, Аллоҳгагина дуо-илтижо қилинади, Ундангина мадад сўралади, Унгагина таваккул қилинади, қурбонликлар фақат Унга атаб бўғизланади, назрлар фақат Унга аталади, ҳукм фақат Ундангина сўралади, бошқа турдаги барча ибодатлар ҳам фақат Унга қилинади. Рубубият тавҳидига иқрор бўлиш улуҳият тавҳидининг вожиб бўлишига далилдир. Шунинг учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кўпинча, улуҳият тавҳидини инкор қилувчиларга қарши уларнинг рубубият тавҳидига иқрорликларини ҳужжат қилиб келтиради. Мисол учун, қуйидаги оятларда шундай дейди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Раббингизга ибодат қилингиз, шояд тақво эгалари бўлсангиз. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақара: 21- 22)
Уларни улуҳият тавҳидига, яъни Ўзига ибодат қилишга буюраркан, уларга қарши ҳужжат сифатида рубубият тавҳидини, яъни илгариги-ю кейинги барча инсонларни яратганини, еру осмонни ва улар орасидаги мавжудотни яратганини, шамолларни бўйсундириб қўйганини, ёмғирлар ёғдирганини, набототни ундириб-ўстирганини, бандалар учун ризқ ўлароқ меваларни чиқарганини айтиб, модомики шундоқ экан, бу ва бундан бошқа нарсалардан ҳеч бирини яратмаган ва қилмаган кимсаларни ибодатда Унга шерик қилишлари ўта нолойиқ иш бўлишини зикр қилди. Демак, улуҳият тавҳидини исбот қилишнинг фитрий (инсон табиати ва хилқатига тегишли) йўли – унга рубубият тавҳидини далил сифатида келтириш бўлди. Чунки инсон аввало уни ким яратганини, унга фойда ва зарар келтирувчи ким эканини билишга интилади. Буни билгач, уни яратган зотга яқинлаштирадиган, Уни ўзидан рози қиладиган, ўзи билан Унинг ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайдиган воситаларни билишга ўтади. Бинобарин, рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидига кириш эшигидир. Шу туфайли Аллоҳ таоло мушрикларга шу йўл билан ҳужжат келтирди ва пайғамбарига ҳам уларга қарши шу нарсаларни ҳужжат қилишини буюрди. Аллоҳ таоло айтди: «(Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: Агар билувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники? Улар: Аллоҳники, дерлар. Айтинг: Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?! Айтинг: Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби ким? Улар: (Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир, дерлар. Айтинг: Ахир қўрқмайсизларми?! Айтинг: Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот ким? Улар: Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир, дерлар. Айтинг: Бас, қандай алданмоқдасизлар?!» (Мўъминун: 84-89). «Мана шу Аллоҳ сизларнинг Раббингиздир. Ундан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга бандалик қилингиз!». (Анъом: 102). У ўзининг рубубиятда танҳо эканини, ибодатга ҳам ёлғиз Ўзи сазовор эканига далил қилди.
Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам қуйидагиларни айтади: «Дарҳақиқат, Робб субҳанаҳу ва таъоло мушрикларнинг йўллари ботил эканлигини ўзларига исботлашда, улар Аллоҳни Робб эканини тан олишликларини ҳужжат сифатида ишлатади. Чунки, Аллоҳ барча ишларнинг ягона бошқарувчиси эканлигини ва Ундан бошқа бирор нарса, бирор бир мисқолчалик ҳеч нарсага эга эмаслигини тан олганларидан кейин, қандай қилиб Аллоҳ билан бирга бошқаларга ҳам дуо қиладилар?!».(Китаб Росаилуш Шахсийя Мин Тарих Ан Нажд, 432)
Ушбу қовлларининг барчаси, рубубият тавҳиди билан улуҳият тавҳиди ўзаро боғлиқ эканлигини кўрсатади. Шунинг учун Қуръон Карим, мушрикларга қарши бўлган далилларни илгари суриб, мушрикларнинг рубубиятдаги тавҳиди, улуҳиятдаги тавҳидисиз ҳеч нарсага арзимас эканлигини эълон қилади.
Ҳаммага маълумки, рубубият тавҳидига иқрор бўлишлик, бу Роббимизга нисбатан қул эканимизни тан олишликдир. Мисол тариқасида бу қандай ифодаланишини кўриб чиқсак. Рубубиятнинг бир соҳаси қонунлар ишлаб чиқаришликдир, яъни ҳаромлар (таъқиқлар) ва ҳалоллар (мумкин бўлган ишлар). Бу эса ўз ўрнида (қонунларни) етказиб берувчи росуллар ва китобларга муҳтож. Шундай экан, ушбу (қонун қўйишдаги) соҳада рубубиятни тан олиш ўз ичига росулларни ва илоҳий китобларни тан олишни қамраб олади. Шу билан бирга, бу нарса итоатни ҳам талаб қилади, бу эса ўз ўрнида ибодатдир. Шу каби бошқа рубубият соҳаларни ҳам тан олишлик, ўз ўрнида барча ибодат кўринишларини ҳам Унга йўналтиришлик керак эканлигини келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам тавҳиднинг барча турлари ва иймон шартлари бир мўжамгина: «Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?» (Аъроф: 172) оятида ўз ифодасини топган.
Яъни рубубият ва улуҳият тавҳиди биргаликда зикр қилиниб, улардан ҳар бири иккинчисидан фарқли маънони ифода қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), айтинг: Мен барча инсонларнинг Раббидан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан… паноҳ сўрайман» (Нос: 1-3) Бундай ўринларда Роб сўзи бутун мавжудотларни бошқарувчи ва эгаси маъносини англатса, Илоҳ сўзи эса, ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли бўлган чинакам маъбуд маъносини билдиради. Баъзан улардан фақат биригина зикр қилинади ва бу ҳолатда иккиси бир умумий маънони ифода қилиб келади. Бунга қабрда икки фариштанинг маййитдан «Роббинг ким?» деб сўрашини мисол қилиш мумкин. Негаки, бу савол «Илоҳинг ва Сени Яратган зот ким?» деган маънони англатади. Шунингдек, қуйидаги оятларда ҳам улуҳият ва рубубият сўзи бир умумий маънони ифода этиб келмоқда: «Улар ўз диёрларидан фақатгина Бизнинг Раббимиз (ягона) Аллоҳдир деганлари учун қувилган зотлардир». (Ҳаж: 40) «Айтинг: Аллоҳдан ўзга Робб излайманми?!». (Анъом: 164) «Албатта: Роббимиз Аллоҳдир деб сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотлар…» (Фуссилат: 30) Демак, ушбу оятлардаги рубубиятдан мақсад улуҳият тавҳидидир.
Шунга доир бўлган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг тушунтиришини келтириб ўтсак: «Рубубият ва Улуҳият каби атамалар гапда баъзан бирга келади, баъзан эса алоҳида келади. Агарда бирга келса, уларнинг ҳар бири алоҳида маънога эга бўлади, ҳудди қуйидаги оятдаги каби: «Одамлар Роббисидан, Одамлар Подшоҳидан, Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман» (Нос: 1-3) Қачонки улар алоҳида келсалар, улардаги маъно умумийлашади. Мисол учун, бу нарса малоикаларнинг қабрда: «Роббинг ким?» – деган саволида ўз ўрнини топади. Бу нарсани сўраганларида улар, киши кимни Робб қилиб олганини эмас, шунингдек кимга ибодат қилганини, яъни унинг илоҳи ким эканини сўрайдилар. Ҳудди шундай ҳолат қуйидаги оятларда ҳам мавжуд:
«Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар». (Ҳаж: 40) – яъни Аллоҳгагина ибодат қилганликлари учун. «Аллоҳдан ўзгани Роббим дейми? Ҳолбуки У ҳамма нарсанинг Роббисидир». (Анъом: 164) – яъни «Аллоҳдан ўзгани Роббим дейми?» – Ундан бошқасига ибодат қилайми?
«Албатта, «Роббимиз Аллоҳ» деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: «Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар». (Фуссилат: 30) – яъни «Роббимиз Аллоҳ» деган – Унгагина ибодат қилган. Бу оятларда рубубиятдан мақсад, улуҳиятни ҳам ўз ичига олишлигидир». (Тарихун Нажд, 259)
Ушбу қовл Қуръоннинг нозил бўлиши асл мақсадини тушунган олимнинг сўзлари эди. Қуръон ушбу асос узра нозил бўлган. Ҳа, «Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?» деган гап «Мен сизларнинг Илоҳингиз эмасманми?» деганини ҳам билдиради (Фақатгина Менга ибодат қилишингиз керак эмасми?) Бу нарсани қуйидаги саҳиҳайнда (икки саҳиҳда) келган ҳадис ҳам яққол исботлайди: Анас розиаллоҳу анҳу росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Аллоҳ жаҳаннамда энг енгил азоб билан азобланаётган одамдан сўрайди: «Агарда бутун ер юзидаги нарсалар сенда бўлганда эди, (азобдан қутулишлик учун) уларни берган бўлармидинг?» Анави одам: «Ҳа!» дейди. Шунда Аллоҳ айтар экан: «Сен ҳали Одамнинг умуртқасида эканингда, Мен сендан бундан анча кичик нарсани талаб қилган эдим, бу Мен билан бирга ҳеч кимга ибодат қилмаслик эди, аммо сен рад этдинг ва ўз ширкингда туриб олдинг». (Саҳиҳул Бухорий, Китабур Риқоқ 49; 51; Китабур Русул, 1; Саҳиҳул Муслим, Мунофиқлар, 51 (2805)
Ибн Ҳажар Ал Асқалоний ушбу ҳадис тўғрисида шуднай дейди: «Қози Иёз ушбу ҳадис «Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан…» (Аъроф: 174) оятига далолат қилади деган. (Ҳадисдаги) Ушбу талаб, инсонлар Одам алайҳиссалом умртқасида эканлигида олинган аҳддир. Ким бу дунёда ушбу аҳдга вафо қилса мўминдир, вафо қилмаган эса кофирдир. Ҳадисда қуйидагича айтиляпти: «Мен сен Одам умртқасида эканлигингда ваъда олган эдим, сен эса ушбу ваъдани буздинг ва ширк қилдинг!». (Фатҳул Борий, 11/411)
Ҳадисда кўриб турганимиздек, Аллоҳ тарафидан олинган ваъда нафақат рубубиятда яккалашликдаги ваъда эди, балки улуҳиятда (ибодатда) яккалашликда ҳам эди. Чунки биз биламиз, рубубиятда Аллоҳни яккалашликнинг ўзи етарли ҳисобланмайди. Унинг устига юқоридаги ҳадисдаги «Мен сендан бундан анча кичик нарсани талаб қилган эдим, бу Мен билан бирга ҳеч кимга ибодат қилмаслик эди, аммо сен рад этдинг ва ўз ширкингда туриб олдинг» жумласи умумий кўринишда келган. Ушбу гап шубҳаланувчининг шубҳасини аритишлик учун етарли деб ҳисобланади.
Яна шу нарсага тўхталиб ўтшимиз зарурки, юқорида рубубиятда Аллоҳни яккалашликнинг ўзи, етарли ҳисобланмайди деб зикр қилдик. Негаки, Аллоҳ таъоло халқларни фақат улуҳият тавҳиди учун яратгандир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим». (Зориёт: 56). Банда рубубият тавҳидини эътироф этгани билан, то улуҳият тавҳидига ҳам иқрор бўлмагунича ва унга амал қилмагунича муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўла олмайди. Бўлмаса, мушриклар ҳам рубубият тавҳидига иқрор бўлишган, бироқ ушбу уларни исломга киритмаган эди. Улар Аллоҳни яратувчи, ризқ берувчи, ҳаёт бахш этувчи, ўлдирувчи деб эътироф этганлари ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши урушдилар.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Пайғамбар), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: Аллоҳ, дерлар». (Зухруф: 87) «(Эй Пайғамбар), қасамки, агар сиз улардан: Осмонлар ва ерни ким яратган? деб сўрасангиз, албатта: Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ)яратган дерлар».(Зухруф: 9). «(Эй Пайғамбар) айтинг: Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?! Улар албатта: Аллоҳ дейдилар». (Юнус: 31) Қуръонда бу маънодаги оятлар кўп. Кимки тавҳид дегани Аллоҳнинг борлигини эътироф этишдир ё Аллоҳнинг яратувчи ва борлиқни бошқарувчи эканига иқрор бўлишдир, деб даъво қилса ва тавҳиднинг шу туригагина чекланса, пайғамбарлар чақирган тавҳиднинг моҳиятини англаб етмаган мушрикдир.
Зотан, пайғамбарлар бу икки тавҳиддан асосан улуҳият тавҳидига даъват қилиш учун юборилганлар. Негаки, рубубият тавҳидини аксар халқ ва умматлар тан олишган. Бу тавҳидни жуда озчилик кейинги келган инсонлар зоҳирдагина инкор қилганлар холос.
Фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Зеро, Иблис ҳам унга иқрор бўлган эди: «(Иблис) айтди: Раббим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли…» (Ҳижр: 39). Шунингдек, бир қанча очиқ-ойдин юқорида келтирган оятларимиз шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонасидаги мушриклар ҳам рубубият тавҳидига иқрор бўлганлар: «(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: Аллоҳ дерлар». (Зухруф: 87). Кимда ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса у мусулмон ҳисобланмайди, унинг жони ва мол-мулкига тажовуз қилиш ҳаром бўлмайди. Балки инсон мусулмон бўлиши, унинг жони ва мол-мулкига тажовуз қилиш ҳаром бўлиши учун улуҳият тавҳидига иқрор бўлиб, якка Аллоҳгагина ибодат қилиши лозим. Бундан маълум бўладики, «илми калом» уламолари (фалсафий-ақлий қонун-қоидаларга таяниб исломий эътиқодни исботловчи фан. Илми калом исломий фатҳлар натижасида мусулмонларга юнон фалсафасининг кириб келиши оқибатида пайдо бўлиб, секин-аста ривожланиб борди. Кўпхудолик ва ахлоқий бузуқлик муҳитида ёзилган юнон фалсафасига доир китоблар араб тилига ўгирилиши оқибатида кўпчилик инсонлар ундан таъсирланиб қолдилар. Охир-оқибат, ундан таъсирланган одамлар ислом ақидасини тушуниш ва исботлаш учун Қуръон ва суннат нури билан кифояланмасдан, балки ақлий-фалсафий қонун-қоидаларни ундан устун қўя бошладилар. Бу ўз навбатида аҳли суннат ақидаси ва дастурига хилоф бўлган айрим фирқа ва тоифаларнинг пайдо бўлишига олиб борди) ва сўфийларнинг: «бандалардан талаб қилинган тавҳид Аллоҳнинг бутун оламлар яратувчиси ва бошқарувчиси эканига иқрор бўлишдир» деган даъвоси ботил даъводир. Уларнинг айтишича, фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлган киши мусулмон саналади. Шу боис, ақида бобида ёзилган китобларида тавҳидни фақат рубубият тавҳидига мос келадиган иборалар билан таърифлашади. Жумладан, «Тавҳид, бу Аллоҳнинг борлиги, Унинг яратувчи ва ризқ берувчи…» дея, тавҳидни Аллоҳнинг рубубиятига далолат қилувчи бир-неча сифатлари ила таърифлаб, сўнга ортидан рубубият тавҳидига далолат қиладиган далил-ҳужжатларни зикр қилишади холос.
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Фалсафа ва илми каломга асосланиб ёзилган аксар ақида китобларининг муаллифлари, бу китобларда тавҳид хусусида сўз юритар эканлар, уни уч қисмга бўлиб ёритишга асосий эътибор қаратиб, жумладан шундай дейдилар: «Аллоҳ зотида тенгдоши бўлмаган, сифатларида ўхшаши бўлмаган ва ишларида шериги бўлмаган ягона Зотдир». Уларнинг наздида бу уч қисмнинг энг машҳур ва асосийси учинчиси, яъни Аллоҳ барча ишларини якка Ўзи бажариши, оламнинг яратувчиси ягона эканини исботлашдир. Улар буни исботлаш учун «далили тамонуъ» (яъни «бир-бирига халақит бериш», далилининг қисқача мазмуни қуйидагича: агар оламнинг икки ёки ундан кўпроқ яратувчиси бўлганида, албатта улар ўзаро ўрталарида ихтилофлашган бўлур эдилар. Айтайлик, улардан бири муайян жисмни ҳаракатга келтиришни истаса, бошқа бири эса уни ҳаракатдан тўхтатишни хоҳлаши мумкин. Бу ҳолатда ё ҳар иккисининг истаги, ё улардан бирининг истаги амалга ошиши ёхуд ҳар иккисининг истаги амалга ошмаслиги мумкин. Табиийки, биринчи ҳолат, яъни ҳар иккисининг истаги амалга ошиши мумкин эмас. Негаки, бу икки зид нарсанинг бир вақтда жамланиши тақозо қилади. Шунингдек, учинчи ҳолат, яъни ҳар иккисининг истаги амалга ошмаслиги ҳам имконсиз. Сабаби, бундан жисмнинг бир вақтнинг ўзида ҳаракат ва ҳаракатсизликдан холи бўлиши, қолаверса, ҳар икки яратувчининг ожизлиги ва ўз истагини амалга оширишга қудрати етмаслиги келиб чиқади. Шундай қилиб, олдимизда фақат учинчи ҳолат, яъни улардан бирининг истагигина амалга ошиши қолади. Демак, улардан қай бирининг истаги амалга ошган бўлса, у илоҳликка ҳақлидир. Зеро, илоҳликка ҳақли зот ўз иродаси ва истагини амалга ошириш йўлида унга ҳеч кимса тўсқинлик ва халақит қилолмайдиган қодир зотдир) ва бошқа далилларни ҳужжат қиладилар. Уларнинг даъво қилишича, бандалардан талаб қилинган тавҳид ҳам, шунингдек, Ла илаҳа иллаллоҳ калимасининг маъноси ҳам шудир. Мақсадлари – илоҳ сўзининг маъноси «яратишга қодир зот» эканини исботлаш. Маълумки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ичидан пайғамбар қилиб юборилган мушриклар буни инкор қилмас эдилар. Аксинча, улар Аллоҳ барча нарсанинг яратувчиси эканига, ҳаттоки тақдирга ҳам иқрор бўлсалар-да, бироқ шунга қарамай мушрик саналган эдилар». (Мажмуъ Ал Фатава)
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзлари халойиқдан талаб қилинган тавҳид рубубият тавҳиди эканини олға сурган кимсаларга очиқ раддиядир. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам шуни қўллаб-қувватлайди: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан четланинглар» (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз». (Наҳл: 36)
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ яна шундай дейди: «Пайғамбарлар олиб келган тавҳид – Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бериш, Ундан бошқасига ибодат қилмаслик билан ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигина илоҳ эканини исботлаш демакдир…Тавҳиддан мақсад аҳли калом ва тасаввуф аҳлидан бўлмиш одамлар ўйлаганидек, фақат рубубият тавҳидига, яъни Аллоҳнинг якка ўзи оламни яратган эканига иқрор бўлиш эмас. Уларнинг ўйлашича, агар буни далил билан исботласалар, демак тавҳид ғоясини исботлаган, шунингдек, мазкур тавҳидга иқрор бўлсалар ва унга қаттиқ берилсалар, демак тавҳид ғоясига қаттиқ берилган ҳисобланадилар. Инсон Робб таоло ҳақли бўлган сифатларга иқрор бўлиб, Уни барча айб-нуқсонлардан покласа ва Унинг ёлғиз Ўзи барча мавжудотларни яратган эканини тан олса ҳам, токи Аллоҳдан ўзга ибодат қилинувчи илоҳ йўқ экани, Унинг якка Ўзи ибодат қилинишга ҳақли эканига гувоҳлик бермагунича ва Унга ширк келтирмай ибодат қилмагунича мусулмон бўлмайди. Чунки илоҳ дегани ибодат қилишга лойиқ дегани, яратишга қодир дегани эмас. Зеро, араб мушриклари ёлғиз Аллоҳ барча нарсаларнинг яратувчиси эканига иқрор бўлганлар, бироқ шунга қарамасдан мушрик саналган эдилар:
«Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).
Салафи солиҳлардан бири шундай дейди: «Мушриклардан осмонлар ва ерни ким яратган? деб сўрасангиз Аллоҳ дейдилар. Бироқ, шунга қарамай, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилаверадилар».
Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: Агар билгувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники? Улар: Аллоҳникидир дерлар. Айтинг: Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?! Айтинг: Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?. Улар: (Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир, дерлар. Айтинг: Ахир қўрқмайсизларми?! Айтинг: Агар билсанглар (айтинглар-чи), Барча нарсанинг мулки қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?. Улар: Бундай мулку-салтанат ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир дерлар. Айтинг: Ундай бўлса, қандай алданмоқдадирсизлар?!». (Мўъминун: 84-89).
Демак, Аллоҳни барча мавжудотларнинг Робби ва яратувчиси деб иқрор бўлган ҳар қандай инсон ҳам ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилган, якка ўзига дуо қилган, Унинг йўлида мўминларни дўст тутиб, кофир ва мунофиқларни душман билган ва пайғамбарларига итоат қилган бўлавермас экан. Аксар мушриклар Аллоҳни барча нарсанинг яратувчиси деб тан олар, шунга қарамай, Аллоҳ билан ўзларининг ўрталаридаги шафоатчилар деб даъво қилишган олиҳаларини Аллоҳга тенг ва шерик қилган эдилар. Шу боис, ўша мушрикларга эргашганларнинг орасида қуёш, ой, юлдузларга сажда қиладиган, дуо қиладиган, уларга атаб рўза тутадиган ва қурбонликлар сўядиган одамлар чиқди. Улар: «Бу ширк эмас. Агар улар бизни бошқариб туради, десак ширк бўлади. Агар уларни сабаб ва восита деб қарасак, мушрик бўлмаймиз» – дейдилар. Ҳолбуки, бунинг ширк амал экани ислом динида катта-ю кичикка маълум ва машҳур бўлган ишдир». (Мажмуъ Ал Фатафа)
Афсуски, бугунги кундаги сўфийлардан ташкил топган қабрпараст мушриклари ҳам айнан шунга ўхшаш гапларни айтадилар. Улар турли ибодатлар билан қабрларга сиғинадилар-да, «Бу ширк эмас. Негаки, биз уларни яратади ва оламни бошқаради демаймиз. Балки, биз бу қабр эгаларини шунчаки воситалар қилиб, Аллоҳга васила қиламиз», дейдилар. Ёки ҳозирги қонунпарастлардан ташкил топган ҳоким призидентлар, депутатлар ҳукм чиқариш ва ўрнатишда, халолни харом ва харомни халол қилишликда Аллоҳга шерик бўладиларда «Бу ширк ва куфр эмас. Негаки, биз Аллоҳга шерикмиз, биз оламни бошқарувчиси ва яратувчиси демаймиз. Балки, шунчаки ушбу қонунларни ўйлаб топиб, вақтинчалик ҳукм қилиб юритиб турибмиз холос», дейдилар. Ҳолбуки, Ҳакам бўлган Аллоҳ яратишлик ва ҳукм қўйишликни иккисини ҳам бир ҳил Ўзигагина хос феъллардан деди. «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Роббиси Аллоҳ буюкдир». (Аъроф: 54). «Огоҳ бўлингизки ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир». (Анъом: 62). Ёки улар тавҳидни фақатгина рубубият тавҳидига чеклаб қўядилар холос. Аллоҳни бор эканига, Уни яратувчи эканига иқрор бўлган киши мусулмон саналади дейдилар! Улуҳийят тавҳидини эса унутадилар. Бу эса ибодатнинг барчаси ёлғиз Аллоҳга қаратилишини тақозо қилади. Таъзим, улуғлаш, қўрқиш, дуо қилиш, умидвор бўлиш, тавба қилиш, таваккул қилиш, ҳукм қилиш, мадад сўраш, кучли муҳаббатга йўғрилган ўта ҳокисорлик, ҳукм сўраш буларнинг ҳаммаси ҳам ақл, ҳам фитрат, ҳам шариат тақозосига кўра, ёлғиз Аллоҳга қаратилган бўлмоғи вожибдир. Шунингдек, ҳам ақл, ҳам фитрат, ҳам шариат тақозосига кўра мазкур ишлар Аллоҳдан ўзгага қаратилиши мумкин бўлмаган ширкдир!
Юқоридаги оятлар тафсири билан танишиб чиқганимиздан сўнг, мазкур оят: «Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла (Аъроф: 172) ва «Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз» (Исро: 15) ояти ўртасидаги боғлиқликни тушунтириб ўтамиз. Чунки, кўпчилик бу нарсани тушуна олмасдан, икки оят ўртасида зиддият мавжуд деб ўйлайдилар.
