Раҳбат, Рағбат, Хушуъ, Хошят, Инобат ва улардаги ширклар!
بسم الله الرحمن الرحيم
Раҳбат ибодатдир!
Раҳбат – қўрқиладиган нарсадан қочишни натижа ўлароқ олиб келадиган хавф ва қўрқинчдир. У амалга боғланган қўрқувдир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Раҳбат эса, ёқимсиз нарсадан қочишга зўр беришдир. У қалбнинг ўзига ёқимли нарсани талаб қилишга интилиши маъносида бўлган рағбатнинг аксидир» (Мадарижус-саликийн: 1/512) Рағбат ва раҳбат фақат сабр устига барпо бўлади. Раҳбат кишини сабрга ундайди, рағбат эса шукрга етаклайди. Рағбат ва раҳбат ибодатлари бандадан унинг гуноҳлари миқдорича четланиб, иймони зиёда бўлишига қараб зиёдалашади. Банда Аллоҳнинг изни билан мана шу ибодат миқдорича тавфиққа эришади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар бандасига яхшиликни ирода қилса, уни бутун куч-ғайратини Аллоҳга рағбат ва раҳбат қилишга сарфлайдиган қилиб қўяди. Зеро, бу иккиси тавфиқнинг моддаларидир. Бас, қалбда рағбат ва раҳбат не қадар бўлишига қараб, тавфиқ ҳосил бўлади» (Шифаул-алийл: 226-саҳифа)
Рағбат ҳам ибодат экани ва рағбат билан ражо ўртасидаги фарқ!
Рағбат – яхши кўрилган бир нарсага етишишни талаб қилишдир. Рағбат билан ражо ўртасидаги фарқ: Ражо умиддир, рағбат эса талабдир. Масалан, ким жаннатга киришни тамаъ (умид) қилса, унинг бу тамаъсини ражо деб аталади. Ким буни солиҳ амал билан талаб қилса, унинг мана шу талаб қилиши ва шу йўлда ҳаракат қилиши рағбат дейилади. Демак, ҳар бир рағбат ражо ҳамдир. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Рағбат билан ражо ўртасидаги фарқ шуки, ражо тамаъдир, рағбат эса талабдир. Рағбат ражонинг самарасидир. Чунки, бир нарсани ражо (умид) қилса, уни талаб қилади. Рағбатнинг ражога нисбатан ўрни худди қочишнинг қўрқувга нисбатан ўрнидадир» (Мадарижус-саликийн: 2/55) Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни фақат Унга рағбат қилишга буюриб, деди: «Ва ёлғиз Парвардигорингизга рағбат қилинг – юзингизни буринг!» (Шарҳ:8).
Хушуъ
Аллоҳдан бошқага қилиб бўлмайдиган ибодатдир!
Хушуъ – Аллоҳнинг азамати (улуғворлиги ва буюклиги)га бўйин эгиш ва хокисорликдир. У қалбда ва аъзоларда бўлади. Хушуъ хузуъга жуда яқиндир, фарқи хузуъ бадан аъзоларида бўлади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хушуъ – Аллоҳ таоло учун хузуъ қилишдир, қалб ва аъзолар билан Унга таскинланиш ва хотиржам бўлишдир» (Ал-фатава: 28/31) Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хушуънинг ўрни қалб бўлиб, самараси аъзоларда кўринади» (Мадарижус-саликийн: 1/521) Қалб Аллоҳга хушуъ қилгани сайин Унга бандалиги комилроқ бўлаверади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Халқларнинг убудиятда (бандалик қилишда) комилроғи Аллоҳга эгилиш, итоат ва хокисорликда комилроғидир» (Мифтаҳу дарис-саъада: 2/300) Аллоҳнинг бандаларга бўлган фазлу марҳаматидан бўлдики, ким Аллоҳ ҳузуридаги нарсага рағбат ва тамаъ қилса, унга ажр берилади. Ким Аллоҳнинг азобидан раҳбат қилса, Аллоҳ унга омонлик беради. Кимнинг қалби ва аъзолари Аллоҳга хушуъ қилса, ҳаётда азиз бўлиб яшайди, халқлардан бирортасига эгилмайди.
Рағбат, раҳбат ва хушуънинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар ҳамда Бизга хушуъ (таъзим-итоат) қилувчи эдилар» (Анбиё: 90). «Рағбат, раҳбат ва хушуънинг далили…» Яъни, Аллох ҳузуридаги ҳузуридаги нарсага рағбат қилиш, Аллоҳнинг азобидан қўрқиш ва ёлғиз Аллоҳдан хушуъ ва хузуъ қилиш ибодат турларидан эканига далил Аллоҳ таолонинг пайғамбарлар ва солиҳ зотларни мақтов билан зикр қилган ўринда айтган қуйидаги сўзларидир: «Дарҳақиқат улар – яъни мазкур пайғамбарлар – яхши ишларни – яъни тоат ва қурбат ҳосил қиладиган амалларни – қилишга шошар ва Бизга – ҳузуримиздаги ажру савобларга – рағбат ва – Бизнинг азобимиздан – раҳбат – қўрқув – билан дуо-илтижо қилар – тилак-истакларини сўрар – ҳамда Бизга хушуъ –тазарруъ ва таъзим-итоат – қилувчи эдилар». Бу эса уларнинг Парвардигорларини комил равишда таниганликлари сабабли эди.
Мазкур оят далолатига кўра, ушбу уч турли иш – Аллоҳ ҳузуридаги ажру савобларга рағбат қилиш, Аллоҳнинг азобидан раҳбат-қўрқиш ва Аллоҳга хушуъ-хузуъ қилиш энг улуғ ибодат турларидандир. Ким улардан бирортасини Аллоҳдан бошқага бурса, у мушрикдир.
Хошят ибодатдир!
Хошятнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз!» (Бақара: 150). Хошят аслида хавф маъносида бўлиб, фарқи хошят хавфдан хосроқдир. Чунки, хошят Аллоҳ таолони танишликка боғлангандир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳдан хошят-қўрқув Уни танишга боғлангандир, хошят таниш миқдорига қараб бўлади» (Ат-тибян: 88-сахифа) Хошят ражони ҳам ўз ичига олади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хошят доимо ражони ўз ичига олган бўлади. Агар шундай бўлмаса, у қунутга (умидсизликка) айланиб қоларди. Худди ражо хавфни лозим тутгани ва у бўлмаса амнга (хотиржамликка) айланиб қолгани каби. Аллоҳдан хавф ва Унга ражо қилиш аҳллари Аллоҳ мақтаган илм аҳлларидир» (Ал-фатава: 7/21) Хошятнинг ибодат эканига далил Хошят (қўрқув) Аллоҳдан бошқага қилинмайдиган улкан ибодатдир. «Хошятнинг далили…» Яъни, хошятнинг ибодат эканига далил.. «Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Сизлар улардан қўрқмангиз»… Улар қўрқишга лойиқ эмаслар. «Мендан қўрқингиз!» Аллоҳ Ўзидангина қўрқишга буюрди. Чунки, Ундан қўрқиш ҳар бир яхшиликнинг бошидир. Ким Аллоҳдан қўрқмаса, Унинг маъсиятидан тийилмайди ва Унинг амрларига бўйсунмайди. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳеч бир киши Аллоҳнинг қўрқувисиз У (алоқа) боғлашга буюрган нарсани боғлаши асло мумкин эмас. Қачон қалбдан қўрқув кетса, (алоқа) боғлаш ҳам узилади» (Уддатус-собирийн: 48-с)
Хошятнинг самараси
Ким Парвардигоридан қўрқса, Аллоҳ унинг қалбига ҳаёт ато этади ва у панд-насиҳат ва ибратлардан фойда олади. Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак» (Аъло: 10). Яна айтади: «Албатта бу (қисса)да (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун ибрат бордир» (Ван-назиат: 26). Аллоҳга хушуъ-хузуънинг асарлари Ундан қўрққан кишида кўринади. Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари – баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар – мойил бўлур» (Зумар: 23). Ҳидоят хошятга етказувчи воситадир. Аллоҳ таоло айтади: «(Истагинг бормики,) мен сени Парвардигоринг (йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У зотдан) қўрқсанг» (Ван-назиат: 19). У Аллоҳнинг мағфирати ва фазли-марҳаматини олиб келади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта ғайбдаги (кўзларига кўринмайдиган)
Парвардигорларидан қўрқадиган зотлар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бордир» (Мулк: 12). У жаннат неъматларига етказади. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги жазо-мукофотлари остидан дарёлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар (Аллоҳдан) рози бўлдилар. Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир» (Баййина: 8). Ҳақиқий олим ким? Одамларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғи Аллоҳни яхши танувчироғидир. Ҳақиқий олим Аллоҳдан қўрқадиган кишидир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28). Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳдан қўрққан ҳар бир киши олимдир» (Ал-фатава: 7/17) Аллоҳдан қўрқишлик илмга кифоя қилади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳдан қўрқиш илм бўлишга кифоя қилади, Аллоҳга (кечиради деб) мағрур бўлиб қолиш жоҳилликка кифоя қилади» (Мусаннаф Ибн Аби Шайба: №34532) Аллоҳдан қўрқиб, Унинг буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан тийилиш билан Унга итоат қилган ҳар бир киши олимдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмат-тик турган холда тоат-ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (Зумар: 9).
Азизлик Аллоҳдан қўрқишда Ким Роббидан қўрқса, халқлар ичида азиз бўлиб, бахтли ҳаётда яшайди. Шундоқ экан, Роббингизни кўз олдингизда қилинг, Унинг азоби ва жазосидан хотиржам бўлиб қолишдан қўрқинг, Ундан қўрқувни ҳосил қилиш учун тоатларни кўпайтиринг. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қўрқилишга сазовор Зот, У фақат Ўзидангина қўрқишга буюрди ва Ундан бошқадан қўрқишдан қайтарди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Ва токи сизларга неъматимни комил қилиб беришим ва тўғри йўлга ҳидоят топишингиз учун шундай қилингиз» (Бақара: 150). Махлуқнинг махлуқдан қўрқуви хорликдир, бўйин эгишга лойиқ бўлмаган кимсага бўйин эгишдир. Бас, сиз фақат Роббингиздан қўрқинг. Хошят-қўрқув энг улуғ ибодатдардан биридир, уни Аллоҳдан бошқага буриш ширкдир.
Инобат ибодатдир
Қалбнинг инобат ва Аллоҳга қайтиш билан Аллоҳ сари юзланиши банда у билан ажрга эга бўладиган жуда катта ибодатдир. Инобат – Аллоҳга қайтишдир. Унинг асли қалбнинг маҳбубга бўлган муҳаббати, бўйин эгиши ва ҳокисорлигидир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Инобат – қалбнинг Аллоҳ азза ва жаллага машғул бўлишидирки, бу худди баданнинг масжидда эътикоф қилиб (машғул бўлиб), ундан чиқмаслигига ўхшашдир. Бунинг ҳақиқати – қалб Унинг муҳаббатига ва Уни улуғлаш ва таъзимлаш билан зикр қилишга машғул бўлиши, аъзолар эса Унга ихлос билан итоат қилишга ва Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга машғул бўлишидир» (Ал-фаваид: 341)
Инобат ва тавба ўртасидаги фарқ
Инобат аслида тавба маъносида, бироқ фарқи, у тавбадан юқорироқдир. Чунки, тавба гуноҳдан тийилиш, унга қайтмасликка азм қилиш ва ўтган гуноҳга пушаймонликдир. Агар ўзи қилиб келаётган ибодатларида давом этса, у тавба қилувчи бўлади. Агар тавба қилганидан кейин Қуръон ўқиш, садақа қилиш каби амалларга иқбол қилса, бу Аллоҳга инобатдир. Масалан, бир киши ўғирликдан тавба қилса, тавба қилган бўлади. Агар шу тавбасидан кейин истиғфор, зикр ва шу каби ишларга иқбол қилса, инобат қилган бўлади. Демак, инобат тавбага ҳамда ибодатлар билан Аллоҳга юзланишга далолат қилади.
Мусанниф инобатни зикр қилиш билан кифояланиб, тавбани ибодат турлари ичида зикр қилмади. Чунки, ибодатнинг инобатдаги сурати тавбадаги суратидан кўра возиҳроқ-очиқроқдир. Чунки, бунда ибодатга зиёда иқбол бўлади ва инобат тавбадан кўра омроқдир. Аллоҳга инобат қилувчи Унинг розилигига шошилувчи, ҳамма вақт Аллоҳга қайтувчи, У яхши кўрадиган ишларга шошилувчи кишидир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дўстларининг инобати Унинг илоҳиятига бандалик ва муҳаббат билан инобат қилишдир. У тўртта ишни ўз ичига олади: Унинг муҳаббатини, Унга хузуъни, Унга иқболни ва Ундан ўзгадан юз ўгиришни. Демак, Аллоҳга инобат қилувчи Унинг розилигига шошилувчи, ҳамма вақт Унга қайтувчи, У яхши кўрадиган ишларга ошиқувчи кишидир. Чунки, инобат сўзида шошилиш, қайтиш ва интилиш маънолари бордир» (Мадарижус-саликийн: 1/434) Инобат пайғамбарлар одатидир Аллоҳга инобат қилиш набийлар ва расуллар – алайҳимус-солату вас-салом – одатидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Довуд алайҳиссалом ҳақида айтади:
«Довуд Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират қилишини сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди» (Сод: 24). Сулаймон алайҳиссалом ҳақида айтади: «Дарҳақиқат Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир жонсиз жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилди» (Сод: 34). Шуъайб алайҳиссалом дедилар: «Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига инобат қилурман» (Ҳуд: 88). Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Ўзига суяндим ва Ўзига инобат қилурман» (Шуро: 10).
Аллоҳ таоло Ўз халили Иброҳим алайҳиссаломни Унга инобат қилувчи бўлгани ва барча ишларида фақат Унга қайтувчи бўлганини айтиб мақтади: «Зотан, Иброҳим ҳалийм, кўнгилчан ва инобатли кишидир» (Ҳуд: 75). Жаннат башорати инобат аҳлигадир. Аллоҳ таоло айтади:
«Шайтондан — унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳга (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин!» (Зумар: 17). Парвардигорига инобат қилувчи кишигина оятлардан ибратланади, панд-насиҳатлардан таъсирланади. Аллоҳ таоло айтади:
«(Парвардигорга) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма-ибрат бўлсин учун (мана шундай қилдик)» (Қоф: 8). Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Банда агар Парвардигорига инобат қилса (қайтса), оят ва ибрат ўринларини кўра билади ва уларни нимага оят-аломат бўлса, шунга далил қилади» (Мадарижус-саликийн: 1/442)
Аллоҳга инобат қилиш Унинг азобини тўсади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54). Жаннат Аллоҳдан қўрқувчи ва Унга инобат қилувчи қалб эгаларига ҳозирлаб қўйилган. Аллоҳ таоло айтади: «Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди): «Мана шу (неъматлар) сизларга — ҳар бир (Аллоҳга) қайтувчи, (ўз аҳдини) сақлаувчи (риоя қилувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир» (Қоф: 31-33). Аллоҳ таоло барча халқларни Унинг ўзига инобат қилиш ва қайтишга буюрди. Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳга) қайтувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг динини маҳкам тутинглар) ва У зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар!» (Рум: 31). Таваккул манзилати инобат манзилатидан олдиндир. Чунки, банда унга эришишда таваккул қилади. Демак, таваккул васила, инобат эса ғоядир. Инобат банданинг икки дунё саодатига эришиш сабабларидан. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Банда фақат Парвардигорининг ибодати учунгина яратилди. Унинг салоҳи, камоли, шодлиги ва сурури Парвардигорига ибодат қилиши ва Унга инобат қилишидадир» (Ал-фатава: 14/32) Инобат Аллоҳнинг ҳузурида жуда юқори манзилат (ўрин) бўлгани сабабли ҳам шайтон бандани ундан тўсишга уринади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Банда Парвардигорига инобат қилмоқчи, Унга яқинлик ҳосил қилмоқчи ва Унга боғланмоқчи бўлса, шайтон унинг йўлига кўп кўндаланг бўлади» (Ал-фатава: 7/281)
Бандаларнинг инобатдаги тафовутлари
Инобат бандалар унда тафовутли бўладиган ибодатдир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одамлар инобатларида бир неча даражаларга фарқланади. Айримлар гуноҳ ва маъсиятлардан қайтиш билан Аллоҳга инобат қилувчидир. Баъзилар ҳар турли ибодат ва қурбатларга киришиш билан Аллоҳга инбат қилувчидир. Яна баъзилар тазарруъ ва дуо билан, Унга муҳтожлик билан, рағбат билан, барча ҳожатларини Ундан сўраш билан инобат қилувчидир» (Ториқул-ҳижротайн: 292-сахифа) Фитрат (тоза табиат) ҳам инобатга йўллайди. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фитрат Аллоҳга иқрор бўлиш ва Унга инобат қилишни ўз ичига олгандир» (Ал-фатава: 2/6) Инобатнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Парвардигорларингизга қайтинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54).
«Инобатнинг далили…» Яъни, инобат Аллоҳ таоло бандаларига буюрган улуғ ибодат эканига далил.. «Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Парвардигорларингизга –дилларингиз билан – қайтинглар ва Унга – аъзоларингиз билан – бўйинсунинглар!» (Зумар: 54). Унинг ибодат экани ва Аллоҳ уни шаръий ва диний жиҳатдан яхши кўриши зоҳирдир. Уни Аллоҳдан бошқага буриш ширкдир.
