Ражо-умид ва ундаги ширк!

Ражо-умид ва ундаги ширк!

بسم الله الرحمن الرحيم

Ражо (умидворлик) қалбга тааллуқли ибодат бўлиб, орзу қилинган нарсага эришишни исташ, рағбат ва умид қилиш демакдир. Ражо (умидворлик) билан таманний (орзу қилиш) ўртасидаги фарқ шуки, ражо куч-ҳаракат сарфлаш ва чиройли таваккул қилиш билан бўлади. Таманний эса ялқовлик билан қуруқ орзу қилишдир.

Ражо кишини амалларга ундайди. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражо руҳи бўлмаса эди, қалб ва аъзолар ибодати бекор бўлган ҳамда Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлар эди». (Мадарижус-саликийн: 2/42) Ражонинг ҳақиқати (ҳақиқий ражо) хавф ва ражо биргаликда бўлишидир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражонинг ҳақиқати хавф ва ражо (биргаликда бўлиши)дир. (Шунда банда) ўзига буюрилган ишни иймон нури билан, савобни умид қилиб адо этади, қайтарилган ишни эса иймон нури билан, азобдан қўрқиб тарк қилади» (Мадарижус-саликийн: 1/502)

Ражо уч хилдир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражо уч хилдир, икки хили мақтовли, бир хили айбли ғурурдир. Аввалги иккитаси Аллоҳнинг нури билан Аллоҳнинг тоатида амал қилган кишининг ражоси бўлиб, у Аллоҳнинг савобини умид қилади. Ва бир гуноҳни қилиб, кейин тавба қилган кишининг ражоси бўлиб, у Аллоҳ таолонинг мағфирати, афви, эҳсони, фазлу марҳамати, ҳилми, карамини умид қилади. Учинчиси – сутсткашлик ва гуноҳу хатоларга ғарқ бўлган кишининг орзуси бўлиб, у ҳеч қандай амал қилмагани ҳолда Аллоҳнинг раҳматини умид қилади. Бунинг номини ғурур, хомхаёл ва ёлғон орзу дейилади» (Мадарижус-саликийн: 2/36) Кимнинг ражоси кучли бўлса, солиҳ амали зиёда бўлади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражо кучайгани сари унинг эгаси амалга жидду-жаҳд қилади, худди ерга уруғ қадовчи киши ғаллага (ҳосилга) умиди қанча кучли бўлса, ерига шунча кўп уруғ қадагани, умиди кучсиз бўлганида эса уруғ қадашга эътиборсиз бўлгани каби» (Ал-фаваид: 129-сахифа) Ражо бандани Аллоҳ сари йўл олишга ундайди, йўлни унга чиройли кўрсатиб, унда юришга тарғиб қилади ва уни маҳкам тутишга сабабчи бўлади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар ражо бўлмасайди, ҳеч ким юрмаган бўларди. Зеро, хавфнинг ёлғиз ўзи бандани ҳаракатга келтиролмайди, балки уни муҳаббат ҳаракатга келтиради, хавф уни тергайди, ражо эса уни ундайди» (Мадарижус-саликийн: 2/50)

Қалбларни ҳаракатга келтирувчи омиллар: Банда муҳаббат, ражо ва хавф ўртасини жамлайди, унинг Аллоҳга бўлган бандалиги шу учаласи билангина ҳосил бўлади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Билингки, қалбларни Аллоҳ азза ва жалла сари ҳаракатга келтирувчи (омиллар) учта – муҳаббат, хавф ва ражодир. Уларнинг энг кучлиси муҳаббатдир, унинг ўзини мустақил равишда исталади. Чунки, у дунёда ҳам, охиратда ҳам исталади. Хавф эса ундай эмас, чунки у охиратда йўқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62). Хавфдан кўзда тутилган мақсад – тергаш ва йўлдан чиқиб кетишдан тўсишдир. Муҳаббат бандани маҳбуби сари юришга ундайди, унинг бу йўлда юриши муҳабатининг кучли ё кучсизлигига қараб бўлади. Хавф эса уни маҳбубнинг йўлидан чиқиб кетишдан тўсади, ражо уни етаклайди. Бу ҳар бир банда эътибор бериши вожиб бўлган улкан асл-асосдир. Чунки, бусиз унга бандалик ҳосил бўлмайди, ҳар бир киши фақат Аллоҳга банда бўлиши вожибдир, бошқага эмас. Агар «Баъзи пайтларда бандада уни маҳбубининг талабида ҳаракат қилишга ундайдиган муҳаббат бўлмайди, унда қалбларни нима ҳаракатга келтиради?», деб сўралса, айтамизки, уни икки нарса ҳаракатга келтиради: Биринчиси, маҳбубни кўп зикр қилиш. Чунки, уни кўп зикр қилиш қалбларни унга боғлайди. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла кўп зикрга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!» (Аҳзоб: 41-42). Иккинчиси, Унинг неъматларини мушоҳада қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз» (Аъроф: 69). Яна айтади: «Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир» (Наҳл: 53). Яна айтади: «(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?!» (Луқмон: 20). Яна деди: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар» (Наҳл: 18). Агар банда Аллоҳ таоло унга ато этган неъматларни, шу жумладан осмону ерни ва улардаги ўт-ўланлару жониворларни унга бўйсундириб қўйганини, унга иймон неъмати ва бошқа зоҳиру ботиний неъматларни ёғдириб қўйганини ёдга олса, албатта бу унда бир ундовчини қўзғаши аниқдир. Шунингдек, хавфни ҳам азоб ва огоҳлантириш, ҳисоб-китоб ва жазо мавзусидаги оятларни тиловат қилиш ҳаракатга келтиради. Ражо ҳам шундай, уни ҳам фазлу карам, ҳилм ва афв мавзусидаги оятлар тиловати ҳаракатга келтиради» (Ал-фатава: 1/95) Ражо қачон кучаяди? Аллоҳни билиш қанча кучли бўлса, ражо ҳам шунча кучли бўлади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражо қуввати Аллоҳни таниш, Унинг исм ва сифатларини билиш қувватига қараб кучаяди». (Мадарижус-саликийн: 2/42) Ражо – банда Парвардигоридан умид қиладиган нарсага эришиш сабабларидандир. Банданинг Аллоҳнинг савобини умид қилиши, Парвардигорига тўла-тўкис ўзини топшириши фақатгина Унинг Ўз раҳмати остига олишини ва гуноҳларини кечиришини, уни афв
қилишини, амалларида айбу нуқсонлар бўлгани ҳолда яхши амалларини қабул қилишини, ёмонликларидан кечишини умид қилганидан бўлади. Унинг ражосининг қуввати унга мана шундай тўла-тўкис бўйсуниш ва таслим бўлишни олиб келди. Бу нарсани ражосиз асло тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларининг Ундан умидвор бўлишларини ва Ундан Ўз фазлидан сўрашларини ёқтиради. Чунки, У Ҳақ ва Сахий Подшоҳдир, сўралувчиларнинг энг саховатлиси, ато этувчиларнинг энг мўл-кўл берувчисидир. Сахийга энг ёқимли нарса ундан сўрашлари ва ундан умидвор бўлишларидир. Банданинг ражоси ва Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан умидворлиги қанчалик кучайса, унинг Аллоҳ таолога бўлган бандалиги ҳам шунчалик кучаяди. Энг улуғ ибодат мана шудир. Ражонинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Ражо ибодат эканига далил

«Ражонинг далили…» Яъни, ражо (умидворлик) Аллоҳдан бошқага буриб бўлмайдиган ибодат эканига далил..
Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан – ва Унинг ато этадиган ажру-савобларидан – умидвор бўлса, у ҳолда –Аллоҳнинг шариатига мувофиқ келувчи – яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин!». Амалига риё, сумъа аралашмасин, ибодатни Холиқидан ўзгага буриб юбормасин, балки барча амалларини холис Аллоҳ учун қилсин. Ким ихлос билан мутобаъатни (яъни шариатга эргашишни) бирлаштирса, ўзи умид қилган ва излаган нарсага етади. Кимда шу сифат бўлмаса, зиёнкорга айланади, Хожасига яқинлашиш ва Унинг розилигига эришишдан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло ражони Ўзига боғлашга буюриб деди: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг вақори-буюклигини ўйлаб кўрмайсизлар? (ражо қилмайсизлар?)» (Нуҳ: 13). Мусулмон киши ўз ўй-фикр, орзу-умид ва интилишларини Аллоҳга боғлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 104). Аллоҳдан ражо-умидворлик инсонни Аллоҳнинг Пайғамбаридан ўрнак олишга ундайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон- эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). Ким Аллоҳнинг фазлидан умидвор бўлмаса, ўзини ваъидга (азоб хабарига) рўбарў қилади. Аллоҳ азза ва жалла деди: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7-8).

Ражода ширк келтириш:

Ким фақат Аллоҳгина қодир бўладиган ишларда Аллоҳдан бошқадан умидвор бўлса, масалан гуноҳини мағфират қилишини ё дардига шифо беришини умид қилса, мана шу ибодатни Аллоҳдан бошқага бурган бўлади ва катта ширкка тушган бўлади. Чунки, у Аллоҳдан бошқаси эга бўлмаган ишда умидвор бўлди ва ражо ибодатини Аллоҳдан бошқага бурди. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ражо фақат Аллоҳга боғланиши лозим, на бирон махлуққа, на банданинг куч-қувватига ва иш-амалига боғланиши керак эмас. Зеро, ражони Аллоҳдан бошқага боғлаш ширк бўлади. Гарчи, Аллоҳ таоло унга сабабларни қилиб қўйган бўлса ҳам, сабабнинг ўзи мустақил равишда ҳеч нарса қилолмайди. Балки, унга бир ёрдамчи бўлиши зарур, шунингдек унга бирон тўсиқ монеъ бўлмаслиги зарур. У фақат Аллоҳнинг хоҳиш-истаги билангина ҳосил бўлади ва қолади» (Ал-фатава: 10/256) Аллоҳдан бошқадан умидвор бўлиш хорликдир Ким бир бандадан умидвор бўлса ё унга боғланса, қалби Аллоҳга бандаликдан бурилади ва қалбидаги ўша боғланиш ва умидворлик миқдорига қараб Аллоҳдан бошқага бандага айланади, Аллоҳдан бошқага эгилади ва хорлик изҳор қилади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қай бир банда ўз умидворлигини ва таваккулини Аллоҳдан бошқага боғласа, албатта ўша жиҳатдан ноумидликка учрайди, Аллоҳдан бошқадан мадад сўраса, албатта хорликка учрайди. Аллоҳ таоло деди: «Улар (яъни Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар — бутларга сиғиндилар. Йўқ! (Қиёмат кунида бутлари уларни шафоат қилмайди, балки) улар қилган ибодатларни инкор қилурлар ва уларга зид –душман бўлурлар» (Марям: 81-82). Ким ражосини (орзу-умидини) бандага боғласа, хорлик кўради. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким Аллоҳ билан бирга бошқа бировни севса, ўша билан азоблангани ва ким Аллоҳ билан бирга бошқадан умидвор бўлса, ўша томондан хорликка гирифтор этилгани каби, ким Аллоҳдан бошқа биронтасидан қўрқса, ўша нарсани унинг устига ҳоким қилинади. Булар тажрибадан ўтган ишлар бўлиб, далилдан беҳожатдир» (Мифтаҳу даарис-саъада: 2/256) Демак, банда ўз ражосини фақат Аллоҳнинг ёлғиз ўзига боғлаши вожиб бўларкан. Халқларнинг табиатига заифлик ўрнатилган, улар ўзларига фойдаларни тортиб келишга ва зарарларни ўзларидан даф қилишга ожиздирлар. Шундай экан, бошқаларга фойда ё зарар етказишга албатта заифроқ бўладилар. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир киши бирор махлуқдан умидвор бўлса ё унга таваккул қилса, албатта у ҳақидаги гумони пучга чиқади» (Ал-фатава: 10/257) Уларнинг ортидан у хорлик ва ноумидликдан бошқа нарсага эга бўлмайди. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қачон махлуқларга боғланса ва улардан ўзига бирон манфаат етказишларини ё бирон зарарни даф қилишларини умид қилса, улар томонидан албатта хорликни кўради ва мақсуди асло ҳосил бўлмайди. Уларга ҳожати тушган пайтда фойда етказишларидан умидвор бўлиб, уларга хизмат қилади, мол-дунёсини сарфлайди, бироқ улар ё ожизликларидан ё эса қалблари ундан бурилгани учун ҳеч қандай фойда етказолмайди. Агар сидқидилдан эҳтиёжини изҳор қилиб Аллоҳга юзланса ва динни холис қилган ҳолда фақат Ундан мадад сўраса, Аллоҳ албатта унинг дуосини ижобат қилади, тилагини беради, зарарини даф қилади, раҳмати эшикларини унга очади» (Ал-фатава: 10/650) Шундай экан, орзу-умидларингизни асло Аллоҳдан бошқага боғламанг. Акс ҳолда, фақат ноумидликка эришасиз, ушбу улуғ ибодатда топганингиз фақат сўраниш хорлиги бўлади. Аллоҳнинг карами ва атосидан, мўл-кўл неъматларидан умидвор бўлинг, ҳожатларингизни бароридан келтиришини ва ғамларингизни аритишини Ундан сўранг. Мана шу нарса даражаларни кўтаради, нафсни хорликдан асрайди, шу билан орзулар рўёбга чиқади, улуғ ибодат – ражо ибодати адо топади!

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑