Олтинчи рукн: Қадар (тақдир)га иймон келтириш

Олтинчи рукн: Қадар (тақдир)га иймон келтириш

بسم الله الرحمن الرحيم

“Аҳлуссунна вал-жамоа” хар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг қазоси (ҳукми) ва қадари (ўлчови) билан бўлишига, Аллоҳ таоло хохлаган нарсасини қилувчи, барча нарса Аллоҳ таолонинг хохиши билан бўлиб, унинг хохиш даражасидан ташқари бўлмаслигига, Аллоҳ таоло бўлган ва бўладиган барча нарсаларни бўлишидан аввал азалда билган экани, ўзининг аввалдан билиши ва ҳикмати тақозо этганидек барча нарсаларни тақдирлаб қўйгани, бандаларининг аҳволи, ризқи, ажали амаллари ва уларнинг бошқа нарсаларини билишига, барча нарса Аллоҳ таолонинг илми, қудрати ва иродасидан содир бўлгани, хуллас, абадга қадар бўладиган барча нарса Аллоҳ таолонинг илми ўтган (яъни, Аллоҳ бир нарсанинг бўлишидан аввал унинг қандай бўлишини билиши) ва қалам ёзган нарсалар эканига қатъий эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло деди: “(Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир. Аллоҳнинг амри тақдир — белгиланган миқдор бўлди” (Аҳзоб: 38). “Биз барча нарсани ўлчов билан яратдик” (Қамар: 49). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда тақдирнинг яхши ва ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтирмагунича ва ўзига етган нарса хато қилмаслигини, хато қилгани эса етмаслигини билмагунига қадар комил мўъмин бўла олмайди (Албоний: “Саҳиҳу Сунанит-Термизий”).

“Аҳлуссунна вал-жамоа”: “Тақдирга бўлган иймон тўрт нарса билангина мукаммал бўлади деб айтадилар. Улар: “тақдирнинг босқичлари” ёки “тақдирнинг рукнлари” деб аталади. Мана шу нарсалар қадар масаласини тушуниш учун киришдир. Тақдирга бўлган иймон унинг барча рукнларини рўёбга чиқариш билангина комил бўлади. Чунки улар бир-бири билан чамбарчас боғликдир. Бу рукнларнинг барчасига иймон келтирган кишининг иймони мукаммал, бу рукнларнинг бири ёки бир нечасига иймон келтирмаган кишининг иймони бузилган бўлади.

Биринчи босқич: Илм-билиш.

Бу: “Аллоҳ таоло бўлиб ўтган ва бўладиган нарсалар, бўлмаган нарса агар бўлса қандай бўлишини умумий ва муфассал суратда билади. У махлуқларнинг нима иш қилишларини уларни яратишидан аввал билган. У уларнинг ризқлари, ажаллари, амаллари, ҳаракатлари, сукунатларини, уларнинг бахтли ва  бахтиқароларини билган. Аллоҳ таолонинг бу билиши унинг азалдан сифатланган қадим илми биландир”— деб иймон келтириш, демакдир.

Аллоҳ таоло деди: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билувчидир” (Тавба: 115).

Иккинчи босқич: Ёзиш.

Бу: “Аллоҳ таоло махлукларининг тақдирини илми аввалийсида билганига мувофиқ “Лавҳул-Маҳфуз” га ёзиб қўйган эканига, бу китоб хамма нарсани ўз ичига олган ундан бирор нарса тушиб қолмаган. Қиёмат кунига қадар бўлиб ўтган, бўлаётган ва бўладиган барча нарса “уммул-Китоб” да ёзилган эканига, бу китобни: “аз-Зикр”, “ал-Имом” ва “ал-Китабул-Мубийн” деб аталишига” иймон келтириш, демакдир. Аллоҳ таоло деди: “Барча нарсани Биз очиқ Китобда (Лавҳул Маҳфузда) санаб-белгилаб қўйгандирмиз” (Ёсин: 12). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло биринчи бўлиб қаламни яратди ва унга: “Ёз!”— деди. Қалам: “Нимани ёзай”— деди. Аллоҳ таоло: “Тақдирни ёз, бўлган ва илалабад бўладиган нарсаларни ёз!”— деди” (Албоний: “Сахиху Сунанит Термизий”).

Учинчи босқич: Ирода ва хохиш.

Яъни Коинотда содир бўлаётган барча нарса Аллоҳ таолонинг раҳмат ва ҳикмати ўртасида айланувчи ирода ва хохиши билан бўлади. Аллоҳ хохлаган кишисини ўз раҳмати билан ҳидоят қилади, хохлаган кишисини эса ўз ҳикмати билан адаштиради. Аллоҳ таоло ҳикмати ва салтанати комил бўлгани учун қилган ишларидан сўралмайди. Балки, бандалар қилган ишларидан сўраладилар. Чунки содир бўлган нарса “Лавҳул-Маҳфуз” да ёзилган Аллоҳ таолонинг ўтган илмига мосдир. Демак, Аллоҳ таолонинг хохиши бўлувчи ва қудрати барча нарсани ўз ичига олувчидир. Аллоҳ хохлаган нарса бўлади, хохламаган нарса бўлмайди. Бирон нарса унинг хохишидан четга чиқа олмайди. Аллоҳ таоло деди: “Сизлар фақат бутун Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳ хохласагина хохлайсизлар” (Таквир: 29). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одам фарзандларининг барчаларининг қалблари Раҳмон (Аллоҳ) нинг икки бармоғи ўртасида бир қалб кабидир. У (Аллоҳ) уни хохлаганидек айлантиради” (Имом Муслим ривояти).

Тўртинчи босқич: Яратиш.

Бу босқич қуйидаги нарсаларга иймон келтириш, демакдир: Аллоҳ таоло барча нарсанинг Холиқидир (Яратувчиси), ундан бошқа Холиқ ва Роб йўқдир. Аллоҳ таолодан бошқа барча нарса махлуқ (яратилган) бўлиб, У ҳар бир амал қилувчи ва унинг амалини, ҳар бир ҳаракатланувчи нарса ва унинг ҳаракатини яратувчидир. Аллоҳ таоло деди: “… ва (У, Аллоҳ) барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир ” (Фурқон: 2). Содир бўлаётган барча яхшилик ва ёмонлик, куфр ва иймон, тоат ва маъсиятни Аллоҳ таоло хохлаган, тақдир қилган ва яратган. Аллоҳ таоло деди: “Хеч бир жон мўмин бўла олмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (мўмин бўлади) ” (Юнус: 100). Яна бир оятда: “Айтинг: «Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур”. (Тавба: 51).

Аллоҳ таоло яратиш ва вужудга келтиришда Ёлғиздир, У барча нарсанинг истисносиз яратувчиси, ундан бошқа Холиқ ҳам, Роб ҳам йўқдир. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида Вакил-Ҳомийдир” (Зумар: 62). Аллоҳ таоло тоатни яхши кўради ва осийликни ёмон кўради. Ўзи хохлаган одамни ўз фазли билан ҳидоятлайди ва хохлаган одамни ўз адолати билан адаштиради. Аллоҳ таоло деди: “Агар сизлар кофир бўлсангизлар, албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар, (ва иймон келтирсангизлар) у сизлар учун (фақат шукр қилиб, иймон келтиришингизларгагина) рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (гуноҳини) кўтармас” (Зумар: 7). Аллоҳ адаштирган одам учун ҳужжат ва узр йўқдир. Чунки Аллоҳ таоло одамларнинг хужжатларини йўқ қилиш учун пайғамбарларни юборди, банданинг амалини унинг ўзига боғлади ва унинг касбидан деб ҳисоб қилди. Инсонни кодир бўла оладиган нарсаларгагина буюрди. Аллоҳ таоло деди: “Бу кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас) ” (Ғофир: 17). Бошқа оятда деди: “Дарҳақиқат, Биз уни (инсонни) (Тўғри) йўлга ҳидоят қилдик, (энди) у хох шукр қилгувчи бўлсин ва хох кўрнамак-кофир бўлсин. ” (Инсон: 3).

Яна бир оятда деди: “Токи бу пайғамбарлар (ўтганлари)дан кейин одамлар учун Аллоҳга карши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик.” (Нисо:165).

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286). Лекин, Аллоҳ таолонинг раҳмати баркамол бўлгани учун унга ёмонликнинг нисбатини берилмайди. Чунки У яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарди. Ёмонлик фақатгина Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган нарсалардагина бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Сенга етган хар кандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингдандир” (Нисо: 79). Аллоҳ таоло зулм қилишдан покдир. У адолат билан сифатланган ва ҳеч кимга зарра миқдорида зулм қилмайди. Унинг барча ишлари адолат ва раҳматдир. Аллоҳ таоло деди: “Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман” (Қоф: 29). Бошқа оятда деди: “Роббингиз ҳеч кимга зулм қилмайди” (Каҳф: 49).

Яна бир оятда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло заррача ҳам зулм қилмайди” (Нисо: 40). Аллоҳ таоло қилган ёки хохлаган нарсасидан масъул эмасдир. Аллоҳ таоло деди: “У (Аллоҳ) Ўзи қиладиган бирон нарса ҳакида масъул бўлмас (ҳеч кимга ҳисоб бермас). Улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар ” (Анбиё: 23). Аллоҳ таоло инсонни ва инсоннинг ишларини яратди. Унга қилган ишлари мажоз эмас, ҳақиқат бўлиши учун ирода, қудрат, ихтиёр ва хохишни берди. Бундан ташқари, унга яхшилик билан ёмонлик ўртасини ажратиб оладиган ақлни берди ва уни ўз хохиш ихтиёри билан қилган ишлардагина ҳисоб-китоб қилади. Инсон ишларни қилишга мажбурланган эмас. Балки, унинг ўз хохиш ва ихтиёри бор, у ўз ишлари ва эътиқодини ўзи ихтиёр қилади. Бирок, инсон ўз хохишларида Аллоҳ таолонинг хохишига тобеъдир. Аллоҳ таоло хохлаган хар бир нарса бўлади, хохламаган нарса эса бўлмайди. Аллоҳ таоло бандаларининг ишларини яратади. Бандалар эса Аллоҳнинг яратганларини бажарувчилар. Бас, Аллоҳдан амалларни яратиш, ижод ва тақдир қилиш, бандалардан эса қилиш ва касб этишдир. Аллоҳ таоло деди: “…сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хохлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳ хохласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хохлайсизлар” (Таквир: 28, 29). Тақдирни ҳужжат қилиб: “Агар Аллоҳ хохлаганда эди на биз ва на бизнинг ота-боболаримиз мушрик бўлмаган ва бирон нарсани ҳаром қилиб олмаган бўлур эдик” (Анъом: 148) — деб айтган мушрикларга уларнинг бу даъволарини рад этиб Аллоҳ таоло деди: “(Эй Мухаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Айтинг: “Олдиларингда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз! ”(Анъом: 148).

“Аҳлуссунна вал-жамоа” “Тақдир Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги сиридир. Уни на Аллоҳга яқин бўлган фаришта ва на юборилган пайғамбар билади. Тақдирга назар қилиш ва уни чуқур ўрганиш — залолатдир. Чунки, Аллоҳ таоло тақдир илмини махлуқларидан яширди ва уни талаб қилишдан уларни қайтарди. Аллоҳ таоло деди: “У (Аллоҳ) Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас. Улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар”. (Анбиё: 23). — деб эътиқод қиладилар.

“Аҳлуссунна вал-жамоа” ўзларига мухолиф бўлган ва адшаган гуруҳларга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи билан хитоб қилиб уни ҳужжат қиладилар: “Айтинг: “Ҳамма нарса Аллоҳдандир”. Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?! ” (Нисо:78). Мана шулар саҳобалар, тобеинлар ва уларга қиёмат кунига қадар яхшилик билан эргашган салаф солиҳлар иймон келтирган нарсалардир. Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин!

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑