Назр ибодатдир!
بسم الله الرحمن الرحيم
Назрнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилувчи бўлган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар» (Инсон: 7). Назр – мукаллаф аслида шариатда унга вожиб бўлмаган нарсани ўзига вожиб қилишидир, мисол учун рўза тутиш ёки садақа қилишни назр қилиш каби, енди бу ҳам Аллоҳга холис қилиниши вожиб бўлган ибодатдир. «Назрнинг далили…» Яъни, назрнинг Аллоҳдан бошқага буриш мумкин бўлмаган ибодат эканига далил.. «Аллоҳ таолонинг – назрига вафо қилувчиларни мақтаб айтган – қуйидги сўзларидир: «Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар..» Аслида уларга вожиб бўлмаган, бироқ улар ўзларига вожиб қилиб олишган ишни – назрни тўла адо этишар экан, демак, аслида шариат томонидан фарз ва вожиб қилинган амалларни албатта адо этишга лойиқдирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақат ибодатни адо қилган кишига мақтов айтади.
«Ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилувчи бўлган (Қиёмат) Кунидан қўрқурлар». Мусулмон кишининг қалби Аллоҳга боғланган бўлади, ибодат турларидан ҳеч бирини Аллоҳдан бошқага бурмайди, балки барча турдаги ибодатларни фақат Аллоҳга қилади. Агар шариат соҳиби фарзу вожиб қилмаган бирон ишни ўзига назр сифатида вожиб қилса, уни фақат ёлғиз Аллоҳ учун назр қилади. Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилса, итоат қилсин. Ким Унга осий бўлишни назр қилса, осий бўлмасин» (Бухорий ривояти №6318, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган)
Назр қасамдан каттароқ
Ким назрни Аллоҳдан бошқага бурса, ибодатлардан бирини Аллоҳдан бошқага бурган бўлади ва ширк домига тушади. Бу (гуноҳда) Аллоҳдан бошқага қасамёд қилишдан каттароқдир.
Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким Аллоҳдан бошқага назр қилса, мушрикдир, унинг ширки Аллоҳдан бошқага қасамёд қилганнинг ширкидан каттароқдир» (Ал-фатава: 33/123) Ким бир махлуққа назр қилса, унинг назри ҳисоб бўлмайди ва унга вафо қилиши ҳаром бўлади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мозорларга ёки қабр эгаларидан биронтасига атаб назр қилиш – Иброҳим Халилга ё фалон шайхга ё фалон аҳли байтга назр қилиш каби – маъсият назридир, дин имомлари иттифоқига кўра, унга вафо қилиш вожиб бўлмайди, балки унга вафо қилиш жоиз бўлмайди. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган хадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки: «Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилса, итоат қилсин. Ким Унга осий бўлишни назр қилса, осий бўлмасин» (Бухорий ривояти)» (Ал-фатава: 27/147) Ибодатни қандай қилиб фойда келтиришга ҳам, зарарни даф қилишга ҳам қодир бўлмаган махлуққа қилинади?! Бу жуда катта бўҳтон бўлади! Назрни Аллоҳдан бошқага қилинмайди. Агар тоат бўладиган бир ишда Аллоҳга назр қилса, унга вафо қилиш вожиб бўлади. Бошида Аллоҳга назр қилишнинг ўзи ҳам макруҳ, аслида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, назр «ҳеч нарсани олдинга ҳам, орқага ҳам суролмайди, бирон яхшилик ҳам олиб келмайди, шу билан бахилдан бир нарсани чиқариб олинади, холос» (Муттафақун алайҳ, Саҳиҳул Бухорий: №6234, Саҳиҳ Муслим: №1639, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган) Лекин, агар назр қилган бўлса, уни Аллоҳдан бошқага қилиш ҳалол бўлмайди, фақат Аллоҳга атаб қилади. Чунки, назр ҳам ибодатдир.
