Кичик ширк
بسم الله الرحمن الرحيم
Дарҳақиқат, кичик ширк тавҳидни ноқис қилади ва унга путур етказади. Кундалик ҳаётда шундай кичик ширклар борки, эътиқодни асраш ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун Аллоҳ ва Расули улардан бизларни огоҳлантирган. Негаки, улар тавҳидни ноқис қилади, балки улар бора-бора инсонни катта ширк сари етаклаши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар ўзингиз била туриб Аллоҳга (бирон мавжудотни) “нид” (яъни тенг ва ўхшаш) қилмангиз” [Бақара: 22].
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Нид – ширкдир. У чумолининг қоронғу кечада қора тош устида ўрмалашидан ҳам махфийроқдир. Ширк бу сенинг “Аллоҳга қасам, эй фалончи, сенинг ҳаётингга ва ҳаётимга қасамки…” дейишингдир. Ширк бу сенинг “Фалончининг ити бўлмаганида уйимизни ўғри урган бўлур эди” ва “Ҳовлида ўрдак бўлмаганида ўғри келган бўлур эди” дейишингдир. Ширк бу кишининг ҳамроҳига қарата: “Аллоҳнинг ва сенинг хоҳишинг”, дейишидир. Ширк бу кишининг: “Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида…”, дейишидир. Бу ишларга фалончини қўшмагин. Зеро, буларнинг барчаси Аллоҳга ширк келтиришдир” [Ибн Абу Ҳотим ривояти].
Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг баён қилишича, бу ишларнинг барчаси ширк амаллардан. Мазкур мисоллардаги ширкдан мақсад кичик ширкдир. Юқоридаги оят мазмуни эса умумий бўлиб, катта ва кичик ширкни ҳам ўз ичига олади. Демак, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо кичик ширк саналмиш мазкур мисолларни келтириш орқали катта ширкдан эҳтиёт бўлишга ишора қилган. Чунки мазкур иборалар ё билмаслик, ё эътиборсизлик сабабли кўпчилик инсонларнинг тилида айланиб юради. Қуйидаги ишлар кичик ширк қабилидан бўлган ишлардир:
Аллоҳдан ўзга билан қасам ичиш:
Аллоҳдан ўзга билан қасам ичиш ширкдир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким Аллоҳдан ўзга билан қасам ичса, шубҳасиз, куфр ёки ширк келтирган бўлади” [Термизий ривояти. Ҳадисни Термизий ҳасан, Ҳоким эса саҳиҳ деган] [Абу Довуд (3251), Термизий (1535) ва Аҳмад (2/125 – 6072) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган. Абу Довуд ҳадис тўғрисида сукут қилган, Термизий эса ҳасан деган. Ҳадис матни Термизийга оид. Абдулҳақ Ишбилий “Аҳкомус суғро”да (735) ва Аҳмад Шокир “Муснад” тахрижида (8/222) ҳадис санадини саҳиҳ деган. Ҳадисни Албоний “Саҳиҳи сунани Термизий”да саҳиҳ деган]
Ҳадисдаги “куфр ёки ширк келтирган бўлади” деган иборадан икки эҳтимолни тушуниш мумкин. Биринчиси, ровий иккиланиб шундай деган ва аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам куфр ёки ширк сўзидан биринигина айтганлар. Иккинчиси, ҳадисдаги “ёки” сўзи “ва” маъносида бўлиб, Аллоҳдан ўзгага қасам ичган кимса бу иши билан ҳам куфр, ҳам ширк келтирган бўлади. Бу ўринда куфр ва ширкдан диндан чиқармайдиган кичик куфр ва кичик ширк назарда тутилган бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда одамлар орасида Аллоҳдан ўзгага қасам ичадиганлар кўпайиб кетган. Кимдир омонатга, кимдир пайғамбарга қасам ичади. Яна кимнингдир: “Ҳаётимга ва эй фалончи, сенинг ҳаётингга қасамки…” дегани ва ҳоказо мавжудотлардан бири билан ичилган қасамлар қулоққа чалинади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисда Аллоҳдан ўзгага қасам ичишдан қайтаргани ва бу ишнинг куфр ёки ширк билан баробар эканини ўқидик. Негаки, бирон нарсага қасам ичиш уни улуғлаш демакдир. Ҳолбуки, улуғланиши ва номи билан қасам ичилиши фарз бўлган зот Аллоҳ таолодир. Бинобарин, Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичиш ширк ва катта жиноят. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичишим Аллоҳдан ўзга билан рост қасам ичишимдан яхшироқ”. [Абдурраззоқ “Мусаннаф”да (8/469), Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (3/79) ва Табароний (9/183) ривоят қилишган. Мунзирий “Ат-тарғиб ват-тарҳиб”да (4/58) ва Ҳайсамий “Мажмауз завоид”да (4/180) айтадилар: “Ровийлари саҳиҳ ҳадис ровийларидир”. Ибн Ҳажар Ҳайтамий “Аз-завожир”да (2/184) ва Албоний “Ирвоул ғалил”да (2562) ҳадисни саҳиҳ дейишган.] Маълумки, Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш гуноҳи кабира – катта гуноҳ саналади. Демак, кичик ширк бўлсада Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш гуноҳи кабирадан ҳам каттароқ гуноҳдир.
Шундай экан, мусулмон киши бу ишдан эҳтиёт бўлиши, жоҳилий урф-одатларга ўралашиб қолмаслиги лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ таоло сизларни ота-боболарингиз билан қасам ичишдан қайтаради. Кимда ким қасам ичса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин, акс ҳолда, сукут қилсин” [Муттафақун алайҳ][ Бухорий (6108) ва Муслим (1646) ривоят қилишган] Бундан бошқа ҳам талай ҳадиси шарифлар борки, улар бизларни фақат ёлғиз Аллоҳ номи билан қасам ичишга буюради, Ундан ўзга бирон мавжудот билан қасам ичишдан огоҳлантиради.
Бирон киши Аллоҳ номи билан қасам ичса, имкони борича унинг гапига ишониш фарз бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ота-боболарингиз билан қасам ичмангизлар. Ким Аллоҳ номи билан қасам ичса рост қасам ичсин. Кимга Аллоҳ номи билан қасам ичилса, (биродарига яхши гумон қилиб, унинг қасамига) рози бўлсин. Агар рози бўлмаса, Аллоҳга бирон яқинлик жойи йўқ”[ Ибн Можа (2101) ривояти. Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (7124) саҳиҳ деган]
Ножоиз таъбир:
Бунга бир кишининг “Аллоҳнинг хоҳиши ва сенинг хоҳишинг”, деган сўзини мисол қилиш мумкин. Жуҳайна қабиласидан бўлмиш Қутайла исмли аёлдан ривоят қилинади: “Бир яҳудий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди: “Сиз (мусулмон)лар ширк гапларни айтасизлар: “Аллоҳнинг хоҳиши ва сенинг хоҳишинг”, дейсизлар. Яна “Каъбага қасам” дейсизлар”. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни қасам ичмоқчи бўлсалар “Каъбанинг Раббига қасам” дейишга ва “Аллоҳнинг хоҳиши, сўнг сенинг хоҳишинг”, деб айтишга буюрдилар” [Имом Аҳмад ва Насоий ривояти][ Насоий (6/7) ривояти. Ибн Ҳажар “Ал-исоба”да (4/389) ҳадис санадини саҳиҳ дейди. Албоний ҳадисни “Саҳиҳи сунани Насоий”да саҳиҳ деган.]
Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда “бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: “Аллоҳнинг хоҳиши ва сизнинг хоҳишингиз”, дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мени Аллоҳга тенг қилдингми?! “Ёлғиз Аллоҳнинг хоҳиши”, деб айт”[ Аҳмад (1/214 – 1839), Бухорий “Ал-адабул муфрад”да (1/290), Насоий “Сунани кубро”да (6/245) ривоят қилишган. Ироқий “Тахрижи иҳё”да (3/200) ва Аҳмад Шокир “Муснади Аҳмад”да (3/253) ҳадис санадини саҳиҳ дейишган. Албоний “Саҳиҳи “Адабил муфрад””да (601) саҳиҳ деган.] Мазкур икки ҳадис ва ундан бошқа шу маънодаги ҳадислардан “Аллоҳ хоҳлади ва сен хоҳладинг” дейиш ҳамда шунга ўхшаш гапларни айтиш мумкин эмаслиги тушунилади. Масалан, “Аллоҳ ва сен бўлмаганингда” ёки “Менга ёрдам берадиган Аллоҳ ва сенгина борсан” каби иборалар шулар жумласидан. Чунки бу кўринишдаги иборалардан инсонни ёки махлуқотлардан бирини мазкур ишларда Аллоҳга тенглаштириш келиб чиқади. Ҳолбуки, бундай қилиш ширкдир. Шунинг учун бу каби ҳолатларда банданинг иши Аллоҳнинг ишидан кейин ва У зотнинг ишига тобе эканини ифода этадиган ибораларни қўллаш зарур. Масалан, “Аллоҳнинг хоҳлагани, сўнг сенинг хоҳлаганинг ёки фалончининг хоҳлагани” дейиш, шунингдек, “Агар Аллоҳ бўлмаганида, сўнг сен бўлмаганингда ёки фалончи бўлмаганида” ёки “Менга ёрдам берадиган Аллоҳ ва сўнгра сен борсан”, дейиш лозим. Чунки банданинг хоҳиши Аллоҳнинг хоҳишига тенг эмас. Банданинг хоҳиши Аллоҳнинг хоҳишидан кейинги даражада туради. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ хоҳласагина хоҳлай олурсизлар” [Таквир:29]. Демак, банданинг хоҳиши Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ ва унга тобедир. Банда мустақил бирон нарсани хоҳлай олмайди, балки уни Аллоҳ хоҳлаган бўлсагина хоҳлай олади. Аҳли суннат ва жамоат эътиқодига хилоф ўлароқ, қадарий мўтазилийлар инсон Аллоҳнинг хоҳиш-иродасидан фарқли хоҳиш-иродага эга ва Аллоҳ хоҳламаган ишни хоҳлай олади, дейдилар. Албатта, Аллоҳ таоло улар айтган фикрдан пок ва олийдир!
Кичик ширк турларидан яна бири ният ва мақсаддаги ширкдир. Бу турли ширк махфий ширк деб номланади. У икки турдан иборат: риё ва амал билан бирон дунёвий мақсадга эришишни қасд қилиш.
1) Риё:
Риё сўзи арабча “руъятун”, яъни “кўрмоқ” сўзидан олинган. Риёдан мурод одамлар кўриб мақташи учун ибодатни ошкор қилишдир. Риё билан “сумъа” (арабча “самоъ”, яъни “эшитмоқ” сўзидан олинган) ўртасидаги фарқ шундан иборатки, риё намоз каби кўринадиган амалларда акс этса, сумъа Қуръон тиловати, ваъз ва зикр каби эшитиладиган амалларда акс этади. Шунингдек, инсон ўз амаллари тўғрисида сўзлаши ва бошқаларга маълумот бериши ҳам сумъага киради. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга илоҳингиз ёлғиз илоҳ экани ваҳий этилмоқда. Шундай экан, ким Раббига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Раббига бандалик қилишда бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин!” [Каҳф: 110].
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ таоло ягона зот ва Ундан ўзга илоҳ йўқ экан, демак ибодат ҳам ёлғиз Унинг ўзига қаратилиши, Унга ҳеч нарса шерик қилинмаслиги лозим. Аллоҳ якка илоҳ бўлганидек якка ибодат қилинувчи зот ҳам бўлиши вожиб. Зеро, солиҳ амал риёдан холи ва суннатга мувофиқ амалдир…” [Иқтибос тугади].
Дарҳақиқат, Аллоҳ риёкорларни ҳалокат билан таҳдид қилиб шундай деди: “Намозларини ўз вақтида комил суратда адо этмайдиган, риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини одамлардан қизғанадиган намозхонларга ҳалокат – шиддатли азоб бўлсин!” [Моун: 4-5]. Бошқа бир оятда риё мунофиқларнинг сифатларидан эканини маълум қилиб шундай дейди: “Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни (қилмишларига муносиб равишда) алдовчидир. Агар улар намозга турсалар дангасалик билан турадилар ва одамларга риёкорлик қиладилар” [Нисо: 142]. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен ширкдан энг беҳожат зотман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга ўзгани шерик қилса, ширкига қўшиб унинг ўзини ҳам ташлаб қўяман” [Муслим ривояти]. Яъни, “Ким амали билан махлуқотларни қасд қилса унинг ўзидан ҳам, ширкидан ҳам безорман”. Ҳадиснинг Ибн Можага оид бир ривоятида шундай дейилади: “…Мен ундан безорман, қилган амали шерик қилган мавжудоти учун бўлади”. Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шуни билингки, Аллоҳдан бошқа учун қилинган амаллар ҳар хил бўлади. Гоҳида мунофиқлар ҳолатидаги каби буткул риёкорликдан иборат бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Агар улар намозга турсалар дангасалик билан турадилар ва одамларга риёкорлик қиладилар” [Нисо: 142]. Бундай риёкорлик мўмин кишидан фарз намоз ва рўзаларда қарийб содир бўлмайди. Бироқ садақаларда, шунингдек, фарз бўлган ҳаж ёки ундан бошқа зоҳирий амаллар ёхуд бошқаларга ҳам манфаати тегадиган амалларда баъзан содир бўлиши мумкин. Зеро, бу каби амалларда ихлосни учратиш нодир. Мусулмон киши бундай амалларнинг бекор кетиши, амал соҳиби эса Аллоҳнинг ғазаби ва уқубатига дучор бўлишида шубҳа қилмайди. Гоҳида амал Аллоҳ учун бўлади-ю, бироқ унга риё аралашади. Агар риё амалнинг негизига аралашса, у ҳолда саҳиҳ ҳадислар бу амалнинг ботил эканини кўрсатади. Бироқ амал Аллоҳ учун бўлса-ю, риё нияти кейин қўшилган бўлса, қаралади: агар у ўткинчи бир ўйдан иборат бўлиб, инсон уни фикридан узоқлаштирса, у ҳолда бундай риёнинг амалга таъсири йўқлигида хилоф йўқ. Аммо инсон кўнглига келган риёни даф қилмасдан амалида давом этаверса, бу амал ботил бўладими ёки инсон асл нияти холислиги сабаб ажр-савоб оладими?
Бу борада салаф уламолари ўртасида ихтилоф бор. Бу ихтилофни имом Аҳмад ва Ибн Жарир нақл қилиб, ҳар иккилари бундай амал ботил бўлмаслиги, балки инсон илк ниятига кўра ажр-савоб олишини рожиҳ деганлар. Шунингдек, бу фикр Ҳасан Басрий ва бошқалардан ҳам ривоят қилинган…” [Иқтибос тугади].
Шундай экан жонингизни душманларингиздан, мол-давлатингизни ўғрилардан эҳтиёт қилганингиздан кўра кўпроқ амалларингизни ширкдан эҳтиёт қилинг. Зеро, ширкнинг хатари буюкдир.
2) Инсон амали билан бирон дунёвий мақсадга эришишни қасд қилиши:
Инсон амали билан бирон дунёвий мақсадга эришишни қасд қилиши ният ва мақсаддаги ширк турларидан биридир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида бу тур ширкдан огоҳлантирган. Бу ширкнинг моҳияти аслида Аллоҳнинг розилиги учун қилиниши лозим бўлган амал билан бирон дунёвий ғаразни кўзлашдан иборат. Албатта, бу тавҳид камолига зид бўлган ва амални пучга чиқарадиган ширкдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ким (амали билан) дунё ҳаёти ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари ботилдир” [Ҳуд: 15].
Аллоҳ таоло бу икки ояти каримада хабар бермоқдаки, кимда ким амали билан фақат дунё ишларини, унинг фоний зебу зийнатларини қасд қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга дунёда қилган амалининг савобини саломатлик, хурсандчилик, мол-давлат, хотин ва бола-чақалар тимсолида тўла-тўкис қилиб беради. Бироқ бу Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилганидек Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ: “Ким фоний (дунё)ни истаса, Биз дунёда хоҳлаган нарсамизни хоҳлаган кишимизга нақд берурмиз” [Исро: 18]. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга насиба бўлмас. Чунки улар ўзларини дўзахдан халос этадиган бирон амал қилмадилар. Охиратда уларнинг амаллари ботил ва савобдан холи бўлади. Негаки, улар амаллари билан охиратни қасд қилмаган эдилар.
Қатода айтади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимнинг ғам-ташвиши, кетидан югургани ва нияти дунё бўлса, Аллоҳ уни шу дунёда ҳасанотлари билан мукофотлайди. Сўнг охиратга борганида эвазига мукофот оладиган ҳасаноти бўлмайди. Мўмин киши эса дунёда ҳасанотлари билан мукофотланса, охиратда ҳасанотлари эвазига ажр-савоб олади”.
Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Салафлардан мазкур оят тафсирида бугунги кунда одамлар қилиб юришадиган, ҳолбуки маъносини тушунмайдиган бир қанча тур амаллар зикр қилинган:
Садақа, намоз, силайи раҳм, одамларга яхшилик қилиш, зулмдан тийилиш ва ҳоказо кўпчилик инсонлар Аллоҳ розилиги учун қиладиган ёки четланадиган амаллар. Одамлар бу амаллар эвазига охиратда савоб олишни эмас, балки Аллоҳ таоло уларнинг мол-давлатини сақлаши ва кўпайтириши ёки бола-чақасини бало-офатлардан сақлаши ёки неъматларини доимий қилиши билан шу дунёда мукофот беришини қасд қилишади. Уларнинг жаннатга кириш ва дўзахдан қочиш ҳақидаги ўй-ташвишлари бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай кимсаларга қилган амалларининг ажр-савобини шу дунёда ато этади, охиратда эса уларга бирон насиба бўлмайди. Бу турни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо зикр қилган.
Бу тур олдингисидан кўра каттароқ ва қўрқинчлироқдир. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтишича, ояти карима ушбу турдаги инсонлар ҳақида нозил қилинган. Бу турга кўра инсон солиҳ амаллар қилар экан нияти одамларга риёкорлик қилиш бўлиб, охират савоби билан иши бўлмайди.
Бу турда инсон солиҳ амал қилар экан, аслида бу амал ортидан мол-давлат орттиришни қасд қилади. Мол-давлат илинжида ҳажга бориш, мол-мулк орттириш ёки бирон аёлга уйланиш мақсадида ҳижрат қилиш ёки ўлжа қўлга киритиш мақсадида жиҳод қилиш бу турнинг мисолларидандир. Бу тур ҳам мазкур оят тафсирида зикр қилинган. Шунингдек, бугунги кунимизда кенг тус олгани каби инсон фарзандларининг мадрасаси, уларни боқиш учун таълим олиши ёки масжид ходими бўлгани учун Қуръон ёдлаши ёки мунтазам жамоат намозига қатнаши ҳам ушбу турга мисол бўла олади.
Бу турда инсон ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳга ихлос билан тоат-ибодат қилади. Бироқ шу билан бирга диндан чиқарадиган куфр ишларни ҳам қилади. Бунга мисол яҳуд ва насоролар. Улардан Аллоҳнинг розилиги ва охиратни қасд қилиб Аллоҳга ибодат қиладиган, садақа берадиган ва рўза тутадиганлари бор. Шунингдек, ислом уммати ичида ҳам кўпчилик инсонлар борки, гарчи холис Аллоҳ розилиги ва охират савоби учун тоат-ибодат қилсаларда, аммо уларда буткул диндан чиқарадиган, амалларининг қабул бўлишига тўсқинлик қиладиган куфр ва ширк ишлар бор. Бу тур ҳам мазкур оят тафсирида Анас ибн Молик ва бошқалардан зикр қилинган. Салафи солиҳлар бу турдан қаттиқ қўрқиб эҳтиёт бўлар эдилар” [Иқтибос тугади].
Юқорида зикр қилинган икки оят мазкур тўрт турнинг барчасини ўз ичига олади. Чунки унда зикр қилинган лафз умумийдир. Бинобарин, иш жиддий ва хатарли бўлиб, мусулмон кишидан охират амали билан бирон дунёвий мақсадни қасд қилишдан эҳтиёт бўлишни тақозо қилади. “Саҳиҳи Бухорий”да зикр қилинишича, кимнинг мақсади дунё бўлса, бор кучи билан унинг ортидан қувса, дунёга қул бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Динор қули ҳалок бўлсин, дирҳам қули ҳалок бўлсин. Беқасам қули ҳалок бўлсин, духоба қули ҳалок бўлсин. (Бундай кимсаларга истагани) берилса рози бўлади, берилмаса норози бўлади. Бундайлар ҳалок бўлсин, йиқилиб аҳволи баттарлашсин. Борди-ю, (баданига) тикан кирса ҳам уни игна билан чиқара олмасин!”. Инсон амали билан мазкур нарсаларни қасд қилгани учун унинг қули деб номланди. Зеро, қалби билан Аллоҳдан бошқасига юзланган ҳар қандай кимса ибодатида уни Аллоҳга шерик қилган бўлади. Аксар инсонларнинг аҳволи шундай. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун ғам-ташвиши ва ҳимматини дунёга қаратган кимсани бахтсизлик, ҳалокат, таназзул ва ҳатто танасига кирган биргина зирапчани чиқаришдан ҳам ожизликка дучор бўлиш билан дуоибад қилдилар. Ушбу қабиҳ сифатлар билан сифатланган кимсалар у зотнинг дуоибадлари асоратини кўриши, дунё ва охиратда зиёнга юз тутиши муқаррар.
Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай кимсаларни динор қули, дирҳам қули, духоба қули ва беқасам қули деб номладилар, уларни дуоибад қилдилар. “Бундайлар ҳалок бўлсин, йиқилиб аҳволи баттарлашсин. Борди-ю, (баданига) тикан кирса ҳам уни игна билан чиқара олмасин!”. Бу бошига тушган мусибатдан чиқа олмаган ва нажот топмаган кимсанинг ҳолатидир. Зотан, у йиқилган, аҳволи баттарлашган. Оқибат, мақсадига ҳам эришмаган, бало-кулфатдан ҳам нажот топмаган. Зеро, мол-дунёга сиғинган кимсанинг аҳволи шу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундайларнинг ҳолатини мол-дунё берилса рози бўлиши, аксинча, мол-дунёдан маҳрум қилинсалар, жазавага тушиши билан тавсифладилар. Бу ҳолат Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида айтилган ҳолатга ўхшайди: “Улардан сизни садақалар (тақсимоти)да айблайдиганлари бор. Уларга садақалардан (бирон насиба берилса) рози бўлиб (жим бўладилар), агар садақалардан (бирон улуш) берилмаса, дарров (сиздан) норози бўла бошлайдилар” [Тавба: 58]. Бинобарин, уларнинг розилиги ҳам, норозилиги ҳам Аллоҳ розилигидан ўзга сабаблар учундир. Зотан, мансаб ёки мол-дунё каби инсон нафсининг ҳойи-ҳаваслари каби дунё ишларига ишқи тушган одамнинг ҳолати шундай: дунёвий мақсадига эришса рози, акс ҳолда норози бўлиб, нолиб юраверади. Бундай кимсалар нафснинг тубан истак-хоҳишларига қулдир.
Зеро, аслида қуллик ёхуд бандалик қалбнинг қуллиги ва бандалигидир. Қайси бир нарсага бўлган интилиш ва муҳаббат қалбни чулғаб, уни ўзига қул қилиб олса, инсон шу нарсанинг қулига айланади… мол-давлат ҳам шундай; у инсонни қулига айлантиради. Мол-давлат икки тур бўлади:
Инсон кундалик ҳаётида муҳтож бўлган нарсалар. Маълумки, инсон кундалик ҳаётида егулик ва ичгуликка, оила қуришга, уй-жойга ва ҳоказо нарсаларга муҳтож. Бу нарсалар Аллоҳдан сўралади, уларни ҳосил қилиш учун Унга мурожаат қилинади. Бундай мол-давлат инсоннинг қалбига кириб, уни ўзига қул қилиб олмай, балки унинг қўлида бўлади, уни худди миниб юрган эшаги ёки устида ўтирадиган гилами каби кундалик эҳтиёжларига ишлатади.
Инсон кундалик ҳаётида муҳтож бўлмаган мол-давлат. Инсон бундай мол-давлатга кўнгил бурмаслиги лозим. Агар инсоннинг молга ишқи тушса, молнинг қулига айланади. Эҳтимол, бора-бора Аллоҳдан бошқасига сиғинадиган, унга суянадиган бўлиб қолади. Оқибатда, бундай кимсада Аллоҳга сиғиниш, Унга таваккул қилиш йўқолади ва Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ва Аллоҳдан ўзгага таваккул қилиш – таянишдан бир парча пайдо бўлади. Шундай қилиб у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Динор қули ҳалок бўлсин, дирҳам қули ҳалок бўлсин. Беқасам қули ҳалок бўлсин, духоба қули ҳалок бўлсин” деган сўзларига ҳақли бўлиб қолади. Бундай кимса гарчи мазкур нарсаларни Аллоҳдан сўраса ҳам уларга қул саналади. Аллоҳ унга бу нарсаларни берса рози бўлади, агар унга берилмаса тезда норози бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳга ибодат қилган чинакам банда Аллоҳни рози қилган нарсага рози бўлган, Аллоҳни ғазаблантирган нарса уни ҳам ғазаблантирган, Аллоҳ ва Расули яхши кўрган нарсани яхши кўрган ва Аллоҳ ва Расули ёмон кўрган нарсани ёмон кўрган, шунингдек, Аллоҳнинг дўстларини дўст билиб, Унинг душманларига душманлик қилган кишидир. Ана шундай кишигина иймони бут кишидир” [Иқтибос тугади].
Бугунги кунда дунёга берилиш натижасида ҳаром олди-бердилар ва ношаръий даромадга қўл ураётган кишилар ҳам мол-давлат қулларидирлар. Банклар ҳамда ундан бошқа шахс ва муассасалар билан рибо муомаласини қилаётганлар, пора ва қимор орқали даромад қўлга киритаётганлар, савдо-сотиқда кўзбўямачилик ва ёлғон билан, келишмовчиликларда фисқу фужур билан мол-мулк орттираётганлар ана шулар жумласидан. Бундай кимсалар қилаётган ишларининг ҳаром эканини билсаларда, бироқ мол-давлатга бўлган муҳаббатлари қалб кўзларини кўр қилиб қўйган, оқибатда пулнинг қулига айланишган, қайси йўл билан бўлсада дунё орттириш пайида бўлиб қолганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бизларни ва бутун мусулмон булган биродарларимизни очкўзликдан, нафснинг ҳойи-ҳавосига учишдан саломат қилишини сўраймиз!
