Истионат, Истиъоза, Истиғоса ибодатдир

Истионат, Истиъоза, Истиғоса ибодатдир!

بسم الله الرحمن الرحيم

Истионат ибодатдир.

Истионатнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5). Ҳадисда келганки: «Агар мадад сўрасанг, Аллоҳдан мадад сўра». Истионат — мадад сўраш демакдир. У Аллоҳга бўлган иймон-ишончни ва Унга тўла хокисорлик билан суянишни ўзида жамлайди. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Истионат – Аллоҳдан мадад сўраш учта ишни; Унга тўла хокисорлик билан эгилишни, Унга қаттиқ ишонишни ва Унга суянишни ўз ичига олади. Ким ушбу учта маънони ўзида мужассам этган ҳолда Аллоҳдан бошқадан мадад сўраса, ўша бошқани Аллоҳга шерик қилган бўлади» (Мадарижус-саликийн: 1/74) «Истионатнинг далили…» Яъни, мадад сўрашнинг ибодат турларидан эканига далил: «Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Сенгагина ибодат қиламиз – яъни ибодатга фақат Сени хослаймиз – ва Сендангина мадад сўраймиз – халқларингдан эмас, фақат Сенинг Ўзингдан мадад сўраймиз». Ибодатдан сўнг мадад сўрашни зикр қилди, ваҳоланки у ҳам ўзи ибодат ичига дохил эди. Бунинг сабаби, банда барча ибодатларида Аллоҳдан мадад сўрашга муҳтождир. Чунки, агар Аллоҳ ёрдам бермаса, банда ўзи истаган Аллоҳнинг буйруқларини қилишга ва қайтариқларидан тийилишга эриша олмайди. Демак, биринчиси ширкдан ўзини холи қилиш, иккинчиси эса куч-қувватдан ўзини холи қилишдир.

Диннинг мадори (ҳаракат йўли) ибодат ва истионат устидадир. Аллоҳнинг ибодатини адо этиш ва Ундан мадад сўраш абадий саодатга эришиш ва барча ёмонликлардан нажот топиш воситасидир. Нажот йўли фақат шу иккисини адо этишдадир. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дин — фақат Аллоҳгагина ибодат қилиниши ва фақат Ундангина мадад сўралишидир» (Ал-фатава: 1/89) Ибодат Унинг улуҳияти тақозоларидан, истионат эса Унинг рубубияти тақозоларидандир. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сенгагина ибодат қиламиз» Унга улуҳияти тақозоси қилган муҳаббат, хавф, ражо, амр ва наҳийлар билан ибодат қилишга ишорадир. «Сендангина мадад сўраймиз» эса Унинг рубубияти тақозо қилган таваккул, суяниш ва таслим бўлишга ишорадир» (Ал-фатава: 1/89) Мадад сўраш келгусидаги ишлар учун бўлади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Истионат ва таваккул фақат келгусидаги ишларга тааллуқлидир. Аммо, бўлиб ўтган ишларда фақат сабр, таслим ва розилик (муносибдир)» (Ал-фатава: 13/321) Унга эришиш йўли: Мадад сўраш буюк ибодатдир. Ушбу ибодатда ёрдамчи бўладиган нарса «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деган сўзлардир. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: ««Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деб айтиш мадад олиб келади. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззин «ҳайя алас-солаҳ» деган пайтда уни эшитган киши «ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деб айтишни (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №588, Муслим: №385 Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар) суннат қилганлар» (Ал-фатава: 13/322) Яна айтади: «Ушбу калима – яъни «ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» калимаси – истионат (мадад сўраш) калимасидир, (мусибат пайтида айтиладиган) истиржоъ калимаси эмас. Кўпчилик одамлар уни мусибатлар пайтида истиржоъ ўрнида айтишади, бу сўзларни сабр билан эмас, жазаъ (оҳ-воҳ) билан айтишади» (Ал-фатава: 10/686) Дуолар ичида энг жомеъ (кўп фойдали) бўлгани тоатга мадад сўрашдир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ деганки, энг фойдали дуони ўйлаб кўрсам, у Аллоҳдан Унинг розилигига эриштирадиган ишларда ёрдам сўраш экан, кейин ушбу дуони «Фотиҳа» сурасида «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» оятида эканини кўрдим» (Мадарижус-саликийн: 1/78) Аллоҳдан мадад сўраш билан халқлардан мадад сўрашдан беҳожат бўласиз. Банда беҳожатлигининг камоли (чўққиси) Парвардигорига боғланишидадир. Ким Аллоҳдан мадад сўрашни тарк қилса ва бошқалардан мадад сўрашга ўтса, Аллоҳ уни ўша ўзи мадад сўраган кимсаларга топшириб қўяди ва шу билан у банда хорликка гирифтор бўлади. Пайғамбарлар ўз қавмларини ёлғиз Аллоҳдан мадад сўрашга буюрганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Мусо қавмига деди: Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз!» (Аъроф: 128).

«Ҳадисда келганки…» Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Ўзидан мадад сўрашга буюриб, айтганлар: «Агар мадад сўрасанг, Аллоҳдан мадад сўра» (Сунанут-термизий: №2516) Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шахс талаби билан, қалби билан ё орзу-умиди билан Аллоҳ таолодан бошқага суяниши миқдорига қараб Парвардигоридан юзини ўзига фойда ҳам, зарар ҳам етказолмайдиган (банда)га қараб буради. Аллоҳдан бошқадан қўрқиш ҳам худди шундай» (Шарҳул-арбаъийн ан-нававия: 122-с)

Махлуқдан мадад сўраш

Тирик махлуқдан (яъни бандадан) у қодир бўладиган ишларда мадад сўрашнинг зарари йўқ. Агар яхшилик ишларда бўлса, эҳсон бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2). Агар гуноҳ ишларда бўлса, ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). Аммо, ўликлардан мадад сўраш ёки тирик бўлса ҳам ғойибдагилардан мадад сўраш ёки ҳозир бўлиб турган тириклардан улар қодир бўлмайдиган ишда мадад сўраш ширк бўлади.

Банда заифдир, у Парвардигорнинг мададидан асло беҳожат бўлмайди. Ким матлубини рўёбга чиқаришга сай-ҳаракат қилса, албатта Аллоҳдан мадад сўраши, Унга таваккул қилиши ва Унга муҳтожлигини кўрсатиши лозим. Аллоҳнинг бандаларга катта фазли-марҳамати бўлдики, қай бир банда Унга боғланса, Аллоҳ унга ёрдам беради. Истионат улуғ ибодатдир, банда уни рўёбга чиқариши ва унда сусткашликка йўл қўймаслиги лозим.

Истиъоза ибодатдир.

Истиъозанинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан паноҳ сўрайман» (Фалақ: 1) ва «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан паноҳ сўрайман» (Ан-нос: 1). Истиъоза – паноҳ сўраш, сақланиш, боғланиш маъноларини билдиради. Унинг моҳияти эса, ўзингиз қўрқадиган нарсадан сизга паноҳ берадиган зот сари қочишингиздир.

Аллоҳдан истиъоза қилиш Аллоҳдан паноҳ сўраш, Унга қараб қочиш ва Унга боғланиш, Унинг ўзи кифоя қилувчидир ва барча ёмонликлардан ҳимоя қилувчидир деб эътиқод қилишдир. У Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ибодатлардан биридир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Агар сизни шайтоннинг васвасаси йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг!» (Аъроф: 200). Аллоҳ таоло яна айтганидек: «(Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган — малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!» (Наҳл: 98). «Фатҳул-мажийд»да айтилади: «Аллоҳдан ўзгасидан паноҳ сўраш жоиз эмаслигига уламолар ижмоъ-иттифоқ қилганлар» (Фатҳул-мажийд шарҳ китабит-тавҳийд: 188-сахифа)

Мусибатларни аритиш ва ғамларни кўтаришда оламлар Парвардигоридан ўзга илтижо қилинувчи зот йўқдир. Ҳаёт офатлар ва кўргиликлар билан тўладир. Ҳар бир банданинг инсу жиндан бўлган душмани бўлади, уларнинг энг олдинги қаторида Иблис – лаъанаҳуллоҳ – туради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар!» (Фотир: 6). Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбар учун инсонлар ва жинлардан бўлган душманлар бўлишини хабар бериб айтади: «Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар» (Анъом: 112). Пайғамбарларнинг тобеълари ҳам худди шундай синов-имтиҳонларга учрайдилар. Ҳеч қайси банда инсу жинлар ёмонлигидан ва ҳаётдаги балою офатлардан Аллоҳдан паноҳ тилаш ва Аллоҳнинг ҳимоясини сўрашдан беҳожат эмасдир. Ким Аллоҳдан паноҳ тиласа, Аллоҳ Ўзининг Китобида бир неча ўринда буюрган улуғ ибодатни адо қилган бўлади. Истиъозанинг ибодат эканига далил «Истиъозанинг далили…» Яъни, Аллоҳдан паноҳ сўрашнинг ибодат турларидан бири эканига далил: «Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонгнинг Парвардигоридан паноҳ сўрайман» (Фалақ: 1) ва «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан паноҳ сўрайман» (Ан-нос: 1). Мазкур икки сура- «муаввизатайн» ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: «Бу кеча аввал ҳеч ўхшаши кўринмаган оятлар нозил қилинди, «Қул аъувзу бироббил-фалақ» ва «Қул аъувзу бироббин-нас» (Муслим ривояти)

Истиъоза нафас олиш ва ейиш-ичишдан ҳам муҳимроқдир.

Мусулмон киши эртаю кеч доимо мана шу икки сура билан истиъоза қилиб юриши вожиб бўлади, истиоъза уни куну тун офат ва ёмонликлардан қўрғонлайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳуни бу икки сура билан паноҳ сўрашга буюриб: «Сиз шу иккиси билан паноҳ сўранг. Ҳеч бир паноҳ тиловчи ушбу иккиси билан паноҳланганча паноҳланмаган», деганлар (Абу Довуд ривояти)

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Банданинг мана шу икки сура билан паноҳ сўрашга бўлган ҳожати унинг нафасга, емак-ичмак ва либосга бўлган ҳожатидан ҳам каттароқдир» (Бадаъиул-фаваид: 2/199) Парвардигор субҳанаҳу ва таоло куч-қудрат ва ғолиблик сифатлари билан сифатланган Зотдир. Ким У билан паноҳланса, ҳеч кимнинг озори унга етмайди, сабаблари мавжуд бўлиб тургани ҳолда ҳам зарар унга тегмай ўтиб кетади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир манзилга тушганида: «Аъузу бикалиматиллаҳит-тааммаати мин шарри маа холақ» (яратган нарсаларининг ёмонлигидан Аллоҳнинг мукаммал калималари билан паноҳланаман) деса, то шу манзилдан кетгунча унга ҳеч нарса зарар етказолмайди» (Муслим ривояти, №2708, Хавла бинт Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган) Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу саҳиҳ хабар ва рост сўздир, биз унинг тўғрилигини далил ва тажриба билан билдик. Мен мана шу хабарни эшитганимдан бери унга амал қилиб келдим ва менга ҳеч нарса зиён-зарар етказмади. Бир куни тунда, Маҳдияда (Андалусдаги бир шаҳар номи) уни тарк қилганимда чаён чақиб олди. Ўйлаб кўрсам, мазкур калималар билан паноҳ сўрашни унутган эканман» (Фатҳул-мажийд: 190)

Инсон озорларга кўндаланг бўладиган заиф бандадир, унинг ҳаёти Аллоҳга боғланиш ва Ундан паноҳланиш билангина хуш кечади. Банда зарар ҳам, фойда ҳам Аллоҳнинг қўлида эканини билиши, унга зарар етказиш учун тиришаётган кимса модомики Аллоҳ хоҳламаса, бунга эриша олмаслигига ишониши зарур. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Билгинки, агар ер юзидаги ҳамма одам жамланиб сенга бирон фойда етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ фойда етказа олишмайди. Агар ер юзидаги ҳамма одам жамланиб сенга бирон зарар етказмоқчи бўлишса, Аллоҳ сенинг тақдирингга ёзган нарсадан ортиқ зарар етказа олишмайди. Тақдир қаламлари кўтарилиб, саҳифалар қуригандир» (Термизий ривояти №2516, 2/385, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган) Аллоҳ таоло зарари зоҳир ва банданинг кўзига аниқ кўриниб турадиган нарсани, яъни сеҳрни зикр қилди. Шунда ҳам, баъзида зарар ундан бурилиб кетади. Аллоҳ таоло айтади: «(Лекин) улар (яъни, сеҳр ўрганганлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).

Истиъоза – Аллоҳдан паноҳ сўраш энг улуғ ибодатлардан биридир. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни зулматлар бағридан тонгни ёриб чиқарувчи Зотдан барча махлуқотлари ёмонлигидан – тун қоронғулигидаги ёмонликлардан, сеҳргарлар ёмонлигидан, ҳасадчилар ёмонлигидан паноҳ тилашга буюрди. Зотан, оламдан зулматни кетказиб, ёруғликни келтиришга Қодир Зот паноҳ сўровчидан у қўрқадиган нарсаларни даф қилишга ҳам Қодирдир. Бандадан паноҳ сўраш: Тирик ва ҳозир бўлиб турган бандадан у қодир бўлган ишда паноҳ сўрашнинг зарари йўқ. Жобир ибн Абдулоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Бану Махзум қабиласилик бир аёл ўғирлик қилганида уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб келинди. У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Умму Салама розияллоҳу анҳодан паноҳ сўради.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, агар (қизим) Фотима ўғирлик қилганида, унинг қўлини кесган бўлардим», дедилар, сўнг (унинг қўли) кесилди. (Муслим ривояти) «Тайсирул-азизил-ҳамид»да айтилади: «Махлуқдан (бандадан) у қодир бўладиган ишни талаб қилиш ва ўшанда ундан паноҳ сўраш мумкин, Аллоҳдан ўзгаси қодир бўлмайдиган ишларда ундай эмас, бунда фақат Аллоҳдангина паноҳ сўралади» (Тайсирул-азизил-ҳамид: 211) Аммо, ўликлардан ёки тирик бўлса ҳам ғойибдагилардан ёки ҳозир бўлиб турган тириклардан улар қодир бўлмайдиган ишларда паноҳ сўраш катта ширкдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишни-муттаҳамликни зиёда қилур эдилар» (Жин: 6). Шундай экан, тилакингиз ва паноҳ исташингизни фақат Аллоҳ сари буринг, Ундан ўзга ҳеч ким ҳалокатлардан сақлаб қололмайди, Ундан бошқаси фойдаларни етказолмайди.

Истиғоса ибодатдир.

Истиғосанинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилди» (Анфол: 9). Истиғоса – иғоса ва ғавс, яъни мадад тилаш маъносида бўлиб, танглик ва оғир машаққатдан қутқаришни сўрашдир. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Истиғоса фақат қийинчиликдан кейин бўлади» (Бадаиул-фаваид: 1/60)

Дуо билан истиғоса ўртасидаги фарқ:

Истиғоса фақат бирон мусибат ва машаққат туфайли қилинади. Дуо эса омдир, мусибатда ҳам, бошқа пайтда ҳам қилинаверади. Истиғоса дуо турлари ичида энг хоси бўлиб, бошига оғир иш тушган кишининг дуосини истиғоса дейилади. Истиғоса ва истиъоза ўртасидаги фарқ:

Истиъоза Аллоҳдан сизни сақлашини, қўрғонлашини ва сиздан ёмонликни ман қилишини сўрашдир.

Истиғоса эса Аллоҳдан бошингизга тушган машаққат ва шиддатни кетказишини сўрашдир. Истиғоса Аллоҳга тамомила муҳтожликни ва Унинг кифоя қилувчи Зот эканига бўлган ишончни ўз ичига олади. У энг афзал ва энг комил амаллардан биридир. Инсон бу ҳаётда ҳар хил машаққат ва кўргуликларга дучор бўлиб туради. Шунда ким бошига тушган қийинчиликни аритишини сўраб, Парвардигоридан истиғоса қилса – мадад сўраса, пайғамбарлар ва солиҳ зотлар машаққатлар пайтида бош урган ва шу туфайли Аллоҳ уларнинг мусибатларини аритган улкан ибодатни адо этган бўлади. «Истиғосанинг – ибодат эканига – далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилди» (Анфол: 9). Яъни, сизлар Аллоҳнинг сизларга бўлган неъматини эсга олинг, ўшанда душманларингиз билан тўқнашиш онлари яқинлашган пайтда Парвардигорингиздан мадад, нусрат ва ғалаба тилаб дуо қилдингиз, шунда У сизларга ижобат қилди. Бу воқеа Бадр жанги куни бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг сони кўплигини кўриб, Парвардигорларига нидо қилиб, дуо-илтижолар билан Ундан мадад сўраган эдилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга душманлари устидан ғалаба ато этди, мусулмонлар душманларни ўлдирдилар, асир олдилар, Ислом ғолиб бўлди ва бу кун Фурқон куни деб аталди. Ширкка мансуб истиғоса: Ушбу оят далолатига кўра, истиғоса энг улуғ ибодатлардан биридир, уни Аллоҳдан бошқага буриш – бут-санамлардан, ўликлардан, ғойиблардан ва шу кабилардан мадад сўраш – Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Унинг – яъни ширкнинг – яна бир тури ҳожатларни ўликлардан сўраш, улардан мадад сўраш ва уларга (дуо-илтижо билан) юзланишдир. Бу оламдаги ширкнинг аслидир. Аслида, маййитнинг амали узилди, у энди ундан мадад сўраганларга, ундан ҳожатини адо этишини тилаганларга ва ундан Аллоҳ ҳузурида шафоатчи бўлишни истаганларга ёрдам бериш у ёқда турсин, ўзи учун ҳам фойда келтириш ва зарарни даф этишга эга бўлмайди» (Мадарижус-саликийн: 1/346) Бу истиғосанинг (яъни ширкка мансуб истиғосанинг) ҳасрат ва надоматдан бошқа натижаси йўқдир, унинг эгаси ҳеч қачон рўёбга чиқмайдиган сароб ортидан бораётган бўлади, дунёда зиёнкорга, охиратда эса ҳалок бўлувчига айланади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Абу Язид раҳимаҳуллоҳ айтганидек, махлуқнинг махлуқдан мадад сўраши чўкаётганнинг чўкаётгандан мадад сўрашига ўхшайди» (Ал-фатава: 14/29)

Ким Аллоҳдан бошқага – ўликларга ё ғойибдаги тирикларга – дуо-илтижо қилса, бу истиғосаси устида йиллаб ўтирса ҳам, ҳеч қачон истаги амалга ошмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар» (Фотир: 14). Жоиз бўлган истиғоса: Ҳозир бўлган ва ёрдам беришга қодир бўлган тириклардан ўзлари қодир бўлган ишларда мадад сўраш жоиз. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссасида айтади: «(Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради» (Қасас: 15). Аммо, улардан ўзлари қодир бўлмайдиган ишларни сўраш, ёки ўликлардан ё ғойиблардан мадад ва ҳожатларни аритишни сўраш Аллоҳга ширк келтириш бўлади. Бошингизга бирон оғир иш тушса ва шиддат-машаққат кучайса, ғайбларни Билувчи Зотдан мадад сўранг, осмонлару ер калитлари Унинг Қўлидадир. Аллоҳ таборака ва таоло деди: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур (вужудга келур)» (Ясин: 82).

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑