Иккинчи рукн: Фаришталарга иймон келтириш
بسم الله الرحمن الرحيم
Фаришталарга иймон келтириш — уларнинг борлигига хеч шак ва шубҳаси бўлмаган қатъий эътиқод қилишдир. Аллоҳ таоло деди: “Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўъминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган хар бир киши (айтди)….” (Бақара: 285).
Фаришталарнинг борлигини инкор этган одам, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига биноан кофир бўлади: “Кимки Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди” (Нисо: 136).
“Аҳлуссунна вал-жамоа” фаришталарга умумий суратда иймон келтирадилар, аммо муфассал суратда фақат далиллари ишончли бўлган, Аллоҳ таоло ва расулуллоҳ соллАллоҳу алайхи ва саллам баён қилганларига иймон келтирадилар: Улар ваҳийга вакил қилинган Жаброил, ёмғирга вакил қилинган Мийкоил, Сурга вакил қилинган Исрофил, жонларни олишга вакил қилинган Малакул-мавт, жаҳаннам посбони Молик, жаннат посбони Ризвон ва қабр фаришталари Мункар ва Накирлардир. “Аҳлуссунна вал-жамоа” фаришталарнинг бор эканлигига, уларнинг шахслар эканлиги, маънавий нарсалар эмас ҳис қилинадиган нарсалар эканига, улар Аллоҳ таолонинг нурдан яратган махлуқлари ва Осмонда яшашларига иймон келтирадилар. Фаришталар — улкан махлуқлардир. Уларнинг қанотлари бор. Баъзиларининг қаноти иккита, баъзилариники учта, баъзилариники тўртта, баъзилариники эса ундан кўпдир. Фаришталар Аллоҳ таолонинг қўшинларидан биридир. Улар, Аллоҳ таолонинг изни ила, вазиятларга қараб турли махлуқлар шаклига кира оладилар. Улар Аллоҳ таолога яқин ва муҳтарам бўлиб, эркаклик ва аёллик сифатлари билан сифатланмайдилар, уйланмайдилар ва болалаб кўпаймайдилар. Фаришталар емайдилар ва ичмайдилар. Уларнинг таоми тасбиҳ ва таҳлил бўлиб, уни айтишдан ҳеч ҳам зерикмайдилар ва чарчамайдилар. Уларнинг сифатлари яхшилик, гўзаллик, ҳаё ва интизомлиликдир. Фаришталарнинг одамлардан фарқи, улар ибодат қилиш ва гуноҳ ишларни қилмасликка табиатлантириб яратилганлар. Аллоҳ таоло уларни Ўзига ибодат қилишлари ва буйруқларини ижро этишлари учун яратган. Аллоҳ таоло деди: “У (мушрик)лар: “Аллоҳнинг (фаришталардан) боласи бор”— дедилар. У зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У Зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар. Улар (Аллоҳнинг) амру фармони билангина амал киладилар. У Зот уларнинг олдиларидаги (қиладиган) ва оркаларидаги (қилиб ўтган) барча иш-амалларни билур. Улар (Қиёмат коим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар. Уларнинг ўзлари (Аллоҳдан) қўрқиб хавфу хатарда турурлар” (Анбиё: 26-28). Фаришталар кеча ва кундуз Аллоҳ таолога тасбиҳ айтадилар ва осмондаги “Байтул-Маъмур” ни тавоф қиладилар. Улар Аллоҳ таолодан жуда хам қўрқадилар.
Фаришталарнинг турлари: Фаришталарнинг баъзилари ваҳийга, баъзилари Аршни кўтаришга, баъзилари тоғларга, баъзилари жаннат, баъзилари эса жаҳаннамга вакил қилинган. Баъзи фаришталар бандаларнинг қилган амалларини ёдлаш, баъзилари мўъминларнинг жонларини, баъзилари кофирларнинг жонларини олиш, баъзилари эса қабрда бандаларни сўроқ қилишга вакил қилинган. Баъзи фаришталар мўъминлар учун истиғфор ва салавот айтадилар ва уларни севадилар. Баъзи фаришталар илм мажлислари ва Аллоҳнинг зикри бўлаётган ҳалқаларда ҳозир бўладилар ва у ерда ўтирган кишиларни ўз қанотлари билан ўраб оладилар. Уларнинг баъзилари инсонга боғланган бўлади, ундан ҳеч ҳам ажралмайди. Баъзи фаришталар бандаларни яхши ишларни қилишга даъват этадилар. Баъзи фаришталар яхши кишиларнинг жанозаларида ҳозир бўладилар. Баъзи фаришталар жиҳодларда мўъминлар билан бирга кофирларга қарши жанг килиб, уларга ёрдамчи бўладилар. Баъзи фаришталар яхши кишиларни ҳимоя қилиб, уларнинг мусибатларини кўтаришга, баъзи фаришталар эса кофирларни лаънат қилиб, уларга балоларни келтиришга вакил қилинган.
Фаришталар ҳайкал, сурат, ит ёки кўнғироқ бўлган уйларга кирмайдилар ва одамзот озорланадиган нарсалардан озорланадилар.
Фаришталарнинг сони кўп бўлиб, уларнинг сонини Аллоҳ таолонинг ўзигина билади. Аллоҳ таоло деди: “Роббингизнинг қўшинларини Ёлғиз унинг Ўзигина билур. Бу инсонлар учун эслатма, холос” (Муддассир: 31).
Аллоҳ таоло фаришталарни биздан пардалади. Биз уларни асл яратилган шаклларида кўра олмаймиз. Лекин Аллоҳ таоло баъзи бандаларига уларни асл суратларида кўрсатди. Чунончи, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссолату вассаломни Аллоҳ яратган асл суратида икки марта кўрдилар. Аллоҳ таоло деди: “Сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажнун эмасдир. Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди.” (Таквир: 22, 23).
