Иймон сўзининг маъноси

بسم الله الرحمن الرحيم

Иймоннинг луғавий маъноси бу – тасдиқ этишдир.

Шариъатда иймон бу – тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилиш демакдир. У тоат билан зиёдалашади ва маъсият билан нуқсонлашади.

Бошқа таърифда эса: Иймон бу сўз ва амал. Сўз дейилганда: тилнинг сўзи ва қалбнинг сўзи. Амал дейилганда: қалбнинг амали ва аъзоларнинг амали.

1. «Қалбнинг сўзи» قول القلب: Бу Қуръон Аллоҳнинг каломи ва унда келган ва Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган барча нарса ҳақ эканлиги ва Аллоҳга, Китобларига, фаришталарига, пайғамбарларига, тақдирга, охират кунига ва яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканлига иймон келтириб тасдиқ қилиш демакдир.

2. «Тилнинг сўзи» قول اللسان: Бу икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиш.

3. «Қалбнинг амали» عمل القلب: Бу муҳаббат, нафрат, умид, таваккул, қўрқув, ихлос ва хокозо.

4. «Аъзоларнинг амали» عمل الجوارح: Бу зоҳирий амаллар яъни намоз, закот, ҳаж, рўза, жиҳод ва хокозо.

Буларнинг барчасини ўзининг энг юқори даражаси бор, унга етган киши муҳсин сифатига эришади ва энг паст даражаси бор, унга етган кишининг иймони ноқис бўлади.

Тил билан талаффуз қилиш кераклигига далил:

«Аллоҳга ва бизга нозил бўлган нарсага иймон келтирдик деб айтинглар». (Бақара: 136)

Қалб билан тасдиқлаш керак эканига далил:

«Эй пайғамбар! Оғизлари билан иймон келтирдик деб қалблари иймонга келмаган кимсаларнинг куфрга ҳаракат қилиб ошиқишлари сизни маҳзун қилмасин». (Моида: 41)

Аҳли сунна бошқа залолатдаги фирқалар билан ана шу нуқтадан кейин мухолиф бўлишган.

Амалнинг иймондан эканига далиллар:

«Аллоҳ иймонларингизни зоя қилувчи эмас». (Бақара: 143)

Яъни Байтул мақдис тарафга қараб ўқиган намозларингизни зое қилмас. Бу оятда Аллоҳ намозни иймон деб номлади.

Набий алайҳиссалом айтадилар: Иймон 60 дан ошиқ бўлакдир. Энг афзали лаа илааҳа иллаллоҳдир. Энг қуйиси эса йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё иймондан бир бўлакдир. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом Бану Абдулқайсдан келган элчиларга: Мен сизларни якка Аллоҳга иймон келтиришиларни буюраман. Биласизларми якка Аллоҳга иймон келтириш нима дедилар. Шунда улар: Аллоҳ ва росули билувчироқдир, деб жавоб беришди. Набий алайҳиссалом айтдилар: Иймон ҳеч қандай ибодатга лойиқ илоҳ йўқ магарам фақат Аллоҳ бордир ва Муҳаммад Унинг элчисидир деб гувоҳлик бермоқлик ва намозни адо қилиш ва закотни беришлик ва рамазон рўзасини тутишлик ва ғанимани бешдан бирини Аллоҳ ва росулига бершингиздир. (Имом Бухорий ривояти)

Набий алайҳиссалом айтадилар: Сизлардан кимки бир мункарни кўрса қўли билан ўзгартирсин. Агарда бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, бунга ҳам қодир бўлмаса қалби билан инкор қилсин. Ана ўша иймоннинг энг заифидир. (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти)

Ибн Можжа, ибн Мардивайҳ, Табароний ва Байҳақийлар ўзининг Шуъабул Ийман китобида Алий Ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Иймон қалб билан билиш, тил билан иқрор бўлиш ва рукнларига амал қилишдир. (Абдурр ал-Мансур, Суютий, 14-боб)

Зайд ибн Аслам тобеин Умар Ибн Хаттобнинг мавлоси айтади: Бу диндаги кишига тўрт нарса шартдир. Биринчи: Ислом даъватига қулоқ солиши. Иккинчи: Аллоҳга ва унинг Росулларига иймони бўлиши ва тасдиқлаши. Учинчи: Жаннат ва жаҳаннамга ва охират кунида қайта тирилишига иймони бўлиши. Тўртинчи: Ўзини иймонини тасдиқлаши (исботлаши) учун амаллар қилиши. (Китабул Ийман ли Ибн Абу Шайба, 45)

Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Маъсуд айтишар эди: Сўзлар амалсиз фойда келтирмайди. Амал ҳам сўзларсиз фойда келтирмайди. Ва сўз ва амаллар ҳам, нийят (эътиқод) сиз фойда келтирмайди. Ва нийят (эътиқод) ҳам суннатга мувофиқ бўлмагунча фойда келтирмайди. (Ал Ибана, 2/803 Ибн Батта)

Вақиъ ибн Жарроҳ атбо тобеин айтади: Муржиалар айтади: Сўзни ўзи амалларсиз етарли бўлади. Жаҳмийлар айтади: Тасдиқни ўзи (қалбни билиши) сўз ва амалсиз етарлидир». Бу ҳаммаси куфрдир. (Ал Ибана, 2/903, Шариъа 1/31)

Имом Ибн Муборак айтади: Кимки иймон бу сўз ва амал, у зиёдалашади ва нуқсонлашади деса, дарҳақиқат у муржиаликдан омонда қолибди. (Ибн Батто, Ал Ибана, 278)

Исмоил ибн Саид ривоят қилади: Мен имом Аҳмаддан иймон зиёдалашади ва нуқсонлашади дейдиган кимса ҳақида сўрадим. У айтди: Бундай кимса муржиаликдан покдир. (Абдуллоҳ ибн Аҳмад, ас-Сунна, 1/307, ал-Ҳаллол, ас-Сунна, 3/581)

Имом Барбаҳарий айтади: Ким иймон бу сўз ва амал ва у зиёдалашади ва нуқсонлашади деса, албатта у тўлиқ муржиаликдан қутилибди. (Шарҳ Сунна, 67)

Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нафиъ ибн Ҳурмуздан: Биз тасдиқлаймизки, намоз фарз, лекин уни адо этмаймиз ва хамр ҳаром, лекин ичаверамиз ва ўз оналаримизга уйланиш ҳаром, лекин уйланаверамиз, дейдиганлар ҳақида сўрашганда, сўраган одамни қўлидан қўлини тортиб олиб айтади: Ким буни қилса, бас, у кофирдир. (Ас-Сунна, Абдуллоҳ ибн Аҳмад, 831) (Шарҳ Усул Эътиқод, 1/953)

Имом Бухорийнинг устози Исхоқ Ибн Роҳавайҳ айтади: Муржиалар шундай деб ғулувга кетдилар: Кимки белгиланган намозни, закотни, рамазондаги рўзани, ҳажни ва барча фарзларни инкор қилмасдан тарк қилса, у ҳолда биз уларни кофир ҳисобламаймиз. Аллоҳга умид қиламиз, чунки уларга (яъни фарз амалларга инкор қилмасдан) иқрор бўлишган. Албатта шубҳа йўқки, улар муржиалардир. (Таъзиму Қодрис-Солат, 2/929)

Суфян ибн Уяйна айтади: Иймон бу сўз ва амалдир. Биз буни, биздан аввалгилардан олганмиз. Бу эса сўз ва амалдир ва сўз саҳиҳ бўлмайди магар амал билан саҳиҳдир. (Сунна 1/346) (Шаръиа, 1/271)

Тобеинлардан Саъид ибн Жубайр (95ҳ) айтади: Сўзлар амалсиз қабул бўлмайди. Амаллар ҳам сўзларсиз қабул бўлмайди. Сўз ва амаллар ҳам, нийят (эътиқод)сиз қабул бўлмайди. Нийят (эътиқод), сўз ва амал ҳам суннатга мувофиқ бўлмагунча қабул бўлмайди. (Шарҳ Усул эътиқод, Ал Лаликаий, 1/64)

Имом Саҳл ибн Абдуллоҳ ат Тустарийдан (238 ҳ) иймон ҳақида сўралганида айтди: Иймон бу сўз, нийят (эътиқод), амал ва суннатдир. Чунки иймон амалсиз сўз бўлса, бу куфрдир. Агар иймон нийятсиз (эътиқодсиз) сўз ва амал бўлса, унда бу нифоқдир. Агарда иймон суннатсиз сўз, амал, нийят (эътиқод) бўлса, у ҳолда бу бидъатдир. (Ал-Ибана, 2/814 Ибн Батто)

Имом ал Бухорий (194-256ҳ) айтади: Мен мингдан ошиқ олимлардан (илм) ёзиб олдим. Мен фақатгина иймон бу сўз ва амал дейдиганлардан ёзиб олдим. Мен иймон бу фақат сўз дейдиганлардан ёзиб олмадим. (Шарҳ Усул Эътиқод, 5/889)

Ҳасанул Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: Иймон бу орзу истак эмас, балки иймон бу қалбда мустаҳкамланиб амал билан исботлашдир. (Ибн Абу Шайба Ал-Мусаннаф, 11/22 да ривоят қилган)

Имом Авзоиъ айтади: Биздан аввалги салафлар иймон билан амални орасини ажратмаганлар. Кимки тили билан иқрор бўлса, қалби билан тасдиқ қилса ва тана аъзолари билан амал қилиб исботласа, манашу мустаҳкам узулмайдиган тутқичдир. (Ал Ибана 2/807)

Ҳасанул Басрий айтади: Иймон бу сўз ва амал ва уни ҳақиқати амалдир. Агар сўз, амал билан исботланмаса, у ҳолда сўз унга фойда келтирмайди. (Ал Ажуррий, аш-Шариъа, 1/285)

Довуд ибн Аби Ҳинд (149ҳ) айтади: Сўзлар фақат амал билан тўғри бўлади. Амаллар ҳам тўғри бўлмайди магар сўзлар билан тўғри бўлади. Сўз ва амаллар тўғри бўлмайди, магар нийят (эътиқод) билан тўғридир. Нийят (эътиқод), сўз ва амал ҳам тўғри бўлмайди магар суннат билан тўғри бўлади. (Усулус Сунна 209, Ибн Аби Заманин)

ِТобеинларнинг шогирди ва буюк суннат имоми Абдураҳмон Ал Авзоиъ (88- 157ҳ) айтади: Икки бармоқни сиқиб иймон ва амал шу иккитадек, иймонсиз амал йўқ ва амалсиз иймон йўқ. (Масаил 368, Ҳарбул Кирмоний)

Ибн Абдул Барр ривоят қилади, Абдурраззоқ ибн Ҳумам айтади: Мен эшитимки, Ибн Журайж, Суфян ибн Уяйна ва Молик ибн Анас айтдилар: Иймон бу сўз ва амалдир. У зиёдалашади ва нуқсонлашади. (Ал Интиқо, 34)

Имом Лаълаъкоий ривоят қилади, имом Бухорий айтади: Мен турли хил шаҳарларда мингдан ошиқ олимлар билан кўришдим. Лекин, уларни бир донасини ҳам иймон: бу сўз ва амал, у зиёдалашади ва нуқсонлашади, деган таърифга зид-мухолиф келганини кўрмадим. (Шарх Усул Эътиқод, 5/886) (Фатҳул Борий, 1/48)

Абу Нуайм ривоят қилади, Абдуллоҳ ибн Нафи айтади: Молик ибн Анас айтади: Иймон бу сўз ва амалдир. (Ал Ҳиля, 6/327)

Имом Аҳмад (241ҳижрий) айтади: Фузайл ибн Иёз (187ҳижрий) айтди: Иржаъ соҳиблари айтадилар: Иймон бу амалсиз сўзни ўзидир. Жаҳмийлар айтади: Иймон бу сўз ва амалсиз тасдиқни ўзидир. Аҳли сунна айтади: Иймон бу тасдиқ, сўз ва амалдир. Ким иймон бу сўз ва амал деса, мустаҳкам тутқични ушлабди. Ким иймон бу амалсиз сўзни ўзи деса, залолатга кетибди. (Абдуллоҳ ибн Аҳмад, ас-Сунна, 793)

Ибн Абдул Барр ривоят қилади, Ар Робиъ айтади: Мен эшитимки, Шофеий айтади: Иймон бу сўз, амал ва эътиқод қилишдир. Наҳотки сен Аллоҳнинг ушбу сўзини эшитмаган бўлсанг: «Аллоҳ иймонларингизни зоя қилувчи эмас». (Бақара: 143) Яъни Байтул мақдис тарафга қараб ўқиган намозларингизни зоя қилувчи эмас. Бу оятда Аллоҳ намозни иймон деб номлади. Намоз албатта бу сўз, амал ва нийятдан иборатдир. (Ал Интиқо, 81)

Имом Аҳмад айтади: Иймон амалсиз бўлиши мумкин эмас. (Сунна, 3/566)

Фузайл ибн Иёз ва Муҳаммад ат-Тоифий айтади: Сўз – амалсиз саҳиҳ эмас. (Сунна, 1/337)

Имом Суфян Ас-Саврий айтади: Аҳли сунна айтади: иймон бу сўз ва амал. Иймонсиз амал йўқ. Амалсиз ҳам иймон йўқ. Агарда ким бунда сенинг (эргашаётган) имоминг деб сўраса. Сен шундай жавоб бер: Суфян Саврий! (Шарҳ Усул Эътиқод, 5/980)

Имом Молик айтди: Ҳақиқатда бу оятни (яъни Бақара:143) тиловат қилсам муржиаларни: Намозни адо этиш, иймондан эмас, деган сўзларини эслайман. (Ал Интиқо 34)

Байҳақий ривоят қилади, Рабиъ ибн Сулаймон айтди: Мен Шофеийни шундай деганини эшитдим: Иймон бу сўз ва амалдир. У зиёдалашади ва камаяди. (Манақибуш Шофиий, 1/387)

Имом Шофиий айтади: Саҳобалар ва тобеинлар ва улардан кейин келганлар барчалари иттифоқ қилишганки, иймон бу сўз, эътиқод ва амалдир. Агарда улардан бирортаси бўлмаса, иймон ҳисобланмайди. (Шарх Усул Эътиқод, 956)

Имом Шофеийнинг шогирди Музаний айтади: Иймон бу сўз ва амал ва улар бир хилдир, бир-бирига тартибланган ва боғлангандир. Биз буларни орасини ажратмаймиз. Амалсиз иймон йўқ, ва иймонсиз ҳам амал йўқ. (Шарҳус Сунна, 81)

Ибн Батто Ҳанбалий айтади: Иймон исми бу ўзида учта қисмни жамлаган ва бир биридан ажралмайди ва бириси бўлиб, бошқаси бўлмаса хам наф бермайди. Бу эса, тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқ қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. Бунга фақат залолатга кетган, қалби муҳрланган ва уларни фаҳми билан шайтон ўйнашган муржиалар хилоф қилиши мумкин холос. (Ал Ибана, 779)

Ҳаллол ривоят қилади, Сулаймон ибн Ашъаса айтади: Имом Аҳмад айтики: Намоз, закот, ҳаж ва яхшиликлар иймондандир. Гуноҳлар эса иймонни нуқсонлаштиради. (Ас-Сунан, Ал Ҳаллол 96)

Имом Зуҳрий айтади: Биз айтамизки, Ислом бу тасдиқ, иймон эса амалдир. Иймон амал билан чамбарчасдир ва бириси бўлмаса, иккинчиси йўқдир. (Ас-Сунан, 1091) (Мажмуъал Фатава, 7/29)

Абдуллоҳ ибн Аҳмад айтади: Мен отамдан Аллоҳ у кишига раҳим қилсин иржаъ ҳақида сўрашганини эшитдим, у жавоб берди: Биз айтамизки: Иймон бу сўз ва амал, у зиёдалашади ва нуқсонлашади. Агарда инсон зино қилган бўлса ва хамр ичган бўлса, унда унинг иймони нуқсонлашибди. (Ас Сунна, Абдуллоҳ ибн Аҳмад 1/307)

Ҳофиз Ибн Абдул Барр айтади: Фиқҳ ва ҳадис фақиҳлари иттифоқ қилишганки, иймон бу сўз ва амал ва нийятсиз амал йўқ. Улар иймон Аллоҳга тоат қилиш билан зиёдалашади ва Унга маъсият қилиш билан нуқсонлашади, дейишган. (Ат-Тамҳид, 9/238)

Имом Муҳаммад Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Ажуррий айтади: Қуръонда 56 та ўрин иймон бу сўз, эътиқод ва амал эканлигини исботлайди. (Аш-Шариъа, 122)

Имом Ажурий айтади: Билинглар, Аллоҳ менга ва сизларга раҳим қилсин, эй Қуръон аҳли, эй илм аҳли, эй суннат аҳли, эй Аллоҳ унга ҳалол ва ҳаромни, динини тушинишга фаҳм берган инсонлар, агар сизлар Аллоҳ буйирганидек Қуърон ҳақида тафаккур қилсангизлар, у ҳолда сизлар Аллоҳ Таъоло мусулмонларни Унга ва Унинг росулига иймон келтиргандан сўнг амални шарт қилганини биласизлар. У мусулмонлардан рози бўлгани ва уларни мақтагани ва улар Ундан рози бўлгани ва У уларни дўзах ўтидан омон қолдиргани ва жаннатга киришлик билан мукофатлаганини фақатгина иймон ва солиҳ амаллар билан бўлишини хабарини бергандир. Солиҳ амаллар қўшилмагунича, уларни фақатгина иймон жаннатга олиб кирмади. Шунинг учун қалби билан эътиқод қилмагунича, аъзолари билан амал қилмагунича ва тили билан талаффуз қилмагунича ҳеч кимнинг иймони ҳосил бўлмайди. Мен зикр қилган нарса, ким Қуръонни варроқлаб тафаккур қилиб кўрса ундан махфий қолмайди. Билингларки, Аллоҳ сизларга ва менга раҳим қилсин, мен Қуърон варроқларини варроқлаб чиқдим ва мен Аллоҳнинг китобида 56 ўринда зикр қилинган нарсани топдим. Аллоҳ таъоло мусулмонларни фақатгина иймони (тасдиғи) сабабли жаннатга киргазмайди, лекин уларни Унга бўлган иймонлари, солиҳ амаллари ва Ўзининг раҳмати ила киргазади. Бу шундай: Иймон бу тасдиқ. Шунингдек: Иймон бу тасдиқ ва сўздир, агарчи ҳеч нима қилмаса ҳам, дейдиганларга жавобдир. Бундай дейишдан ва дейдиганлардан Аллоҳ Таъолодан паноҳ сўраймиз. Агарда кимдир Аллоҳнинг Китобидан топган нарсаларингни, бошқалар Қуъронни варроқлашларига қийинчилик бўлмаслиги учун бизга баён қил деса, унга айтаманки: Аллоҳ бунда менга осон қилсин ва ёрдам берсин!

Аллоҳ таъоло айтади: «Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор». (Бақара: 25)

«Албатта иймон келтирган, солиҳ амаллар қилган ва намозни тўкис адо қилиб, закотни берган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар». (Бақара: 277)

«(Аллоҳ) иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда беради. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди». (Оли Имрон: 56)

«Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотларни эса улар абадий яшайдиган, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилажакмиз. Улар учун у жойларда пок жуфтлар бордир. Уларни қуюқ сояли жойларга киритурмиз». (Нисо: 57)

«Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз, улар у ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!». (Нисо: 122)

«Ана ўшанда иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур». (Нисо: 173)

«Аллоҳ иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар учун мағфират ва улуғ ажр бўлишини ваъда қилди. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир». (Моида: 9-10)

«Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Ким иймон келтириб, солиҳ амал қилса, уларга хавфу-хатар йўқ ва улар ранжимаслар». (Анъом: 48)

«Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар. Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар. َВа кўксиларидаги ғиллу ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди. Улар: »Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Роббимизнинг элчилари ҳақни келтирдилар«, дедилар. Ва уларга: »Мана шу жаннатингизни қилган амалларингиз туфайли мерос қилиб олдингиз« деб нидо қилинур». (Аъроф:42-43)

«Иймон келтириб, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилганларнинг даражалари Аллоҳнинг ҳузурида жуда улуғдир. Ана ўшалар ютуққа эришувчилардир. Роббилари уларга Ўз тарафидан бўлган раҳмат, розилик ва ичида уларга аталган доимий неъматлар бор жаннатларнинг башоратини беради. Улар унда абадий қолувчилардир. Албатта, Аллоҳ, ҳузурида улуғ ажр бор зотдир». (Тавба:20-22)

«Лекин Пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирганлар моллари ва жонлари билан жиҳод қилдилар. Ана ўшаларга, ўзларига яхшиликлар бўлади. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир». (Тавба: 88)

Аллоҳ сизларга раҳим қилсин, бу сизлар эшитаётган нарсаларни, эътиборга олинглар. Аллоҳ таъоло уларни ҳижрат ва мол жонлари билан жиҳод қилганларини зикр қилмагунича, бу яхшиликларни биргина иймонлари сабабли бермади. Аллоҳ таъоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилмаган Макка аҳлини зикр қилди. Улар ҳақида нима деди? Бу Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаган кишилар эса то ҳижрат қилмагунларича сизлар уларга дўстлик қила олмайсизлар». (Анфол: 72)

Сўнгра Аллоҳ таъоло иймон келтириб, ҳижрат қилишга имконлари бўла туриб, лекин ҳижрат қилмасдан Маккада қолган кишиларни зикр қилди. Аллоҳ таъоло уларга нисбатан буюк сўзларни айтди: Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. улар: «Аллоҳнинг ери кенг эдику, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!». (Нисо: 97)

Сўнгра Аллоҳ таъоло иймонидан кейин ҳижратга қодир бўлмаганларга узр бериб айтди: «Фақат эркаклар, аёллар ва болалардан иборат, ҳийлага қодир бўлмаган, йўлни топа олмаган бечораларгина бундан мустасно. Ана ўшалар, шоядки, Аллоҳ уларни афв этса. Зотан, Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчи зотдир». (Нисо: 98-99)

Бу барчаси иймон бу тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилиш эканлигини исботламоқда. Шайтон билан ўйнашган муржиаларга бундан бошқа жавоб бериш мумкин эмас!

Аллоҳ таъоло айтди: «Барчангизнинг қайтишингиз Унгадир. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Албатта, У аввал бошда (барчани) Ўзи яратади. Сўнгра иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларни адолат-ла мукофотлаш учун уларни қайтарур». (Юнус: 4)

«Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайди. Наим жаннатларида остларидан анҳорлар оқиб туради». (Юнус: 9)

«Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри билан қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором топмасми? Иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларга хушнудлик ва гўзал маскан бор». (Раъд: 28-29)

«Ва иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилурлар. Унда Роббилари изни ила абадий қолурлар. Уларнинг ундаги сўрашишлари Саломдир». (Иброҳим: 23)

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини беради» (Исро: 9)

«Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Уни тўғри қилган; Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирадиган; солиҳ амалларни қиладиган мўминларга, уларга гўзал ажр бўлиши башоратини берадиган қилган Зотга. (Улар) у(ажр)да абадий қолгувчидирлар». (Қаҳф: 1-2-3)

«Албатта, Биз иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларнинг, гўзал иш қилганларнинг ажрини зое қилмасмиз. Ана ўшаларга адн жаннатлар бордир. Остиларидан анҳорлар оқиб туради. У ерда олтиндан бўлган билакузуклар ила безанурлар, шойи иплардан яхши либослар киярлар. Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар. Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой». (Каҳф: 30-31)

«Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлганди. Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар». (Каҳф: 107-108)

«Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар». (Марям:59-60)

«Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Раҳмон муҳаббат пайдо қилади». (Марям: 96)

«Ким Унга мўмин ўлароқ, солиҳ амаллар қилган ҳолида келса, бас, ана ўшаларга олий даражалар. Остидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлар бордир. Унда абадий қолурлар. Ана шу пок бўлганнинг мукофотидир. (Тохо:75-76)

«Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман». (Тохо: 82)

«Албатта, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Аллоҳ остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади. Албатта, Аллоҳ ирода этган нарсани қилади». (Ҳажж:14)

«Албатта, Аллоҳ иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар у ерда олтин билакузуклар ва инжулар ила безанурлар. У ердаги либослари эса, ипакдандир». (Ҳаж: 23)

«Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир. Магар иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳаққа чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустаснодир». (Аср: 1-2-3)

(Кейин эса имом Ажуррий яна тақрибан 25 та шунга ўхшаш оятларни келтирди) ва айтики: Аллоҳ сизларга раҳим қилсин, Аллоҳ таъолонинг сўзига, Роббингизнинг сўзларига диққат билан эътибор беринглар ва ажрата билинглар. Қуръоннинг биргина ўрнида бўлса ҳам иймон лафзи амалларга боғланмасдан зикр қилинганми?

«Унга яхши сўзлар юксалур ва солиҳ амал уни кўтарур». (Фотир: 10)

Аллоҳ таъоло хабар бердики, яхши сўзларни ҳақиқати шундаки, улар Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишини сабаби солиҳ амаллардир. Агарда сўзлаётган кишиларни амали бўлмаса, албатта сўзлаётган кишининг сўзлари фойдасиздир. Ҳақиқатда тавҳид калимасидан буюкроқ ва яхшироқ сўз йўқ, ҳақиқатда фарз амалларидан қилиш керак бўлган буюкроқ амал йўқ. Ҳасанул Басрий айтади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги инсонлар айтишди: Биз ўз Роббимизни яхши кўрамиз ва Аллоҳ таъоло шу сабаблик оятлар нозил қилди.

Аллоҳ таъоло айтди: Айтинг: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади». (Оли Имрон: 31)

Аллоҳ таъоло Уни яхши кўришни даъво қилганларни Муҳаммад соллаллоҳу алайхи ва салламга эргашишни шарт қилди. Ким бунга зид келса, ёлғончи каззоблардан санади. Сўнгра У ҳар бир сўзни исботлайдиган амал билан ёки сўзлаётган кишини ёлғончи эканини кўрсатадиган амал билан ҳужжатни ўрнатди. Агар инсон яхши сўзни айтса ва солиҳ амал қилса, унда Аллоҳ таъоло унинг сўзини амали сабабли хузурига кўтаради. Агарда яхши сўзни айтса ва ёмон амални қилса, унда Аллоҳ таъоло (унинг) сўзини амалига қайтаради. Шунинг учун Аллоҳ таъоло ўзининг Китобида айтди: «Унга яхши сўзлар юксалур ва солиҳ амал уни кўтарур». (Фотир: 10)

Абу Олия Аллоҳ таъолонинг: «…Ана ўшалар содиқ бўлганлардир». (Бақара:177) сўзига айтади: Улар иймон калимасини айтдилар ва амаллари билан исбот қилдилар. Робиъ ибн Анас айтади: Ҳасанул Басрий айтди: Иймон бу сўз ва унинг ҳақиқати амалдир. Агар сўз, амал билан тасдиқланмаса, албатта бу сўз фойда келтирмайди.

Муҳаммад ибн Ал Ҳасан (имом ал Ажурийни ўзи) айтади: Ҳамда Аллоҳ таъоло тақводорлар ҳақида Ўзининг Китобида кўпгина ўринларида, уларни жаннатга киришларини зикр қилган. Ва айтганки: «Қилиб юрган амалларингиз туфайли жаннатга киринглар..» (Наҳл:32) Бу сингари оятлар Қуръонда жуда ҳам кўп. Масалан Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир..» (сўзларидан) «Мана шу қилиб юрган амалларингиз сабабли сизга мерос қилиб берилган жаннатдир», деган сўзларигача. (Зухруф 67-72). Буларга ўхшаш оятлар Каҳф, Зарият ва Тур каби сураларда келган. Аллоҳ айтади: «Албатта, тақводорлар жаннатлар ва нозу неъматлар ичидадирлар. Роббилари уларга берган нарсалардан лаззатдадирлар. Роббилари уларни жаҳаннам азобидан сақлар. Енглар, ичинглар, ош бўлсин. (Булар) қилган амалларингиз учундир». (Тур: 17-19)

Ва яна Аллоҳ таъоло айтади: «Албатта тақводорлар соялар ва булоқлардадир. Ва ўзлари хоҳлаган мевалардадир. Енглар ва ичинглар, ош бўлсин. (Булар) қилган амалларингиз сабабидандир». (Мурсала: 41-43). Бу барчаси ақллик кишига шуни кўрсатадики, Хасан ал Басрий ва бошқа салафлар айтганидек, иймон бу орзу ҳавас эмас, (тасдиқ ва сўз эмас) бироқ қалб билан тасдиқланган ва амал билан собит бўлган нарсадир. Бу барча нарсалардан кейин мен (Имом Ажуррий) Набий алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари ва бошқа кўп тобеинлардан – иймон бу тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқ қилиш ва аъзолар билан амал қилиш эканлигини зикр қиламан. Ким бундай демаса, куфр қилибди. (Аш-Шаръиа, 1/188-124)

Имом Ажуррий айтади: Билинглар, Аллоҳ сизларга ва менга раҳим қилсин, ҳар бир яратилган кишиларга вожиб бўлган ва мусулмон уламолари (иймон масъаласида) нимада эканликларини билинглар. Бу эса тил билан иқрор, қалб билан тасдиқ ва аъзолар билан амалдир. Сўнгра билингларки, қалбнинг билиши ва уни тасдиқлаши фойда келтирмайди, магар у билан бирга тил билан талаффуз қилмагунча ва қалб билан тасдиқлаш ва тил билан талаффуз қилиш ҳам фойда келтирмайди, магар аъзолар билан амал қилмагунича. Агарда инсонда шу уч сифат тўла топилса, у мусулмон саналади. Буни Қуърон, суннат ва уламоларнинг сўзлари исботлайди. Қалб ишонган ва тил нутқ қилган нарсани (ҳақиқий эканлигини) исботлаш учун аъзолар амали шарт эканлиги ҳақида Аллоҳ таъоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Рукуъ сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки нажот топсангиз». (Ҳажж: 77) Яна айтганки: «Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг». (Бақара: 43) Қуръонни бошқа жойларида шу каби оятлар кўпдир. Шунингдек барча аъзолар учун фарз бўлган рўза ва барча аъзолар билан жиҳод қилиш. Шунинг учун аъзолар билан амал қилиш тил ва қалбдаги иймонни тасдиқлаш (исботлаш) ҳисобланади. Кимки ўзини иймонини таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, жиҳод ва шу каби аъзоларнинг амали билан исботламаса ва ўзига тил билан нутқ ва қалби билан тасдиқлаш билан рози (чекланса) бўлса, у ҳолда у мусулмон бўлмайди ва унга қалби билан тасдиқлаши ва тили билан иқрор бўлиши ёрдам бермайди. Уни амалларни бажармаслиги, уни иймонини ёлғон эканлигини кўрсатади (яъни у ўзини иймонли эканини даъво қилаётганлигида каззобдир) ва аксинча, амалларни бажариш эса иймонни исбот этишдир. Аллоҳ таъоло айтади: «Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар». (Наҳл: 44) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймонни ҳолатини кўп ҳадисларда баён қилганлар. Аллоҳ таъоло ҳам амалсиз иймон бўлмаслиги ҳақида Ўзини Китобини кўп ўринларида айтган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам буни баён қилганлар. Бу шайтон билан ўйнашган муржиаларнинг айтган сўзларига зиддир. (Аш-Шариъа, 1/125)

Имом айтади: Аъзолар билан амал қилиш – тил ва қалбдаги иймонни исбот қилишдир. Кимки ўзини иймонини таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, жиҳод ва шу каби аъзоларнинг амали билан исботламаса ва ўзига тил билан нутқ ва қалби билан тасдиқлаш билан рози (чекланса) бўлса, у ҳолда у мусулмон бўлмайди ва унга қалби билан тасдиқлаши ва тили билан иқрор бўлиши ёрдам бермайди. Уни амалларни бажармаслиги, уни иймонини ёлғон эканлигини билдиради. Билгинки, бу аввалги ва охирги мусулмон уламоларининг мазҳабидир. Агар кимда ким бундан бошқа сўзларни айтса, у жирканч муржиадир. Бундайлардан ўзингни динингни асрагин. Буни ҳаммасига Аллоҳ таъолонинг сўзи ҳужжат бўлади: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир. (Шарҳ Ҳадис Арбаин, 135-137)

Ибн Ҳанбалий айтади: Шунингдек иймон сўз ва амал эканлигига далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Унга яхши сўзлар юксалур ва солиҳ амал уни кўтарур» (Фотир: 10) Аллоҳ таъоло хабар бердики, сўзлар амалсиз кўтарилмайди. Чунки амаллар уни (сўзни) кўтаради. Бу шуни билдирадики, сўзга амал мувофиқ (мос) келмаса кўтарилмайди. Аллоҳ таъоло айтади: «Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қоладилар ва ундан кўчишни истамаслар» (Каҳф: 107-108) Аллоҳ хабар бердики, кимнинг сўзи амалига мувофиқ келмаса, у ҳолда унга жаннатда улуш йўқдир. Аллоҳ таъоло айтади: «Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман». (То Ҳа: 82) Аллоҳ таъоло кечирмаслигини магар фақатгина сўз билан амал жамлансагина уни кечиришини хабарини берди, бас, у бир бирисиз фойда бермайди (яъни сўз амалсиз). Аллоҳ таъоло айтади: «Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшиларидир» (Баййина: 7) Аллоҳ таъоло иймонни сўз ва амал деб номлади. Сўз амалсиз фойда келтирмаслигини ва шунингдек амал сўзсиз фойда келтирмаслигини айтди. Аллоҳ таъоло айтади: «Мана шу қилиб юрган амалларингиз сабабли сизга мерос қилиб берилган жаннатдир». (Зухруф: 72) Шунингдек: «Ана ўшалар жаннат эгаларидир, унда қилган амаллари мукофотига абадий қоладилар». (Ахқоф:14) Бу оятлар шуни кўрсатадики, бир бирисиз наф бермайди (яъни сўз амалсиз). Ушбу муржиларнинг сўзини ва уларнинг мазҳабини тарк қилишдир. (Ар-Рисола Вадиҳа, 2/802-808)

Ибн Касир Аллоҳ таъолонинг: «Унга яхши сўзлар юксалур ва солиҳ амал уни кўтарур». (Фотир: 10) сўзларига Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг солиҳ амаллар, яхши хуш сўзларни кўтаришини нақл қилди ва айтдики: Ва шунингдек солиҳ амаллар яхши сўзларни кўтаришини Мужоҳид ҳам айтган. Бу ҳақда, Абу Олия, Икрима, Даҳҳоқ, Иброҳим ан-Нахоий, Судий, Робиъ ибн Анас, Ҳашр ибн Хавшаб ва бошқалар айтишган. Қози Иёз ибн Муовия айтади: Агар амаллар бўлмаганда, сўзлар кўтарилмас эди. Қатода ибн Ҳасан айтади: Сўзлар қабул қилинмайди, магар амал билан қабул қилинади. (Тафсир ибн Касир)

Суннатдан биз юқорида келтирган ҳадис яъни Набий алайҳиссалом айтдилар: Мен сизларни якка Аллоҳга иймон келтиришиларни буюраман. Биласизларми якка Аллоҳга иймон келтириш нима? дедилар. Шунда улар: Аллоҳ ва росули билувчироқдир, деб жавоб беришди. Набий алайҳиссалом айтдиларки: Иймон ҳеч қандай ибодатга лойиқ илоҳ йўқ магарам фақат Аллоҳ бордир ва Муҳаммад уни элчисидир, деб гувоҳлик бермоқлик ва намозни адо қилиш ва закотни беришлик ва рамазон рўзасини тутишлик ва ғанимани бешдан бирини Аллоҳ ва росулига беришингиздир. (Имом Бухорий ривояти) Яъни Набий алайҳиссалом иймонни аъзоларнинг амали билан баён қилдилар ва амал иймонга киришига ва иймон амал эканига манашу ҳадис ҳам очиқ далилдир.

Шунингдек қуйидаги ҳадис ҳам очиқ далил бўлади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Иймон 60 дан ошиқ бўлакдир. Энг афзали лаа илааҳа иллаллоҳдир. Энг қуйиси йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё иймондан бир бўлакдир. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) Йўлдан бирор бир нарсани олиб ташлаш, бу аъзоларнинг амалидир. Демак, шу ҳадисга биноан аъзолар амали иймонга киради.

Имом Бухорий иймонли кишиларнинг амалидаги фарқи бобида келтиради, Абу Саид ал Ҳудрий ривоят қилади, Набий алайҳиссалом айтдилар: …ва Аллоҳ айтади: Жаҳаннамдан қалбида буғдой уруғичалик иймони бор кишиларни чиқаринглар. (Имом Бухорий 22)

Имом Бухорийни бобига ва келтирган ҳадисига эътибор қилиш керак. Ҳолбуки иймон аҳли сунна наздида сўз ва амалдир. Кимни қалбида буғдой уруғичалик ҳақиқий иймон бўлса, у ҳолда уни тилида ва аъзоларида уни қалбидаги иймонини кучли ёки заифлик даражасига қараб иймони бўлади. Чунки, иймон бу ўзида учта нарсани жамлаган ва бир бирига боғланган нарсанинг исмидир.

Имом Ибнул Қоййим шафоат борасидаги ҳадис ҳақида айтади: Буғдой уруғичалик иймон бу – Росулларни тасдиқлаш, уларга қалб ва аъзолар билан итоат қилиш демакдир. (Шифа ал Алил, 1/262)

Имом ибн Таймийя айтади: Аъзоларнинг амали иймоннинг бир қисми экани ҳақида ҳадислар собитдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Иймон 73 дан ошиқ бўлак. Энг юқориси лаа илааҳа иллаллоҳдир. Энг паси йўлдан озор берувчи нарсаларни олиб ташлашдир. Яна у зотнинг сўзлари, Бану Абдулқайсдан келган элчиларга: Мен сизларни якка Аллоҳга иймон келтиришиларни буюраман. Биласизларми якка Аллоҳга иймон келтириш нима? Иймон ҳеч қандай ибодатга лойиқ илоҳ йўқ магарам фақат Аллоҳ бордир ва Муҳаммад уни элчисидир, деб гувоҳлик бермоқлик ва намозни адо қилиш ва закотни беришлик ва рамазон рўзасини тутишлик ва ғанимани бешдан бирини Аллоҳ ва росулига бершингиздир. Маълумки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амалларни қалбдаги эътиқодсиз иймон бўлишини айтмадилар. Чунки, қалбда эътиқод бўлиш кераклигини бошқа ҳадисда айтганлар. Шунинг учун маълум бўлдики, бу амаллар қалбдаги эътиқод билан иймон бўлди. (Мажмуъ ал Фатава, 9/7)

Имом Ибнул Қоййим айтади: Иймон ботинда ҳам ва зоҳирда ҳам бўлиши керак. Зоҳирда – бу сўзни талаффуз қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. Ботинда – бу қалб билан тасдиқ қилиш, унга бўйинсуниш ва муҳаббат қилишдир. Агарда қалбдаги нарса бўлмаса, зоҳирдаги нарса фойда бермайди. Агарда зоҳирдаги нарса бўлмаса, қалбдаги фойда бермайди. Фақат узр бор бўлган ҳолат бундан мустасно, масалан икроҳ остида бўлиб, қатл қилинишдан қўрқса ва бунга қодир бўлмаса. Агарда амал қилишга ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаса, шу билан бирга ҳам амал йўқ бўлса, бу ботиндаги нарса (иймон) йўқ эканига далил бўлади. (Ал Фаваид, 283)

Умар ибн Ҳаттоб сўради: Эй Росулуллоҳ! Бизларни амал бизга тақдир қилиниб ёзиб қўйилганми? Росулуллоҳ жавоб бердилар: Ҳа, ёзиб қўйилган! Умар айтди: Унда биз нега амал қиламиз? Росулуллоҳ жавоб бердилар: Йўқ эй Умар, бунга амалсиз эришилмайди. Умар айтади: Демак ҳозир амал қиламиз эй Росулуллоҳ. (Зилатул Жанна, 166. Албоний саҳиҳ деган)

Бу ҳадисда Набий алайҳисслом нималарга амалларсиз эришиб бўлмаслигини аниқ зикр қилмадилар, аммо лафзлардан тушинарликки, мавзу жаннатга ёки жаҳаннамга кириши ёзиб қўйилганлиги ҳақида кетябти. Бу маъно Алий розияллоҳу анҳунинг ҳадисида баён қилинган. Росулуллоҳ айтдилар: Сизлардан ҳар бирингизнинг жаннатдаги ўрни ва дўзахдаги ўрни маълумдир. Шунда улар: Эй Росулуллоҳ! Ушбу китобат қилиб қўйилганимизга таяниб, амални тарк этмаймизми? дедилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга: Амал қилинглар! Ҳар бир (одам) нима учун яратилган бўлса ўшанга муяссар қилиб қўйилгандир. Саодат аҳли саодат аҳлининг амалига, шақоват (бахтсизлик) аҳли эса шақоват аҳлининг амалига муяссар қилиб қўйилгандир. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга муяссар қилурмиз!» (Лайл: 5-10) (Бухорий ривояти)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Албатта, кимки Аллоҳнинг юзини истаб, лаа илааҳа иллаллоҳ деса, Аллоҳ таъоло унга дўзахни ҳаром қилур. (Бухорий 1/154)

Усаймин бу ҳадисни шарҳида айтади: Бу сўзни яъни – ким лаа илааҳа иллаллоҳ деса, бу ихлос шарти биландир. Бунга далил Аллоҳнинг юзини истаб деган сўзларидир. У тоқати етгунча амал қилиши керак. Чунки, бир нарсани истаган киши унга эришиш учун тиришиб амал қилади. Ҳадис очиқ кўриниб турибдики, лаа илааҳа иллаллоҳни талаффуз қилган кишига амал шарт қилинмоқда. Чунки, у зот айтдиларки: Аллоҳнинг юзини истаб. Шунинг учун баъзи салафлар айтганлар: Лаа илааҳа иллаллоҳ жаннатнинг калитидир. Аммо, ким калитни тишларисиз келса, унга жаннат эшиклари очилмайди. (Қовлул Муфид, 2/77-78)

Имом Бухорий: Кимнинг охирги сўзлари лаа илааҳа иллаллоҳ бўлса деган жаноиз бобида айтади: Ваҳб Ибн Мунаббаҳга айтилди: Наҳотки лаа илааҳа иллаллоҳ жаннатнинг калити бўлса? У айтади: Ҳа албатта, аммо тишларсиз калит бўлмайди, агар сен тишлари бор калитни олиб келсанг сенга (эшик) очилади, агарда тишлари бўлмаса очилмайди. (Имом Бухорий, 1237)

Лаа илааҳа иллаллоҳнинг тишлари эса у талаб қилган шартлар эканлиги ва бу амалларсиз бўлмаслиги ҳаммага маълумдир.

Ҳасанул Басрийга айтишди: Одамлар: Кимки лаа илааҳа иллаллоҳни (қуруқ) нутқ қилса, албатта у жаннатга киради дейишмоқда. Ҳасанул Басрий айтди: Жаннатга уни нутқ қилиб ва шу билан бирга уни шартларини ва у тақозо қилганларини амалга оширган одамгина киради. (Жамиа ал-Улум ва ал-Ҳикам, 208)

Шайх Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ айтади: Шаҳодат калимасини у тақозо қилгани бўйича амал қилмай, тил билан талаффуз қилишни ўзигина фойда бермайди. Амал қилиш эса ширкни тарк қилишдир. (Росаил шахсия,1/137

Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ат Тамимий айтади: Тавҳид қалбда ва сўзда ҳамда қилинаётган амалларда бўлиши кераклиги ҳақида ихтилоф йўқ. Агар булардан бири бўлмас экан киши мусулмон эмас. Агарчи киши тавҳидга қалби ила иқрор бўлсада, лекин айтаёткан сўзларида ва қилаётган амалларида акс этмас екан, у ҳудди Фиръавн, Иблис ва уларга ўхшаган итоат қилмайдиган кофирлар сингаридир. (Дурор Санния, 2/124)

Усаймин Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни ушбу сўзларини шарҳлаб шундай дейди: Инсон қалбида, тилида ва аъзоларида муваҳҳид бўлиши шартдир. Агарда у сўз ва амалида муваҳҳид бўлмай фақатгина қалбида муваҳҳид бўлишини даъво қилаётган бўлса, албатта у ўз даъвосида каззобдир. Чунки, қалбдаги тавҳидга сўз ва амаллардаги тавҳид ҳам эргашади. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳужжат бўлади: Албатта қалбда бир бўлак гўшт бор, агар у тузалса барча аъзолар тузалади. Агар у бузилса барча аъзолар бузилади. Бу эса қалбдир. Агарда инсон Аллоҳ таъолони қалбида яккалаганини даъво қилса, аммо тили ва аъзоси билан яккаламаса, албатта у ҳақни билган ва унга иқрор бўлган аммо унга (ҳаққа) қайсарлик ва кибр қилиб, итоат қилмаган ва ўзини илоҳ деб даъво қилганича қолиб кетган Фиръавн сингари бўлади. Аллоҳ таъоло айтди: «Ва ўзлари қалбларида аниқ билиб туриб, зулм ва кибр туфайли уларни инкор этдилар». (Намл: 14) Аллоҳ таъоло айтади: «(Мусо) деди: (Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Роббисигина нозил қилганини аниқ биласан» (Исро: 102) (Шарҳ Кашфуш-Шубиҳат, 86-87)

Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан айтади:
Албатта, амалсиз тасдиқ ва сўзни ўзи фойда келтирмайди. Шаръан инсон мусулмон саналмайди магар қуйидаги уч нарса унда жамланмагунча: Қалб билан тасдиқлаш ва унинг амали ва тил билан талаффуз ва аъзолар билан амал қилишдир. Бу аввалги ва охирги Аҳли Сунна вал жамоа уламоларининг таърифидир. Аллоҳ билгувчироқдир. (Фатҳул Мажийд, 400)

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абдуллатиф ибн Абдураҳмон айтади: Аммо уламолар орасида ижмоъ борки, албатта тавҳид қалбда, тилда ва аъзоларда бўлиши шартдир. Албатта шу уч нарса бўлиши шарт. Албатта қалб унга эътиқод қилиши шарт, албатта тил уни талаффуз қилиши шарт ва албатта аъзолар унга амал қилиши шарт. Агар шу нарсалардан бири бузилса, агар инсон тавҳидни қалбда эътиқодсиз фақат тилида рўёбга чиқарадиган бўлса, у ҳолда унинг тавҳиди наф бермайди. Агарда инсон тавҳидни тилда талаффуз қилмасдан, фақат қалбда эътиқод ва аъзоларнинг амали билан рўёбга чиқарса, у ҳолда ҳам унга бу наф бермайди. Агарда инсон тавҳидни бошқа нарсаларсиз (қалбдаги эътиқод ва тилдаги талаффузсиз) фақат аъзоларни амали билан рўёбга чиқарса, албатта бу инсон мусулмон ҳисобланмайди. Инсон эътиқоди, сўзи ва амалида муваҳҳид бўлиши керак эканлиги уламоларнинг иттифоқидир. (Ва агарда инсон тавҳидни тасдиқлаб, аммо унга амал қилмаса, у ҳолда у юз ўгирган кофирлардан бўлади). Агарда унинг эътиқоди (яъни ҳақни билган ва тан олган) бўлиб, лекин тили билан талаффуз қилиб ва аъзолари билан унга амал қилмаса, у барча умматда кофир ҳисобланади. (Шарҳ Кушфуш-Шубуҳат, 111)

Имом Ибн Таймия айтади: Салафлар айтишар эди: Иймон бу қалб билан билиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир. (Мажмуъ ал Фатава, 7/144)

Имом Ибн Таймия салафларнинг иймон нима эканлиги ҳақида айтган сўзларини тўрт жумлада жамлаган. Айтади: Агар биз салафларни сўзларига ва уларни иймонни таърифлаганларига қарасак, уларни тўрт жумлада жамлаш мумкин: Баъзи салафлар айтганларки: Иймон бу сўз ва амал (яъни тилнинг сўзи ва қалбнинг сўзи, тилнинг амали ва қалбнинг амали) Ва яна баъзилари айтганки: Иймон бу сўз, амал ва нийят (нийят дейиш билан улар яъни эътиқодни назарда тутишган) Ва яна баъзилари айтишганки: Иймон бу сўз, амал ва суннатга эргашишдир. Яна баъзилари айтганки: иймон бу тил билан талаффуз қилиш, қалб билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. (Китабул Ийман, 42)

Ибн Таймийя айтади: Иймон аҳли сунна вал жамоа наздида: Қуръон ва суннат кўрсатганидек сўз ва амалдир ва бунда салафларнинг ижмоъси бор. Бу ҳақда ўзининг ўрнида зикр қилинганидек, сўз бу росулни тасдиқ этиш, амал эса (у) сўзни (ҳақиқий эканини) исбот этишдир. Агарда банда барча амалларни тарк қилса, у мусулмон эмас. Шунингдек ҳақиқий дин, бу таслим бўлиш ва итоат қилишдир ва бу барчасига амал билан эришилади, фақатгина сўз билан эмас. Ким амал қилмаса, бас, унинг дини йўқ ва кимнинг дини бўлмаса, бас, у кофирдир. (Шарҳ Уъмда, 2/86)

Ибн Таймийя айтади: Муржиалар амал жинсини иймондан чиқарганлари, шуни англатадики, улар шу билан бирга қалб амалини ҳам чиқардилар, чунки бир киши пайғамбарга иймон келтириб, сўнг уни ёмон кўриб ва унга қалби ва аъзолари билан душманлик қилса, бу ҳолатда у албатта кофирдир. Агарда улар (муржиалар) қалб амалини иймонга киритсалар, яна хато қилган бўладилар, зотан аъзоларнинг ҳаракатисиз қалбда иймон мавжуд бўлиши мумкин эмас. (Мажмуъ ал Фатава, 7/556.)

Ибн Таймийя жаҳмийлар билан бахсида айтади: Агарда сизлар амаллар мутлоқ қалбдаги иймондан эканига ва улар кетса (яъни амаллар) у ҳолда қалбда иймон қолмаслигига рози бўлсанглар, мана шуни ўзи талаб қилинмоқда. Шундан сўнг бу амалларни қандай исмлаш муҳим эмас, иймонни бир қисмими ёки уни самарасими, бу лафзий ихтилоф бўлади холос. (Мажмуъ ал Фатава, 7/203)

Аммо, ҳозирги жаҳмий муржиалар айнан шу нарсага рози эмаслар, шунинг учун бу ихтилоф лафзий эмас.

Ибн Таймийя айтади: Маълум бўлдики, динда сўз ва амал бўлиши керак. Инсон Аллоҳ ва Росулига тили ва қалби билан иймон келтирган бўлиб, тана аъзолари билан (намоз, закот, рўза ва ҳоказо) фарз амалларни қилмаслиги мумкин эмас. Инсон Аллоҳ ва Росулига, росул уни фарз қилиб берган фарз амалларни бажармагунига қадар иймон келтирган бўлмайди. (Мажмуъ ал Фатава, 7/621)

Шайх Муҳаммад Ибн Абдулваҳҳоб айтади: Бешинчи машҳур савол: амаллар иймондан ҳисобланадими? Зиёда бўлиб ва камаядими? Ёки амаллар иймондан эмасми? Бунда фақат муржиатул фуқоҳо деб номланган Абу Ҳанифа ва унинг издошлари ихтилоф қилган холос. Бу масъалада салафларнинг мазҳаби тўғридир. Яъни амал иймондандир. Тоат билан зиёдалашади ва маъсият билан нуқсонлашади. (Дурорус Санния, 1/11)

Имом Абу Батийн Наждий айтади: Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳаби шуки, албатта иймон қалбнинг тасдиқлаши, тил билан талаффуз қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. Уламолардан бир жамоаси амални иймондан ажратганларни такфир қилишди. (Дурорус Санния, 1/364)

Абдуллоҳ ибн Жибрин диндан юз ўгириш куфрини асл-моҳиятини тушинтириб шундай дейди: Ушбу исломни барча аҳком ва фарзларидан юз ўгиришдир. Айни пайтда иймон рукнларига иқрор бўлиб, шаҳодат калимасини талаффуз қилса ҳам. Ким шариатдаги барча амалларни тарк қилса ва намоз, рўза, закот, ҳажж каби фарз амаллардан ҳеч бирини қилмаса, бу катта куфрдир, салафларнинг ижмоъси (иттифоқи) билан кофирдир. Бунга Аллоҳ таъолонинг сўзлари далил бўлади: «Аллоҳга ва Росулга итоат қилинг. Бас, агар юз ўгирсалар Аллоҳ, албатта, бундай кофирларни яхши кўрмайди» (Оли имрон: 32) «Кофир бўлганлар, уларга огоҳлантирилган нарсалардан юз ўгирувчилардир». (Аҳқоф:3) «Роббисининг оятлари эслатилганда ундан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор!» (Каҳф:57). Бундай юз ўгирганларнинг куфрини баён этувчи, бошқа кўплаб оятлар бор. Чунки, тана аъзоларининиг амалини барчасини тарк қилишлик, қалбда иймон йўқлигини билдиради. (Ақвали Заваи Ирфан фий анна Аъмал Жавариҳ Дахилату фий Мусамма Ийман, 1/114)

Абдулазиз Рожҳийдан сўрашди: савол: Жазоирлик биродар сўради: Охирги пайтларда бизда баъзи фикрлар пайдо бўлди. Унда айтиладики: Амал жинсини тарк қилган киши, ноқис иймонли мусулмон ҳисобланади. Шунга қандай изоҳ берасиз?

Жавоб: Кимки бу феълларни (амалларни) қилмаса, у мусулмон саналмайди. Иймон бўлиши учун, унга қалбдаги тасдиқ (қалби билан билиши, унга иқрор бўлиши) керак ва бу тасдиқ амал билан исботланиши шартдир. Агарда амал жинси бўлмаса, амални тарк қилган Иблис ва Фиръавннинг иймонидан уни ўртасида фарқ қолмайди. Иблис қалбида тасдиқ қилган ва Фиръавн ҳам қалбида тасдиқ қилган, аммо улар бу тасдиғини амали билан исбот қилмаган. Шунингдек намоз, закот ва шуларга ўхшаш амаллар ҳам иймонсиз саҳиҳ бўлмайди. Намоз, рўза каби амалларга иймон бўлиши керак, уларни саҳиҳ қиладиган. Йўқса улар мунофиқларни амалидек бўлади. Мунофиқлар амал қилади, аммо уларни қалбида иймон тасдиқ йўқ. Қалбдаги тасдиқ билан бирга, уни исботлайдиган амаллар ҳам бўлиши шартдир, агар бўлмаса, у ҳолда Иблис ва Фиръавнларнинг иймонидек бўлади. Албатта, шу иккиси бўлиши муқаррардир. Иймон амалсиз ва амал иймонсиз ҳеч қачон мавжуд бўлмайди. Тасдиқсиз амал ва амалсиз тасдиқ ҳам ҳеч қачон бўлмайди. Шу икки нарса бўлмасдан илож йўқ. Ҳа. Тасдиқ билан бирга уни исботлайдиган (яъни иймони борлигини тасдиқлайдиган) аъзолар амали бўлиши шарт. Шунингдек амал билан бирга уни саҳиҳ қиладиган қалбдаги тасдиқ бўлиши шартдир.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑