ИБОДАТ
(маъноси, сифати ва қабул бўлиш шартлари)
بسم الله الرحمن الرحيم
• Ибодатнинг маъноси
Ибодат луғатда: Хор бўлмоқ, сиғинмоқ ва итоат этмоқдир. Яъни, банда тоатда ўзини паст, синиқ тутмоғидир.
Шаръий маъноси: Муҳаббат билан хорликни ғоя қилиб, маромига етказишдир. Ёки Шайхул Ислом ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганларидек: Ибодат — Аллоҳ таоло севиб рози бўладиган, ошкора ва махфий бўлган ҳар бир амал ва сўзни ўз ичига дохил қилувчи калимадир.
Демак, ибодатнинг маъноси жуда кенгдир. Кўп одамлар ўйлаганларидек маъноси қисқа-тор эмас, албатта. Ёки ибодатни сажда, рукуъ ваё намозгагина чеклаганларидек ҳам эмас. Эҳтимол инсонлар ибодатнинг бошқа турларида ўзлари сезмай Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиб юриб, кейин тавба қилмай ўлиб кетсалар; Аллоҳ ҳаргиз кечирмайдиган ширк амалларини қилишаётгандир! Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ (ибодатда) Ўзи билан (бошқасини) шерик қилинишини кечирмас, албатта». (Нисо: 48).
Шунинг учун, ким-ки ибодатни барчасини Аллоҳ учун қилишга, дўзаҳдан нажот топиб, жаннатга киришини хоҳларкан, ибодат маъносини ва навларини аниқлаб-билмоғи бўйнига фарздир, албатта. Бу нарса У Зотнинг бандалари устидаги ҳаққи ҳамдир. Агар, бандалар ушбу улуғ ҳақни бажарсалар, Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда келганидек, У Зотнинг зиммасига бандаларни жаннатга киритиши вожиб бўлади.
— Ибодат: қурбат қилмоқ ва улуғламоқ маъносида келади, мисол: сажда, рукуъ ва намоз каби ҳамда дуо каби. Дуо ибодатидан: Истиғоса — Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қодир бўлмайдиган ёрдамни сўрамоқ, бу ибодатни Аллоҳдан бошқасига қилиб бўлмайди, асло. Яна шулардан истиоза-паноҳ истамоқ. «Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ исташиб, уларга янада ҳаддан ошишни-муттаҳамликни зиёда қилур эдилар». (Жин: 6).
— Яна У Зотдан бошқасига қилиниши мумкин бўлмаган қурбонлик-жонлиқ сўймоқ, назр қилмоқ-атамоқ ва бошқа ибодатлар, Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (Эй Муҳаммад ﷺ): Менинг намозим, қурбонлигим, ҳаёту мамотим оламлар Раббиси Аллоҳ учунгинадир. Унга шерик бўлгувчи йўқдир. Ва мана шунга (яъни Якка Аллоҳга ибодат қилишга) буюрилдим ва мен мусулмоларнинг энг аввали-пешқадамиман». (Анъом: 162-163). Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад ﷺ)! Сиз Раббингиз учунгина намоз ўқинг ва наҳр-жонлиқ сўйинг!» (Кавсар: 2). Наҳр-жонлиқ сўйиш, қон оққизишлик намоз каби ибодатлардан бўлиб, буларни Якка Аллоҳ учунгина қилиш фарздир.
Дуо ҳақида Набий ﷺ айтдилар: «Дуо, у — ибодатдир». (Термизий).
— Яна ибодат: мутлоқ итоат қилиш ва бўйин сунишни хоҳлаш маъносида ҳам келади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари! Мен сизларга шайтонга ибодат қилмайсизлар, аниқки, у — сизларга очиқ душмандир, деб аҳду-паймон олмаганмидим?!» (Ё-син: 60). Бу ерда шайтонга бўлган ибодатдан мурод: унга итоат қилиш демак. Шунингдек Аллоҳ таолонинг Фиръавн ва унинг тарафдорлари айтган сўзлари ҳақидаги ояти: «Улар айтдилар: Худди ўзимизга ўхшаган икки кишига (яъни Мусо ва Ҳорунга) иймон келтирамизми?! Ҳолбуки уларнинг қавми (Бани Исроил) бизларга ибодат қилгувчи-ку!». (Мўминун: 47). Бу ўринда ҳам, ибодатдан мақсад ҳар бир ишда мутлоқ «итоат ва бўйинсунмоқдир». Асли бу иш-итоат фақатгина Аллоҳга қилиниши лозим эди! Энди агар У Зотдан бошқасига қилинса икки кўринишда кечади:
1. Аллоҳ азза ва жалла: гуноҳ-маъсият, деган ишларда (уларни ҳалол санамасдан, ҳаром деган эътиқод билан) итоат қилиш. Мисол: шайтон бирон кишига зино қилишни чиройлик қилиб кўрсатса, унга итоат қилиб қўяди ёки кишига бошлиғи ароқ ичишни буюрса, унга итоат қилиб қўяди ёки кишига бошлиғи сақолини қиришни буюрса, унга итоат қилиб қўяди ва шу билан бирга, у-киши (ўша нарсалар қилинишини) ҳаром, деб эътиқод қилади … Бундай итоат қилиш, ибодатнинг лафзига киради, ҳақиқатига эмас. Ва уни қилувчиси: шайтонга қул бўлди, деб номланади, яъни унга эргашган, дейлади. Бу эса катта куфр эмас, магар гуноҳ-маъсият ишларни ҳалол демаса, албатта. (Агар ҳалол деб итоат қилса куфр бўлади). Аммо бу, Набий ﷺ четланишга, ҳазар қилишга амр қилган ҳаром ишлардандир: «Аллоҳга осийлик қилинадиган ўринда махлуққа итоат қилмоқ йўқдир. Итоат фақатгина яхши ишлардадир». (Муслим).
2. Ҳукм ва ташрийъ-чиқарилган қонунларда итоат қилиш, (яъни ҳалол ва ҳаромда). Бундай итоат Аллоҳ азза ва жалладан бошқасига қилиниши асло мумкин эмас. Агар бошқасига қилинса: катта ширк қилинган бўлади. Чунки ҳукм қилиш ва ташрийъ-қонун чиқаришлик фақатгина Қаҳҳор бўлган Якка Аллоҳ учундир, яъни Унинг ҳаққидир холос. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Ва Ўз ҳукмида биронтасини шерик қилмайди». (Каҳф: 26).
Яна Аллоҳ таоло айтди: «Ҳукм — фақат Аллоҳникидир, холос». (Юсуф: 40). Ҳукм ва ташрийъ «улуҳият» хусусиятларидан хос бир хусусиятдир. Шунингдек «Илоҳ» калимасининг маъноларидан бўлган: «Мушаррийъ» (шарият тузгувчи Зот) ва Аллоҳнинг гўзал исмларидан: «Ҳакам» (Ҳукм қилувчи) ва «Ҳакийм» исмлари келган. Дарҳақиқат, Аллоҳдан ўзга ким-ки қонун чиқариб, ҳукм қилган ҳолида шарият тузса ёки одамларга бирон ишни фарз-мажбур қилса, шубҳасизки илоҳлик сифатларидан бирини ўзига нисбатлаб олибди. Бунга илгари ўтган Фиръавн мисолдир: «Фиръавн: Эй вазирлар, сизларга ўзимдан бошқа илоҳни билмасман, деди». (Қасос: 38).
— Аллоҳдан бошқасига ҳукм ва ташрийъда «шунчаки» итоат қилиш, бўйин суниш ҳақидаги далиллар роса кўпки, барчаси ширк деб эътибор қилинган. Шулардан Аллоҳнинг сўзи: «Шайтонлар ўз дўстларини сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар, албатта. Ва агар уларга итоат қилсангизлар, аниқки сизлар мушриксизлар». (Анъом: 121). Шайтоннинг дўстларига итоат қилишлик Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиш бўлиб, бу ерда ширк деб саналади. Чунки бу иш ҳукм ва ташрийъдаги итоат-бўйинсунишдир, яъни Аллоҳдан бошқасига қилиши жоиз бўлмаган «ҳалол ва ҳаром» қилиш ишлардаги итоатдир.
Шунингдек Имом Ҳоким ва бошқалар саҳиҳ иснод билан Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумодан ривоят қилган осорда келтиради: «Мушриклардан бўлган одамлар, мусулмонлар билан забҳ ва ўлимтикнинг ҳаромлиги ҳақидаги масалада тортишдилар, ва айтдилар-ки: сизлар ўлдирган нарсаларингиздан ейсизлару ва лекин Аллоҳ ўлдирган нарсалардан (яъни ўлимтиклардан) емайсиз-а?! дейшди. Шунда Аллоҳ таоло айтди: «Ва агар уларга итоат қилсангизлар, аниқки сизлар мушриксизлар». (Анъом: 121). Бу, оддий саналган ишларни ширк деб этибор қилинишидир. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: Яъни Аллоҳнинг буйруқлари ва шариятини бошқасининг сўзига тенг қилсангиз ва бошқасиникини ундан устун кўрсангизлар, манабу ширкдир.
— Шунинг учун, ким-ки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейилган (фосид) фатволарда, (соҳта) олимларга ёки умаро-бошлиқларга ёки ҳокимларга ёки инсонлар ўзларича қонун чиқариб ҳукм қиладиган қонунларига итоат қиларкан, шубҳасиз уларни Аллоҳдан ўзга рабб қилиб олган бўладилар: «Аллоҳдан бошқа ўзларининг олимлари ва роҳибларини рабблар қилиб олдилар». (Тавба: 31). Олим ва роҳибларни рабб қилиб олишлари, бу ерда уларга сажда ва рукуъни қасд қилинмаган. Балки, бу ҳукм ва ташрийъда, ҳалол ва ҳаромда итоат қилганларида бўлди. Чунки бу итоат қилишлик, сажда ва рукуъ каби Аллоҳдан ўзгага қилиниши жоиз бўлмаган ибодатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло буни улардан инкор этиб, оят ниҳоясида айтди: «Ваҳолбуки уларга фақатгина Биргина Илоҳга ибодат килишлари амр қилинганди». (Тавба: 31). Шунингдек Аллоҳнинг қонунларидан бошқа қонунларга, улар каби итоат қилиб эргашганлар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Ё балки уларга диндан Аллоҳ рухсат бермаганини шарият қилиб берувчи шериклари борми?!». (Шўро: 21).
Аллоҳ мени ва сизларни раҳм қилсин, бу ишдан қаттиқ четланинглар. Зеро бугун замонамизда кўп инсонлар манашу сабабдан ҳалок бўлишди.
• Ибодатнинг сифати
Аллоҳ таоло ибодатни тўғри бўлишини талаб қилиб, унинг ёнида бўлишини хоҳлаган учта сифат бор:
1. Муҳаббат.
2. Қўрқув.
3. Умид.
1. Биз Аллоҳ таолога муҳаббат билан ибодат қиламиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога чексиз муҳаббати бўлган бандаларини мақтаб айтади-ки: «Иймон келтирганлар Аллоҳга қаттиқ муҳаббатлироқдир». (Бақара: 165).
2. Биз У Зотга Унинг Ўзидан ва азобидан қўрққан ҳолимизда ибодат қиламиз, Аллоҳ таоло айтади: «Агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз». (Оли Имрон: 175). Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Улар Раббисига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар». (Сажда: 16). Яъни, Аллоҳдан ва У Зотнинг азобидан қўрқиб ва мағфирати, жаннати ва савобидан умид қилган ҳолида.
3. Шунингдек биз, У Зотдан умидвормиз. Аллоҳ таоло айтади: «У Зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Раббингизнинг азоби қўрқинчлидир». (Исро: 57).
Аллоҳ таолога бир вақтнинг ўзида ҳам муҳаббат билан, ҳам У Зотнинг азобидан қўрқиб ва раҳматини, савобини умид қилган ҳолимизда ибодат қиламиз.
Бу солиҳларнинг ҳолатидир, уларнинг қаттиқ хоҳлаган ишларидир. Ва манашу Аллоҳ таоло бандаларидан хоҳлаган ибодатнинг тўғри сифатидир. Шунинг учун ҳам баъзи салафларимиз айтганлар-ки:
— Ким-ки Аллоҳ таолога фақат муҳаббат ила ибодат қилса, у зиндиқ-сўфийдир.
— Ким-ки Аллоҳ таолога фақат қўрқув билан ибодат қилса, у ҳарурий-хавориждир.
— Ким-ки Аллоҳ таолога фақат умид билан ибодат қилса, у муржиядир.
• Ибодатнинг қабул бўлиш шартлари
Аммо ибодатнинг қабул бўлиш шартлари:
1. Иймон.
2. Ихлос.
3. Эргашмоқлик.
Банданинг ибодати манашу шартларнинг барчаси жамъ бўлсагина қабул бўлади:
1. Иймонсизнинг ибодати рад қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Эркак ёки аёлдан, ким-ки ўзи мўмин бўлган ҳолида бирон солиҳ амал қилса …». (Наҳл: 97). Аллоҳ таоло бу ўринда иймонни қайид этди.
2. Шунингдек ихлос билан ибодат қилмоқ. Усиз ибодат қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсида айтади: «Мен шерикларнинг шерик бўлишидан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилдим». (Муслим). Аллоҳ таоло амаллардан фақатгина У Зот учун холисона қилинган амални қабул этади.
3. Шу қаторда -суннатга- эргашишлик ҳам. Аллоҳ таоло фақатгина Ўзи кўрсатган йўлга мувофиқ қилинган ибодатни қабул қилади. Набий ﷺ айтдилар: «Кимки бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у мардуддир». (Муслим).
Аллоҳ таолодан мени ва сизларни ибодатни тўғри қилишга тавфиқ беришини ва амалларимизни қабул этиб, хотимамизни гўзал қилишини сўраб қоламан.
