Дуо ва ундаги ширк!

Дуо ва ундаги ширк!

بسم الله الرحمن الرحيم

“Дуо” сўзи ёлвориш, ёрдам сўраш, чақириш маъноларини англатади.

Хаттобий унинг истилоҳий маъноси ҳақида бундай деган: “Дуо банданинг Раббисидан иноят, ёрдам сўраши, Унга муҳтожлигини изҳор қилиши, ўзининг ожизлигини тан олишидир. Дуо бандаликнинг белгиси, башарий ожизликнинг кўринишидир. Дуода Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Унинг карамли, марҳаматли Зот эканига иқрор бўлиш маъноси ҳам бор”. Қуръони каримда “дуо” қуйидаги маъноларда ҳам келган:

Илтижо қилиш: “Айтинг: “Агар ростгўй бўлсангиз, ўйладингизми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки сизларга қиёмат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидингиз?” (Анъом, 40);

Сиғиниш: “Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган (бут)ларингиз ўзларингизга ўхшаш бандалардир” (Аъроф, 194);

Чорлаш: “У сизларни чорлайдиган кунда (қиёматда) Унга ҳамд (айтиш) билан жавоб берурсиз ва ўзларингизнинг (дунёда) оз (муддат)гина турганингизни ўйлаб қолурсиз” (Исро, 52);

Дуо қилиш (Аллоҳдан сўраш): “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди” (Ғофир, 60).

Ҳадисда: «Дуо ибодатнинг мағзидир» (дейилган), далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60). «Ҳадисда: «Дуо ибодатнинг мағзидир» (дейилган)…» Дуо ибодат турларидан эканига далил бўлувчи, имом Термизий ривоят қилган ҳадисда (№3371, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилиб, ҳожатларни Аллоҳдан сўраш Аллоҳ халқларга буюрган ибодатнинг мағзи ва асоси эканини хабар берганлар. Имом Абу Довуд ривоят қилган бошқа бир ҳадисда бу яна ҳам очиқроқ ифода этилган. Унда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ўзи ибодатдир» дедилар (№1479, Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган) ва дуонинг айни ибодат эканини таъкидладилар.

Пайғамбарларнинг даъвати ҳам аслида қалбларни Аллоҳнинг Ўзидангина сўрашга юзланишига чорлаш эди. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларда ўзгаларга дуо қилиш ва улардан сўраш, кишининг барча амалини бекорга чиқарувчи катта ширк бўлади. «Ад-дурарус-санийя»да айтилганидек: «Барча уламолар иттифоқларига кўра, ким ўзи билан Аллоҳ ўртасида воситачилар қилиб, уларга дуо-илтижо қиладиган ва уларга суянадиган бўлса, кофир бўлади» (Ад-дурорус-санийя: 1/196) Дуо халқлар ичида энг кўп содир бўладиган ширк турларидан биридир. «Ад-дурарус-санийя»да келади: «Унинг – яъни ширкнинг – замонамизда энг кўп содир бўладиган ва энг катта турларидан бири ўликлардан ҳожатларни сўраш ва мадад тилаш, уларга юзланиб, дуо-илтижо қилиш бўлиб, оламдаги ширкнинг асли келиб чиқиши шу эди, бунинг катта ширк эканига иттифоқ қилингандир» (Ад-дурарус-санийя: 1/199) «Далил…» Яъни, дуонинг ибодат эканига ва уни Аллоҳдан бошқага қилиш ширк бўлишига далил.. «Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар – ва ҳожатларингизни фақат мендан сўранглар – Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман – ва тилакларингизни ато этаман –», деди. Албатта Менга ибодат – ва дуо – қилишдан кибр-ҳаво қилган – ва юз ўгирган –кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60)». Аллоҳ сақласин, улар бу дунёда Аллоҳ уларга фарз қилган ибодатларни тарк қилишганига уқубат ва жазо сифатида энди охиратда улар устига азоб ва хорлик жамланади. Оқил инсон яхши биладики, ғам-қайғу ва мусибатларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким арита олмайди, чунки, фақат Угина бунга қодирдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло деди: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин: 82). Аллоҳни қўйиб, махлуққа дуо-илтижо қилиш ва мадад тилаш ярамайди. Чунки, унинг ўзи ҳам заиф банда, касал бўлади, вафот этади, ўзига бирон фойда келтириб олишга ё ўзидан бирон зарарни даф қилишга ҳам қодир бўлмайди, шундай экан, бошқаларга қандай қодир бўлсин?! Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса (хурмо данагини ўраб турувчи) пардачалик нарсага ҳам эга эмасдирлар» (Фотир: 13). Бас, сиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилинг, ҳожатларингизни Ундангина сўранг, албатта беради. Гуноҳларингизни мағфират қилишини сўранг, албатта мағфират қилади. Ҳокисорлик билан, сидқидилдан Унгагина дуо қилинг, У албатта ижобат қилади. Ким ҳожатларини фақат Аллоҳдан тиласа, Унгагина дуо-илтижо қилса, қалбини фақат Аллоҳга боғласа, Аллоҳдан ўзга маъбудлардан юз ўгирса, шу одам муваҳҳид (тавҳид аҳлидан) бўлади.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑