Бўғизлаш ибодатдир

Бўғизлаш ибодатдир!

بسم الله الرحمن الرحيم

Бўғизлашнинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, нусук (яъни қурбонлик ибодат)ларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйинсунувчиларнинг аввали — пешқадамиман» (Анъом:162-163). Аллоҳ учун жонлиқ сўйиш энг катта ибодатлардан ва молиявий ибодатларнинг энг афзалларидан биридир. У иймоннинг ростлигига ва нафснинг Аллоҳ учун юксалишига аломатдир. Чунки, сўйилажак жонивор эгалари учун яхши ва суюмли бўлади. Агар уни Аллоҳ учун фидо қилса ва шу билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни истаса, нафси ўша жониворнинг қурбон бўлишига рози бўлса, у одам молиявий ибодатларнинг мутлақ афзалини қилган бўлади. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Иймон ва ихлос аралашган сўйишда жам бўлган кучли яқийн-ишонч ва Унга чиройли гумонда бўлишлик жуда ажойиб ишдир» (Ал-фатава: 16/532) Чунки, қалбда иймон ҳаловати кўринади. «Бўғизлашнинг – Аллоҳ учун улкан ибодат эканига – далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, нусук (яъни қон чиқаришга тааллуқли ибодат)ларим..»

Яъни, намозларим ва сўйиш билан адо топадиган ибодатларим.. Яъни, нафс ўзи яхши кўрадиган молни нафсга ундан кўра ҳам суюмлироқ бўлган зотга – Аллоҳга қурбон қилишим.. Мазкур икки ибодатни хос зикр қилди. Чунки, улар ғоят шарафли ва афзал ибодатлардандир. Қолаверса, бу икки ибодат Аллоҳга бўлган муҳаббатга ва динни Унга холис қилишга далил бўлади. Зотан, намоз баданий ибодатларнинг энг улуғларидан, сўйиш эса молиявий ибодатларнинг энг улуғларидан, ким намозида ва сўйиш ибодатида ихлосли бўлса, бу унинг бошқа сўз ва амалларида ҳам Аллоҳга ихлосли бўлишини лозим тутади.

«Ҳаёту мамотим…» Яъни ҳаётимда адо этган иш-амалларим ва вафотимдан кейин Аллоҳ ҳузурида жамғарган нарсаларим.. «Бутун оламларнинг Парвардигори – ва маъбуди – бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир..» Унинг эгалик ва бошқаришда шериги бўлмагани каби, ибодатда ҳам шериги йўқдир. «Мана шунга – яъни ягона Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга–буюрилганман. Ва мен бўйсунувчиларнинг аввали — пешқадамиман». Ким ўз жасадини Аллоҳга ибодат қилишга бўйсундирса, молини Парвардигорига қурбонлик сўйиш учун сарфласа, бу киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло мазкур икки ибодат афзал ибодатлардан бўлгани учун ҳам Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларни ихлос билан қилишга буюриб, деди: «Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб- қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 2). Яъни, бошқа учун эмас, фақат Аллоҳ учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг. Намозни Аллоҳдан бошқага адо этиш жоиз бўлмаганидек, қурбонликни ҳам ёлғиз Аллоҳдан бошқага қилиш жоиз бўлмайди.

Ширкона жонлиқ бўғизлаш кўриниши: Кимга ўз жони арзимас-беқадр бўлиб, ибодатини Аллоҳдан бошқага бурса, яъни бут-санамлардан ё қабрлардан қўрққанидан ё уларни улуғлаб ё уларнинг эгаларидан шафоат тилаб, уларга атаб жонлиқ сўйса, ё эса подшоҳ келадиган йўл устида ё шу каби жойларда жонлиқ бўғизласа, гарчи сўйган жонивори туя, мол, қўй, товуқ ё ундан кичикроқ нарса бўлса ҳам, ширкка тушган бўлади. Бундай қилган киши ҳақида қаттиқ азоб хабари келган. «Суннатда (яъни ҳадисда) келганки: «Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган кишини Аллоҳ лаънатласин» (Муслим ривояти: №1978, Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган) Лаънат – Аллоҳнинг раҳматидан қувилиш ва узоқлатилишдир. Ким шайтоннинг измига тушиб, Яратувчидан ўзгага қурбонликлар қилса, куфрони неъмат қилган бўлади, Аллоҳнинг рубубиятини синдирган ва улуҳиятини камситган бўлади, ўзининг холиқидан бошқани улуғлаган, сўйиш ибодатини унга лойиқ бўлмаган махлуққа буриш билан оғир жиноят қилган ва шу сабабли Аллоҳнинг лаънатига сазовор бўлиб мушрик бўлади. Умуман олганда жонлиқ сўйиш тўрт қисмга бўлинади:

Биринчи: бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ва таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўйиш. Бу фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва тоало учунгина жоиз бўлади. Чунки бу мол сарф қилиш билан амалга ошадиган ибодатдир. Жин, шайтон, подшоҳ ва бошлиқларга таъзим бажо қилиб жонлиқ сўйиш жоиз эмас. Чунки бу ибодат бўлиб, у фақатгина Аллоҳ азза ва жаллага қилинади. Жинларга, уларнинг ёмонликларидан омон қолиш ёки касалликдан шифо топиш учун жонлиқ сўядиган ва малҳам бағш этамиз, деб даъво қилиб, одамларга: касалингиздан шифо топиш учун фалон жонлиқни сўйинг ва сўйиш мобайнида Аллоҳни номини тилга олманг, дейдиган фолбин ва сеҳргарлар ва уларга итоат килганлар катта ширкка қўл уриб, (ислом) миллатидан чиққан мушриклардир. Аллоҳ таоло ушбу ишни Ундан ўзгаси учун қилган кимсани огоҳлантириб айтган қовлининг маъноси ҳам шу эди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: “Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Анъом/162). Ва яна мана бу қовли: “Бас, сиз Роббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб-қурбонлик қилинг!”. (Кавсар/2).

Иккинчи: гўштини ейиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Бунда зарар йўқ бўлиб, у бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ёки таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўймади. Балки ўзининг ҳожати ва ундан тановул қилиш учун сўйди. Бундан монелик йўқ. Чунки у ибодатнинг бирор туридан эмас. Гўштни сотиш мақсадида жонлиқ сўйиш ҳам ушбу қисм остига дохил бўлади.

Учинчи: шодланиб, хурсанд бўлганидан жонлиқ сўйиш. Тўй, янги уйга кўчиб ўтиш, яқинларидан бирининг келиши, қариндошлар тўпланиб қолгани муносабати билан ўзининг хурсандлигини изҳор қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Бунинг зарари йўқ. Чунки бунда бирор кишига таъзим бажо қилишлик ёки қурбат ҳосил қилишлик йўқдир. Балки бу рўй берган ҳодисадан шод-ҳуррам эканини изҳор қилиш бобидандир.

Тўртинчи: гўштини фақир, мискин ва бечораларга садақа қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Ушбу иш суннат деб қаралиб, ибодат остига дохил бўлади.

Создайте сайт или блог на WordPress.com Тема: Baskerville 2, автор: Anders Noren.

Вверх ↑