Биринчи рукн: Аллоҳ таолога иймон келтириш
بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳ таолога бўлган иймон Аллоҳ таолонинг борлиги, Унинг барча камолот сифатлари билан сифатланган, Унинг ўзигина сиғинилишга лойиқ эканини тасдиқлаш ва унинг асарлари инсон ҳаётида, Аллоҳнинг амрларини бажариши ҳамда қайтарган нарсаларидан тийилишида кўринадиган қалбнинг хотиржамлигидир. Бу — Ислом эътиқодининг асоси ва негизидир. Бу рукн аслдир. Эътиқод рукнларининг барчаси унга боғлик ва тобедир.
Аллоҳ таолога бўлган иймон Унинг борлигини ўз ичига олади. Аллоҳ таолонинг борлигига эса фитрат (хилқат), ақл, шариат ва ҳис этиш далолат килади (Изоҳ: Аллоҳ таолони борлигини пайғамбар келгунча бимаган одам ҳам кофирдир. Зеро Унинг борлигига фитратнинг ўзи ҳам етарлидир). Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти (ёлғизлиги), улуҳияти (илоҳлиги), исм ва сифатларига иймон келтириш — Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг ажралмас қисмидир. Бу эса тавҳиднинг уч турига иқрор бўлиш, амал қилиш ва уларга эътикод қилиш билан рўёбга чиқади. Улар қуйидагича:
Рубубият тавҳиди.
Улуҳият тавҳиди.
Исм ва сифатлардаги тавҳид.
Рубубият тавҳиди:
Рубубият тавҳидининг маъноси — Аллоҳ таоло барча нарсанинг роббиси, шериксиз эгаси, Ёлғиз яратувчи, Оламни бошқариб, унинг устидан тасарруф қилувчи, бандаларнинг Холиқи, Розиқи, тирилтирувчи ва ўлдирувчиси эканига қатъий ишониш ва Аллоҳнинг қазоси ва қадари ҳамда Зотида ёлғизлигига иймон келтириш, хуллас, Аллоҳ таолони ўз ишларида ёлғиз санаш, демакдир. Аллоҳ таолонинг рубубиятига иймон келтириш фарз эканига шаръий далиллар бор. Аллоҳ таоло (Фотиха: 1) да деди: “Барча Оламлар роббиси бўлган Аллоҳга хамду санолар бўлсин!”.
— (Аъроф: 54)да деди: “Билингларки, яратиш ва буюриш Аллоҳ таологагина хосдир. Барча Оламлар роббиси бўлган Аллоҳ таоло буюкдир”. — (Бақара: 29) да деди: “У сизлар учун барча нарсани яратган зотдир”. — (Зориёт: 58) да деди: “Аллоҳнинг Ўзигина Раззоқ, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир”. Тавҳиднинг бу турига Қурайш мушриклари ва турли дин ва ақидага мансуб кишилар қарши бўлмадилар. Уларнинг барчаси: “Бу Оламнинг яратувчи Холиқи Аллоҳ таолодир”— деб эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло улар хақида шундай деди: “Агар сиз улардан: “Самовот ва ерларни ким яратди.”— деб сўрасангиз, улар: “Аллоҳ”— деб жавоб берадилар” (Луқмон: 25). Яна бир оятда деди: “(эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсангизлар (айтингларчи), Ер ва ундаги нарсалар кимники?» Улар тезда: “Аллоҳники”— дерлар. Айтинг: «(шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!» Айтинг: “Етти қават Осмоннинг Хожаси ва буюк Аршнинг Соҳиби ким?” Улар: “Бу нарсалар Аллоҳники”— дейдилар. Айтинг: “Ахир қўрқмайсизларми?!” Айтинг: “Агар билсанглар (айтинглар-чи) Барча нарсанинг подшохлиги қўлида бўлган, ҳомийлик киладиган, Унга карши биров ҳомийлик қила олмайдиган Зот ким?” Улар: “(Бу нарсалар) Аллоҳники” дерлар. Айтинг: “(ундай бўлса), кандай алданиб қолмоқдасизлар?” Балки, биз уларга ҳақиқатни олиб келдик. Улар эса ёлғончидирлар” (Муъминун: 84 — 90).
Нега мушриклар Аллоҳ таолонинг “Робб” эканини инкор этмадилар. Чунки, бандаларнинг қалби унга иқрор бўлиш билан фитратланган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолонинг “Робб” эканига эътиқод қилган киши тавҳиднинг иккинчи тури — Аллоҳ таолонинг илоҳ эканига иймон келтирмагунича муваҳҳид бўла олмайди.
Улуҳият тавҳиди:
Улуҳият тавҳидининг маъноси — бандалар қилаётган амалларида Аллоҳ таолони ягоналашларидир. Уни “ибодат тавҳиди” деб аталади. Бунинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг ўзигина ҳақиқий илоҳ ва ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ундан бошка ҳар-бир маъбуд ботилдир. Аллоҳнигина ибодат, бўйсуниш ва мутлақ итоат билан ягоналаш. Аллоҳ таолога ким бўлишидан қатъий назар бирон бир нарсани шерик қилмаслик. Намоз, рўза, закот, хаж, дуо, ёрдам сўраш, назр ва қурбонлик сўйиш, таваккул, хавф ва умид килиш, яхши кўриш каби ва булардан бошқа зоҳирий ва ботиний ибодат турларини Аллоҳ таолодан бошқасига қилмаслик. Аллоҳ таолога муҳаббат, хавф ва умид билан ибодат қилиш хамда Аллоҳ таолога буларнинг баъзисини кўйиб, колган баъзиси билан ибодат қилиш залолат эканига қатъий эътиқод қилишдир.
Аллоҳ таоло деди: “Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа: 5). Яна бир оятда: “Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган холда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилса, унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта, кофирлар нажот топмаслар” — деди (Мўъминун: 117). Улуҳият тавҳидига барча пайғамбарлар даъват этдилар. Уни инкор этган қадимги халқлар ҳалокатга учрадилар. Улуҳият тавҳиди — Ислом динининг аввали ва охири, ботини ва зоҳиридир. У — пайғамбарлар даъватининг аввали ва охири бўлиб, шу сабаблигина пайғамбарлар юборилди, китоблар туширилди ва жиҳод киличлари суғурилди. Шу билангина кофирлар ва мўъминлар ўртаси, жаннат ва жаҳаннам аҳлларининг ўртаси ажратилди. Бу Аллоҳ таолонинг: «Ла илаҳа иллаллоҳ» “Аллоҳдан ўзга (ҳақиқий) илоҳ йўқ”— деб айтган сўзининг маъносидир. Аллоҳ таоло деди: “Биз сиздан аввал юборган ҳар бир пайғамбаримизга: “Мендан ўзга (хақ) илоҳ йўқ ва менгагина ибодат қилинглар!”— деб ваҳий қилганмиз” (Анбиё: 25). Рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидининг тақозоларидан биридир. Зеро, Робб, Холиқ, Розиқ, тасарруф қилувчи, ўлдирувчи, тирилтирувчи, барча камолот сифатлари билан сифатланган, барча нуқсонлардан пок, барча нарса қўлида бўлган зотгина шериксиз ягона илоҳ бўлиши ва ибодат унгагина қилиниши зарурдир. Аллоҳ таоло деди: “Жинлар ва инсонларни ўзимгагина ибодат қилишлари учун яратдим” (Зориёт: 56). Мушриклар ягона илоҳга ибодат қилишмас, балки, сон-саноқсиз маъбудаларга ибодат қилишар ва бу бизни Аллоҳ таолога якин килади, деб ўйлар эдилар. Шундай бўлса-да, улар бу маъбудаларнинг фойда ёки зарар бермасликларини эътироф этишарди. Шунинг сабабидан, Аллоҳ таоло уларни рубубият тавҳидини эътироф этсалар-да, мўъминлар деб эътибор қилмади. Балки, ибодатда бошқаларни шерик қилганлари учун кофир деб баён килди.
Мана шуниси билан салафларнинг бошқаларга нисбатан улуҳият (илоҳлик) ҳақидаги эътиқодлари ажралиб туради. Салафлар баъзи одамлар ўйлаганидек тавҳиднинг маъноси — “Аллоҳдан ўзга Холиқ йўқ” дегани деб тушунмайди. Балки, улуҳият тавҳиди Ислом эътиқодида икки асос билан рўёбга чиқади.
Биринчи: ибодатнинг барча турлари шериксиз Аллоҳ таолонинг ўзи учунгинадир. Холиқнинг бирон бир ҳуқуқ ва хусусияти бирон бир махлуққа берилмайди. Демак, Аллоҳ таологагина ибодат қилинади. Аллоҳдан бошқасига намоз ўқилмайди. Аллоҳдан бошқасига сажда қилинмайди. Аллоҳдан бошқасига назр ва таваккул қилинмайди. Улуҳият тавҳиди ибодат билан Аллоҳ таолонинг ўзинигина хослашни тақозо қилади. Ибодат эса ё қалб ва тилнинг сўзи, ёки қалб ва (одам) аъзолар(и)нинг амалидир.
Аллоҳ таоло деди: “(Эй Мухаммад соллаллоҳу алайхи ва саллам) айтинг: “Менинг намозим, сўйган қурбонлигим, ҳаётим ва ўлимим барча Оламлар роббиси, шериксиз Аллоҳ учундир. Мен шунга буюрилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман” (Анъом: 162 — 163). Яна бир оятда: «(эй инсонлар) Огоҳ бўлингизким, холис дин Аллоҳникидир» (Зумар: 3).
Иккинчи: ибодат Аллоҳ таоло ва унинг расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига мувофиқ бўлиши шартдир. Аллоҳ таолони ибодат, бўйсуниш ва итоат билан ягоналаш “Ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ)— деб берилган гувоҳликнинг рўёбга чиқарилишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва у буюрган нарсаларни қилиш ҳамда қайтарган нарсалардан четланиш, “Муҳаммадур-расулуллоҳ” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир)— деб берилган гувоҳликни рўёбга чиқаришдир.
“Аҳлуссунна вал-жамоа” нинг йўли
“Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таологагина ибодат қилиб, унга бирон нарсани шерик қилмайдилар. Эҳтиёжлари ва ёрдамни Аллоҳдангина сўрайдилар. Унгагина таваккул қиладилар. Ундангина қўрқадилар. Аллоҳга унинг тоати, ибодати ва солиҳ амаллар билан яқин бўладилар. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳгагина ибодат қилинглар ва унга бирон нарсани шерик қилманглар!” (Нисо: 36).
Исм ва сифатлардаги тавҳид:
Бунинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва олий сифатлари бор, У барча камолот сифатлари билан сифатланган ва барча нуқсонли сифатлардан пок ҳамда У мана шу сифатларида барча борлиқдан ажралиб туради”— деб қатъий эътиқод қилиш, демакдир. “Аҳлуссунна вал-жамоа” — ўз роббиларини Қуръон Карим ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг суннатларида келган сифатлар билан танийдилар. Улар роббиларини Унинг Ўзи ва элчиси сифатлаган нарсалар билан сифатлайдилар. Сўзларни ўз ўрнидан ўзгартмайдилар ва Аллоҳнинг исмлари ва оятларида илҳод қилмайдилар [“Илҳод” — хакикатдан мойил бўлиш, ундан бурилиб кетиш, демакдир. “Илҳод” ичига “таътил”, “таҳриф”, “такйиф” ва ташбиҳ” киради. «Таътил» — сифатларни умуман исбот қилмаслик ёки баъзиларини исбот қилиб, баъзиларини инкор килиш. “Таҳриф” — шаръий далилларни лафз ёки маъноларида ўзгартиб, уларни зоҳирий маъноларидан лафз унга кучсиз эҳтимолда далолат киладиган маъноларга буриш. Ҳар бир “таҳриф” — таътилдир. Хар бир “таътил” — таҳриф эмасдир. “Такйиф” — “қандай”— деб савол бериб, суриштириш. “Тамсил” — бир нарсанинг барча жиҳатлардан ўхшаш—тенггини исбот этиш. “Ташбиҳ” — бир нарсанинг баъзи жиҳатлардан ўхшаш—тенггини исбот этиш] Улар Аллоҳ учун У ўзи учун исбот этган сифатларни тамсил, такйиф, таътил ва таҳрифсиз исбот этадилар. Уларнинг бундаги кқоидалари Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларидир: «…Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўрувчидир» (Шуро: 11). “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Уни ўша исмлар билан чорланглар (дуо килинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғган кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар ” (Аъроф: 180).
“Аҳлуссунна вал-жамоа” — Аллоҳ таоло сифатларининг кайфиятини белгиламайдилар. Чунки, Аллоҳ таоло кайфият ҳақида хабар бермади. Зеро, Аллоҳ таолога нима лойиқ ва нима нолойиқ эканини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло деди: “Сизлар яхшироқ биласизларми ёки Аллоҳми.” (Бакара: 140). Яна бир оятда: “Аллоҳ таоло учун ўхшашларни килманглар! Дарҳақиқат, Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар” (Наҳл: 74).
Аллоҳ таолодан сўнг элчиси Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра Аллоҳ таолони яхширок биладиган бирон кимса йўк. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло у зот ҳакида шундай деди: “Ва у ўз ҳавойи-хохиши билан сўзламас. У сўзлаган сўзлар фақат юборилган ваҳийдир” (Нажм: 3, 4). “Аҳлуссунна вал-жамоа” — “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Аввал” — ундан аввал бирон нарса бўлмаган, “Охир” — ундан сўнг бирон нарса бўлмайди, “Зоҳир” — унинг устида бирон нарса йўк ва “Ботин” — махфий нарсаларни хам билувчи”— деб иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло деди: “У — Аввалдир, у — Охирдир, у — Зоҳирдир, у — Ботиндир. У — барча нарсани билгувчидир” (Ҳадид: 3).
“Аллоҳ таолонинг зоти бошқа зотларга ўхшамас ва шунингдек сифатлари ҳам бошқа сифатларга ўхшамас. Чунки, Унинг мисли, тенгдоши ва баравари йўқдир ҳамда у махлуқларига қиёс қилинмайди”. “Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таоло учун Аллоҳ таоло ўзи учун исбот этган барча сифатларни ўхшатишсиз исбот, таътилсиз танзих этадилар (“Таътил” — илоҳий сифатларни инкор этишдир. “Танзиҳ” — Аллоҳ таолони зоти ва сифатларида нолойиқ бўлган нарсалардан поклаш).
“Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таоло учун У ўзи учун исбот этган сифатларни исбот этар эканлар, уни бирон нарсага ўхшатмайдилар. Аллоҳ таолони поклаган вақтларида эса У Ўзини сифатлаган сифатларни инкор килмайдилар[Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларининг кайфиятини хаёлга келтириш жоиз эмас. Чунки, инсон хаёлига келган барча тасаввур ва хаёлдан Аллоҳ таоло буюкдир] “Аҳлуссунна вал-жамоа”: “Аллоҳ таоло барча нарсани билувчи, уларни яратувчиси ва хар бир тирикка ризқ берувчи зотдир”— деб иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло деди: “(Ахир) яратган Зот билмасми? У Меҳрибон ва (хар бир нарсадан) Огоҳдир! ” (Мулк: 14). Яна бир оятда деди: “Аллоҳнинг Ўзигина Раззоқ, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир” (Зориёт: 58). “Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таолонинг етти қават осмоннинг устидаги Аршга кўтарилгани [Аршга кўтарилиш ва олийлик, биз, Аллоҳ таолонинг буюклигига лойиқ тарзда исбот этадиган икки сифатдир. “арабча иставо” сўзини салаф олимлари: “ўрнашди”, “юксалди” ва “кўтарилди” деб тафсир қилдилар. Салаф уламолари “кўтарилиш” сўзига бундан ортиқ маъно бермадилар. Улардан бу сўзга “ҳукмрон бўлди”, “эга бўлди”, “бўйсундирди” каби маънолар ривоят қилинмади. “Иставо” сўзининг араб тилидаги маъноси Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” ида баён килинганидек: “кўтарилиш”, “олий бўлиш”, демакдир. Аллоҳ таолонинг Аршга кўтарилиш кайфияти биз учун номаълум. Унинг ҳақиқатини Аллоҳнинг ўзигина билади.
Далиллар собит бўлгани учун Аллоҳ таолонинг Аршга кўтарилганига иймон келтириш фарздир. Аллоҳ таолонинг Аршга кўтарилиши ҳақида савол бериш бидъатдир. Чунки, бу кўтарилишнинг кайфиятини Аллоҳ таолонинг ўзигина билади] ва махлуқларидан ажрагани, бироқ, барча нарсаларни билиб туришига иймон келтирадилар ва унинг кайфиятига аралашмайдилар. Аллоҳ таоло Ўзи ҳақида куръони каримнинг етти оятида кайфиятини баён қилмаган ҳолда хабар берди:[Улар куйидаги тартибда: Аъроф: 54, Юнус: 3, Раъд: 2, То Ҳа: 5, Фурқон: 59, Сажда: 4, Ҳадид: 4.]
Аллоҳ таоло деди: “Раҳмон Аршга кўтарилди” (То Ҳа: 5). [Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимахуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида шундай деди: “Илм аҳллари: “Аллоҳ таолонинг Арш устига кўтарилгани ва ернинг еттинчи каватининг остидаги ҳар бир нарсани билиб туришига” иттифоқ қилдилар. (Бу сўзни имом Заҳабий «ал Улув» китобида келтирган] Бошка бир оятда деди: “…Сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Зотдир” (Ҳадид: 4). Яна бир оятда деди: “Ёки сизлар осмондаги Зот сизларни ернинг титраб турган ҳолида, (Ерга) юттириб юборишидан ҳотиржам бўлдингизларми?! Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан ҳотиржаммисизлар?! Сизлар яқинда менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб оласизлар” (Мулк: 16, 17). Аллоҳ таоло деди: “Яхши сўзлар Унга кўтарилади ва У солиҳ амалларни Ўз даргохҳига кўтаради” (Фотир: 10). Яна бир оятда деди: “Улар Тепаларидаги роббиларидан қўрқадилар” (Наҳл: 50). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар менга ишонмайсизларми?! Ахир мен осмондаги зотнинг омонатдориман-ку!”— дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). “Аҳлуссунна вал-жамоа” — Курсий ва Арш ҳақлигига иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло деди: “…Унинг Курсийси осмонлар ва Ердан кенгдир. Ва Уни осмонлар ва Ерни ҳифзу ҳимояда сақлаб туриш қийнамайди. У энг Юксак ва Буюкдир” (Бақара: 255). Аршнинг қанчалиги ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина маълумдир. Курсий Арш олдида саҳрога ташлаб кўйилган халқа мисолидадир ва У (Курсий) Ер ва Осмонлардан кенгдир. Аллоҳ таоло Арш ва Курсийдан беҳожатдир. Аллоҳ таоло Арш устига муҳтож бўлгани учун эмас, балки, ўзи билган ҳикмат учунгина кўтарилди. Аллоҳ таоло Арш ва ундан кичик нарсаларга муҳтож бўлишдан покдир. Аллоҳ таолонинг мақоми булардан кўра буюкроқдир. Ҳатто Арш ва Курсий ҳам, Аллоҳ таолонинг қудрати ва салтанати билангина кўтариб турилади. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ўзининг икки қўли билан яратди. Ўзи сифатлаганидек Унинг икки қўли ўнг-баракали ва очиқдир, хохлаганича инфоқ қилади. Аллоҳ таоло деди: “Яҳудийлар: “Аллоҳнинг қўли боғлик (бахил)”— дедилар. Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. — Йўқ! У Зотнинг ҳар икки қўли очиқдир ва Ўзи хохлаганидек инфоқ қилади” (Моида: 64). Бошқа бир оятда шундай деди: “Эй Иблис, Мен ўз қўлларим билан яратган нарса — Одамга сажда килишингдан нима сени манъ қилди?!” (Сод: 75).
“Аҳлуссунна вал-жамоа” Аллоҳ таоло учун эшитиш, кўриш, илм, қудрат, қувват, иззат, калом-гапириш, ҳаёт, оёқ кафти-товон, болдир, қўл, махлуқлари (уларни билиш, эшитиш ва кўриш) билан бирга экани ва бундан бошка Аллоҳ таоло ўзининг Азиз Куръони ва пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида баён қилган сифатларни биз билмаган ва Аллоҳгина биладиган кайфиятда исбот этадилар. Чунки, Аллоҳ таоло бизга бу сифатларнинг кайфиятидан хабар бермади. Аллоҳ таоло деди: “Мен сизлар билан биргаман: эшитиб, кўриб турурман” (ТоҲа: 46). “Ва у билувчи, ҳаким зотдир” (Таҳрим: 2). “Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди” (Нисо: 164). “Роббингизнинг улуғлик ва икром соҳиби бўлган Юзигина боқий қолади”. (Раҳмон: 27) [Оятдаги «Юзи» дан мурод Аллоҳ таолонинг ҳақиқий юзи. Юзнинг колиши бутун Зотининг қолишига далолат қилади, бундан бошқа маъно тушуниб қолинмасин]
“Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар” (Моида: 119).
“Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар” (Моида: 54).
“Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик” (Зуҳруф: 55). “Болдир очиладиган ва саждага чақириладиган кунда улар сажда қилишга қодир бўлмайдилар” (Калам: 42). “Аллоҳ — ундан ўзга (ҳақиқий илоҳ) йўқ, Тирик ва Қайюм-ҳар нарсани билиб, бошқариб турувчидир” (Оли Имрон: 2). “…Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган…” (Мумтаҳана: 13). Бундан бошқа Аллоҳ таолонинг сифатлари зикр қилинган оятлар кўпдир. “Аҳлуссунна вал-жамоа” мўъминлар охиратда роббиларини кўзлари билан кўришлари, уни зиёрат қилишлари, унинг мўъминларга гапириши, мўъминлар ҳам унга гапиришларига иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло деди: “У кунда юзлар порлаб, роббисига қараб тургувчидир” (Қиёмат: 22, 23). Улар тез кунда ўз роббиларини ойдин кечада тўлин ойни кўрганларидек ҳеч кийналмасдан кўришларига иймон келтирадилар: расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар ўз роббингизни ойдин кечада тўлин ойни кўрганингиздек кўрасизлар, уни кўришда сиқилишмайсизлар” (Саҳиҳ ҳадис эканига иттифоқ қилинган).
“Аҳлуссунна вал-жамоа” — Аллоҳ таоло кечанинг учдан бири қолган пайт энг қуйи осмонга ўзининг азамати ва буюклигига лойиқ суратда, ҳақиқатда тушишига иймон келтирадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Роббимиз ҳар кеча, кечанинг учдан бири қолганида қуйи осмонга нозил бўлади ва: “Ким менга дуо қилади ижобат қиламан! Ким мендан сўрайди, сўраган нарсасини бераман! Ким менга истиғфор айтади, гуноҳларини кечираман!”— дейди” (Муттафақун алайҳи). “Аҳлуссунна вал-жамоа” — Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандалари ўртасида ҳукм килиш учун ўз буюклигига лойиқ суратда (ҳақиқатда) келишига иймон келтирадилар. Аллоҳ таоло деди: “Йўқ, қачон Ер чил-парчин қилинганда. Роббингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда …” (Фажр: 21, 22).
“(Исломга кирмаганлар) булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар келиши ва ишнинг хал бўлишини кутиб турибдиларми?” (Бақара: 210). “Аҳлуссунна вал-жамоа”нинг бу тўғридаги йўли Аллоҳ таоло ва Унинг расули саллаллоҳу алайхи ва саллам хабар берган нарсаларига тўла таслим бўлишдир. Имом Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек: “Аллоҳ таолодан юбориш, пайғамбардан етказиш ва биздан таслим бўлиш”. (Имом Бағавий: “Шарҳуссунна”). Имом Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло ўзини Қуръон Каримда сифатлаган ҳар бир сифатнинг ўқилиши унинг тафсиридир. Уларнинг кайфияти ҳам мисли ҳам зикр қилинмайди”— деди (Имом Лолакоий: “Шарҳу усули эътиқоди аҳлиссуннати вал-жамоа”). Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ деди: “Мен Аллоҳ таолога ва Аллоҳ таоло тарафидан келган хабарларга Аллоҳ хохлаганидек иймон келтирдим ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламга ва у олиб келган нарсаларга расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва саллам хохлаганидек иймон келтирдим” (Имом ибн Кудома рахимахуллоҳ: “Ламаъатул-эътиқод алҳодий ила сабилир-рошад”).
Валид ибн Муслим роҳимаҳуллоҳ деди: “Мен Авзоий, Суфён ибн Уяйна ва Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳлардан Аллоҳ таолонинг сифатлари ва уни кўриш ҳақидаги ҳадислардан сўрадим: “Улар бу ҳадисларни қандай келган бўлса, шундай, кайфиятсиз ўтказинглар”— деб айтдилар” (Имом Бағавий: “Шарҳу ссунна”). Дорул Ҳижра-Мадинанинг имоми — имом Молик раҳимахуллоҳ шундай дейди: “Бидъатдан узок бўлинглар!”. Ундан: “Бидъат нима”— деб сўралганида: “Бидъатчилар Аллоҳ таолонинг исмлари, сифатлари, каломи, ишлари ва қудрати ҳақида бўлмагур сўзларни сўзлаётган ҳамда саҳобалар ва уларга яхшилик билан эргашганлар сукут қилган нарсалардан сукут қилмаётган кишилардир”— деб жавоб бердилар (Имом Бағавий: “Шарҳу ссунна”). Бир киши Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан “Раҳмон Аршга кўтарилди” ояти ҳақида: “қандай қилиб кўтарилди?”— деб савол берди. Имом Молик рахимахуллоҳ унга: “кўтарилиш маълум, кайфият номаълум, унга иймон келтириш фарз, у ҳақда сўраш бидъат. Сен адашган кўринасан”— деб жавоб бердилар ва савол берган одамни хузуридан чикариб юборишга буюрдилар (Имом Багавий: “Шарху ссунна”). Имом Абу Ҳанифа роҳмаҳуллоҳ дедилар: “Хеч бир кимса Аллоҳ таолонинг зоти ҳақида бирон сўз айтмасин. Балки, Аллоҳ таолони Аллоҳнинг ўзи сифатлаган сифатлар билан сифатласин. Аллоҳ ҳақида раъйи билан бирон нарса демасин, Барча Оламлар роббиси бўлган Аллоҳ буюкдир” (“Шарҳул-ақидатит-Таҳовийя”). Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг нозил бўлиши хакида сўралганларида: “У нозил бўлади, кайфияти эса номаълум”— деб жавоб бердилар (Шарҳул-ақидатит-Таховийя”). Ҳофиз, Имом Нуъайм ибн Ҳаммод ал-Ҳузоий рахимахуллоҳ деди: “Ким Аллоҳни махлуқларига ўхшатса кофир бўлади. Ким Аллоҳ ўзини сифатлаган сифатларни инкор этса кофир бўлади. Аллоҳни Унинг Ўзи ва унинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаган сифатларда бирон нарсага ўхшатишлик йўқ” (Имом Бағавий: “ал-Улув лил-Алиййил-Ғаффор”). Баъзи салаф олимлари: “Исломнинг оёғи бўйсуниш кўприги узрагина тойилмасдан собит бўлади”— дедилар (Имом Бағавий: “Шарҳуссунна”). Шунинг учун хам, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида сўз юритишда салаф йўлидан юраман деган одам, у хох салаф даврида бўлсин, хох кейинги асрларда яшасин, исм ва сифатлардаги Қуръон Каримнинг услубини олиши керак. Салафнинг йўлига мухолиф бўлган ҳар бир одам, у хох салаф, хох саҳобалар ва тобеинлар асрида яшасин, Қуръон йўлидан юрмаган бўлади.
